Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 35)
– Кетган бўлса садқайи сар! Сарсон-саргардон бўлиб юриб, охири бир кун очидан ўлади кетади. Хотинман деганинг тўлиб ётибди, чертиб-чертиб олиш мумкин. Олтин бошли хотиндан бақа бошли эр яхши! – дерди жаҳл билан.
– Гапинг-ку тўғри-я, – деб жавоб қайтарарди Усмон. – Афсуски, ўшанда қўлимга тушмади-да, унисининг ичак-чавоғини ағдариб, бунисининг сочларидан отга боғлаб судратардим! Эҳтимол, улар жанубда, пахта далаларида ё бўлмаса қозоқ ерларида тентиб юришгандир. Саёқлик Дониёрга касб бўлиб қолган. Шунисига доғманки, буни ҳеч ким билмай, ҳеч ким сезмай қолган-а, қандай бўлганига кишининг сира ақли етмайди-я… Бу ишнинг ҳаммасини ўша қанжиқнинг ўзи қилган, исини ҳам чиқармади-я, лаънати, бўлмаса мен уни нақ!..
Бундай гапларни эшитганимда қоним қайниб, муштларимни қисардим. Кучим етса, ўша Усмоннинг башарасига туфлаб: «Пичан ўроғида адабингни бергани эсингдан чиқибди-да… Энг ярамас, энг разил одам сенсан-ку!» – деган бўлардим.
Бир куни уйда мактаб деворий газетасига сурат чизиб ўтирган эдим, ойим ҳам печка олдида чўққайиб ўт ёқиб ўтирарди, бехосдан эшик очилиб, уйга ранги кўкариб, ғазабидан кўзларига қон тўлган Содиқ акам кириб келди. У менинг устимга ёпирилиб келаётганда, елкасига ташлаб олган шинели ерга тушиб кетди.
– Буни сен чиздингми? – деб сўради у бир варақ қоғозни тумшуғумга тиқиб. Қоғоздаги суратни кўриб юрагим орқамга тортиб кетди: бу ўша хирмонда ўтириб қаламда чизган Дониёр билан Жамиланинг сурати эди. Суратга кўзим тушиши билан гўё улар менга қараб туришгандек бўлди. «Қизиқ, Жамила буни нега ташлаб кетдийкин? Уни бир ерга яшириб қўйгану, кейин эсидан чиқариб кетган бўлса керак!» – деб ўйладим ичимда.
– Ҳа, мен чизган эдим! – дедим.
– Бу-чи, бу ким ўзи?
– Дониёр.
– Э, аблаҳ, сотқин! – деб ўшқирди Содиқ акам менга ва суратни майда-майда қилиб йиртди-да, оёғи остига олиб топтаб, кейин эшикни қаттиқ ёпиб чиқиб кетди.
Уй ичига оғир жимлик чўкди.
– Сен буни билармидинг? – деб сўради ойим бир маҳал.
– Ҳа, билардим.
Ойим печкага ўт ёқиб ўтириб, менга шундай таъна ва ҳайрат назари билан қарадики, мен нима қилишимни билмай, бош бармоғимни узиб олгудек бўлиб:
– Мен уларнинг суратини яна чизаман! – дедим. Ойим ғинг демай бошини маъюсгина чайқаб, ерга боқди. Ерда сочилиб ётган суратга қараб, ичимни ўтдек ўртаётган хўрликка ҳеч чидай олмадим. Майли, мен оиламиз, уруғумиз учун «сотқин» бўлайин, бироқ мен одамгарчиликка, ҳақиқатга, ҳаёт ҳақиқатига хиёнат қилганим йўқ, аксинча, адолат тарафдори бўлдим. Менинг кўнглим соф, ниятим холис эканлигини ҳеч ким билган эмас, буни одамларга ҳам айтиб бўлмайди, бошқалар тугул, ҳатто ойим ҳам буни тушунмас эди, албатта.
Ойим индамай ўтираверди. Изза бўлганимдан кўзларимга ёш келди, йиртиб ташланган сурат парчалари гўё жонлидай ерда айланиб юрарди. Дониёр билан Жамиланинг ёрқин қиёфаси сира кўз ўнгимдан кетмас, Дониёрнинг ўша август кечаси айтган оромбахш қўшиқларини яна эшитаётгандек бўлардим. Уларнинг овулдан кетганларини эслаганимда, ғайратга тўлиб мен ҳам улар каби ўз истиқболим йўлида қийин сафарга отланишга қатъий бел боғладим.
– Мен ўқишга кетаман! – дедим ойимга. – Рассом бўлгим келади, рассомлик ўқишига бораман, отамга ҳам айтиб қўйинг…
Мен ҳозир ойим урушда ҳалок бўлган акаларимни эслаб, фарёд кўтариб йиғласа керак, деб ўйлаган эдим. Лекин бахтимга ойим йиғлагани йўғу фақат ғамгин, эшитилар-эшитилмас қилиб гапирди:
– Майли, ўзинг биласан, борсанг бора қол… Учирма қанот бўлганларингдан кейин гапимизга кирармидиларинг, ҳар қайсинг ўз билганларингни қиласизлар. Биз нимани биламиз, балки сизларнинг билганларинг тўғридир, балки жуда катта одам бўлиб кетарсанлар… Ҳозир замон ўзи шунақа-ку. Майли, боравер… Эҳтимол, ўша ёқларга борганингдан кейин сураткашлик яхши касб эмаслигини ўзинг тушуниб оларсан… Уйингни, ота-онангни унутма, насиҳатим шу…
Шу кундан бошлаб кичик уй ўз-ўзидан бўлиниб кетди. Ҳадемай мен ҳам ўқишга жўнадим.
Рассомлик мактабини битириб, ўз маҳоратимни ошириш учун яна Лениград академиясига ўқишга борганимда, ўз диплом ишимни топширдим. Бу диплом иши – кўпдан бери орзу қилиб, юрагимда сақлаб юрган суратим эди.
Албатта, сизлар бу суратда Дониёр билан Жамила тасвирланганини дарров фаҳмлагандирсизлар. Улар даладаги ёлғизоёқ йўлдан ёнма-ён кетишар эди. Дониёрнинг шинели шамолда елпиниб, юзидан севинч балқиган Жамила унинг халтасидан ушлаб олганди.
Уларнинг олдида Дониёр куйлаган поёнсиз, ёруғ, кенг дала ястаниб ётарди. Ҳозир оламда Жамила билан Дониёрдан бахтли одам бўлмаса керак!
Тўғри, суратимни ҳар томонлама мукаммал, бекам-кўст ишланган деб айтолмайман. Ахир, маҳорат деган ўз-ўзидан дарров келмайди-ку. Бу – оғир, машаққатли меҳнат меваси… Лекин бари-бир бу сурат мен учун дунёда энг азиз, энг қимматли нарса эди. Чунки ўзимдаги санъатга бўлган барча меҳр-муҳаббатим, ихлосим, завқимни мен биринчи марта ана шу суратга бергандим.
Мана энди анча тажрибали бўлиб қолган бўлсам ҳам, баъзан чизган суратларим кўнглимдагидек бўлиб чиқмайди, ўзимга ёқмайди, ўшанда ўз кучимга ўзим ишонмай гумонсираб қоламан. Шундай оғир дамларда ўша сурат – Дониёр билан Жамила мени ўзига чорлайди. Уларга узоқ тикилиб, ҳар гал улар билан маслаҳатлашгандек бўламан.
«Ҳозир қаердасиз, қайси йўлдан кетяпсиз? Ҳозир даламизда янги йўллар кўп. Қозоғистондан тортиб Олтой ва Сибирга қадар чўзилиб кетган! Ҳозир у ерларда чўлни бўстонга айлантириш, янги ерда янги турмуш қуриш учун кўплаб азаматлар мардона меҳнат қилмоқдалар! Балки сизлар ҳам ўша ёққа кетгандирсизлар! Ундай бўлса, оқ йўл! Сафарларинг бехатар бўлсин! Жамила, менинг Жамилам, сен бошингни баланд кўтариб, кенг даладан мағрур қадам ташлаб кетдинг… Ҳозир ҳам ўшандаймисан, ҳозир ҳам йўл юришдан толиқмайсанми? Ё ўз кучингга ўзинг ишонмай, чарчаган, иккиланиб қолган кунларинг ҳам бўладими? Бўш келма, бардам бўл, Дониёрдан мадад ол! Дониёр сенга севги, вафо, она Ер, ҳаёт тўғрисидаги жўшқин куйларини куйлаб берсин! Ўшанда кўз ўнгингда кенг дала гуллаб, август тунидаги кучли бўрон гувилласин! Олис йўлдан қўрқма, Жамила, сенинг йўлинг бахт йўлидир, сен ўз бахтингни топдинг!»
Мен уларга қараб Дониёрнинг овозини эшитаман, демак, Жамила иккиси мени сафарга чорлайди. Ҳа, мен йўлга чиқишим керак! Ҳа, кенг дала бағридан ўтиб, овулимга бораман! Туғилиб ўсган ерим – куч-қувватим! Мен ундан янги-янги бўёқлар топаман. Чизган суратимнинг ҳар бир бўёғидан, ҳар бир лавҳасидан Дониёрнинг куйи эшитилиб турсин! Чизган суратимнинг ҳар бир бўёғида, ҳар бир чизиғида Жамиланинг юраги уриб турсин!
Сарвқомат дилбарим
Икки ҳикоядан иборат қисса
МУҚАДДИМА ЎРНИДА
Касбим журналист бўлганлиги сабабли Тянь-Шанда тез-тез бўлиб туришга тўғри келарди. Бундан бир ярим йил муқаддам, баҳор кунларидан бирида мени шошилинч суратда таҳририятга чақириб қолишди. Бу вақт мен Тянь-Шань вилоятининг маркази Норинда эдим. Автостанцияга етиб келсам, бундан бир неча дақиқа илгари автобус жўнаб кетган экан. Навбатдаги машинани яна беш соатлар чамаси кутиш керак эди. Хуллас, бирорта йўловчи машинада кетишга уриниб кўришдан бошқа илож қолмаган эди. Шу мақсадда шаҳар чеккасидаги тош йўлга қараб югурдим.
Муюлишдаги бензин колонкаси олдида бир юк машинаси турарди. Шофёр машинага эндигина бензин қуйиб бўлган экан. Севиниб кетдим. Кабина ойнасига халқаро қатнов белгиси «SU» деб ёзиб қўйилган эди. Демак, машина Хитойдан Рибачедаги чет эллар билан алоқа қиладиган транспорт автобазасига келаётган экан. У ердан истаган вақтда Фрунзега кетиш мумкин эди.
– Сиз ҳозир жўнайсизми? Мени ҳам Рибачегача олиб кетсангиз! – деб илтимос қилдим шофёрдан.
У ўгирилиб, елкаси оша менга қараб қўйди-да, қаддини ростлаб, хотиржамгина:
– Йўқ, оға, иложим йўқ, – деди.
– Ўтиниб сўрайман, мени зарур иш билан Фрунзега чақиртиришибди.
Шофёр менга яна хўмрайиб қаради.
– Тушуняпман, аммо хафа бўлманг, оға. Ҳеч кимни олмайман.
Мен ҳайрон бўлиб қолдим. Кабинаси-ку бўш, бир кишини олиб кетса нима қиларкин. Шошилиб турганимни, нафасим бўғзимга тиқилиб кетаётганини кўриб турган бўлса.
– Мен журналистман. Жуда шошиляпман. Истаганингизча ҳақини тўлашим мумкин…
– Гап пулда эмас, оға! – деб сўзимни шартта бўлди шофёр. Сўнгра жаҳл билан баллонни тепиб кўрди.– Бошқа сафар бепул ҳам олиб кетаман. Аммо ҳозир сира иложим йўқ. Мендан ранжиманг. Ҳадемай бошқа машиналаримиз ҳам келиб қолади, хоҳлаганингизга тушиб кетишингиз мумкин, лекин мен олиб кета олмайман…
Йўлда кабинага бировни олса керак, деб ўйладим ва:
– Кузовда-чи? – деб сўрадим.
– Барибир… Кечирасиз мени, оғажон.
Шофёр соатига бир қаради-ю, жўнашга шошилди.
Жуда бошим қотиб, елкамни қисиб қўйдим-да, боядан бери будка дарчасидан бизни жимгина кузатиб турган бензинчи кекса рус аёлига ҳайрон бўлиб қарадим. У гўё: «Тегманг, уни ўз ҳолига қўйинг», – деяётгандек бош чайқарди. Қизиқ.
Шофёр кабинага ўтирди ва оғзига тутатилмаган папиросни қистириб, моторни юргизиб юборди.
У ҳали ёш, ўттизлар чамасидаги, бир оз букчайган, аммо баланд бўйли йигит эди. Унинг рул чамбарагини ушлаб олган салмоқдор чайир қўллари, ғамгин, ўйчан кўзлари ва чарчаб-ҳориганидан салқиб кетган қовоқлари хотирамда сақланиб қолди. Йўлга тушишдан олдин у юзини кафти билан силади ва чуқур хўрсиниб қўйди, тоғ оралаб кетадиган йўлга ташвишланиб назар ташлади. Машина елдек учиб кетди.
Тянь-Шань шофёрлари кўринишдан баджаҳл бўлсалар ҳам, жой бўлса йўловчиларнинг илтимосини ҳеч қачон рад этмас эдилар. Бу гал эса қандайдир тушуниб бўлмайдиган қайсар бир шофёрга учраб қолдим.