Джеймс Клир – АТОМ ОДАТЛАР: Кичик ўзаришлар, катта натижалар (страница 2)
Иккинчи курснинг бошида ўйинни бошлаб берувчи питчер даражасигача кўтарилдим. Учинчи курсда мени жамоа сардори этиб сайлашди. Мавсум охирида эса энг сара ўйинчилар жамоасига ўтдим. Бироқ фақат тўртинчи курсга келиб менинг эрта уйқуга ётиш, ўқиб-ўрганиш ва тош кўтариш одатларим ҳақиқий самарасини берди.
Бейсбол таёқчаси бошимга урилиб олган жароҳатимдан шифохонада комага тушганимдан олти йил ўтгач, мен Денисон университетининг энг яхши эркак спортчиси деб топилдим ва бутун мамлакат бўйлаб фақат 33 нафар ўйинчига насиб қиладиган ESPN академик умумамерика жамоасига қабул қилиндим. Битирув пайтигача университет рекордлар китобининг саккизта категориясида исмим қайд қилинди. Ўша йили мен университетнинг энг юксак академик унвони – Президент медали билан тақдирландим. Aгар юқорида ёзганларим мақтанчоқликка ўхшаб кетган бўлса, минг бор узр сўрайман. Тўғрисини айтганда, менинг спорт карьерамнинг ҳеч қандай афсонавий ёки тарихий жиҳати йўқ. Мен барибир профессионал ўйинчи бўла олмадим. Бироқ ўша пайтларга назар солганимда ноёб ишни амалга оширганимни, яъни ўз имкониятимни тўлиғича намоён қила олганимни кўраман. Чин дилдан умид қиламанки, ушбу китобда келтирилган ғоялар сизга ҳам имкониятингизни намоён қилишга ёрдам беради.
Барчамиз ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келамиз. Менинг қийинчилигим эса олган жароҳатим бўлди. Бошимдан ўтказганларим муҳим бир нарсани ўргатди: кичик ва аҳамиятсиз кўринган ўзгаришлар ҳам, агар доимий равишда такрорланса, йиллар давомида ҳайратли натижаларга олиб келади. Ҳаммамизда ҳам ишимиз юришмаган пайтлар бўлади.1 Бироқ турмушимиз сифати одатларимизнинг сифати билан боғлиқ. Аввалги одатларингиз билан аввалгидек натижаларга эришасиз. Аммо уларни яхшироқ одатга айлантирсангиз, имконсиз нарсанинг ўзи қолмайди.
Эҳтимол, бир кечанинг ўзида улкан натижаларга эриша оладиган инсонлар ҳам бордир. Aммо мен бундай одамларнинг бирортасини танимайман. Ўзим ҳам, табиийки, бу тоифага кирмайман. Жароҳат олган кунимдан то юксак мукофотларга эришгунимгача ҳеч қандай кескин ўзгариш бўлмаган. Бу аста-секин кечган эврилишлар, кичик ютуқлар ва майда муваффақиятлар занжири эди. Ривожланишнинг мен танлаган ва танлашим мумкин бўлган ягона йўли бу кичик ўзгаришлар бўлди. Бир неча йилдан сўнг ўз бизнесимга асос солиб, қўлингиздаги китобни ёзишни бошлаганимда ҳам худди шу тамойилга амал қилдим.
2012 йилнинг ноябрь ойида мен “jamesclear.com” сайти учун мақолалар ёза бошладим. Йиллар давомида мен одатлар ҳақидаги ўй-фикрларимни ёзиб борар эдим. Ниҳоят уларни кенг омма билан ўртоқлашиш вақти келганини ҳис қилдим. Ҳар душанба ва пайшанба янги мақола ёзардим. Бир неча ой ичида бу арзимас одат туфайли минглаб обуначилар пайдо бўлди. 2013 йил охирида уларнинг сони 30 мингдан ошди.
2014 йилда эса улар юз мингдан ошди. Натижада “jamesclear.com” интернетдаги энг оммалашаётган сайтлардан бирига айланди. Икки йил аввал илк мақолаларимни ёза бошлаганимда ўзимни худди чала билган нарсаларим ҳақида ёзаётгандек ҳис қилган бўлсам, эндиликда одатлар бўйича мутахассис сифатида ном чиқара бошладим. Бу бир томондан кайфиятимни кўтарди, бошқа томондан эса ўзимни ноқулай ҳис қилдим. Ўзимни ҳеч қачон бу соҳанинг мутахассиси деб санамаганман. Aксинча, муштарийларим билан биргаликда турли тажрибалар ўтказяпман, деб ҳисоблардим.
2015 йилга келиб, обуначиларим сони икки юз мингга етди ва мен “Penguin Random House” нашриёти билан қўлингиздаги китобни ёзиш бўйича шартнома имзоладим. Обуначиларим кўпайиб борган сари бизнес имкониятларим ҳам кенгайиб борди. Тобора кўпроқ компаниялар мендан одатларни шакллантириш, хулқ-атворни ўзгартириш ва ўз устида доимий ишлаш бўйича маъруза қилишга таклиф этарди. Тез орада AҚШ ва Европадаги анжуманларда асосий маърузачи сифатида қатнаша бошладим.
2016 йилдан бошлаб мақолаларим “Time”, “Enterpreneur” ва “Forbes” сингари йирик газета ва журналларда мунтазам чоп этила бошлади. Ўша йили мақолаларимни саккиз миллион киши ўқиганини ақлимга сиғдира олмасдим. NFL (Миллий футбол лигаси), NBA (Миллий баскетбол ассоциацияси) ва MLB (Асосий бейсбол лигаси)даги мураббийлар ёзганларимни ўқиб, уларни ўз жамоалари билан ўртоқлашди.
2017 йил бошида иш ва шахсий ҳаётда яхшироқ одатларни шакллантиришни истаган инсонлар ва ташкилотларга хизмат кўрсатувчи илғор платформалардан бирига айланган “Habits Academy”га асос солдим. “Fortune-500” рўйхатига кирган нуфузли компаниялардан тортиб ёш стартапларгача раҳбар ва ходимларини ўқишга юбора бошлади. Жами ўн мингдан ортиқ раҳбарлар, лидерлар, менежерлар, мураббий ва ўқитувчилар “Habits Academy”ни муваффақиятли тамомлади. Улар билан ишлаш давомида реал ҳаётда одатларни йўлга қўйиш учун нималар зарур бўлиши ҳақида қимматли билимлар олдим.
2018 йилда китоб деярли тайёр бўлиб қолганда “jamesclear.com”ни миллионлаб обуначилар ўқир, электрон почтамдаги ахборот бюллетенига эса қарийб беш юз минг киши обуна бўлган эди. Бу рақамлар фаолиятимни бошлаган пайтдаги кутувимга нисбатан шунчалар кўпки, буни қандай изоҳлашни ҳам билмайман.
Тадбиркор ва инвестор Навал Равикант айтганидек, “Яхши китоб ёзиш учун муаллиф бутун борлиғи билан шу китобга айланиши керак”. Китобда келтирилган ғояларни ўзимнинг бошимдан кечириш орқали ўргандим. Жароҳатдан сўнг ўзимни ўнглаб олиш, спорт залида кучимни ошириш, ўйин майдонида яхши натижаларга эришиш, ёзувчи бўлиш, муваффақиятли бизнесни йўлга қўйиш ва масъулиятли етук инсон бўлиш учун кичик одатларга таянишга мажбур бўлганман. Улар менга ўз потенциалимни намоён қилишга кўмаклашган. Ушбу китобни қўлингизда тутиб турар экансиз, сиз ҳам ўз потенциалингизни тўлалигича намоён қилишни истайсиз, дея тахмин қила оламан.
Китобнинг кейинги қисмларида мен яхшироқ одатларни шакллантиришнинг қадам-бақадам режаси билан ўртоқлашаман. Бу одатлар бир неча кун, ҳафта ёки ой эмас, балки бутун умр сиз билан қолади. Гарчи китобда келтирилган ғояларнинг барчаси илмий жиҳатдан исботланган бўлса ҳам, китоб илмий иш эмас, балки амалий қўлланмадир. Одатларни ўзгартириш ва янгиларини яратиш санъатини тушуниш ва амалда татбиқ қилишни қулай тарзда ёритар эканман, сиз ҳар бир саҳифада ёрқин мисоллар, фойдали маслаҳатлар ва амалий тавсияларга дуч келасиз.
Китобни ёзиш пайтида асос бўлган биология, нейрология, фалсафа, психология ва бошқалар аввалдан мавжуд. Мен таклиф қилаётганим донишманд кишилар аллақачон тушуниб етган ғоялар ва сўнгги йилларда олимлар томонидан қилинган энг ҳаяжонли кашфиётлар қоришмасидир. Вазифам ушбу ғоялар ичидан энг муҳимларини танлаш ва уларни осонлик билан амалиётга боғлашдан иборат деб умид қиламан. Китобни мутолаа қилиш давомида учратган барча доно фикрлар менгача бўлган закий кишиларга тегишли. Бирорта аҳмоқона гап ўтган бўлса, у менинг хатом бўлади.
Китоб тўрт босқичли одат модели (сигнал, истак, жавоб ва мукофот) ҳамда ушбу босқичлардан келиб чиқадиган хулқ-атвор ўзгаришларининг тўрт қоидасини ёритиб беради. Психологиядан хабардор инсонлар учун оперант шартлиликка оид айрим атама ва тушунчалар таниш бўлса ажаб эмас. Оперант шартлилик тушунчасини илк бор Б.Ф.Скиннер 1930 йилда “стимул (қизиқтирувчи омил), жавоб ва мукофот” кўринишида фанга киритган. Кейинроқ эса Чарльз Дахиггнинг “Одатлар кучи” китобида “сигнал, аниқ белгиланган тартиб (рутина) ва мукофот” тарзида оммалаштирилган.
Скиннер сингари бихевиорист олимлар тўғри жазо ёки мукофот ёрдамида инсон хулқ-атворини маълум йўналишга ўзгартириш мумкинлигини таъкидлайди. Гарчи Скиннернинг модели ташқи таъсирлар одатларга қандай таъсир қилишини жуда яхши тушунтириб берса ҳам, у ўйларимиз, туйғуларимиз ва эътиқодимиз хулқатворимизга таъсир ўтказиши ҳақида мақбул бир изоҳ бермайди. Инсоннинг ички ҳолати, яъни кайфияти ва ҳислари ҳам катта аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда олимлар фикрларимиз, туйғуларимиз ҳамда хулқ-атворимиз ўртасидаги боғлиқликни аниқлай бошлади. Мазкур тадқиқотлар ҳам қўлингиздаги китобда ёритилган.
Умумий қилиб айтганда, мен таклиф қилаётган ёндашув – когнитив ва бихевиористик фанларнинг уйғунлашган моделидир. Мен ушбу моделни инсон хулқатворига ҳам ташқи, ҳам ички омилларнинг таъсирини ҳисобга оладиган биринчи модел деб ҳисоблайман. Aйрим таниш ғоя ва тушунчалардан фойдаланилганига қарамасдан, ишонаманки, китобда келтирилган майда деталлар ҳамда хулқ-атвор ўзгаришининг тўрт қоидаси одатларни тушунтиришда янгича ёндашувни тақдим этади.
Инсон хулқ-атвори доимий равишда, ҳар дақиқада, бир вазиятдан бошқасига ўтганда ўзгариб туради. Ушбу китоб эса инсон табиатининг ўзгармайдиган жиҳатларига, хулқ-атворнинг асосларига бағишланган. Унда келтирилган тамойиллардан йиллар ўтса ҳам фойдаланиш мумкин. Ундаги ғояларга асосланган ҳолда бизнесга асос солиш, оилани юритиш ва ҳатто бутун умрни ҳам режалаштириш мумкин.
Яхшироқ одатларни шакллантиришда яккаю ягона тўғри йўл йўқ, аммо мен китобда ўзим биладиган энг яхши йўлни келтирганман. Ўзгаришларни қаердан бошлашингиз ёки нимани ўзгартирмоқчилигингиздан қатъи назар, ундаги тавсиялардан фойдаланиш самара беради. Китобда келтирилган ғоялар моддий аҳволини ўнглаш, иш самарадорлигини ошириш, инсоний муносабатларни яхшилаш ёки юқоридагиларнинг барчасини ўз олдига мақсад қилиб қўйган инсон учун қизиқарли бўлади. Инсон хулқ-атвори тўғрисидаги китоб ҳамма учун қимматли қўлланмадир.