реклама
Бургер менюБургер меню

Джером Дэвид Сэлинджер – Жавдарзордаги халоскор (страница 6)

18

– Ўзини ҳаммадан зўрман деб ўйлайди, – гапимни бўлди Экли. – Ўша ярамасни ақлли деб ҳам бўлмайди. Лекин у ўзини даҳоман деб ҳисоблайди. Ҳойнаҳой у ўзини энг…

– Экли! Худо ҳақи! Илтимос сендан, тирноқ ўлгурингни стол устига ол! Юз марта айтдим-ку, ахир!

Ниҳоят у тирноғини стол устига ола бошлади. Шунақа, у фақат бақирсанггина айтганингни қиларди.

Бироз уни кузатиб туриб, сўнг гап бошладим.

– Стредлейтер тишингни тозала деб айтгани учун ундан аразлаб юришингни биламан. У сени камситмоқчимасди, неча марта айтиш керак сенга буни. Тўғри, балки ноўрин гапириб қўйгандир. Лекин сени хафа қилмоқчи эмасди. У шунчаки ҳеч бўлмаса онда-сонда тишингни тозалаб турсанг, ҳам чиройли кўринасан, ҳам ўзингни яхши ҳис қиласан демоқчи эди.

– Ким айтди сенларга мени тишини ювмайди деб? Бошни кўп қотирма.

– Қўйсанг-чи, тишингни ювмайсан-ку. Сени ҳеч тиш тозалаганингни кўрмаганман, – дедим мен ҳам бўш келмай. Камситадиган оҳангда айтмадим лекин бу гапларни. Унга ачиндим. Кимдир тишингни нега ювиб юрмайсан деб турса, жуда ўнғайсизланади-да одам, ахир.

– Стредлейтернинг гапида жон бор. У унчалик ҳам ёмон йигит эмас аслида, – дедим. – Фақат сен уни яхши билмайсан. Мана, муаммо нимада!

– Барибир у бориб турган баччағарнинг ўзгинаси. Ўзига бино қўйган баччағар.

– Ҳа, у кеккайгандир, лекин баъзи масалаларда унинг қўли жуда ҳам очиқ. Рости, – дедим. – Қара. Айтайлик, сенга Стредлейтер тақиб юрган бўйинбоғ жуда ёқиб қолди. Агар ўзига сенинг бўйинбоғингга ишқим кетди, деб айтсангми, масалан-да энди. Биласанми, у нима қилган бўларди? Шартта бўйинбоғини ечади-ю, сенга узатади. Тамом. Ҳа, у аниқ шундай қилади. Ёки бўйинбоғни билдирмай ётоғингга қўйиб келармиди. Нима қилиб бўлса ҳам, сенга ўша бўйинбоғ ўлгурни бермасдан қўймасди. Бошқа болалар эса…

– Э, қўйсанг-чи. Бўлмаган гап. Бор-э, – деди Экли. – Мендаям ундагидек соққа бўлгандами, худди шундай қилардим.

– Йўқ, ҳеч қачон, – дедим бошимни лиқиллатиб. – Ҳаётда бундай қилмаган бўлардинг, сен бола. Агар шунча пулинг бўлганда сен ҳойнаҳой учига чиққан…

– Бола пақир дейишни бас қиласанми-йўқми, худо ургур. Сендақа чурвақаларнинг отаси тенги ёшга етганман.

– Ҳечам-да.

Вақти келса у асабни шунақа бузардики, асти қўяверасиз. Гап келганда ўзини ўн саккиз, мени эса ўн олти ёшлигимни қистириб ўтмаса кўнгли тўлмасди.

– Ҳаммасидан ҳам сендақа одам билан бир оила бўлишдан ўзи асрасин.

– Майли, майли, унда мени бола пақир деб ат…

Шу пайт тўсатдан эшик очилиб Стредлейтер учиб кирди-ю, гапнинг белига тепди. У нуқул шундай ҳовлиқиб юради. Ҳамма нарса унинг учун ўта муҳим. У олдимга келиб ҳазилнамо йўсинда иккала яноғимга шапатилаб қолса бўладими. Бунча қилиғи совуғ-а.

– Менга қара, – деди у. – Бирор жойга бормоқчимасмидинг бугун кечга?

– Билмасам. Балки борарман. Нима бало, кўчада қор ёғяптими-а? – дедим унинг пальтосидаги қор парчаларини кўриб.

– Ҳа, ёғяпти. Хуллас, гап бундай. Агар кўчада муҳим ишинг бўлмаса, менга катак жакетингни бериб турсангчи-а? Нима дединг?

– Ўйинда ким ютди? – сўрадим мен.

– Тугамади ҳали, энди ярмига келди. Биз охиригача қолмадик, – деди Стредлейтер. – Беҳазил, кечқурун жакетинг керакмасми ўзингга? Мен ўзимнинг кулранг фланнел камзулимга нимадир тўкиб юбориб, расво қилиб қўйгандим-да.

– Йўқ, ўзимга керак эмаску-я, лекин сенга берсам уни буқаникидек елкаларинг билан чўзиб ташлайсан-да, – дедим мен. Аслида икковимизнинг бўйимиз тенг эди, аммо у мендан икки баравар оғир эди. Қолаверса, елкаси ҳам ўлгудай кенг.

– Чўзмайман, ишон.

У шошганча шкаф олдига борди.

– Ишлар қалай, Экли? – деб қўйди орада. Стредлейтер ҳеч бўлмаганда анчайин хушмуомалагина йигит эди. Қисман ясама, зўрма-зўраки хушмуомалалик билан бўлса ҳам, ҳар қалай, у Экли билан сўрашишни канда қилмасди.

Экли эса унга жавобан нимадир деб тўнғиллаб қўйди. Ўзига қолса индамасдиям, лекин ҳатто тўнғиллаб қўймаслик учун ҳам унинг журъати етмасди-да. Кейин менга “мен борақолай, кўришгунча”, – деди.

– Бўпти, – дедим мен ҳам. Унинг ўз хонасига даф бўлиши ҳеч қачон одамни ранжитмасди, аксинча.

Стредлейтер пальтосини ва бўйинбоғини еча бошлади. – Яхшиси, тезда соқолимни қиртишлаб олай, – деди. Унинг соқол-мўйлови жуда ўсиб кетганди. Ҳа, ўзи жуда қуюқ эди-да соқоли.

– Қаерда учрашувинглар?

– У мени янги қурилган кичик бинода кутиб турибди.

Стредлейтер совун-повун, устараларини олиб, сочиғини қўлтиғига қистирганча хонадан чиқиб кетди. Эгнида на кўйлак ва на бошқа нарса бор эди. У қип-яланғоч бўлволиб хонада юраверарди, чунки у қадди-қоматим ўта келишган деб ўйларди-да. Тан олиш керакки, чиндан ҳам шунақа эди.

4

Қиладиган муҳим ишим йўқлиги учун Стредлейтер соқолини олгунча у билан гап сотиб тураман деб ювиниш хонасига бордим. Ҳамма ўйинда эканлиги учун биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Хона жуда иссиқлигидан дераза ойналари парланиб кетганди. Девор бўйлаб ўнтача раковина ўрнатилган бўлиб, Стредлейтер ўртадагисидан фойдаланаётганди. Унинг ўнг томонидаги раковина четига ўтирдим ва асабга ўйновчи одатимни – совуқ сув жўмрагини очиб-ёпишни бошлаб юбордим. Стредлейтер “Ҳиндистон қўшиғи” куйини ҳуштак қилиб чалганча соқол олаётганди. У қўшиқ оҳангига деярли тушолмайдиган нўноқ ҳуштакбозлардан эди, нуқул чалишга энг қийин бўлган қўшиқлар, масалан, “Ҳиндистон қўшиғи” ёки “Ўнинчи хиёбондаги қотиллик”ка ўхшашларни танларди. У қўшиқни бутунлай оёғини осмондан қилиб ташлаши мумкин эди.

Ёдингизда бўлса, Эклининг иркитлиги ҳақида гапиргандим, Стредлейтер ҳам унинг бир тури. Фақат у бошқачароқ иркит. Стредлейтер киши билмас иркит эди. У кўринишидан тартибли эди, аммо унинг устарасини кўрсангиз борми – занглаб кетган устара доим кўпик ва қил билан тўла турар, Стредлейтер ҳеч қачон уни тозалаб қўймасди. У ювиниб-тарангандан сўнг ораста кўринарди. Лекин уни менчалик яхши билсангиз, ҳеч ким сезмаса ҳам, барибир иркитлигига амин бўласиз. Кўркам кўриниш учун доим ўзига қараб юришининг сабаби эса у ўзини телбаларча яхши кўрарди. Стредлейтер ўзини Ғарбий яримшардаги энг кўркам йигит деб ҳисобларди. Тан оламан, у ростдан ҳам анча келишган йигит эди. Лекин, биласизми, унинг кўркамлиги шундай эдики, мабодо ота-онангизнинг мактаб альбомингизда унинг суратига кўзи тушгудек бўлса, улар албатта “Манави бола ким?” деб сўраши тайин. Ишқилиб, у қандайдир альбомбоп хушбичим йигит эди. Мен Пенсида Стредлейтердан ҳам кўркамроқ болаларни биламан, лекин уларнинг альбомдаги суратига қарагудек бўлсангиз, улар Стредлейтердек эътибор тортмасди. Уларнинг бурни катта ёки қулоқлари шалпайиб тургандек кўринарди, бунга бир неча бор амин бўлганман.

Хуллас, мен Стредлейтер соқолини олаётган раковинанинг ёнгинасида ўтириб олганча жўмракни ёқиб ўчириб ўйнардим. Бошимда ҳамон ов қалпоғим. Бу қалпоққа роса ишқим тушди.

– Ҳой, – деди Стредлейтер, – бир яхшилик қилмайсанми?

– Нима? – дедим мен хушламайгина. У нуқул бировдан яхшилик қилишни сўрарди. Ўзини осмондаги ой деб ҳисобловчи бундай кўркам йигитчалар доимо бировлардан ёрдам қилишни сўрайди. Улар ўзларини шунчалик севадики, бошқалар ҳам уларни деса ақлдан озади ва уларнинг ҳожатини чиқариш учун ўзларини томдан ташлайди деб ўйлашади. Бир томондан бу тоза тентаклик.

– Кечқурун бирор ерга бормоқчимасмисан?

– Балки борарман, балки йўқ. Билмасам. Нима эди?

– Душанбагача тарихдан бир дунё мавзу ўқишим керак, – деди у. – Инглиз тилидан иншо ёзиб берақолсанг-чи? Агар душанбагача ўқиб тугатмасам, дабдалам чиқиши аниқ, шунга сендан илтимос қиляпман. Розимисан?

Бу жудаям масхарали илтимос эди. Жудаям.

– Мен бу лаънати ердан ҳайдалаётган бўлсам-у, сен эса қандайдир иншо ёзиб беришимни сўраяпсанми?!

– Ҳа, биламан. Лекин вақтида вазифани топширмасам, ростдан аҳволим чатоқ. Бир оғайнилик қилсанг-чи. Майлими?

Унга дарров жавоб бера қолмадим. Стредлейтердек нусхаларнинг асабини таранглаштириб фақат савобга қоласиз.

– Нима ҳақида?

– Хоҳлаган нарсанг ҳақида. Тасвирий иншо ёзиш мумкин бўлган исталган бирор нарса ҳақида. Масалан, хона ёки уй, яшаган жойинг ёки ўзинг яхши биладиган бирорта матоҳ ҳақида. Шунчаки узундан-узоқ тасвирласа бўладиган нарса танласанг бўлгани.

У шу гапларни айта туриб оғзини ўрадек очиб эснади. Менга энг ёқмагани шуниси бўлди. Кимдир сиздан бирор ишни илтимос қилаётганда эснаса, тасаввур қиляпсизми?

– Фақат жуда зўр ёзиб юбормагин, – деди у. – Лаънати Ҳарцелл иншо ёзишни қийворишингни билади ва хонадошим эканингдан ҳам хабари бор. Нима десам экан, вергул-пергулларини хато қўйсанг бўлди.

Энди мана шу гапидан нақ тутуним чиқиб кетай деди. Қаранг-а, иншо ёзишни қийиб юборадиган бўлсангиз-у, кимдир сизга вергуллар ҳақида гапириб ўтирса. Стредлейтер нуқул шундай қиларди. Гўёки унинг иншо ёзишдаги биргина камчилиги вергулни қўя олмаслигида. У шу жиҳатдан ҳам Эклига ўхшайди. Бир сафар баскетбол ўйинида Экли билан ёнма-ён ўтириб қолганман. Бизнинг жамоада Хави Койл деган даҳшат ўйинчи бор эди. У майдон марказидан туриб, тўпни шит ёки бошқа бирор нарсага теккизиб юбормасдан саватга тушира оларди. Экли бўлса, ҳамма гап шунчаки, Хавининг қомати баскетбол учун мослиги ҳақида бутун ўйин давомида минғирлашдан чарчамади. Эй Худойим, бундай сафсатабозларни кўргани кўзим йўқ.

Бироздан сўнг унинг ёнида ўтиришдан зерикдим ва ўрнимдан туриб бир неча қадам нари кетдим, шунчаки зерикмаслик учун оёқ рақсига ўйнай бошладим. Шунчаки кайфиятимни кўтармоқчи эдим. Бу рақсни унчалигам қойиллатмасдим, аммо ювиниш хонасининг поли тошданлиги оёқ рақси учун айни муддао экан. Кинолардаги йигитларнинг бирига тақлид қила бошладим. Мюзиклдаги бир йигитчага. Кино кўришни жиним суймаса ҳам, киноқаҳрамонларга тақлид қилишдан кайфим чоғланарди. Бизнинг Стредлейтер соқол ола туриб, кўзгу орқали мени кузатарди. Ўзимни кўрсатиб қўйиш учун томошабин етишмаётганди, холос. “Мен губернатор ўғлиман,” – дедим тақлидан. Ҳар ёнда рақс тушиб тоза чиранаётган эдим.