18+
реклама
18+
Бургер менюБургер меню

Дэниел Киз – Элжернонга аталган гуллар (страница 7)

18

10 апрель

Ўзимни ёмон ҳис қиляпман. Бу дори билан даволаса бўладиган касаллик эмас. Бу қалбимдаги оғриқ. Қалбим бўм-бўш қути каби, худди юрагимни юлиб ташлагандай. Содир бўлган ҳодисани айтиб бермасам бўлмайди. Бугун умримда биринчи марта ишга боргим келмади. Ва мен бормадим.

Кеча Жо Карп ва Фрэнк Рейли мени базмга таклиф қилди. Базмда роса қизлар кўп эди. Эрни ва Жимпи ҳам ўша ерда эди. Охирги марта виски ичганимдан сўнг ўзимни қандай ёмон ҳис қилганимни эслаб, Жога ичкилик ичмайман, дедим. Сўнгра у менга қандайдир ғалати таъмли ичимлик узатди. Эътибор бермабман.

Бироз кўнгилхушлик қилдик.

– Эллен билан рақсга тушмайсанми? У сенга қандай рақс тушишни ўргатиб қўяди, – деб худди бир нима кириб кетгандай кўзини қисиб қўйди Жо.

– Чарлини ўз ҳолига қўй, – деди Эллен.

Жо эса мени елкамга уриб қўйди.

– Бу Чарли Гордон, менинг энг яқин дўстим. Унинг калласи роса яхши ишлайди ва унинг ҳаттоки лавозимини кўтаришди. Ҳозирда у жуда ҳам мураккаб хамир қоргич номли қурилма билан ишлайди. Бироз ишдан сўнг дам олишини хоҳлаяпман. Буни нимаси ёмон?

У мени Эллен томон итариб юборди. Мусиқа янгради ва биз ҳам рақсни бошладик. Бир дақиқа ичида мен уч марта йиқилиб тушдим ва нега бундай бўлаётганини ҳеч тушуна олмадим. Ҳадеб кимнингдир оёғига қоқилиб йиқилиб кетардим.

Барча меҳмонлар бизга қараб кулиб туришарди. Йиқилаётганимда улар одатдагидан баландроқ кулиб юборишди, уларга мен ҳам қўшилдим. Аммо тўртинчи марта ҳам йиқилганимда кулгим келмай қолди. Оёққа турмоқчи бўлганимда, Жо мени туртиб юборди ва яна ерга йиқилиб тушдим.

Нигоҳимни юқорига қаратар эканман, дўстимнинг юзида бир ажойиб ифода кўрдимки, юрагимга пичоқ санчилгандай бўлди.

– Дахшат, – деди турган қизлардан бири ва хо-холаб кулишда давом этди.

– О, Фрэнк, ҳақ эдинг экан, унга тенг келадигани йўқ экан, – базўр тан олди Эллен. Сўнгра: – Эй, Чарли, олма емайсанми? – деди‐да ва менга битта олма узатди.

Олмани емоқчи бўлиб тишлагандим, у ясама экан.

– Мен сенга айтгандим-ку, бу эсипаст сунъий олмани ҳақиқийсидан ажрата олмайди деб, – кулди Фрэнк.

– Охирги марта уни ташқарида ёмғир ёғяптими йўқми деб қараб келишга жўнатганимиздан бери бундай мазза қилиб кулмагандим, – деб қўшиб қўйди Жо.

Болалигимда қўшни болалар билан беркинмачоқ ўйнаганимизда уларни мен излашим керак бўлгани эсимга тушди. Бармоқларим билан ўнгача санаб, уларни қидира бошладим. Мен қоронғи тушгунча совуқда излаб юрдим, лекин тополмай уйимга кириб кетдим.

Ҳеч кимни топа олмагандим.

Фрэнкнинг гапларидан сўнг мен ҳаммасини англаб етдим. Беркинмачоқ ўйнаганимизда ҳам, биринчи марта базмга борганимизда ҳам бир хил ҳолат юз берган. Энди тушундим… Жо ҳам, бошқа дўстларим ҳам доим мени калака қилиб келган экан. Маҳалламиздаги болалар ҳам.

Мен ерда ётар эдим, улар эса бақириб устимдан кулишар эди.

– Қара, унинг башараси бўзариб кетди.

– У қизариб кетди. Халойиқ, Чарли қизариб кетди.

– Эллен, нима қилдинг унга? Биз уни ҳеч бундай ҳолда кўрмагандик!

– Эллен, офарин сенга! Бу тентакнинг адабини бериб қўйибсан!

Нима қилишимни, қаерга қарашимни билмасдим. Бирдан ўзимни қип-яланғоч ҳолда ётгандай ҳис қилдим. Бутун дунёдан узоқларга, ҳеч ким тополмайдиган жойларга беркиниб олгим келди. Хонадан югуриб чиқиб кетдим. Хона жуда ҳам баланд уйда эди. Лифтни эсимдан чиқариб қўйиб, зинапояни ҳам тополмай қолдим. Сўнг кўчаларда узоқ кезиб юрдим. Улар мени фақатгина устимдан кулиш учун ўзлари билан олиб юришлари ҳеч хаёлимга келмаган экан.

Мана энди олдинги Чарли Гордон бўлиш қандай эканлигини тушундим.

Ўзимдан шу қадар уялиб кетдимки.

Бугун тушимга Эллен билан рақс тушаётганимиз ва у менга ёпишаётгани кирди. Уйғонганимда чойшаблар ҳўл ва кир бўлиб кетган экан.

13 апрель

Ўша кечадан сўнг қайтиб новвойхонага бормадим. Мен яшайдиган уй эгаси, Флинн хонимдан, жаноб Доннерга қўнғироқ қилиб, бетоб бўлиб қолганимни айтиб қўйишини илтимос қилдим. Флинн хоним гўё мендан қўрқадиган бўлиб қолди.

Мен, ниҳоят, нега одамлар устимдан кулишларининг сабабини тушуниб етдим. Аҳмоқлигим даражасини англамайдиган даражада аҳмоқ эканман. Аҳмоқ одам бирор нарсани улар қилмагандай қилса, ақли расо одамлар кулар экан.

Лекин энди кундан-кунга ақллироқ бўлаётганим аниқ. Сўзларни тўғри ёзишни ва пунктуация нима эканлигини биламан. Қийин сўзлар маъносини луғатдан титкилаб топишни ёқтираман ва уларни тезда эслаб қоламан. Ҳисоботларимни мунтазам ёзиб боришга ҳаракат қиламан, лекин, тўғрисини айтсам, бунга кўп вақтим кетиб қолади. Китобларни кўп мутолаа қиламан ва Кинниан хонимнинг айтишича, тез ўқийман. Ўқиганларимнинг кўп қисмини, ҳаттоки, тушунмайман ҳам. Баъзида кўзларимни юмсам, ҳаёлимда, худди расм каби, бутун бир китоб саҳифаси пайдо бўлади.

Эрталаб уйғониб, узоқ вақт каравотимда уйғоқ ётдим. Бутун дунёни мендан тўсиб қўйган миямдаги деворда катта тешик пайдо бўлди ва мен у орқали ёруғ дунёга чиқдим.

Узоқ вақт олдин, роса ҳам узоқ вақт олдин, жаноб Доннер новвойхонасида энди ишлашни бошлаганимдаги пайтлар эсимга тушишни бошлади. Новвойхона жойлашган кўча кўз олдимда жонланди. Аввалиги ҳаммаёқни гўё туман қоплаган. Сўнгра маълум қисмлар ойдинлашади ва мен ўзимни ҳақиқатан ҳам ўша ерда тургандай ҳис қилишни бошлайман.

Болалар аравачасини ёнғоқ қовуриш ускунасига айлантириб олиб, қорли йўлакчада ёнғоқ сотиб турган нимжон чол. Қўрқув тўла кўзлари билан эшикдаги ёзувга тикилиб турган узун бўйли йигит. Ҳозир у ерда нима деб ёзилганини биламан, ДОННЕР НОВВОЙХОНАСИ, лекин ўтмишга назар ташлар эканман, боланинг кўзлари билан у ёзувни ўқий олмаяпман. Йигит ўқишни билмайди. Кўзлари қўрқувга тўлган новча йигит бу менман, Чарли Гордон.

Кўзни қамаштирувчи неон чироқлар. Рождествога безатилган арчалар ва ўтиб кетаётган пиёдалар. Совуқдан одамлар пальтоларининг ёқаларини ҳам кўтариб олишган. Бўйинларига иссиқ шарфлар ўраб олишган. Унинг эса оддий қўлқоплари ҳам йўқ. Қўллари яхлаб қолиб, оғир қоғоз қопларни ерга қўйди. У кичик дўкончада сотилаётган бир‐биридан қизиқарли ўйинчоқларни яхшироқ томоша қилиш учун тўхтади. У ерда бурнида копток айлантирувчи тюлен, сакраб турувчи кучукча ва у ёқдан-бу ёққа думалайдиган айиқ бор эди. У ўйинчоқлар ҳаракатларини қайтаришга уринди: айланди, ирғиди, сакради. Эҳ, агар бу ўйинчоқлар уники бўлиб қолса эди, у дунёдаги энг бахтли инсонга айланган бўлар эди.

Совуқдан юзлари қизариб кетган, бармоқлари арзон йиртиқ қўлқоплардан кўриниб турган сотувчидан айиқчани бир борагина ушлаб кўришга рухсат сўрамоқчи бўлди, лекин жуда ҳам қўрқарди. Йўқ, у сўрай олмади. Оғир юкини яна елкасига ортди. Озғин бўлишига қарамай, кўп йиллар давомидаги жисмоний меҳнат натижасида чиниққан эди.

– Чарли! Чарли! …тентак Чарли!

Болалар уни ўраб олиб мазах қилишяпти – оёқ остида ўралашувчи кўппаклар. Чарли уларга кулиб қўймоқда. У елкасидаги қопларни йўлакка қўйиб, болалар билан ўйнамоқчи эди, бироқ бирдан нимадир келиб елкасига тегди. Узоқроқда турган каттароқ болалар унга муз бўлакларини отаётган экан.

Новвойхона яқинидаги қоронғи кўчада бир гуруҳ йигитлар тўпланиб турибди:

– Қара, Чарли келяпти!

– Эй, Чарли! Нималарни кўтариб олдинг?

– Чарли, биз билан ўйнамайсанми?

– Чарли, кел, бирга ўйнаймиз!

Қоронғи кўчадан келган қаҳқаҳалар уни қўрқитарди… Эти жунжикиб кетди. У нега бунчалик қўрқиб кетганлигининг сабабини эсламоқчи бўлди, аммо фақатги-на лой, ахлатлардан кир бўлган устки кийимларини ва унинг ҳолини кўриб кўчага болға билан югуриб чиққан Ҳерман тоғасини эслай олди…

Чарли ғала-ғовур қилаётган йигитларга яқинлашмай ўтиб кетмоқчи бўлади ва қопларни ерга тушириб юборади. Тезлик билан уларни елкасига ортмоқлаб, ортига қарамай новвойхонага югуради.

– Қаерларда санқиб юргандинг, Чарли? – деб новвойхона ичидан бақиради Жимпи.

Чарли зудлик билан омборхонага тушиб, қопларни бир чеккага ташлаб қўяди. Деворга суяниб, чўнтагига қўлларини солиб туради.

Бу ер унга жуда ёқади. Пол шифт ва деворлардан ҳам оппоқроқ. Оёқ кийимининг тагчарми худди қор билан қопланган, ун доначалари оёқ кийимининг тешикларига, боғичларининг толаларига, қўлидаги чизиқларга тўлиб қолган.

Чўккалаб ўтириб олади ва катта «Д» ҳарфли кепкаси кўзларигача тушиб қолади. У ун, ширали хамир, нон ва пишириқларнинг ҳидини ёқтиради. Печка ичида олов чирсиллаб ёниб, унинг уйқусини келтирмоқда.

Ширин ҳидлар… Илиққина жой… Унинг кўзи илинди…

Тўсатдан у бир томонга оғиб кетиб, йиқила бошлади ва бор оғирлиги билан полга урилди. Кимдир ўтиб кетаётиб, ухлаётган новча йигитни оёғи билан тепиб ўтиб кетибди…

Фақат шу ҳодисаларни эслай олдим. Улар кўз олдимда аниқ ва равшан намоён бўлди, аммо уларнинг ҳеч бирини тушунмадим. Худди шу ҳолат кино кўрганимда ҳам юз берар эди. Кинонинг мазмунини уни уч ёки тўрт марта кўрганимдан кейингина тушунишни бошлардим. Доктор Штраусдан сўрашим керак.

14 апрель

Доктор Штрауснинг айтишича, кечаги ҳисоботимда ёзган хотираларим жуда ҳам қизиқ экан ва улар-ни қоғозга туширишим шарт экан. Кейин иккаламиз уларни муҳокама қилар эканмиз.

Доктор Штраус – психиатр ва нейрожарроҳ. Мен уни олдин оддий доктор деб ўйлардим. Бугун эрталаб унинг олдига борганимда, муаммоларимни ҳал қила олишим учун ўзимни англаб етишим қай даражада муҳим эканлигини айтди. Менинг ҳеч қандай муаммоим йўқ дедим.

У кулиб юбориб, ойна олдига борди.

– Чарли, ақлинг, идрокинг ривожлангани сари, муаммоларинг кўпаяверади. Сенинг ақлий ривожланишинг ҳиссий ривожланишингдан анча олдинлаб кетган, шу сабабли, менимча, биз сен билан ҳали бундай мавзуларни бирга кўп муҳокама қиламиз. Агар сенга қачондир ёрдам керак бўлиб қолса, албатта, бу ерга тортинмай кела олишингни эслатиб қўймоқчиман.