Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 36)
Бензинчи аёл будкадан чиқди. Афтидан, у мени юпатмоқчи бўлди шекилли:
– Хафа бўлманг, ҳозир сиз ҳам кетасиз, – деди.
– Шошиб турмаганимда майли эди-я!.. – деб тўнғилладим аламимга чидай олмай.
– Модомики шундай экан…
– Нима эди?
– Йўқ, шунчаки айтдим-да! – деб аёл кимгадир ачингандек қўл силтади ва шлангни колонка олдига йиғиштириб қўяр экан, хўрсиниб қўйди: – Бу воқеанинг тарихи узоқ…
Мен жим турардим.
– Йигит бечоранинг бошига ташвиш тушган. Бир вақтлар у биз билан шу ерда, довондаги базада ишларди.
Бензинчи аёлнинг гапини охиригача тинглаш менга насиб бўлмади. Йўловчи «Победа» келиб қолди, биз йўлга тушдик.
Юк машинасига ҳадеганда етиб ололмадик, фақат Дўлан довони этакларидагина етиб олдик. У ҳатто кўпни кўрган Тянь-Шань шофёрларига ҳам рухсат этилмайдиган ғоят тезлик билан учиб борарди. Машина бурилишларда ҳам тезлигини камайтирмай, қоялар остидан ғувиллаб ўтиб борар, шиддат билан баландликларга учиб чиқар ва бирдан худди ағдарилиб кетгандек пастга томон шўнғир, яна бир зумда устига ёпилган брезентнинг чеккалари шалоп-шалоплаб бортга урилиб, ҳирпираганча олдинда пайдо бўлар эди.
Барибир «Победа» «Победа»лигини қилди. Биз юк машинасини қувиб ўта бошладик. Мен ўгирилиб қарадим: бу одам мунча умидсизликка тушган, қаёққа бунчалик елиб кетяпти? Шу пайт ёмғир аралаш дўл шаррос қуйиб берди. Бизда, довонда бундай ёғингарчилик тез-тез бўлиб турарди. Қиялаб, чапарастасига ураётган дўл аралаш ёмғир томчилари орасидан ранглари оппоқ оқариб кетган, папирос тишлаб олган жиддий тусдаги қиёфа кабина ойнаси орқасидан лип этиб кўриниб ўтди. Унинг қўллари рул чамбарагида тез-тез ҳаракат қиларди. Кабинада ҳам, кузовда ҳам ҳеч ким йўқ эди.
Мана шу тасодифий учрашувдан сўнг орадан кўп ўтмай мени Қирғизистоннинг жанубига, Ўш вилоятига хизмат сафарига юборишди. Одатдагича биз журналистларнинг вақтимиз ҳамма вақт зиқ бўлади. Оқшом поезд жўнаши олдидан вокзалга чопганча етиб келдим ва вагонга сакраб чиқиб, ўз купемга кирдим, ҳадеганда деразадан ташқарига қараб ўтирган пассажирга эътибор ҳам бермабман. Назаримда, бу купега иккаламиздан бошқа ҳеч ким чиқмайдиганга ўхшарди. Ҳамроҳим менга қайрилиб қарамади ҳам. У бошини ойнага қадаганча ё шунчаки ташқарига тикилиб ўтирарди, ёки бўлмаса алланималар ҳақида ўйларди.
Поезд тезлигини ошира борди. Радиодан мусиқа овози янгради: таниш куй ижро этилаётган эди. Бу қирғиз классик куйи менга доим ғира-шира оқшом пайти даштда кетиб бораётган ёлғиз отлиқнинг ашуласини эслатарди. Йўл узоқ, бепоён дашт. Эгарда ўтириб хаёл суриб, биронта ашулани аста хиргойи қилинса ҳам бўлади. Хиргойи қилганда ҳам қалбдан чиқариб куйласанг. Ахир от туёқларининг тапир-тупур садолари остида ёлғиз ўзи хиргойи қилиб бораётган йўловчининг қалбида турли хил ўй-хаёллар озмунча бўлади дейсизми?.. Ариқдаги сув майда ялтироқ тошлар устидан шилдираб оқаётгандек, қўбиз торларидан оромбахш майин куй аста-секин тараларди. Қўбиз адирлар орқасига ёнбошлаётган қуёш ҳақида, ҳар ёққа салқинлик таратаётган майин шабада ҳақида, йўл ёқалаб кетган кўм-кўк ёвшан ва сап-сариқ чаловларнинг секин-секин тебратиб, гул чангларини тўкаётгани ҳақида куйларди. Дашт ҳам чавандознинг ашуласини тинглайди ва у билан бирга ўйнаб, бирга куйлайди…
Эҳтимол, ҳозир биз поездда елиб бораётган бу ердан ўша чавандоз ҳам қачонлардир юргандир… балки ўшанда, худди ҳозиргидек, дашт уфқида шафақ секин-аста очсариқ тусга кириб, сўна борган, тоғ бағридаги қор эса худди ҳозиргидек қуёшнинг сўнгги шуълаларини эмиб, пуштирангга киргану яна дарҳол хиралашиб сўниб қолгандир.
Дераза ортидан боғ-роғлар, токзорлар, қулф уриб ётган кўм-кўк маккажўхори далалари ўтиб борарди. Янги ўрилган барра йўнғичқа ортилган қўш отли арава темир йўл чорраҳаси томон йўртиб борарди. У шлагбаум олдида тўхтади. Қуёшда қорайган, ранги унниқиб кетган йиртиқ майка кийиб, иштонини тиззасигача шимариб олган аравакаш бола ўрнидан турди-да, поезд томон ҳавас билан боқиб, илжайганича кимгадир қўл силтади.
Радиодан таралаётган куй поезднинг тарақа-туруғига жўр бўлиб, кишини ҳайратга соларли даражада бир-бири билан уйғунлашиб кетарди. Отнинг дукур-дукури рельсларнинг туташган жойига урилаётган ғилдирак товуши билан алмашингандек эди. Қўшним бўлса қўлини столчага тираб, кўзларини ҳамон ташқаридан узмай ўтирарди. Назаримда, у ҳам ўзича ўша танҳо отлиқнинг ашуласини унсиз куйлаётгандек эди. У хафами ёки бирон нарсани ўйлаяптими, ҳарқалай, унинг қиёфасидан бошида қандайдир чуқур қайғу, юрагида ўчмас алам борлиги сезилиб турарди. У ўзини шу қадар унутган эдики, купеда менинг ўтирганимни ҳам пайқамасди. Мен унинг юзини кўришга интилдим. Қаерда учратган эдим бу одамни? Ҳатто буғдойранг қўллари, узун ва бақувват бармоқлари ҳам таниш кўринади.
Ниҳоят уни танидим: бу мени машинасига олмаган ўша шофёрнинг худди ўзгинаси эди. «Бирон ёққа ўз иши билан кетаётган бўлса керак», – деб ўйладим ва шу билан хотиржам бўлдим. Чамадондан китоб олдим. Ўзимни унга танитишимнинг ҳожати бормиди? Эҳтимол, у аллақачонлар унутиб юборгандир. Шофёрларга йўлда озмунча йўловчи дуч келади дейсизми?
Шундай қилиб, биз яна анча вақтгача ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, жим кетдик. Кеч кириб, қош қорая бошлади. Ҳамроҳим чекмоқчи бўлиб ёнидан папирос чиқарди ва гугурт чақиш олдидан чуқур хўрсиниб қўйди. Сўнгра бошини кўтардию, ҳайратланиб менга қаради ва шу заҳотиёқ қизариб кетди. Таниди.
– Салом, оға! – деди у айбдор кишидек кулимсираб. Мен ҳам унга қўл чўздим.
– Узоққа кетяпсизми? – деб сўрадим.
– Ҳа… Узоққа! – деди у папирос тутунини таратаркан ва бир оздан кейин қўшиб қўйди: – Помирга.
– Помирга! Демак, ҳамроҳ бўлар эканмиз-да. Мен Ўшга кетяпман.
– Мен ҳам худди ўша томонга.
– Жуда соз бўлди, зерикмас эканмиз.
– Эҳтимол, – дея ишончсизлик билан тўнғиллади у.
– Дам олганими? Ёки ўша ёққа ишга жойлашмоқчимисиз?
– Ҳа, шунга ўхшашроқ… Чекасизми? – деб папирос узатди у.
Биз папиросни тутатиб, бир оз жимиб қолдик. Дастлаб бошқа ҳеч қандай гапимиз қолмагандек туюлди. Ҳамроҳим яна хаёлга чўмди. У бошини қуйи солиб, поезд ҳаракатига мос тебраниб борарди. У, назаримда, биринчи учрашганимиздагига қараганда жуда ўзгариб кетгандек кўринди. Анча ўзини олдириб қўйган, пешонасидаги уч қатор ажин янада ичкарироқ ботиб кирган, чимирилган қошлари эса юзига ғамгин соя солиб тургандек эди. У тўсатдан бошини кўтарди-да, қийиқ қўйкўзларини менга тикиб:
– Сиз ўшанда мендан қаттиқ хафа бўлгандирсиз-а, оға? – деб сўради маъюс жилмайиб.
– Қачон? Негадир эслолмаяпман, – мен унинг ноқулай аҳволга тушиб қолишини истамас эдим. Ростини айтганда, ўтган иш хафа бўлишга арзимасди ҳам. Лекин у менга шундай бир самимият билан тикилиб турардики, менинг тезда иқрор бўлишдан бошқа иложим қолмаган эди. – Э, ҳа… унга анча бўлдику… Арзимаган гап эди, эсимдан ҳам чиқиб кетипти. Бунинг нимаси бор экан. Йўлда ҳар хил ҳодиса содир бўлиши мумкин. Сиз ўша учрашганимизни ҳали эслаб юрибсизми?
– Бошқа вақтда бўлганда, эҳтимол, унутиб юборган ҳам бўлардим. Лекин ўша кунни унутолмайман…
– Нима бўлган эди? Бирор фалокат юз берганмиди? – деб сўрадим мен ундан беихтиёр, унинг ўша кунги машинани қандай бошқараётганини эслаб.
– Йўқ, нима десам бўларкин? Фалокат юз бермаган эди! – деди у бир оз дурустроқ сўз танлаб, сўнг кулиб юборди, тўғрироғи, ўзини кулишга мажбур қилди. – Ҳозир бўлса, истаган томонингизга машинада сайр қилдириб келар эдиму, аммо кўриб турибсиз, ўзим ҳам йўловчиман…
– Ҳечқиси йўқ, от бир босган изидан минг марта юради, дейдилар-ку, эҳтимол, вақт-соати келиб, яна йўлда учрашиб қолармиз…
– Агар насиб қилиб учрашиб қолсак, албатта ўзим зўрлаб кабинага чиқариб оламан, – деди у бошини силкиб.
– Демак, келишдикми? – деб ҳазиллашдим мен.
– Сўз бераман, оға! – деди у хурсанд бўлиб.
– Шундай қилиб, нега ўшанда мени олиб кетмаган эдингиз?
– Нега дейсизми? – деди-ю, шу ондаёқ маъюс бўлиб қолди.
У тарвузи қўлтиғидан тушгандек жим қолиб, папирос тутунини жон-жаҳди билан торта бошлади. Мен ўринсиз савол берганимни пайқаб қолиб, гапни бошқа ёққа буришга интилдим. Бироқ вақт ўтганди. У папиросини ўчирди-да:
– Иложим йўқ эди… Ўғлимни ўйнатиб олиб юрган эдим… – деди зўр-базўр ғўлдираб.
– Ўғлимни? – Ҳайрон бўлдим мен. – Каттагинами у?
– Йўқ! – дея жилмайди у, энди унинг кўзлари менга табассум билан боқарди. – Ҳали ёш, энди бешга қадам қўйди…
– Нима, у сизни бирон жойда кутиб турганмиди?
– Ҳа, довонда.
– Хўш, кейин нима бўлди? – Мен ҳали ҳам ҳеч нарса тушуна олмаётган эдим. Қизиқ, нега ўғли у ерда бўлади, умуман, боланинг бу гапга нима алоқаси бор?
– Биласизми… Гап бундай… Сизга қандай тушунтирсам экан… – деб у пешанасига сизиб чиқаётган тер қатраларини артди, ҳаяжонини босиш учун чекди, сўнг менга жиддий тикилди.
Ана шундай қилиб, мен шофёрнинг ўз тақдири ҳақидаги ҳикоясини эшитишга муяссар бўлдим. Лекин у ҳеч кимга, айниқса, менга – журналистга ўз ҳаёти тўғрисида батафсил гапириб бермаслигига қаттиқ ишонардим. Кейинроқ билишимча, бу одам дуч келган йўловчига юрагидаги сир-асрорини тўкиб соладиган одамлардан эмас экан. Аммо шофёрнинг бошидан кечирган саргузаштлари шундай эдики, унинг хоҳиши-истагидан қатъи назар, воқеани бирма-бир айтиб беришга мажбур эди. Акс ҳолда мен ҳатто Тянь-Шань йўлида орамизда бўлиб ўтган арзимас ҳодисани ҳам тушуниб етмаган бўлардим.
Манзилга етгунча ҳали вақтимиз кўп эди. Поезд Ўшгача деярли икки кеча-кундуз юради. Мен уни шоширмасдим ва турли саволлар бериб гапини ҳам бўлавермасдим. Киши ўз кечирганларини қайта бошидан кечираётгандек ҳис этиб, гоҳ сўзи оғзида қолиб тўхтаб, гоҳ ўйланиб, энтикиб ҳикоя қилиб берса – жуда мароқли бўлади. Аммо уни ҳикоясига қўшилиб кетмаслик учун мен ўзимни зўр-базўр тутиб турардим. Чунки мен кутилмаганда шуни билиб қолдимки, шароитга кўрами ёки ўзимнинг ҳар нарсага аралашиб кетаверадиган журналистлик касбимга кўрами, ҳарҳолда, шахсан бу йигит ҳақида бўлмаса ҳам тақдир унга учратган, аммо шофёрга унча таниш бўлмаган кишилар тўғрисида унча-мунча нарса билардим. Шунинг учун ҳам мен унинг ҳикоясини давом эттиришим, баъзи тафсилотлар билан тўлдиришим, унга номаълум бўлган кўп нарсаларни сўзлаб беришим мумкин эди. (Дарвоқе, қиссанинг иккинчи ҳикоясида худди мана шу тафсилотлар баён этилади). Аммо мен буни шофёрнинг ҳикоясини охиригача тинглаб бўлганимдан кейин айтиб беришга қарор қилдим. Сўнгра эса у фикримдан ҳам қайтиб, унга ҳеч нарса гапирмадим. Шундай қилганим яхши бўлди, деб ўйлайман. Нега? Чунки бу тафсилотни кейинроқ, қиссанинг энг охирида сўзлаб беришни лозим кўрдим.