Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 38)
Биз йўлга тушдик.
Мен индамай ўтирардим, қандай гап бошлашни ўйлардим. Қизлар билан биринчи марта учрашаётганим йўқ, шундай бўлса ҳам ҳозир у билан гаплашишга юрагим дов бермай турарди. Нега шундай-а? Рул чамбарагини айлантирар эканман, унга зимдан қараб қўярдим.
Қоп-қора нозик ва майин сочлари қўнғироқ-қўнғироқ бўлиб бўйнига тушиб турарди. Камзули эса елкасидан сирғалиб тушиб кетди, уни тирсаги билан тутиб турарди, ўзи бўлса менга тегиб кетишдан қўрқиб, нарироқ сурилиб ўтирди. Қарашлари жиддий бўлса ҳам, умуман, қиёфасидан меҳрибонлик ва самимийлик сезилиб турарди. Юзлари ойдек, ранги тиниқ эди. Пешанасини тириштириб, чимирилмоқчи бўларди-ю, бироқ уддалай олмасди ва йўл-йўлакай эҳтиёткорлик билан менга қараб-қараб қўярди. Кўзимиз кўзимизга тушиб қолди. У жилмайиб қўйди. Ана шундан кейин мен гап бошлашга қарор қилдим.
– Сиз у ёқда, машина олдида нега тўхтаган эдингиз? – деб оғзимга келганини сўраб қўя қолдим.
– Сизга ёрдамлашмоқчи эдим.
– Ёрдамлашмоқчи? – деб кулиб юбордим. – Дарҳақиқат, ёрдамингиз тегди! Агар сиз бўлмаганингизда, кечгача ўша ерда қолиб кетган бўлардим… Сиз доим шу йўлдан юрасизми?
– Ҳа. Фермада ишлайман.
– Жуда яхши! – деб қувониб кетдим, аммо дарров ўзимни ўнглаб олиб, сўзимни тўғрилаб қўйдим. – Йўл жуда яхши!
Худди шу пайт машина чуқурликка тушиб қаттиқ силкинган эди, елкаларимиз бир-бирига тегиб кетди. Мен томоқ қириб қўйдим, кўзларимни қаёққа яширишни билмай, қип-қизариб кетдим. У эса кулиб юборди. Шунда мен ҳам ўзимни тутиб туролмай, хахолаб кулиб юбордим.
– Мен бўлсам колхозга бормайман деб юрибман-а, – дедим кулги аралаш. – Агар йўлда сизга ўхшаган ёрдамчи учрашини билганимда эди, диспетчер билан ади-бади айтишиб ўтирмаган бўлардим… Эҳ, Илёс, Илёс! – дея ўзимни ўзим койидим. – Бу менинг исмим, – деб тушунтирдим сўнг қизга.
– Менинг исмим Асал…
Биз овулга яқинлаша бошладик. Энди йўл анча текис эди. Мен машинани яна қичаброқ ҳайдадим. Шабада кабина деразасига урилиб, Асалнинг бошидаги дуррачасини юлқилар ва сочларини тўзитар эди. Биз чурқ этмасдик. Иккимиз ҳам илиқ ҳислар қучоғига чўмиб борардик. Тирсаги тирсагингга тегай-тегай деб ўтирган мана шу қиз ҳақида бундан бир соат илгари сен ҳеч нарса билмасдинг, энди бўлса нима учундир фақат унинг тўғрисида ўйлагинг келади. Шундай пайтларда машинани ҳайдаш ҳам жуда осон, жуда мароқли бўлар экан… Асалнинг кўнглида нималар кечаётганини билмасдим, аммо унинг кўзлари табассум билан порларди. Эҳтимол, у ҳам менга ўхшаб ҳеч қачон ажралмаслик учун узоқ ва тинимсиз юришни истаётгандир. Бу менинг орзу-хаёлларим, албатта. Шу чоғ машина овул кўчаларидан ўтиб бораётган эди. Шунда Асал машинада кетаётгани тўсатдан эсига тушиб қолгандек:
– Тўхтатинг, тушаман! – деди чўчинқираб.
Мен машинага тормоз бердим.
– Етиб келдик шекилли? Шу ерда турасизми?
– Йўқ, – деди у негадир ҳаяжонланиб, безовталаниб. – Яхшиси, шу ерда тушиб қўя қолай.
– Нега энди? Тўппа-тўғри уйингизга олиб бориб қўяман! – деб унинг эътироз билдиришига имкон бермай, машинани яна ҳайдаб кетдим.
– Шу ерда тушаман, – деди Асал ниҳоят. – Раҳмат!
– Марҳамат! – дедим аранг, сўнг: – Агар эртага машинам яна бояги ерда тиқилиб қолса, ёрдам берасизми? – дедим ҳазил аралаш жиддийлик билан.
У жавоб беришга улгуролмади. Яқиндаги ҳовлининг кўча эшиги очилиб, алланимадан ташвишланган кексагина аёл югуриб чиқди.
– Асал! – деб қичқирди у нимадандир огоҳлантирмоқчи бўлгандек, қўли билан оғзини беркитиб. – Қаёқларда дайдиб юрибсан, Худо кўтарсин сени! Бор, тезроқ кийимларингни алмаштир, совчилар келишди!
Асал уялиб кетди. Елкасидан камзулини ҳам тушириб юборди, сўнгра уни ердан олди-да, итоаткорона онаси орқасидан кетди. У эшик олдига борганда орқасига бир қайрилиб қаради, аммо шу заҳотиёқ эшик «тақ» этиб ёпилди.
Мен кўчадаги қозиқда боғлоғлиқ турган эгарланган ва узоқ йўл юриб терга ботиб келган отларни эндигина пайқабман. Ўтирган еримдан туриб, девор оша ҳовлига қарай бошладим. Ўчоқбошида хотин-халаж уймалашиб юришарди. Катта рух самовардан бурқсаб тутун чиқиб турарди. Икки киши айвонда янги сўйилган қўй терисини шилмоқда. Хуллас, совчиларни кўнгилдагидек кутиб олишаётган эдилар. Менинг бу ерда қиладиган ишим қолмаганди. Бориб юкларни туширишим керак эди.
Автобазага кеч кирганда қайтдим. Машинани ювиб, гаражга киритиб қўйдим. Бу ерда анча вақтгача ўралашиб юрдим, машинанинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечириб, тузатган бўлдим. Бугунги воқеани кўнглимга шунчалик яқин олганимни негадир ўзим ҳам тушунмасдим. Бутун йўл бўйи ўзимни ўзим дам койирдим, дам юпатардим: «Хўш, сенга нима? Қанақа аҳмоқсан ўзинг? Ахир у сенинг киминг бўлади ўзи? Қайлиғингми? Ё синглингми? Тасодифан йўлда учрашиб қолиб, уйига олиб бориб қўйибсан, хўш, нима бўпти? Гўё илгаридан бир-бирларингни севиб юргандек куюнишингни қара-ю! Эҳтимол, у сенинг ҳақингда ўйлашни ҳам истамас. Сенга жуда кўзи учиб тургани ҳам йўқдир! Ахир қизнинг айттириб қўйган куёви бўлса, сен унинг кими бўласан, ҳеч кими! Йўлда учраган бегона шофёр бўлсанг, сенга ўхшаган шофёрлар сон-саноқсизку, ахир… Яна бировларнинг ишига аралашишга нима ҳаддинг бор: улар қудаанда бўлишяпти, яқинда тўй қилишади, уларнинг ишига тумшуғингни суқиб нима қиласан? Ҳаммасига тупур. Сенинг ишинг нима? Яхшиси, рулингни айлантириб юравер!..»
Аммо бутун бало шунда эдики, ўзимни ҳар қанча аврасам ҳам у қизни ёдимдан чиқара олмасдим.
Машина олдида қиладиган ишим ҳам қолмади. Ётоқхонага борсам бўларди. У ерда шовқин-суронли, гавжум жой – қизил бурчак ҳам бор. Менинг у ёққа боргим йўқ. Кўнглим ёлғиз бўлишни истарди. Қўлларимни бошим остига қўйиб, машина қанотига чалқанчасига ётдим. Ёнгинамда, машина остида Жонтой деган шофёр ивирсиб юрган эди. У чуқурдан бошини чиқарди-да:
– Сенга нима бўлди, чиройли йигит? Хаёл суряпсанми? – деди масхараомуз тўнғиллаб.
– Ҳа, пул ҳақида! – деб шартта кесдим гапини. Мен уни ёқтирмасдим, у уччига чиққан хасис, айёр ва ҳасадгўй йигит эди. У бошқаларга ўхшаб ётоқхонада турмасди. Аллақандай бир аёлникида ижарага турарди. Айтишларича, унга уйланишга ваъда берганмиш, нима бўлса ҳам уй-жойли бўлиб олади-да.
Мен тескари ўгирилиб олдим. Ҳовлида, машиналар ювиладиган жойда йигитларимиз қий-чув кўтариб, ҳазил-ҳузул қилишяпти. Кимдир кабинага чиқиб олиб, навбат кутиб турган шофёрлар тўдасига қарата брандспойтдан вишиллатиб сув сепмоқда. Улар бутун автобазани бошларига кўтариб қаҳқаҳлашарди. Отилиб чиқаётган сув шунчалик кучли эдики, бориб урилган одамини бемалол гандираклатиб юборарди. Бояги йигитни кабина устидан туширишмоқчи бўлишар эди-ю, аммо у турган жойида ирғишлаб, гўё автоматдан ўқ ёғдираётгандек, кишиларнинг орқасига сув билан савалаб, бош кийимларини учириб юборар эди. Бирдан отилиб чиқаётган сув осмонга кўтарилди-ю, қуёш нурлари остида камалакка ўхшаб эгилиб туша бошлади. Қарасам, диспетчеримиз Хадича турибди. Сув эса унинг устидан учиб ўтмоқда. Бироқ у қимир этмасди. Хадича ўз қадр-қимматини биларди, ҳамманинг ўзига суқланиб қарашини ҳам сезарди. У ўзини қандай тутишни яхши билар, унча-мунча одамни ўзига осонликча яқин йўлатмасди. Ҳозир ҳам у ишонч билан ҳеч нарсадан чўчимай, қани сепиб кўр-чи, ожизлик қиласан, дегандек, парвойи фалак турарди. Этикли оёқларини кериб, шпилкаларни оғзида тишлаб, кулимсираганча уни сочларига қадарди. Майда, кумушсимон сув заррачалари унинг боши узра тушаётган эди. Йигитлар қаҳқаҳлашиб, кабина устидаги йигитни гижгижлашарди.
– Хадичани чўмилтириб қўй!
– Бир бопла!
– Қўлидан келмайди!
– Қочиб қол, Хадича!
Йигит журъат эта олмай, отилиб чиқаётган сув оқимини юқорилатибпастлатиб ўйнарди. Унинг ўрнида мен бўлганимдами, бошидан оёғигача сувга чўмилтирардим, шунда ҳам у менга ҳеч нарса демаган бўларди, куларди қўярди, холос. Мен буни мақтанчоқлик қилиб айтаётганим йўқ. Хадичанинг бошқаларга қараганда менга қандайдир бошқача муносабатда эканини доим сезиб юрардим. У мен билан гаплашганда бошқачароқ: мулойим, сал тантиқроқ бўлиб қоларди. Ҳазиллашиб тегажоқлик қилсам ҳам, бошини силасам ҳам унга ёқиб кетарди. Унинг доим мен билан баҳслашиб, жанжаллашиб қолиб, яна дарҳол, ҳатто ноҳақ бўлсам-да, таслим бўлишини яхши кўрардим. Баъзан уни кинога олиб тушардим, уйи ётоқхона йўлида бўлгани учун кузатиб ҳам қўярдим. Унинг олдига, диспетчер хонасига тўппа-тўғри кириб бораверардим, бошқалар эса фақат туйнукча орқали мурожаат қилишарди.
Аммо ҳозир Хадича ҳам кўнглимга сиғмасди. Майли, у эркалигини қилаверсин.
Хадича сўнгги шпилкасини қадаб бўлди:
– Бас, етар энди шунча ўйнашганинг! – деди у амирона.
– Хўп бўлади, ўртоқ диспетчер! – деб кабина устидаги йигит қўлини чаккасига қўйиб чест берди-ю, ҳукмни осонлик билан бажо келтирди. Атрофдагилар хахолашганича йигитни кабина устидан судраб туширдилар.
Хадича эса биз турган гаражга қараб келаверди. У Жонтойнинг машинаси ёнида тўхтаб, кимнидир излай бошлади. У хийла пайтгача мени пайқамади. Орамизда гаражни хона-хона қилиб ажратиб турувчи сим тўрлар бор эди. Жонтой чуқурдан бошини чиқариб:
– Салом, сулув қиз! – деб саломлашди.
– Э, Жонтой…
У кўзларини лўқ қилиб, Хадичанинг оёқларига тикилиб турарди. Хадича эса энсаси қотгандек елкасини қимтиб қўйди-да:
– Хўш, намунча тикиласан? – деб этикчасининг учи билан Жонтойнинг иягига сал туртиб қўйди.
Бошқа одам бўлганда, эҳтимол уни сўкиб берган ёки ранжиб қолган бўлармиди. Бу бўлса гўё бўса олгандек оғзи қулоғига етиб, чуқурга шўнғиб кетди.