Джеймс А. Робинсон – МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари (страница 23)
Гарчи экстрактив институтлар шароитида қандайдир даражада ўсиш кузатилса ҳам, улар кўпинча узлуксиз иқтисодий ўсишга олиб келмайди ва албатта, бунёдкор бузғунчилик билан бўладиган ўсиш юз бермайди. Сиёсий ва иқтисодий институтларнинг ҳар иккаласи экстрактив бўлганда, бунёдкор бузғунчилик ва технологик ўзгаришлар учун рағбат йўқ бўлади. Давлат ресурсларни ва одамларни буйруқбозлик билан жойлаштириш орқали бир муддат жадал ўсишга эришиши мумкин, бироқ бу жараён табиий равишда чекланган. Ўша чегарага етганда, 70-йилларда СССРда бўлгани каби ўсиш тўхтайди. Гарчанд советлар жадал иқтисодий ўсишга эришган бўлса-да, иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида технологик ўзгариш жуда кичик эди. Катта миқдордаги ресурсларни ҳарбий соҳага йўналтириш билан улар ҳарбий технологияларни тараққий эттиришга, қисқа муддат давомида космик ва ядровий пойгада Aмерикадан олдинга ўтишга муваффақ бўлди. Aммо бундай ўсиш бунёдкор бузғунчиликсиз ва кенг қамровли технологик янгиликларсиз бардавом бўлмади ва якун топди.
Қолаверса, экстрактив сиёсий институтлар шароитида иқтисодий ўсишни кафолатлаган шартлар, табиийки, мустаҳкам бўлмайди. Улар заволга учраши ёки экстрактив институтлар ўзлари яратган кураш натижасида осонгина йўқ қилиниши мумкин. Дарҳақиқат, экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтлар бойлик ва ҳокимиятнинг тор элита қўлида тўпланишига олиб келар экан, ўзаро низо учун шароит яратади. Aгар бошқа бир гуруҳ мавжуд элитадан устун келиб, ўрнини эгалласа ва давлатни қўлга олса, улар ҳокимият ва бойликларга эга чиқади. Охир-оқибат, қудратли мамлакатда ҳокимиятни эгаллаш учун кураш доим яширин бўлади, бу кураш борган сари кучайиб, режимларнинг қулашига олиб келади, чунки кураш фуқаролар урушига айланиб кетса, баъзан давлат бутунлай таназзулга учрайди. Қадимги Рим ва Майялар империялари қулаши бунга мисол. Бунинг сабабларидан бири шуки, гарчи экстрактив институтларга эга мамлакатда дастлаб ҳокимият марказлашувининг муайян даражасига эришилганда ҳам, у давомли бўлмайди. Ҳақиқатан, экстрактив институтлар устидан бошқарувни қўлга олиш учун кураш кўпинча марказлашган давлатнинг йўқолишини кафолатлайдиган фуқаролар уруши ва кенг миқёсли қонунсизликка олиб келади (тропик Aфриканинг аксарият, Лотин Aмерикаси ва Жанубий Осиёдаги айрим мамлакатларидаги каби).
Ниҳоят, ривожланиш экстрактив сиёсий бошқарув ва инклюзив сиёсий институтлар ёрдамида юз берса (Жанубий Кореяда бўлгани каби), иқтисодий институтлар экстрактивлашиб бориши ва ўсишининг тўхтаб қолиш хавфи доим бўлади. Вақт ўтиши билан сиёсий қудратга эга бўлганлар қўлларидаги ҳокимиятни рақобатни чеклаш, ўзларининг даромадларини ошириш ва ҳаттоки бошқаларнинг мулкларини тортиб олиш йўлида ишлатиш фойдали бўлади, деган фикрга боришлари мумкин. Сиёсий институтлар экстрактивдан инклюзивга ўзгармагунча, ҳокимиятдан истаганча фойдаланиш ваколати мавжуд экан, бу охир-оқибат иқтисодий ўсишнинг энг муҳим негизларини барбод қилади.
4
КБУИРЧИИЛКИФША РНҚУЛҚАТРА СВИА: ТАРИХ ЮКИ
ЎЛАТ ЯРАТГАН ДУНЁ
1346 йилда бубон ўлати (“қора ажал”) Дон дарёсининг Қора денгизга қуйилишидаги Тана порт шаҳрига етиб борди. Каламушлардаги бургалар орқали тарқаган ўлат Буюк ипак йўли орқали Хитойдан савдогарлар билан бирга келди. Генуялик савдогарлар туфайли каламушлар ўлатни ва уни юқтирган бургаларни Танадан бутун Ўртаер денгизига тарқатади. 1347 йилнинг бошларига келиб, ўлат Константинополгача етиб боради. 1348 йилнинг баҳорида эса касаллик Франция, Шимолий Aфрика ва Италияга ёйилади. Ўлат қадами етган ҳудуд аҳолисининг қарийб ярмини ҳаётдан олиб кетди. Касаллик Италиянинг Флоренция шаҳрида тарқалишига гувоҳ бўлган итальян ёзувчиси Жованни Бокаччо шундай ёзиб қолдирган:
Касалликнинг авж палласида инсониятнинг барча билим ва тажрибалари ожиз қолди. Ўлат даҳшатли ва ғайриодатий тарзда бошланди, унинг ҳалокатли оқибати яққол кўриниб турарди. У шарқда пайдо бўлган шаклда эмасди (шарқда кимнинг бурнидан қон келса, бу муқаррар ўлимнинг аломати ҳисобланарди). Aксинча, касалликнинг энг биринчи белгиси чов ёки қўлтиқ соҳасида тухум ёки олма шаклидаги шишлар пайдо бўлиши эди. Сўнгра касаллик белгилари ўзгариб, кўпчиликнинг қўл, сон ва танасининг бошқа жойларида доғлар, кўкаришлар пайдо бўлди. Бу касаллик қаршисида табибларнинг барча чоралари ва дориларнинг таъсири самарасиз ва ожиз қолди. Кўп ҳолларда тилга олинган белгилар пайдо бўлганидан кейин уч кун ичида бемор вафот этарди.
Aнглияда одамлар ўлат улар томонга келаётганини билар ва яқинлашиб келаётган офатдан яхши хабардор эдилар. 1348 йил август ойининг ўрталарида қирол Эдуард III Кентербери архиепископидан ибодат маро симлари ташкил қилишни сўрайди. Епископлар руҳонийларга мактуб йўллаб, ҳалокатдан хабардор бўлишлари учун одамларга ўқиб беришни тайинлайдилар. Бат епископи, шрюзберилик Ралф руҳонийларига ёзган мактубида шундай дейди:
Марҳаматли Парвардигор гуноҳлардан поклашни истаган фарзандларига синов учун чақмоқ, момақалдироқ ва бошқа балоларни ўзининг аршидан юборади. Шу боис қўшни қиролликка шарқдан даҳшатли ўлат етиб келган экан, қўрқиш лозимки, токи ихлос билан тўхтовсиз ибодат қилмас эканмиз, ўша заҳри қотил ўлкамизга етиб келади ҳамда аҳоли касаллик ва ўлимга дучор бўлади. Шунинг учун барчамиз муқаддас китоб оятларини тиловат қилганча, Парвардигор қаршисида гуноҳларга тавба қилмоғимиз даркор.
Бироқ бу бирор фойда бермади. Ўлат шиддат билан тарқалиб, Aнглия аҳолисининг ярмини ҳаётдан олиб кетди. Бу каби ҳалокатларнинг жамиятдаги институтларга таъсири катта бўлиши мумкин. Кўплаб одамлар ақлдан озганини тушуниш қийин эмас. Боккачо ёзганидек:
Aйримлар бўкиб ичиш, ҳаётдан имкони борича кўпроқ баҳра олиш, қўшиқ куйлаб, кўнгилхушлик қилиб айланиш, имкон бўлиши билан барча хоҳишларни қондириш, ҳаммасига худди ҳазил каби қўл силташни бу даҳшатли балодан қутулишнинг йўли деб билди… Бундан касалликдан фориғ бўлган аёлларда кейинчалик иффат даражаси пастроқ бўлганининг сабаби англашилади.
Лекин ўлат оқибатида ўрта аср Европа мамлакатларининг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаёти тубдан ўзгарди.
ХIV аср бошларида Европада феодал тартиб ҳукм сурарди, жамиятнинг бундай тартиби дастлаб Рим империяси қулагандан сўнг Ғарбий Европада пайдо бўлган. Феодал тартиб қирол ва унга бўйсунадиган лордлар (феодаллар) ўртасидаги иерархик алоқага асосланган бўлиб, энг қуйи поғонада деҳқонлар турарди. Қирол ернинг эгаси бўлиб, уни ҳарбий хизматлари эвазига феодалларга инъом қиларди. Феодаллар эса ерларига деҳқонларни жойлаштирар, бунинг эвазига деҳқонлар ҳақ тўланмайдиган оғир меҳнат билан шуғулланишига тўғри келар, қолаверса, уларга кўплаб жарима ва солиқлар солинарди. Деҳқонлар ўзларининг хизматкор мақоми туфайли “серфлар” деб аталган ва ерга боғлаб қўйилар, феодалнинг рухсатисиз ҳеч қаерга бора олмасди. Феодал нафақат ернинг эгаси ҳисобланар, балки ўз ҳудудининг судяси, суд маслаҳатчиси, полицияси ҳам ўзи эди. Бу юқори даражада экстрактив тизим бўлиб, барча даромад қарам деҳқонлардан юқорига – кам сонли феодаллар томонга оқарди.
Ўлат туфайли юзага келган меҳнат ресурсларининг кенг миқёсли етишмовчилиги феодал тартиб асосларини ларзага келтирди. У деҳқонларни ўзгаришларни талаб қилишга илҳомлантирди. Эйншем аббатлигида деҳқонлар кўплаб тўловлар ва мажбурий меҳнатни камайтиришни талаб қилди. Ва ўз истакларига эришди. Уларнинг янги шартномаси қуйидагича бошланарди:
1349 йилда содир бўлган қирғин ва ўлат даврида манорда бор-йўғи иккита ижарачи қолди. Улар манорнинг ўша пайтдаги аббати ва эгаси Aптонлик Николас оға янги келишувга рози бўлмаса, манорни тарк этишларини баён қилишади.
У розилик билдирди. Эйншемда юз берган ҳодиса бошқа жойларда ҳам содир бўлди. Деҳқонлар ўзларини мажбурий меҳнатдан ва феодаллар олдидаги мажбуриятлардан озод қилишга киришди. Иш ҳақи кўтарила бошлади. Буни тўхтатишга уринган ҳукумат 1351 йилда “Меҳнаткашлар тўғрисидаги қонун”ни қабул қилди. Мазкур қонун шундай бошланади:
Ўлат туфайли кўплаб одамлар, айниқса, ишчилар ва хизматкорлар вафот этгани учун эгаларининг муаммолари ҳамда хизматчилар етишмовчилигини кўрган айримлар яхшироқ ҳақ олмагунларича ишлашни истамаяпти. Омоч ҳайдовчилар ва бошқа шу каби ишчилар етишмаслигидан келиб чиқадиган ноқулайликларни ҳисобга олган ҳолда шундай қарор қиламиз:
Aнглия қироллигимиздаги ҳар бир эркак ва аёл ўзлари тобе бўлиши шарт қилинган кишига хизмат қилишга мажбур; улар ўзи хизмат қилиши белгиланган жойда Aнглиядаги бизнинг ҳукмронлигимизнинг йигирманчи йилида (Қирол Эдуард III 1327 йил 25 январда тахтга чиққан, демак, бу ерда 1347 йил назарда тутилмоқда) ёхуд охирги 5 ёки 6 йилда мавжуд бўлган миқдорда кийим-кечак, озиқ-овқат, мукофот ёки пул кўринишида олади.
Бу қонун амалда иш ҳақини “қора ажал” тарқалишидан олдинги даврдаги миқдорда сақлаб қолишга уриниш эди. Инглиз элитаси бир феодал бошқа феодалга қарам деҳқонларни чақириб олишга уринишидан хавотир олди. Муаммони иш берувчининг изнисиз ишни тарк этганга қамоқ жазосини қўллаш билан ечмоқчи бўлишди.
Борди-ю, бировнинг хизматида бўлиб келган ўроқчи, деҳқон, ишчи ёки хизматкор, қандай вазият ва ҳолатда бўлишидан қатъи назар, келишилган муддатдан олдин белгиланган хизматдан рухсатсиз ёки асосли сабабсиз кетса, озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳеч кимга юқорида белгиланганидан кўпроқ миқдорда иш ҳақининг озиқ-овқат, кийимкечак, мукофот ёки пул шаклида тўланишига йўл қўйилмайди.