Генри Форд – Менинг ҳаётим (страница 4)
Бизники каби ҳуши жойида халқ иқтисодий ҳаётнинг асосий жараёнларини сўндириб қўйиши эҳтимолдан узоқ. Аксарият одамлар мушук текинга офтобга чиқмаслигидан хабардор. Кўпчилик ҳатто англамаган ҳолда пул бойлик эмаслигини ич-ичидан ҳис қилади. Ҳар бир кишига исталган ҳамма нарсани ваъда этадиган ва эвазига ҳеч нарса сўрамайдиган оддий назарияларни оддий одамнинг инстинкти рад қилади, бунинг учун айтарли сабаб тополмаса ҳам. Оддий одам ушбу назариялар нотўғрилигини билади ва бу етарлидир. Дағаллиги, аҳмоқоналиги ва турли нуқсонларига қарамай, ҳозирги тартибот бошқаларига нисбатан бир устунликка эга – у амалда ишлаяпти.
Шубҳасиз, ҳозирги тартибот ҳам аста-секин бошқа тартиботга эврилади ва ўша тартибот ҳам ишлайди – ўз-ўзича эмас, инсонлар ундан нимани кўзласа, ўшандай ишлайди. Большавой тизим иш бермаганига ва бера олмаслигига сабаб иқтисодий эмас. Саноатнинг хусусийлиги ёки жамият томонидан бошқарилиши, ишчиларнинг улуши “маош” ёки “дивиденд” деб аталиши, халқнинг озуқаси, кийим-кечаги ва бошпанасини назорат қилиш ёки уларга ўзи истаганча овқатланиши, кийиниши ва яшашига изн бериш аҳамият касб этмайди. Булар шунчаки майда икир-чикирлардир. Большавой етакчиларининг нўноқлиги улар ана шу икир-чикирлар билан ўралашиб қолганида эди. Большавой тизим нотабиий ва ахлоқсизлиги туфайли муваффақиятсизликка учради. Бизнинг тизим эса оёқда турибди. У нотўғрими? Албатта нотўғри. Ноқулайми? Албатта, ноқулай. Ҳуқуқ ва мантиқ нуқтаи назаридан у аллақачон пароканда бўлиши лозим. Лекин у ҳамон турибди – чунки у иқтисодий ва ахлоқий пойдеворларга эга.
Иқтисодий пойдевор – меҳнат. Меҳнат – йилнинг ҳосилдор фаслларини киши фойдасига қаратадиган инсон унсури саналади. Хирмонни хирмон қилган – инсон меҳнати. Иқтисодий тамойил шундай: ҳар биримиз ўзимиз яратмаган, ярата олмайдиган, табиат ато этган хомашё билан ишлаймиз.
Ахлоқий пойдевор – инсоннинг ўз меҳнат маҳсулига бўлган ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ турли шаклларда ифодаланади. Баъзида бу “мулк ҳуқуқи” деб аталади. Баъзан бу ҳуқуқ “Ўғирлама” деган қайтариқда мужассам. Мулк ҳуқуқи бор экан, ўғрилик жиноят ҳисобланади. Нон ишлаб топган одам ўша нонга ҳақдор. Агар бошқа кимса уни ўғирласа, бу шунчаки нон ўғирлаш эмас, балки инсоннинг муқаддас ҳуқуқига дахл қилишдир.
Ишлаб чиқариш имконига эга бўлмасак, ҳеч нарсамиз бўлмайди. Баъзилар айтадики, мабодо ишлаб чиқарсак, у ҳам капиталистлар учун бўлади. Яхшироқ ишлаб чиқариш воситаларини тақдим қила оладиган капиталистлар – жамият пойдеворидир. Уларнинг ҳеч нарсаси ўзиники эмас. Улар шунчаки мулкни бошқалар фойдаси учун тасарруф қилади. Олибсотар капиталистлар – вақтинчалик зарурий ёвузлардир. Улар ўз пулини ишлаб чиқаришга жорий этса, ёвуз бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо уларнинг маблағи тақсимлашни мушкуллаштиришга, истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчи ўртасида тўсиқлар барпо этишга хизмат қилса, унда бундай капиталистлар ёвуз саналади, пул меҳнат муносабатларига яхшироқ мослаштирилса, уларнинг фаолияти тўхтайди. Қачон пул меҳнат муносабатларига яхшироқ мослашади? Қачонки, фақат меҳнатгина саломатлик, бойлик ва бахт йўлига олиб чиқишини ҳамма тўлиқ англаса.
Ишлашни истаган инсон ишлолмаслиги ва меҳнати учун лозим ҳақни ололмаслиги учун асос мавжуд эмас. Худди шу каби ишлай оладиган, бироқ ишламайдиган одам жамиятга хизмати учун тегишли ҳақни олмаслигига асос йўқ. Ҳар қандай шароитда инсон жамиятга берганига яраша олиши ҳам керак. Агар у жамиятга ҳеч нарса бермаса, жамиятдан ҳам бирор нарса талаб қилишга ҳақли эмас. Унга ҳам эркинлик берилган – очликдан ўлиш эркинлиги. Кимдир ўзи лойиқ бўлганидан кўра кўпроқ ҳақ олаётган бўлса, ҳамма ўз хизматига қараганда кўпроқ ҳақ олишга ҳақли, деган ақида билан узоққа бормаймиз.
Барча одамлар тенг, деган таъкиддан ҳам кўра бемаънироқ ва инсоният учун зарарлироқ ғоя йўқ. Барча инсонлар тенг эмас ва инсонларни тенглаштиришга уринадиган демократик концепция тараққиёт оёғига тушов, холос. Ҳамма бирдек қобилиятли эмас. Қобилиятлироқлар сони қобилиятсизроқларникидан оз. Кўп сонли майдалар битта йирикни ағдариши мумкин. Аммо шу билан улар ўзларини ҳам ағдаради. Айнан катта одамлар жамоага етакчилик қилади ва кичик одамларнинг осонроқ яшашига шароит яратади.
Қобилиятларни тенг кўрадиган демократик концепциянинг таги бўш. Табиатдаги ҳеч бир нарса тенг эмас. Биз машиналаримизни алмаштирса бўладиган қисмлардан ясаймиз. Бу эҳтиёт қисмларнинг ҳар бири кимёвий таҳлил, аниқ ўлчовчи асбоблар ва нозик ишловлар орқали бир‐бирига айнан ўхшаш ясалади. Шунинг учун уларнинг ҳар бирини синаб кўришга ҳожат йўқ. Ташқи томондан бир-бирига ўхшаш, бир хил маркадаги икки “Форд” машинасини кўрсак, уларни бир-биридан ажрата олмаймиз, улар шу қадар бир хил ясалганки, бирининг исталган қисми иккинчисига ўрнатилса ҳам бир хил кўринади. Аммо ундай эмас. Улар турлича ишлайди. Бизда юзлаб, ҳатто минглаб “Форд”ларни миниб кўрган одамлар бор ва улар иккита бир-бирига мутлақо ўхшаш автомобиль йўқ дейди; агар улар янги машинани бир соат ё камроқ миниб, кейин худди шу шароитда бир соат минилган бошқа автомобиль ёнига қўйишса, иккала машинани ташқи томондан бир-биридан ажрата олишмайди, аммо минганда фарқлайдилар.
Шу пайтгача мен турли умумий мавзулар ҳақида гапирдим, энди аниқ мисолларга ўтамиз. Ҳар бир инсоннинг турмуш шароити унинг жамиятга кўрсатган хизматларига мутаносиб бўлиши лозим. Ҳозир шу мавзуда бир неча сўз айтишнинг айни мавриди, чунки биз хизмат қилиш номуҳим деб ҳисобланилган даврни бошдан кечирдик. Биз шундай йўлдамизки, бунда инсоннинг на меҳнати ва на хизмати эътиборга олинади. Буюртма олиш осон бўлиб қолди. Авваллари мижоз сотувчининг маҳсулотини олиб, унга марҳамат кўрсатар эди, энди муносабатлар ўзгарди ва сотувчи мижозга маҳсулот сотиб, унга марҳамат кўрсатадиган бўлди. Бизнес оламида бу офатдир. Ҳар қандай монополия ва ҳар қандай фойдахўрлик – офат. Агар корхона учун изланувчанликка зарурият бўлмаса, шубҳасиз бу зарар келтиради. Бизнеснинг ўз ризқини ўзи топадиган жўжа каби бўлиши унинг соғломлигини билдиради. Афсуски, ишбилармонлик оламида ҳаммасига осон эришилмоқда. Қиймат ва нарх ўртасидаги ҳаққоний мутаносибликка дарз кетди. Мижоз манфаатини қониқтириш ҳақида ўйлаш зарурияти йўқолди. Муайян доираларда оммани менсимаслик кайфияти шаклланди. Бу бизнес учун ўтакетган зарарли. Айримлар бу ҳолатни “фаровонлик” сифатида кўрди. Бироқ бу асло фаровонлик эмас. Бу пул кетидан қувишдир. Пул кетидан қувиш эса бизнес эмас.
Тадбиркор асл мақсадни унутиб, ўзини пулга кўмиши ва кейин янада кўпроқ пул топиш ортидан қувиб, одамларга улар истаган нарсани сотишни унутиб қўйиши жуда осон. Фақат бойлик орттириш учун бизнес билан шуғулланиш – ўта қалтис ҳаракат. Бу қимор ўйинидаги омадга ўхшайди, у камдан-кам узоққа чўзилади, бир неча йилга ҳам бормайди. Бизнеснинг вазифаси – бойиб кетиш ёки олибсотарлик эмас, истеъмол учун маҳсулот яратишдир. Бундай ишлаб чиқаришнинг шарти – тайёрланган маҳсулотлар сифатли ва арзон бўлиб, нафақат ишлаб чиқарувчига, балки одамларга ҳам фойдали бўлиши лозим. Агар пул масаласига нотўғри ёндашилса, ишлаб чиқариш ҳам ишлаб чиқарувчининг манфаатига йўналтирилади.
Ишлаб чиқарувчининг фаровонлиги унинг одамларга келтирадиган фойдаси билан боғлиқ. Тўғри, ўзини ўйлаб ҳам у бироз муддат ишларини яхши юритиши мумкин. Аммо бу узоққа бормайди. Одамлар бундан воқиф бўлса, ишлаб чиқарувчи инқирозга учрайди. Кескин юксалиш даврида ишлаб чиқарувчилар асосан ўз фойдаларини кўзлади. Одамлар буни англаган заҳоти уларнинг иши пароканда бўлди. Улар буни “тушкунлик даври”га тушиш билан изоҳлашга уринди. Аслида бундай эмасди. Улар мантиқсизликни мантиққа қарши қўймоқчи бўлди, аммо бундан ижобий самара чиқмасди. Пулга нисбатан очкўзлик – уни қўлдан чиқаришнинг энг осон йўли. Агар кимдир хизмат қилиш учун хизмат қилса, ўзи тўғри деб билган ишдан қониқиш олиш учун ишласа, пулнинг ўзи уни топиб келади.
Пул қилинган хизматнинг табиий меваси. Пулга эга бўлиш мутлақо зарур. Айни пайтда пулнинг мақсади – роҳат бериш эмас, хизмат қилиш учун имкониятни янада кенгайтириш эканини унутмаслигимиз керак. Мен учун қуруқ роҳатга бурканган ҳаётдан кўра ёқимсизроқ нарса йўқ. Ҳеч биримиз қуруқ енгилликка ҳақли эмасмиз. Тамаддунда ялқовлар учун ўрин йўқ. Истиқболда пулни йўқ қилиш лойиҳалари масалани баттар чигаллаштиради, чунки ўлчовсиз иш битмайди. Албатта, бугунги молия тизимимиз қониқарлилигига катта шубҳам бор. Мен бу масалага келгуси бўлимда батафсилроқ тўхталаман. Ҳозирги молия тизимига асосий эътирозим шуки, унда пул асосий мақсад сифатида тақдим этилади. Бундай ҳолатда у ишлаб чиқаришга ёрдам бериш ўрнига унга тўғаноқ бўлади.
Менинг мақсадим – оддийлик. Умуман олганда, одамларда пул кам ва бирламчи ҳаётий эҳтиёжларни (ҳар ким муайян даражада ҳақли бўлган ҳашамни қўя турайлик) қондириш қимматга тушади, чунки биз чиқараётган деярли барча маҳсулотлар керагидан ортиқ мураккаб. Кийимларимиз, турар жойларимиз, уй жиҳозлари – буларнинг бари ҳозиргидан кўра оддийроқ ва айни дамда чиройлироқ бўлиши мумкин. Ўтмишда ҳамма нарса маълум усулда тайёрланган ва бугунги ишлаб чиқарувчи фабрикантлар ўша йўлга эргашмоқда.
Мен ҳаётимизда ўта одми услубларга мослашмоқ зарур демоқчи эмасман. Тўрвадан кўйлак тикиб, тешигидан бош чиқариб юришга асло ҳожат йўқ. Тўғри, бунда кўйлакни тикиш осон, аммо уни кийиб юриш қулай эмас. Чойшаб тикувчилик санъати намунаси эмас, аммо ҳиндулар сингари чойшабга ўраниб юрсак, ҳеч биримиз кўп иш қила олмасдик. Ҳақиқий одмилик – ишлаб чиқариш ва фойдаланишнинг қулайлигида. Кескин ислоҳотларнинг камчилиги, улар нарсаларни инсон учун мослашга эмас, балки инсонни нарсаларга мослашга қаратилгандир. Менимча, аёллар либосини ўзгартириш ғояси пўрим, башанг кийинадиган хонимлардан чиққан ва улар бошқалар ҳам ўзларидек бўлишини истайди. Бу мақбул ҳолат эмас. Аслида қулай ашёни танлаб, ундан кераксиз қисмлар олиб ташланса кифоя. Буни ҳамма нарсага – пойабзал, кийим-кечак, уй, машина, темирйўл, кема, учоқларга қўллаш мумкин. Ортиқча қисмларни йўқотиш ва зарурларини соддалаштириш, айни пайтда, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиради. Бу жуда оддий мантиқ. Энг ажабланарлиси, кўпинча жараён ашёни соддалаштиришдан эмас, уни шу ҳолда қолдириб, таннархни пасайтиришдан бошланади. Аввало, маҳсулотнинг ўзидан бошлаш даркор. Биз дастлаб ашёни ўрганишимиз керак – у чиндан ҳам зарур даражада яхшими, белгиланган хизматга қанчалик ярайди? Кейин уни тайёрлашда энг яхши хомашё қўлланганми ёки энг қимматими? Ва ниҳоят, унинг тузилишини соддалаштириш ва оғирлигини камайтириш мумкинми? Ва ҳоказо.