Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 4)
Айтганча, Жобс биологик отаси уни ташлаб кетган ёшга (яъни 23 ёшга) тўлган вақтда ўзи ҳам фарзандидан юз ўгирди. Тўғри, кейин қизига ғамхўрлик қила бошлади. Қизининг онаси – Крисэнн Бреннан айтишича, Стив ўзини асраб олишга бериб юборишганидан доим озурда бўлган ва бу унинг феълига таъсир қилган. “Болалигида ташлаб кетилган одам кўпинча ўзи ҳам боласини ташлаб кетади”, – дейди у. 80-йилларнинг бошида Apple’да ишлаган Энди Херцфельд Бреннан билан ҳам, Жобс билан ҳам яқин алоқада бўлган камдан-кам инсон ҳисобланади. “Стивни тушуниш учун, энг аввало, нимага у баъзан ўзини боса олмаслигини ва шафқатсиз бўлишини ҳамда кек сақлашини тушуниш керак. Гап шундаки, онаси ундан туғилган заҳотиёқ воз кечган. Стив ҳаётидаги барча муаммоларнинг сабаби шу ерда яширинган”.
Жобснинг ўзи бунга қўшилмайди. “Айримларнинг фикрича, ота-онам мендан юз ўгиргани учун мен кўп ишлаб, бойиб кетган эканман. Улар мен қандай одамга айланганимни кўриб, ташлаб кетишганига афсуслансин деб куйиб-пишиб яшаган эмишман. Бу бўлмаган гап, – дейди Стив. – Асраб олинганимни билардим ва ўзимни мустақилроқ ҳис этардим, лекин ҳеч қачон ўзимни ташлаб кетилгандек сезмаганман. Ўзгача эканлигимга ҳар доим ишонганман. Ва ота-онам мендаги бу ишончни қўллаб-қувватлаган”. Айтгандай, Жобс бировлар Клара ва Полни унинг тутинган ота-онаси деб аташини ёки улар унга қариндош эмаслигига ишора қилишини ёқтирмайди. “Улар – юз фоиз ҳақиқий ота-онам”, – дейди Жобс. Ўзининг биологик ота-онаси ҳақида эса кескин оҳангда шундай деганди: “Менинг учун улар – сперма ва тухумҳужайра донорлари холос. Ҳеч кимни ранжитмоқчи эмасман, шунчаки фактни қайд этяпман. Шунчаки сперма донорлари, ундан ортиғи эмас”.
Кремний водийси
Пол ва Клара Жобс ўз ўғлига яратиб берган болалик даври кўп жиҳатдан 50-йилларнинг иккинчи ярмидаги даврга хос эди. Стив иккига кирганида улар Патти исмли қизчани асраб олишди, уч йилдан сўнг шаҳар четидаги намунавий уйга кўчиб ўтишди. Пол ишлаган CIT молиявий компанияси уни Пало-Альто бўлимига ўтказди, лекин Пол Жобснинг чўнтаги у ерда яшашни кўтара олмади. Шу сабабли яқинроқда – Маунтин-Вьюда жойлашган бўлинмага ишга ўтди. У ерда яшаш қиммат эмасди.
Пол Жобс ўғлига автомобиллар ва умуман техникага бўлган меҳрни сингдиришга уринди. “Мана, Стив, бу энди сенинг иш жойинг”, – деган сўзлар билан у болакай учун гаражда дастгоҳ ажратди. Кейинчалик Жобс отаси бирор нарса қилаётган бўлса, буни доим завқ билан кузатиб борарди. “Отамнинг бир муҳандислик асбоби бор эди, – дейди Стив. – У билан исталган нарсани ясаш мумкин эди. Агар бизга шкаф керак бўлса, у шкаф ясаб берарди. Эсимда, дадам тўсиқ ясаётиб, менга ёрдам беришим учун болға берганди”.
Ярим аср ўтди, бу тўсиқ Маунтин-Вьюдаги уйнинг орқа ҳовлисида ҳали ҳам турибди. Уни менга кўрсатаётиб, Жобс панжара тахтасини силади ва отаси берган насиҳатни айтиб берди. Шкаф ва тўсиқнинг орқа тарафига яхшилаб ишлов бериш керак, деб ўргатганди Пол. Уларнинг ташқи кўриниши қандай бўлиши муҳим эмас. “Унга ҳамма нарсани яхшилаб бажариш ёқарди. Ҳатто ҳеч ким кўрмайдиган нарсани ҳам”.
Жобснинг отаси ҳали ҳам эски машиналарни таъмирлаб сотарди. Гараж деворлари унинг севимли автомобиллари расмлари билан тўлдириб ташланганди. Пол ўғлининг эътиборини машина дизайнига – уларнинг ташқи кўринишига, салон безагига қаратди. Ҳар куни ишдан кейин, у кийимини ўзгартириб, кўпинча Стив билан гаражда ишларди. “Мен у бирорта механик кўникмасини ўзлаштиради, деб умид қилардим, лекин Стив қўлини ифлос қилишни унчалик хоҳламасди, – деб эслади Пол. – У мотор титишни умуман ёқтирмасди”.
Ҳақиқатан ҳам, капот тагида ишлаш Жобсга қизиқ эмасди. “Машинани таъмирлаш менга ёқмасди, лекин дадам билан бирга ишлашимдан мамнун эдим”. У асраб олинганини яхши тушунарди, шунга қарамай, отасига яна ҳам кўпроқ боғланиб қолди. Стив саккиз ёшлик пайтида Пол қирғоқ мудофаасида хизмат қилган вақтдаги расмини топиб олди. “Дадам расмга машина бўлмасида кўйлаксиз тушганди. У Жеймс Динга жуда ҳам ўхшарди. Расм мени ҳайратда қолдирди. “Қойил, ота-онам қачонлардир ёш ва гўзал бўлишган экан!” – дедим мен.
Автомобиллар орқали отаси Стивни электроника билан таништирди. “Дадам электроникани унча тушунмасди, лекин кўпинча машина ва бошқа техникани тузатаётганида унга дуч келарди. У менга илк маълумот берди ва мени бу жуда қизиқтириб қўйди”. Эҳтиёт қисмларни олишга бориш яна ҳам қизиқарли эди. “Ҳар дам олиш куни биз гоҳ генератор, гоҳ карбюратор олиш учун ташландиқ автомобиллар бозорига борардик”. Жобс отаси қандай моҳирлик билан савдо қилишини эслади. “У буни яхши уддаларди, чунки у ёки бу деталь қанча туриши кераклигини у сотувчидан ҳам яхшироқ биларди”. Бу Стивнинг ота-онаси берган ваъдаси устидан чиқишида ёрдам берди. “Дадам 50 долларга “Форд Фолкэн”ни ёки юрмайдиган бирорта бошқа расво автомобилни сотиб оларди, бир неча ҳафтада уни “одам” қиларди, кейин эса 250 долларга сотарди, албатта ҳеч қандай солиқлар тўламасди. Шу билан у коллежда ўқишимга пул тўплади”.
Диаблодаги 286-сонли Жобсларнинг уйи ва бошқа қўшни бинолар Жозеф Эйхлер томонидан қурилган. Жами унинг қурилиш компанияси 1950–1974 йилларда Калифорниянинг турли ҳудудларида 11 мингдан ортиқ уй барпо этди. Фрэнк Ллойд Райт томонидан “оддий америкаликлар” учун яратилган кенг замонавий уй шаклидан илҳомланган Эйхлер полдан шифтгача панорамали дераза, очиқ жойлашган, бетон пол ва кўплаб очиладиган шиша эшикларга эга арзон уйлар қурди. “Эйхлерга қойил, – деди Жобс сайрлардан бирида. – У яхши, шинам ва арзон уйлар қурди. Уйлар оддий, лекин дид билан қурилганди ва уларга ҳатто даромади кам оилаларнинг ҳам қурби етарди. У майда икир-чикирларигача, масалан, нур сочадиган иситиш тизимига эга полгача ҳамма нарсани пухта ўйлаганди. Полга гилам ёзилса бас, у ўзидан ёқимли илиқлик таратарди. Болалигимизда биз бундай пол устида ўйнашни яхши кўрардик”.
Жобс Эйхлер уйларидан завқ олиш унда оммавий истеъмол учун замонавий маҳсулотлар яратишга бўлган интилишни кучайтирганини тан олди. Эйхлернинг ораста ва оддий биноларини хотирлар экан, шундай деди: “Менга чиройли, лекин функцияси кўп ва арзон нарсалар ёқади. Apple ана шундай маҳсулот бўлиши керак эди. Дастлаб Mac’ни ва кейин iPod’ни яратиб, бунга эришдик”. Жобсларнинг рўпарасида анча муваффақият қозонган риелтор яшарди. “У осмондаги юлдузни олиб бермасди, – деб хотирлайди Стив, – лекин жуда кўп пул ишлаб топарди. Отам “менинг ундан нимам кам” деб ўйлаб қолди. Дадам бор кучи билан интилди. Кечки курсларга қатнади, имтиҳон топширди, лицензия олди ва кўчмас мулк билан шуғулланди. Кейин эса бозор касодга учради”. Кейинги йил Жобслар оиласи қийналиб қолди. Стив ўша пайт бошланғич мактабга борарди. Онаси илмий лабораториялар учун қурилмалар тайёрлайдиган Varian Associates компаниясига бухгалтер бўлиб ишга кирди. Ота-онаси уйни қайтадан гаровга қўйишига тўғри келди.
Стив тўртинчи синфда ўқиётганида ўқитувчиси ундан “олам ҳақида нимани тушунмаяпсан?” деб сўради. “Отам нима учун иккала қўлини бурнига тиқиб қолганини тушунмайман”, – деб жавоб берди Жобс. Бундан ташқари, у отаси ҳамма нарсага хўп деб жавоб беришни, гарчи бу унга энг яхши сотувчи бўлиш имконини берса-да, одат қилиб олмаганидан жуда мағрурланарди. “Кўчмас мулк билан савдо қилиш учун тилёғламалик қилиш ва хушомадгўй бўлиш керак. Отамнинг қўлидан бу келмасди, чунки бу унинг табиатига зид эди. Ва унинг бу жиҳати менга ҳар доим ёқарди”. Пол Жобс яна механик бўлиб ишлади. Стивнинг отаси беозор ва меҳрибон эди, ўғли унинг бу фазилатларини жуда қадрларди, лекин бу хислатларни кўп ҳам ўзига олмади. Қатъиятлилик унинг асосий ўзига хослиги эди.
“Westinghouse компаниясида фотогальваник элементлар билан шуғулланган муҳандис бизга қўшни эди. Битникка ўхшарди. Уйланмаган, лекин севган қизи бор эди. Баъзан ота-онам ўзлари йўқлигида менга қараб туришни ундан илтимос қиларди. Ота-онам ишларди ва мен мактабдан кейин бир неча соат қўшниникида бўлардим. Муҳандис ичиб олиб севган қизини дўппослаган пайтлар бўларди. Бир куни у тунда қўрққанидан бизникига қочиб кирди. Ортидан ўлгудай маст ҳолда унинг хуштори ҳам етиб келди. Шунда отам эшикдан чиқиб, унга кескин оҳангда шундай дейди: ҳа, қизинг бизникида, лекин сени ичкарига киритмайман. Қисқаси, уни ҳайдаб юборди. Эллигинчи йилларни осойишта давр сифатида кўрсатишни яхши кўришади. Лекин муҳандис қўшнимиз ҳаётида мушкул аҳволга тушиб қолган бечоралардан бири эди”.
Жобслар яшаган жой Американинг шунга ўхшаш бошқа шаҳарларидан шуниси билан фарқ қилардики, бу ерда ҳатто энг саёқ одамлар ҳам муҳандис эди. “Биз бу ерга кўчиб келганимизда ҳамма ёқда ўрик ва олхўри ўсадиган боғлар бор эди, – хотирларди Стив. – Лекин шаҳар ҳарбий инвестициялар туфайли ўсди”. Жобс бу ерлар тарихини завқ билан ўрганар ва қачондир ўзи ҳам бунда роль ўйнашни орзу қиларди. Polaroid’да ишлайдиган Эдвин Лэнд разведкачи самалётлар учун камера ясашда Эйзенхауэр ундан ёрдам беришни сўраганини айтиб берди. Советларнинг ҳарбий таҳдиди қанчалик ҳақиқатлигини тушуниш керак. Улар плёнкани контейнерларга жойлаштириб, NASA’га, Жобс яшаган шаҳарга яқин Саннивейлдаги Эймс илмий-тадқиқот марказига юборган эди. “Дадам мени Эймс марказига олиб борганида, мен ҳаётимда илк бор компьютер терминалини кўрдим. Ўшанда мен компьютерларни яхши кўриб қолгандим”, – деб айтиб берди Жобс.