Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 5)
50-йилларда мудофаа саноати учун ишлаган компаниялар гуркираб ривожланди. 1956 йили NASA марказига яқин жойда сувости кемалари учун баллистика ракеталари ишлаб чиқарадиган Lockheed компаниясининг бўлинмаси очилди. Тўрт йил ўтиб, Жобслар у ерга кўчиб ўтганида компанияда 20 минг киши ишларди. Компания яқинида ракета комплекслари учун чироқ ва трансформаторлар ишлаб чиқарадиган Westinghouse корпуси жойлашганди. “Ушбу ҳарбий корхоналарнинг ҳаммаси энг охирги техника билан жиҳозланганди ва энг янги махфий маҳсулот тайёрларди. Шунинг учун у ерда яшаш қизиқ эди”, – дейди Жобс.
Мудофаа комплекси буюртмалари туфайли ҳудудда муайян даражада янги технологиялар ишлаб чиқариш билан боғлиқ компанияларга эҳтиёж сезилди. Бу жараён 1938 йилда Пало-Альтога Дэйв Паккард кўчиб келгандан кейиноқ бошланганди. У ерда гараж бор эди. Бу гараж нафақат фойдали, балки водий аҳли учун рамзий жой эди. У ерда йигитлар ўзларининг илк буюми – паст частотали генератор ясади. 50-йилларда Hewlett-Packard компанияси турли қурилмалар ишлаб чиқариш билан шуғулланди ва тезда ўсди. Ҳайрият, водийда тадбиркорлар учун ҳам жой топилди. Уларнинг фаолият кўлами устахоналардан гаражларга кўчди. Стэнфорднинг муҳандислик факультети декани Фредерик Терман жараёнга биринчи бўлиб қўшилди. У туфайли бу ҳудуд технологик инқилоб бешигига айланди. У университет ҳудудининг қарийб 300 гектарини талабаларнинг ихтироларини оммавий ишлаб чиқаришга кириша оладиган хусусий компанияларга бўшатиб берди. Клара Жобс ишлаган Varian Associates компанияси биринчи бўлиб ижарага ер олди. “Терманнинг хаёлига доно фикр келганди. Шу туфайли ҳудудда юқори технологиялар ривожлана бошлади”, – дейди Жобс. Стив тўққиз ёшга кирганида 9 минг киши ишлайдиган HP компанияси ўз соҳасининг етук компаниясига айланганди. Молиявий ҳаёти бекаму кўст бўлишини орзу қилган ҳар қандай муҳандис у ерда ишлашни хоҳларди.
Лекин ҳудуднинг ривожига, энг аввало, яримўтказгичларни ишлаб чиқариш катта таъсир кўрсатди. Транзистор ихтирочиларидан бири бўлмиш Нью-Жерсидаги Bell Labs корпорациясида ишлаган Уильям Шокли Маунтин-Вьюга кўчиб келиб, 1956 йилда қимматроқ турган германийга асосланган транзисторлар ўрнига кремнийли транзисторлар ишлаб чиқарадиган компанияга асос солди.
Шуниси қизиқки, Шокли фикридан қайтиб, кремнийли транзисторлар ишлаб чиқаришни тўхтатди. Шу туфайли унинг саккиз нафар муҳандиси, масалан Роберт Нойс ва Гордон Мур ишдан бўшаб, Fairchild Semiconductor номли ўз компанияларига асос солди. Вақт ўтиб компания 12 мингга яқин ходимни бирлаштирди, бироқ 1968 йили Нойс компания президенти лавозими учун курашда мағлуб бўлгач, компания иккита алоҳида фирмага ажралиб кетди. Нойс ўзи билан Гордон Мурни олиб кетди ва Integrated Electronics, яъни Intel корпорациясига асос солди. Эндрю Гроув учинчи шерик бўлди. 80-йилларда унинг шарофати билан компания тараққиётнинг янги босқичига кўтарилиб, интеграл хотира схемалари тайёрлашдан микропроцессорлар ишлаб чиқаришга ўтди. Бир неча йилдан кейин водийда яримўтказгичлар ишлаб чиқарадиган элликдан ортиқ компания фаолият юритарди.
Саноатнинг бу тармоғи гуркираб ривожланиши 1965 йилда Мур кашф қилган қонун билан узвий боғлиқ. У микросхемага жойлаштириш мумкин бўлган транзисторлар сонига асосланган интеграл схемалар тезлиги диаграммасини чизиб берди. Ҳар икки йилда уларнинг сони икки баравар кўпаяверди, бу траектория давом этиши лозим эди. Бу қонун 1971 йилда Intel корпорацияси марказий процессорни битта микросхемага – микропроцессор деб ном олган Intel 4004’га жойлаштиришга муваффақ бўлганида ўз тасдиғини топди. Мур яратган қонун ҳанузгача долзарб. Унинг функционал хусусиятлари нархга кўрсатган таъсири ёш бизнесменларнинг икки авлодига, улар орасида Стив Жобс ва Билл Гейтс ҳам бор, ўз илғор маҳсулотига сарфланадиган харажатларни режалаштириш имконини берди.
Микросхемалар ишлаб чиқарилиши шарофати билан ҳудуднинг янги номи пайдо бўлди. 1971 йил январда Electronic News ҳафтаномасининг журналисти Дон Хефлер “АҚШнинг Кремний водийси” деб номланган сарлавҳа остида бир нечта мақола чоп этди. Бир вақтлар 21-Калифорния миссиясини боғлаган, ҳозирда Америка венчур инвестицияларининг қарийб 30 фоизини қабул қилиб оладиган ривожланган компаниялар ва стартапларни боғлаб турувчи гавжум магистраль бўлмиш тарихий Эль-Камино-Реал йўли Саут-Сан-Франциско ва Пало-Альтодан Сан-Хосегача қирқ милга чўзилган Санта-Клара водийсининг асосий тижорат “артерия”сига айланди. “Ўзим улғайган ўлка тарихи менга илҳом бахш этарди. Ҳар доим унинг бир қисмига айланишни хоҳлаганман”, – дейди Жобс.
Кўплаб болалар каби, Стив ҳам атрофидаги катталар иштиёқини ўзлаштирди. “Қўшниларимизнинг кўпчилиги ҳар хил мураккаб ускуналарни, масалан қуёш энергиясидан фойдаланувчи қурилмани, аккумуляторлар ва радарларни тайёрларди. Мени бу жуда қизиқтирарди ва мен доим бу қандай ясалган деб катталарнинг жонига тегардим”. Унинг энг машҳур қўшниси Ларри Лэнг Жобслар уйидан еттита уй нарида яшарди. “Менинг тасаввуримда у HP компаниясининг идеал ходими эди. У ҳаваскор радио мутахассиси, ажойиб электрончи муҳандис эди. У менга деталлар олиб келарди. Мен эса бу деталларни ўйнардим”, – деб эслайди Стив.
Лэнгларнинг собиқ уйи олдидан ўтганимизда Жобс қуйидагиларни айтиб берди: “У бир куни кўмир кукунли микрофон, батарейка ва динамикни олиб, ҳовлига қўйди-да, мендан микрофонга у бу нарсани дейишимни сўради. Шунда динамикдан овоз таралди”.
Микрофон электрон кучайтиргичсиз ишламаслигини Стивга отаси айтиб берганди.
“Мен ўқдек уйга кириб, отам янглишганини айтдим.
– Йўқ, кучайтиргич керак, – деб қулоқ солмади отам, лекин мен ўз айтганимда қаттиқ туриб олдим ва дадам “тентак, у кучайтиргичсиз ишламайди, сени алдашган” деди.
Мен бўш келмадим, отам бориб буни ўз кўзи билан кўришини айтдим. Ниҳоят, дадам рози бўлди. Буни кўргач, “ёпирай!” деб юборди”.
Жобс бу воқеани эслаб қолди, чунки ўшанда биринчи марта дадаси ҳамма нарсани билавермаслигини тушуниб етди. Тез орада болакай яна бир нарсани фаҳмлаб олди: у ота-онасидан ақллироқ. Стив доим отасининг қобилияти ва топқирлигидан завқланган. “Уни олий маълумотли деб бўлмайди, лекин мен ҳар доим дадам жуда ақлли деб ҳисоблаганман. У кам китоб ўқирди, лекин қўллари билан кўп нарсани ясай оларди. Отам тушунмайдиган бирорта механизм йўқ эди”. Лекин микрофон билан бўлган воқеадан кейин Стив у аслида ота-онасидан анча калласи яхши ишлашини англаб етди. “Ўшанда бу фикр кутилмаганда хаёлимда пайдо бўлди. Бу ҳикоя хотирамда сақланиб қолди. Мен ота-онамдан ақллироқлигимни тушуниб етдим ва бундай хаёлга борганимдан уялдим. Буни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман”. Кейинчалик Жобсга шундай деб ўйлаш ва унинг асраб олингани тинчлик бермаслигини, у доим ўз ҳолича бўлишини, ўзини ҳам оиласидан, ҳам оламдан бўлак ҳис қилишини дўстларига айтиб берганди. Тез орада яна бир нарса маълум бўлди. Нафақат Стив ота-онасидан фаҳмлироқ эканини тушуниб етди. У Пол ва Клара ҳам буни тушунганини билди. Жобслар ўз ўғлини жон-дилидан яхши кўрарди ва қобилиятли, бироқ терс болакайнинг эҳтиёжларини яхшироқ қондириш учун улар ўз ҳаётини ўзгартиришга тайёр эди. Улар Стивга яхши бўлиши учун ҳамма нарсага шай эди. Эр-хотин Стивнинг ўзгача эканига ишонарди. Буни Стив ҳам пайқади. “Дадам ва ойим мени жуда яхши кўрарди. Ўзгача эканимни тушунишгач, улар масъулиятни ҳис қилишди. Менга барча зарур нарсани сотиб олишга, энг яхши мактабга жойлаштиришга, умуман, салоҳиятимдан тўлиқ фойдаланишимга ёрдам беришга ҳаракат қилишди”.
Шундай қилиб, болакай нафақат ташлаб кетилганлигини, балки ўзининг танҳолигини англаган ҳолда катта бўлди. Ва ўз сўзларига қараганда, бу унинг характерини шакллантиришга жуда катта таъсир кўрсатган.
Мактаб
Стив мактабга боришидан олдин онаси унга ўқишни ўргатди. Лекин бу давр ҳам унинг учун осон бўлмади. “Илк мактаб йиллари мен учун шу қадар зерикарли эдики, мен доим ҳар хил воқеаларга аралашиб қолардим”. Тез орада бир нарса маълум бўлди. Жобс ҳам тарбияси, ҳам характери туфайли бировга бўйсунишни хоҳламасди. “Мактабда аввал ҳеч қачон бошимдан ўтказмаган вазиятга тушиб қолдим: бировга бўйсунишим керак эди. Менга эгаллаган мавқелари билан босим ўтказишди. Сал қолмаса, ўқишдан ҳафсалам пир бўларди”.
Стив ўқиган Мона-Лома мактаби Жобслар уйидан тўрт квартал нарида жойлашган пастак бинолардан иборат эди. Болакай ўқитувчилари ва синфдошларини калака қилиб, зерикиш билан курашарди. “Рик Феррентино исмли дўстим бўларди. Ва биз доим қандайдир ҳазилларни ўйлаб топардик, – эслайди Жобс. – Масалан, “Эртага ҳамма мактабга уй ҳайвони билан келсин”, деб ёзилган эълонни ёпиштириб қўярдик. Тўс-тўполон бўларди: итлар мушукларни қуварди, ўқитувчилар жаҳл отига минарди”. Яна бир сафар Рик ва Стив синфдошларидан ўз велосипед қулфларининг кодларини билиб олишди. “Кейин кўчага чиқиб, ҳеч ким ўз велосипеди қулфини бўшата олмаслиги учун ҳамма қулфларни алмаштириб қўйдик. Болалар кечгача ўз велосипедларининг қулфини тополмай овора бўлишди”. Учинчи синфга келиб ҳазиллар хавфли кўриниш олди. “Бир куни биз миссис Турман исмли ўқитувчининг стули остига кичкина бомба яшириб қўйдик. Бечора дудуқ бўлиб қолай деди”.
Шу боис ўқишнинг дастлабки уч йилида Стив бир неча бор мактабдан ҳайдалганига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин бу отасининг ўз ўғлининг мисли йўқ қобилиятига бўлган ишончини ҳеч ҳам сусайтирмади ва Пол Жобс ўқитувчилардан ҳам шуни кутаётганини уларга хотиржамлик ва босиқлик билан тушунтириб берди. “Болада айб йўқ. Унда қизиқиш уйғота олмаётганингиз учун бунга сиз айбдорсиз”, – деб уқтирди Пол. Стив мактабдаги шўхлиги учун ота-онаси уни жазолашганини эслолмаслигини айтди. “Отамнинг отаси ичкиликка берилганди, у ўғлини камар билан саваларди. Менга эса бирор марта ҳам тарсаки туширишмаган. Отам ҳам, онам ҳам “ўқитувчилар айбдор, улар қизиқувчанлигимни рағбатлантириш ўрнига мени бемаъни нарсаларни ёдлашга мажбурлаяпти, деб ҳисобларди”. Ўшанда ҳам табиатидаги зиддиятлар, масалан, бир нарсани тезда қабул қила олиши ва бефарқлиги, жиззакилиги ва лоқайдлиги билиниб турарди.