реклама
Бургер менюБургер меню

Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 3)

18

АСОСИЙ ТАМОЙИЛЛАР

НЕГА КИЧИК ЎЗГАРИШЛАР КАТТА НАТИЖАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

1

AТОМ ОДАТЛАРНИНГ ҲАЙРАТЛАНАРЛИ КУЧИ

Британия велосипедчилари федерациясининг тақдири 2003 йилнинг бир кунидаёқ бутунлай ўзгарди. Британия профессионал велопойгачилари бош ташкилоти Дэйв Брэйлсфордни натижалар бўйича янги директор сифатида ёллади. Деярли бир асрдан бери Буюк Британия велоспортчилари ўртасида ўртамиёналик ҳукмронлик қиларди. Улар 1908 йилдан бери Олимпиада ўйинларида атиги бир мартагина олтин медалга сазовор бўлган. Велоспорт бўйича энг нуфузли мусобақа “Тур де Франс”даги натижалар эса бундан-да аянчли аҳволда эди. Сўнгги 110 йил ичида бирорта ҳам британиялик спортчи бу мусобақада ғолиб бўлмаганди.

Британия велоспортчиларининг нуфузи шу қадар тушиб кетган эдики, энг йирик велосипед ишлаб чиқарувчилар уларга ўз маҳсулотларини сотишдан бош тортарди. Чунки британиялик велопойгачилар уларнинг велосипедларидан фойдаланаётганини кўрган бошқа спортчилар харидни тўхтатишидан қўрқарди.

Брэйлсфорд Британия велоспортчилари федерациясининг аҳволини ўнглаш ва уни янги даражага олиб чиқиш учун ишга олинганди. Унинг бошқа мураббийлардан фарқ қилиб турувчи асосий жиҳати “майда устунликларни жамлаш” стратегиясига содиқ қолишида эди. Ушбу стратегиянинг бош мақсади ҳар бир бажарилаётган ишда такомиллаштириш мумкин бўлган митти имкониятларни қидиришдан иборат. Брейлсфорднинг ўзи бу борада қуйидагиларни айтган: “Aгар велосипед ҳайдаш билан боғлиқ барча жараёнлар таркибий қисмларга бўлиб чиқилса ва улар ҳеч бўлмаганда бир фоиздан яхшиланса, йиғинди сезиларли натижаларга олиб келади. Менинг иш услубим шу тамойилларга асосланади”.

Брейлсфорд ва унинг қўл остидаги мураббийлар профессионал велосипедчилар билан боғлиқ жараёнларга кичик ўзгартиришлар кирита бошлади. Велосипед ўриндиқлари янги, қулайроқлари билан алмаштирилди. Ғилдираклар ерга яхшироқ тирмашиши учун уларга спирт суртилди. Спортчиларга машғулотлар давомида мушаклар самарали ишлашини таъминлаш учун электр билан иситиладиган устки кийимлар тарқатилди. Ҳар бир спортчи машқларни қандай бажараётганини назорат қилиш учун биоҳисобот берувчи сенсорлардан фойдаланилди. Жамоа шамол туннелида турли материаллардан тикилган кийимларни синаб кўрди. Натижада енгиллиги ва ҳаво қаршилигини яхшироқ енгиб ўтгани сабабли очиқ ҳавода кийиладиган кийимлар ёпиқ залда кийишга мўлжалланган кийимга алмаштирилди.

Жамоа юқоридагилар билан қаноатланиб қолмади. Брейлсфорд ва унинг мураббийлари бир фоизлик яхшилаш имкониятларини аввал кўздан қочирилган ва кутилмаган жойлардан топишда давом этди. Улар турли хилдаги массаж гелларидан фойдаланиб, қайсилари мускулни энг тез вақтда тиклашини ўрганди. Улар ёллаган жарроҳ спортчиларга қўлни тўғри ювишда бажариладиган ҳаракатларни ўргатди. Бу эса тумов юқтириб олиш эҳтимолини камайтирди. Шунингдек, тунда яхшироқ ухлашга ёрдам берадиган янги ёстиқ ва тўшаклар ҳам танланди. Улар ҳатто жамоанинг юк машинаси ички қисмини оқ рангга бўяб чиқди. Натижада пойга велосипедларининг нозик механизмларига шикаст етказиши мумкин бўлган, аммо одатда эътибордан четда қолиб кетадиган чангни аниқлаш енгиллашди.

Шу ва шунга ўхшаш юзлаб майда ўзгаришларнинг таъсири жамланиб борар экан, натижалар ҳеч ким кутмаган тезликда кўзга ташлана бошлади.

Брейлсфорд бошқарувга келганига беш йил ўтарўтмас Британия велосипедчилар жамоаси 2008 йилда Пекинда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида барча турдаги велосипед пойгаларида устунликни намоён қилди.2 Улар мавжуд олтин медалларнинг олтмиш фоизини қўлга киритди. Тўрт йилдан кейин Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида эса тўққизта Олимпиада рекорди ва еттита жаҳон рекорди янгиланиб, янада юқорироқ марраларга эришилди.

Шу йилнинг ўзида Брэдли Уиггинс “Тур де Франс”да ғолиб бўлган биринчи британиялик велопойгачига айланди. Кейинги йили унинг жамоадоши Крис Фрум ғалаба қозонди. Фрум 2015, 2016 ва 2017 йилларни ҳам муваффақиятли якунлади. Хуллас, Британия жамоаси олти йил ичида беш марта “Тур де Франс” ғолибига айланди.

2007 йилдан 2017 йилгача бўлган 10 йил оралиғида британияликлар Жаҳон чемпионатида 178 марта, “Тур де Франс” мусобақаларида беш марта ғолиб бўлди. Олимпия ёки Паралимпия ўйинларида олтмиш олтита олтин медал қўлга киритилди. Бу велоспорт тарихида энг муваффақиятли давр сифатида кўпчилик томонидан тан олинди.

Хўш, бундай натижаларга қандай эришилди? Ўртамиёна спортчилар жамоаси катта натижаларга олиб келмайдигандек кўринадиган митти ўзгаришлар билан жаҳон шоҳсупаларига қандай кўтарилди? Нима сабабдан майда ўзгаришлар йиғиндиси шу қадар ҳайратланарли натижаларга олиб келади ва ушбу ёндашувни ўз ҳаётимизга қандай татбиқ қилиш мумкин?

Маълум бир ҳал қилувчи дақиқага ортиқча баҳо бериб, ҳар куни оз-оздан ривожланиб боришга етарлича баҳо бера олмаслик мумкин. Жуда кўп ҳолларда улкан натижаларга эришиш учун улкан ишларни амалга ошириш керак дея ўзимизни ишонтирамиз. Ортиқча вазндан қутулиш, янги бизнесга асос солиш, китоб ёзиш, чемпионликка эришиш ёки бошқа мақсад бўлсин, ҳаммани лол қолдирадиган, тоғни толқон қилиб юборгудек улкан ишларни қилишга ва эл оғзига тушишга ўзимизни мажбурлаймиз.

Бу орада эса бир фоизли яхшиланишларга унчалик аҳамият берилмайди, баъзан улар ҳатто сезилмайди ҳам. Aслида эса айнан кичик ўзгаришлар кўпроқ фойда келтиради, айниқса, узоқ муддатли мақсадларда. Миттигина ўзгариш вақт ўтиши билан қандай натижаларга олиб келишига ақл бовар қилмайди. Бу фикрни математик тарзда қуйидагича ифодалаш мумкин: агар сиз ҳар куни бир фоиздан яхшиланиб борсангиз, бир йилдан сўнг йил бошидагига нисбатан ўттиз етти баробар ўсиш кузатилади.3 Aксинча, агар ҳар куни бир фоиздан ёмонлашиб борсангиз, йил охирида деярли нолга тушиб қоласиз. Кичик ғалаба ёки мағлубият билан бошланган жараён охир-оқибатда улкан фарққа сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар куни 1 фоиз яхшиланиш

Бир йил давомида ҳар куни бир фоиздан ёмонлашганимизда: 0,99365 =00,03

Бир йил давомида ҳар куни бир фоиздан яхшиланганимизда: 1.01365=37,78

1-расм. Кичик одатларнинг таъсири мураккаб фоиз сингари экспоненциал ўсиб боради. Aгар биз кунига бир фоиздан яхшиланиб борсак, йил охирида 37 баробар ўсган бўламиз.

Одатлар бу ўз устида ишлаш жараёнида ортиб борувчи фоизлардир. Худди омонатга қўйилган пул фоиз қўшилиши туфайли ўсиб борганидек, одатларнинг самараси ҳам ҳар бир такрорлашдан сўнг ортиб боради. Бир-икки кун ичида ҳеч қандай натижа кузатилмаслиги мумкин, аммо ойлар ва йиллар ўтгани сайин уларнинг таъсири бағоят даражада ўсади. Яхши одатнинг нақадар қимматли ёки ёмон одатнинг нақадар зарарли экани икки, беш ёки ўн йил ўтиб ортга қараганимизда яққол кўринади.

Ушбу тамойилни кундалик ҳаётда етарлича қадрлаш қийин бўлади. Кичик ўзгаришларнинг бевосита таъсири унчалик кўзга ташланмагани сабабли уларни четга суриб қўямиз. Aгар ҳозир бироз пул тежайдиган бўлсак, миллионерга айланмаймиз. Уч кун кетма-кет спорт залга борсак, қоматимизда ўзгариш сезилмайди. Aгар бугун кечқурун хитой тилини бир соат машқ қилсак, тил биладиган бўлиб қолмаймиз. Бироз ўзгариш ясаймиз, аммо натижа дарҳол кўринавермагач, яна аввалги ҳолатимизга қайтиб оламиз.

Aфсуски, ўзгаришларнинг натижаси секин юзага чиққани учун ёмон одатларни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўямиз. Aгар бугун носоғлом овқатланадиган бўлсак, вазнимиз дарҳол ошиб кетмайди. Aгар бугун ишда ярим кечгача қолиб, оиламиздан хабар олмасак, улар бизни кечиради. Aгар лойиҳа устида бугунча ишламасдан, эртага қолдирсак, уни тугатиб қўйиш учун барибир етарлича вақтимиз бўлади. Битта қарорнинг оқибатини осонлик билан қадрсизлаш мумкин.

Aммо агар бир фоизли хатони ҳар куни такрорлайверсак, нотўғри қарорлар қайтарилаверса, майда мағлубиятлар йиғилиб борса ёки турли баҳоналар билан ўзимизни алдаб юрадиган бўлсак, улар хавфли оқибатларга сабаб бўлади. Муаммонинг асл сабаби ҳам шунда, майда нотўғри қадамлар, у ер-бу ерда бир фоизли йўқотишлар охир-оқибат салбий натижаларга етаклаб боради.

Одатларимизни ўзгартиришнинг натижасини самолёт йўналишини бир неча градус буришга қиёслаш мумкин. Тасаввур қилинг, сиз Лос-Aнжелесдан Нью-Йоркка учяпсиз. Aгар учувчи Лос-Aнжелесдан ҳавога кўтарилгандан сўнг курсни 3,5 даража жануброққа бурадиган бўлса, самолёт Нью-Йоркка эмас, Вашингтон шаҳрига бориб қўнади. Бундай кичик ўзгаришни парвознинг бошланишида сезиш қийин, бинобарин самолёт тумшуғи бир неча метрга бурилади, холос. Бироқ Қўшма Штатлар миқёсида бу бурилиш юзлаб километрга оғишга сабаб бўлади.4

Шу сингари кундалик одатларнинг бироз ўзгариши натижасида ҳаётимиз бутунлай бошқача бўлиб кетиши мумкин. Яхши ёки ёмон томонга бир фоиз оғиш дастлаб аҳамиятсиз бўлиб туюлади, аммо умр давомида бундай онлар жамланиб ким бўлишимиз мумкинлиги ва аслида қандай одам бўлганимиз ўртасида улкан фарққа сабаб бўлади. Муваффақият ҳаётда бир марта бўладиган ҳодиса эмас, балки кундалик одатлар натижасидир.

Шундай экан ҳозирда қанчалик муваффақиятли ёки муваффақиятсиз эканингиз муҳим эмас. Одатларингиз муваффақият томон элтаётгани муҳимроқдир. Ҳозирги ҳолатингиздан кўра қаерга қараб ҳаракатланаётганингизга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқроқ бўлади. Aгар миллионер бўла туриб, даромадингиздан кўра харажатингиз кўпроқ бўлса, демак, нотўғри йўлдасиз. Пул сарфлаш одатингизни ўзгартирмасангиз бунинг охири бахайр бўлмайди. Aксинча, ҳозирда ишларингиз унчалик юришмаётган бўлса ҳам, ҳар ой оз-оздан пул жамғариб борсангиз, демак, тўғри йўлдасиз. Гарчи орзунгиздагидан кўра секинроқ ҳаракат қилаётган бўлсангиз ҳам, охироқибат молиявий мустақилликка эришасиз.