Джеймс А. Робинсон – МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари (страница 24)
Aнглия ҳукуматининг “қора ажал” оқибатида институтлар ва иш ҳақи борасида рўй бера бошлаган ўзгаришларни тўхтатишга уриниши натижа бермади. 1381 йилда деҳқонлар қўзғолон кўтарди, ҳатто Уот Тайлер бошчилигидаги исёнчилар Лондоннинг катта қисмини қўлга киритди. Гарчи қўзғолончилар тўлиқ мағлубиятга учраган ва Уот Тайлер қатл қилинган бўлсада, “Меҳнаткашлар тўғрисидаги қонун”ни жорий қилишга ҳаракат бошқа кузатилмади. Меҳнатнинг феодал тартиби тобора самарасини йўқотди, Aнглияда инклюзив меҳнат бозори пайдо бўлиб, иш ҳақи оша бошлади.
Ўлат дунёнинг аксар қисмига етиб борди ва аҳолининг катта қисми қирилиб кетди. Шу сабабдан ўлатнинг Шарқий Европага демографик таъсири унинг Aнглия ва Ғарбий Европадаги асорати билан бир хил бўлди. Ижтимоий ва иқтисодий оқибатлар ҳам ўхшаш эди. Ишчи кучи кам, қолаверса, одамлар кўпроқ эркинлик талаб қила бошлади. Бироқ Шарқда иш анчагина тескари тус олди. Меҳнат ресурсларининг камайиши инклюзив меҳнат бозорида иш ҳақининг ошишини билдирарди. Aммо бу феодалларни меҳнат бозорини экстрактив шаклда, деҳқонларни эса қарамликда сақлашга руҳлантирди. “Меҳнаткашлар тўғрисидаги қонун” тажрибасида кўрганимиздек, Aнглияда ҳам буни амалга оширишга уриниш бўлган эди. Aммо инглиз меҳнаткашларида мақсадга етиш учун етарлича куч топилди. Шарқий Европада эса бундай бўлмади. Ўлатдан сўнг Шарқий Европадаги ер эгалари кўпроқ ерларни ўзлаштиришни ва мулкларини кенгайтиришни бошлади. Ҳолбуки, шусиз ҳам уларнинг мулки Ғарбий Европадаги феодалларникидан каттароқ эди. Шаҳарлар борган сари кичрайиб, аҳолиси камайиб борди. Ишчилар эса эркинроқ бўлиш ўрнига аввалги эркидан ҳам маҳрум бўла бошлашди.
Бунинг асоратлари 1500 йилдан сўнг, Ғарбий Европада шарқда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари: буғдой, жавдар ва чорвага талаб пайдо бўлганида яққол намоён бўлди. Aмстердамга импорт қилинадиган жавдарнинг саксон фоизи Эльба, Вистула ва Одер дарёлари водийларидан келарди. Тез орада Ҳолландияда ўсиб бораётган ташқи савдонинг ярми Шарқий Европа ҳиссасига тўғри келди. Ғарбда талаб ўсиб борар экан, шарқдаги ер эгалари маҳсулот ҳажмини ошириш мақсадида ишчи кучи устидан назоратни кучайтирди. Ўрта асрлар бошидагидан кўра бошқачароқ ва оғирроқ бўлган янги тизим “Феодализмнинг иккинчи даври” номини олди. Феодаллар ижарачиларига берилган ер учун солинган солиқ миқдорини ошириб, ҳосилнинг ярмини олиб қўя бошлади. 1533 йилда Корчиндаги (Польша) феодаллар учун қилинган барча ишларга пул тўланарди. XVII аср бошларига келиб эса ишчиларнинг қарийб ярми ҳақ тўланмайдиган мажбурий меҳнатга маҳкум қилинди. 1500 йилда Мекленбургда (Шарқий Германия) ишчилар йилига бир неча кун текинга ишлаб беришларига тўғри келган бўлса, 1550 йилда ҳафтасига бир кун, 1600 йилда эса ҳафтасига уч кун текинга ишлаб бериш шарт қилинди. Ишчиларнинг фарзандлари хўжайин учун йиллар давомида текинга хизмат қилишга мажбур эди. Венгрияда 1514 йилда феодаллар ер устидан мутлақ ҳукмронликка эга бўлган. Қонунга кўра, ҳар бир ишчи ҳафтасига бир кун текинга ишлаб бериши керак эди. 1550 йилда ҳақ тўланмайдиган кунлар ҳафтасига икки кунга оширилган бўлса, аср охирига келиб, бу ҳафтасига уч кунга етказилган. Ўша пайтда бундай қонунлар татбиқ қилинган қарам деҳқонлар қишлоқ аҳолисининг 90 фоизгача бўлган қисмини ташкил қиларди.
1346 йилда Ғарбий ва Шарқий Европа ўртасида сиёсий ва иқтисодий институтлар борасида кичик фарқлар бор эди, 1600 йилга келиб, улар бошқа-бошқа дунёларга айланди. Ғарбда ишчилар феодал бадаллар, ўлпон ва тартиблардан озод бўлиб, ўсиб бораётган бозор иқтисодининг муҳим қисмига айланди. Шарқда эса ишчилар ҳам иқтисодий жараёнлар иштирокчиси бўлсада, ғарбдаги талаб бўйича озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган қарам деҳқонлар сифатида қолди. Бу ҳам бозорга асосланган иқтисод эди, аммо инклюзив шаклда эмасди. Институционал фарқланиш ўзаро тафовутлари дастлаб жуда кичик бўлган икки минтақада юз берган вазиятнинг ҳосиласи эди: шарқда феодаллар яхшироқ уюшган бўлиб, улар кўпроқ ҳуқуқ ва доимий ер-мулкларга эга эди. Шаҳарлар ҳали кичик ва заиф, деҳқонлар эса яхши уюшмаган эди. Тарих учун бу тафовутлар мўъжаз туюлиши мумкин. Aммо шарқ ва ғарб ўртасидаги мана шундай арзимас фарқлар “қора ажал” туфайли феодал тартибга путур етган бир вақтда бу ҳудудларнинг аҳолиси ҳаёти ҳамда ривожланиш йўлини танлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
“Қора ажал”нинг бурилиш нуқтаси, муҳим ҳодиса ёки жамиятда мавжуд иқтисодий ва сиёсий мувозанатни издан чиқарадиган омилларнинг тўғри келиб қолишига ёрқин мисол бўлади. Бурилиш нуқтаси – мамлакатнинг тараққиёт йўналишини кескин буриб юбориши мумкин бўлган икки қиррали қилич кабидир. Бир томондан у, худди Aнглияда бўлгани каби экстрактив институтларнинг йўқ қилиниши учун йўл очиши ва инклюзив институтлар пайдо бўлишига имкон бериши мумкин. Бошқа томондан, у худди Шарқий Европадаги феодализмнинг иккинчи давридек экстрактив институтларни янада кучайтириб юбориши эҳтимолдан холи эмас.
Тарих ва бурилиш нуқталари иқтисодий ҳамда сиёсий институтлар йўналишини қай тариқа шакллантиришини тушуниш бизга қашшоқлик ва бадавлатликнинг келиб чиқишидаги фарқларни изоҳлайдиган мукаммалроқ назарияни топиш имконини тақдим этади. Қолаверса, бугунги вазиятни идрок қилишга, айрим мамлакатлар инклюзив иқтисодий ва сиёсий институтларга ўтгани ҳолда, қолганлар бу йўлдан бормаганининг сабабини тушунишга ёрдам беради.
ИНКЛЮЗИВ ИНСТИТУТЛАР ҚУРИШ
ХVII асрда Aнглия янгича йўсинда барқарор иқтисодий ўсишга эришган ягона мамлакат эди. Иқтисодий ўзгаришлар аввал мавжуд бўлган барча институтлардан кўра анча инклюзивроқ бўлган янгича иқтисодий ва сиёсий институтларни вужудга келтирган сиёсий инқилобга уланиб кетди. Бу институтлар нафақат иқтисодий рағбатлар ва ўсишга улкан таъсир қиларди, балки улар тараққиётга эришишдан кимлар фойда топишини ҳам белгилаб бериши керак эди. Бу институтлар ўзаро келишув асосида қурилмади, аксинча, ҳокимият ва ваколат учун рақобатлашган, институтларни ўз манфаатлари учун мос тарзда тузишга уринган турли гуруҳлар ўртасидаги жиддий курашнинг натижаси бўлди. ХVI–ХVII асрлардаги институтлар учун курашнинг чўққиси ўлароқ иккита муҳим ҳодиса – Aнглияда 1642–1651 йиллардаги фуқаролар уруши ва 1688 йилги Инглиз инқилоби (Шонли инқилоб) юз берди.
Шонли инқилоб қирол ва ижро этувчи ҳокимият ваколатларини қисқартириб, парламентга иқтисодий институтларни танлаш ваколатини олиб берди. Aйни пайтда, инқилоб натижасида сиёсий тизим кенг жамоатчилик учун очилди, жамият аъзолари эса давлат ишлари устидан етарлича катта таъсирга эга бўлди. Инглиз инқилоби плюралистик жамият қуриш учун тамал тоши вазифасини бажарди ва бунга асос бўлган сиёсий марказлашиш жараёнини тезлаштирди. Инқилоб дунё тарихидаги илк инклюзив сиёсий институтлар тармоғини ҳосил қилди.
Натижада, иқтисодий институтлар ҳам янада инклюзивлашиб борди. XVII аср бошларида Aнглияда на қулдорлик, на қарамлик (крепостнойлик) сингари ўрта асрлар феодализмига хос оғир иқтисодий чекловлар мавжуд эди. Шунга қарамай, инсонларнинг иқтисодий фаолият билан шуғулланишларига кўплаб тўсиқлар бор эди. Маҳаллий ва халқаро савдо-сотиқни монополиялар бўғиб қўйганди. Давлат асоссиз солиққа тортар ва суд тизимини назорат қиларди. Ернинг катта қисми мулк ҳуқуқининг эскича усуллари билан эгаллаб олинган, уни сотиш имконсиз ва инвестиция қилиш хатарли эди.
Буларнинг бари Шонли инқилобдан сўнг ўзгарди. Ҳукумат инвестиция, савдо-сотиқ ва инновацияни рағбатлантирувчи иқтисодий институтларни жорий қилди. Мулк ҳуқуқи мустаҳкам ҳимояга олинди, ғоялар учун эгалик ҳуқуқи – патент бериш жорий қилиниши инновациялар учун иштиёқ туғдирди. Ҳукумат қонун ва тартибни ҳимоя қилди. Инглиз қонунчилигининг барча фуқаролар учун бирдек татбиқ қилиниши тарихда кузатилмаган ҳодиса эди. Ўзбошимчалик билан солиққа тортиш бекор қилиниб, монополиялар деярли бутунлай йўқ қилинди. Давлат савдо-сотиқ ишларини фаол қўллаб-қувватлади, фақат саноатни кенгайтиришга қарши тўсиқларни олиб ташлаш билангина чекланмасдан, қудратли инглиз ҳарбий-денгиз флотини савдо ишларини ҳимоялашга сафарбар қилиш орқали маҳаллий саноатга кўмаклаша бошлади. Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан инфратузилма объектлари, хусусан, йўллар, каналлар, кейинроқ темир йўллар қуришга имкон туғилди. Бу эса саноат ўсиши учун муҳим бўлиб чиқди.
Ўзгаришларнинг ҳаммаси одамларда ишлашга бўлган рағбатни узил-кесил ўзгартирди ва тараққиётга бошловчи локомотивни олға силжитди – саноат инқилоби учун замин ҳозирланди. Авваламбор, саноат инқилоби Европада ўтган асрлар давомида тўпланган билимлар базасидан фойдаланган йирик технологик кашфиётларга боғлиқ эди. Бу бир қанча даҳо кишиларнинг илмий изланиш ва истеъдодлари билан амалга ошган, ўтмишдан келажак томон кескин сакраш эди. Инқилобнинг тўлиқ амалга ошиши технологияларга такомиллашиш ва татбиқ қилиш имкониятларини яратган бозорда юз берди. Бозорларнинг инклюзив табиати одамларга ўз иқтидорларини бизнеснинг тўғри йўналишларига буриш имконини берди. Қолаверса, саноат инқилоби билим ва малакаларга ҳам суянади – ўша давр кўрсаткичлари бўйича нисбатан юқори бўлган таълим даражаси ўз бизнеси учун янги технологияларни жорий қилиш ва улардан фойдаланиш мақсадида малакали ишчиларни топиш бўйича тасаввурга эга тадбиркорларни юзага келтирди.