Сомерсет Моэм – Ой ва сариқ чақа (страница 1)
Уильям Сомерсет Моэм
Ой ва сариқ чақа: роман
Биринчи боб
Чарлз Стрикленд билан танишган вақтимда, гапнинг ростини айтадиган бўлсам, унинг қандайдир фавқулодда одамлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Эндиликда эса унинг улуғлигини бирор кимса инкор эта олмаса керак. Мен бу ўринда ном қозонган сиёсатдон ёхуд машҳур саркарданинг улуғлигини кўзда тутаётганим йўқ. Бу нарса кўпроқ одамнинг ўзига эмас, балки шарт-шароитга ва у яшайдиган маконга боғлиқ. Вазиятнинг ўзгариши туфайли унинг машҳурлиги кўпинча ўз-ўзидан қумга сингган сувдай йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Бош министр эгаллаган мансабисиз эзма мақтанчоққа, генерал эса армиясиз бор-йўғи маҳаллий аҳамиятга эга бўлган шерга айланади. Чарлз Стрикленднинг улуғлиги эса ҳақиқий улуғликдир. Сизга унинг санъати ёқмаслиги мумкин, лекин шунда ҳам лоқайд муносабатда бўлолмайсиз. У сизни қойил қолдиради, ўзига жалб этади. Уни мазах қилишган вақтлар орқада қолиб кетди. Санъаткорга хос нуқсонлар ҳам фазилатларига қўшимчадай туйилади. Тўғри, бу рассомнинг санъатдаги ўрни борасида ҳали-ҳануз баҳслар давом этмоқда, кўкларга кўтариб мақташ қанчалик асоссиз бўлса, уни қораловчилар ҳам, унга менсимай муносабатда бўлувчилар ҳам шунчалик асоссиздирлар. Унинг асарлари даҳонинг ижодиёти эканлиги – шубҳасиз. Санъатдаги энг муҳим нарса деб, ижодкор шахсиятини тушунаман, агар у оригинал бўлса, барча нуқсонларини кечиришга тайёрман. Веласкес рассом сифатида, эҳтимол, Эл Грекодан юқорироқ бўлгандир. Лекин унинг асарларига кўникиб қоламиз-да, эҳтиросли ва ўз қалбининг мангу фидойилигини кўрсатган дурдоналарини унчалик ҳам қадрлайвермаймиз. Рассом, шоир ёки созанда ўзининг кўтаринки ва улуғвор санъати билан эстетик туйғунинг эҳтиёжини қондиради, лекин бу қониқиш жинсий инстинктга ўхшаб кетади. Унинг сири бамисоли саргузашт романлардай кишини ўзига тортади. Бу худди коинот сирларидай англаб бўлмас жумбоқдир. Стрикленднинг энг арзимасдай туйиладиган асарлари ҳам рассомнинг ўзига хос, мураккаб, азоб-уқубатлар билан тўла шахсияти тўғрисида кўп нарсаларни айта олади. Улар ҳатто рассомнинг асарларини хушлайвермайдиган одамларни ҳам бефарқ қолдирмайди, унинг ҳаёти, характерининг ўзига хос томонларига қизиқиш уйғотади.
Стрикленд вафотининг тўрт йиллиги арафасида Морис Гюренинг «Меркюр де Франс»да эълон қилинган мақоласи бу рассомни унутилиб кетишдан сақлаб қолди. Кўпгина таниқли адабиётчилар Гюре очган сўқмоқдан юришди. Анча вақтгача Францияда бирорта танқидчининг рассом ҳақидаги фикрларига унчалик қўшилишмади. Аксинча, уларнинг фикрлари ғалати туйилди. Лекин кейинроқ майдонга келган ишлар Гюренинг ҳақлигини кўрсатди. Шу маънода Чарлз Стрикленднинг шуҳрати француз қўйган пойдеворга асосланади, деб бемалол айтиш мумкин. Бу шуҳрат санъат тарихидаги энг романтик эпизодлардан биридир. Лекин мен Чарлз Стрикленд санъатини таҳлил қилмоқчи эмасман, унинг шахсиятини очадиган қирралари тўғрисидагина тўхталмоқчиман. Санъатнинг ўзига хос хусусиятларини билмайдиган одамлар рассомчиликда муқаррар равишда ҳеч нарсанинг фаҳмига боришмайди ва шу боисдан бундай асарларни миқ этмай томоша қилганлари маъқул, деб фикр юритадиган рассомларга қўшила олмайман. Санъатга ҳунар деб қараш, уни фақат ҳунарманд одамларгина тушунади, дейиш тамомила хатодир. Санъат туйғуларни намойиш этиш шакли, туйғу эса ҳамма тушунадиган тилда ифодаланади. Санъат технологиясини амалий жиҳатдан унчалик тушунмайдиган танқидчилик эса ҳеч қачон салмоқлироқ гап айта олмайди, деган фикрга қўшиламан. Ўзимнинг эса рассомчилик соҳасида ҳеч нарсага ақлим етмайди. Бахтимга бундай хатарли саргузаштни бошлашнинг зарурияти ҳам йўқ. Зеро, менинг дўстим, иқтидорли рассом ва адиб жаноб Эдуард Леггат ўзининг мўъжазгина китобида Стрикленд ижодини муфассал таҳлил этган. Мазкур китоб Англияга қараганда Францияда кўпроқ муваффақият қозонган ва мен уни санъат асарларини нозик ҳис этиш ва назокатли услубда ёзишнинг ажойиб намунаси, деган бўлардим.
Морис Гюре ўзининг машҳур мақоласида кенг оммада қизиқиш ва иштиёқ уйғотиш учун Стрикленднинг ҳаётий йўли тўғрисида мароқ билан ҳикоя қилади. Санъатни юксак эҳтирос билан севган Гюре чинакам, фавқулодда қобилиятнинг қадрига етадиганлар эътиборини ўзига қаратишга ҳаракат қилди. Ажойиб журналист бўлганлиги туфайли мақсадга тезроқ эришиш учун одамларни қизиқтира олди. Стрикленд билан қачонлардир учрашган, у Лондонда истиқомат қилган пайтидан биладиган ёзувчилар унинг бу қадар машҳур бўлиб кетишини кутмагандилар. Монмантрда улар билан ёнма-ён ўтирган рассомлар – омадсиз ва шунчаки бир сураткаш, деб юрган одамлар чинакам даҳо рассом бўлиб чиққанидан беҳад ҳайратланардилар. Франция ва Америкадаги журналларда рассом тўғрисидаги мақолалар бодраб чиқди. Улардаги хотира ва мақтовлар худди оловга керосин сепгандек омманинг рассомга қизиқишини янада авж олдирарди. Тиришқоқ Вейбрехт-Ротголтс ўзининг салмоқли монографиясида Стрикленд тўғрисида фикр билдирилган ишларнинг узундан-узоқ рўйхатини келтиради.
Инсон табиатида афсоналар тўқишга иштиёқ кучли бўлади. Шунинг учун ҳам одамлар ўзларига ўхшаган кишиларнинг ҳаёти тўғрисида ҳаммани ҳайрон қолдирадиган ва сирли ҳикоялар тўқишга интилишади. Кейинчалик ўзлари ўйлаб топишган афсоналарга ўзлари ҳам ишониб қолишади. Бу ўртамиёна ҳаётга қарши романтиканинг исёнидир.
Ҳаёти тўғрисида афсоналар тўқилган одам эса мангуликка дахлдор бўлиб қолади. Ҳазилкаш файласуф, жаноб Уолтер Рели инсоният тамомила янги жойларга инглиз байроғини тикканини эмас, балки маликанинг оёқлари остига ёмғирпўшини ташлаган вақтни эҳтиром билан эслайди, деб кулган эди. Чарлз Стрикленд хилватда ҳаёт кечирганди. Унинг дўстларидан душманлари кўпроқ эди. Шунинг учун рассом ҳақида фикр билдирганлар ўзларининг узуқ-юлуқ хотиралари ёнига турли-туман тўқималар қўшганлар. Ҳолбуки, рассом тўғрисида биладиган ўша нарсалари ижодкор шахсиятини романтик тарзда ҳикоя қилиш имконини берарди. Унинг ҳаётидаги жуда кўп нарсалар ғалати ва қўрқинчли эди, қиёфаси доимо жазавага тушган ҳолатда бўларди. Қисмат унинг бошига ғоят оғир кўргиликларни ёғдирганди. У тўғрисидаги афсоналар шу қадар кенг ёйилиб кетдики, ақли расо тарихчи ҳеч қачон унга суянишни ўзига раво кўрмайди.
Лекин тақводор Роберт Стрикленд тарихчи эмасди. У, чамаси, ўз отасининг таржимаи ҳолини, тарқалиб кетган баъзи ноаниқликларни тушунтириш, атрофидаги кишиларга кўп изтироблар келтирган тафсилотларни изоҳлаш учун ёзган кўринади. Албатта, мазкур китобда ҳикоя қилинган жуда кўп нарсалар мўътабар хонадонни хижолатда қолдирди. Стрикленд – ўғилнинг асарини ўқиб мен роса кулдим. У ғоятда зерикарли ва саёз ёзилганлигига ҳам хурсанд бўлдим. Роберт Стрикленд ўз асарида рассомни ғамхўр эр ва ота, оқкўнгил, меҳнатсевар ва юксак ахлоқли одам сифатида тасвирлаганди. Ҳозирги даврда черков хизматчиси бўлган муаллиф матнни таҳлил этиш борасида маҳорат кўрсатади. Руҳоний Стрикленд отаси ҳаётидаги барча фактларни ҳурматли ўғилнинг манфаатларига мослаштирган, келажакда черков ҳаётида юқори мартабаларга эришишига ёрдам берадиган қилиб ўзгартирган. Мен хаёлан уни йўғон гавдасига руҳонийлар кийимини кийиб олган ҳолда тасаввур қилдим. Ҳайиқмай амалга оширилаётган бу иш ғоят хатарли эди. Янги афсона ота шуҳратининг ошишига олиб келди. Зеро, рассом шахсияти туфайли Стрикленд санъатидан шу вақтгача кўнгли тўлмаганлар ҳам йўқ эмасди. Унинг ўлимига баъзилар куйинишди. Ўғилнинг яхши ният билан қилган ҳаракатлари ғалати бир тарзда отасининг ихлосмандлар кўнглини анча совитди. Стрикленднинг энг яхши асарларидан бири бўлган «Самариялик хоним» рассомнинг янги таржимаи ҳоли туфайли бошланган баҳсдан кейин, бундан тўққиз ой олдин таниқли коллекционер сотиб олган нархдан 235 фунтга арзонлашгани тасодифий эмасди. Тез орада коллекционер вафот этгач, бу расм кимошди савдосига чиқариб юборилди.
Эҳтимол, Стрикленд санъатига ўзига хослик ва ўта жозибадорлик етишмас. Агар фалсафа доктори Вейтбрехт-Ротголтснинг китоби ўз вақтида чиқмаганда, балки санъат шинавандалари рассом асарлари ҳақидаги барча шубҳаю гумонлари тарқамаган бўлармиди?!
Доктор Вейтбрехт-Ротголтс инсон зотининг бутун туриш-турмуши залолатдан иборатдир, деган ақидага риоя қилувчи тарихчилар мактабига мансубдир. Албатта, бу мактаб намояндаларини фавқулодда ва романтикага мойил одамларни ҳиммат эгалари ҳамда намуна сифатида кўрсатишни афзал билувчиларга қараганда китобхонлар кўпроқ маъқуллайдилар. Масалан, мен Антоний билан Клеопатрани фақат моддий манфаатларгина бирлаштиргудай бўлса, жуда хафа бўлардим. Тўғри, Тиберий қирол Георг В га қараганда яхшироқ ҳокими мутлақ бўлганлигига ишонишим учун фавқулодда далиллар керак бўлди.
Доктор Вейтбрехт-Ротголтс яхши ниятлар билан таржимаи ҳол ёзган Роберт Стриклендни шундай иборалар билан таъзирини бердики, руҳонийга беихтиёр раҳмингиз келади. Унинг назокатини муғомбирлик, мужмал мулоҳазаларини қип-қизил алдамчилик, атайин индамай ўтилган жойларни хоинлик, деб атади. Бошқа ёзувчилар учун кечириш мумкин бўлмаган, аммо ўғли бўлганлиги туфайли кўз юмиладиган ҳақиқатдан чекинилган жойларни риёкорлик, тентаклик, оҳанжамалик, маккорлик, деб баҳолади. Шахсан ўзим жаноб Стрикленд отаси билан онаси орасидаги келишмовчиликлар тўғрисидаги овозаларни инкор этиш учун Чарлз Стрикленднинг Париждан юборган хатидаги «ҳурматга сазовор аёл» деган иборасини келтирганда шошқалоқликка йўл қўйган, деб ҳисоблайман. Чунки доктор Вейтбрехт-Ротголтс хатнинг асл нусхасини топиб, ундаги очиқ-ойдин ёзиб қўйилган «Хотинимни жин урсин. У ҳурматли аёл. Лекин мен уни аллақачон дўзахда бўлишини афзал билардим» деган сўзларини эълон қилади. Шуни айтиш керакки, ўша вақтларда катта нуфузга эга бўлган черков бундай мулоҳазаларга, табиийки, ола қараган.