Тони Шей – Бахт етказиш: Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи (страница 1)
Тони Шей
БАХТ ЕТКАЗИШ
Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи
Таржимонлар: Ҳикматжон Толибжонов, Сурайё Мажидова, Шуҳрат Алиқўзиев, Жасурбек Тўлқинов
Электрон китоб Asaxiy Books лойиҳаси доирасида таржима қилинди ва тайёрланди.
Йўлни билиш ва бу йўлдан юриш ўртасида фарқ бор.
СЎЗБОШИ
Ҳаётимнинг катта қисмини тадбиркорлик билан ўтказдим. Менимча, бу янги-янги лойиҳалар тузишдан, ҳаётим мобайнида ўрганган сабоқларимни амалда қўллашдан, тажрибада синаб кўришдан ва яратувчанликдан доимо ҳузурланганим оқибати бўлса керак.
1996 йил «LinkExchange» нинг асосчиларидан бири бўлдим, кейинчалик – 1998 йилда уни «Microsoft» га 265 миллион долларга сотдим.
1999 йилда маслаҳатчи ва инвестор сифатида «Zappos» билан иш бошладим ва охир-оқибат бош ижрочи директор даражасига кўтарилдим. Биз компанияни 1999 йилдаги танг ҳолатидан йиллик ялпи савдосини 1 миллиард доллардан ошиқроқ миқдорга олиб чиқдик.
2009 йилда «Amazon» компанияси «Zappos» ни 1,2 миллиард доллардан ортиққа сотиб олди.
Ташқаридаги одамга иккала компания ҳам бир кечада муваффақиятга эришгандек туйилиши мумкин. Лекин биз бунга қадар кўплаб хатоларга йўл қўйдик ва сабоқлар чиқардик. Аслида, ҳаётий фалсафам ва ёндашувларимнинг аксарияти ўсиб бораётган тажрибам натижасида шаклланган.
Бундан ташқари, мен доимо китоб ўқишга иштиёқманд бўлганман. «Zappos» да ходимларимизнинг шахсий ва касбий жиҳатдан ўсишларига ёрдам бериши учун уларга кутубхонамиздаги китобларни ўқишни тавсия қилардик. Бизнинг фикрларимизга таъсир ўтказган ва ҳозирги ҳолатимизга етиб келишимизга кўмак берган китоблар кўп.
Мен йўл қўйган хатоларни такрорламасликлари, одамларга қўлланма бўлиши учун ушбу китобни ёзишга қарор қилдим. Умид қиламанки, бу китоб одатдаги ёндашувдан воз кечиб, муваффақият сари ўз йўлини яратишни хоҳлайдиган тадбиркорлар ва улар йўлга қўйган бизнес учун руҳлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Китоб қандай тузилган?
Қўлингиздаги ушбу китоб уч қисмдан иборат.
Биринчи қисм «Фойда» деб номланади ва у кўпроқ ўсиб-улғайишим ва охир-оқибат «Zappos» томон йўл топишим ҳақидаги ҳикоялардан иборат. Ҳикояларнинг баъзилари тадбиркор сифатидаги дастлабки саргузаштларим ҳақида бўлса, бошқалари кутилаётган нарсаларга қарши исёнкор ва саркаш менинг ёшлик даврим ҳақидадир.
Иккинчи қисм – «Фойда ва иштиёқ». Кўпроқ бизнесга йўналтирилган бўлиб, биз «Zappos» да ишонган ва амал қилган кўплаб муҳим фалсафаларни қамраб олади. Бундан ташқари, ҳозирги кунгача фойдаланилаётган баъзи бир интернет ҳужжатлари ва электрон хатларни ҳам сиз билан баҳам кўраман.
Учинчи қисм «Фойда, иштиёқ ва мақсад» деб номланади. У «Zappos» да кейинги босқичда қўйилган қадамларимиз ҳақидаги қарашларимизни акс эттиради. Умид қиламанки, бу сизни ҳам қизиқтиради.
Ушбу китоб «Zappos» ёки ўзим алоқадор аввалги бизнесларнинг кенг қамровли умумий тарихини қамраб олади. Шунингдек, унинг тўлиқ автобиография бўлиши ҳам кўзда тутилмаган. Шундай экан, муваффақиятимга ҳисса қўшган ёки унда муҳим роль ўйнаган ҳамма одамларни эслатиб ўтирмадим. (Агар шундай қилганимда, ўқувчига эслаб қолиш учун жуда кўплаб исмларни келтирган бўлардим.) Асосий мақсадим бизнесда ва ҳаётимда бахтга эришиш йўлини қандай кашф этганимни ифодалаб беришдир.
Ниҳоят, китобни ўқиганингиз сари баъзи бир гаплар инглиз тили грамматикасига мос тушмаслигини пайқашингиз мумкин. Айрим қисмларда учинчи кишининг ҳиссасини ҳисобга олмаса, китобни ёлланма ёзувчи ёрдамисиз ёздим. Мен профессионал ёзувчи эмасман ва кўп ҳолларда атайин юқори синфдаги инглиз тили ўқитувчиларимни уялтириши мумкин бўлган усулда ёзган бўлишим мумкин. Масалан, гапларни предлоглар билан якунлаш. Мен буни қисман одатдаги нутқимни ёзувда акс эттириш ва қисман юқори синфдаги инглиз тили ўқитувчиларимнинг жиғига тегиш учун қилдим. (Уларни қаттиқ қадрлайман.)
Гарчи профессионал ёзувчининг ёрдамидан фойдаланмаган бўлсам-да, жуда кўп инсонлар ўзининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ва қўллаб-қувватлаши билан менга кўмак берди. Ҳаммасидан иштироки учун миннатдорман. Китобга ўз ҳиссасини қўшганларнинг номини келтириб ўтгудек бўлсам, эҳтимол, жой етмай қолиши мумкин. Лекин қадрдон дўстим ва ақл манбайим Женн Лимга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Бутун бошли китобнинг ёзилиш жараёнида у лойиҳа менежери ва ташкилотчи сифатида ишлади. Китобнинг ғоясидан тортиб унинг ёзиб тугалланишига қадар катта ёрдам берди. Шунингдек, у учинчи томон тақдим қилган маълумотларни тўплаб, уларни таҳрир қилди. Уларнинг баъзилари ушбу китобдан ўрин олган. Қолган кўпчилик қисмини www.deliveringhappinessbook.com сайти орқали ўқишингиз мумкин.
КИРИШ
Ўз йўлимни топиш
«Ажабо», – ўзимча ўйладим.
Хона гавжум эди. Мен компаниянинг умумий йиғилишида, саҳнада «Zappos» нинг етти юздан ортиқ ходимларига тикилиб турардим. Улар шўх-шодон қарсак чалаётган эди. Кўпчилигининг кўзларидан қувонч ёшлари томаётган эди.
«Amazon» бизни сотиб олаётгани ҳақидаги хабарни қирқ саккиз соат аввал бутун дунёга эълон қилдик. Бошқалар бунинг ҳаммасини пул билан боғлиқ масала деб ўйлади. Матбуот сарлавҳаларида ««Amazon» «Zappos» ни, тахминан, бир миллиард долларга сотиб олади», ««Amazon» тарихидаги энг катта савдо», ««Zappos» савдосидан кимлар нималарга эришди?» каби сўзларни ўқиш мумкин эди.
1998 йилнинг ноябрида асосчиларидан бири мен бўлган компания – «LinkExchange» икки ярим йил деганда «Microsoft» га 256 миллионга сотилди. Айни пайтда 2009 йилнинг июль ойида «Zappos» нинг бош ижрочи директори сифатида «Amazon» «Zappos» ни қўлга киритгани ҳақидаги хабарни эндигина эълон қилган эдим. Бу воқеа компаниянинг роппа-роса 10 йиллик юбилейидан сўнг юз берди. (Савдо бир неча ойдан сўнг акциялар ва касса операцияларида расман ёпилди, акциялар ёпилиш кунида 1,2 миллиард долларга баҳоланди.) Юқоридаги иккала сценарийда ҳам битимлар бир-бирига ўхшаш эди: Иккаласи ҳам йилига 100 миллиондан ишлаб бераётган эди. Ташқаридан қараганда, тарих кенг миқёсда ўзини такрорлаётгандай кўринарди.
Ҳеч нарса ҳақиқатдан устун бўла олмайди.
Хонадаги барчамиз бу шунчаки пул масаласи эмаслигини билардик. Биргаликда биз фойда, иштиёқ ва мақсадни ўзида жам қилган бизнес барпо қилган эдик. Бу шунчаки бизнес йўлга қўйиш масаласи эмаслигини ҳам билар эдик. Бу ҳаммага, жумладан, ўзимизга ҳам бахт олиб келадиган ҳаёт тарзини барпо этиш масаласи эди.
Ўша онда саҳнада вақт тўхтаб қолгандек эди. Хонадаги барчанинг билдираётган ҳиссиётлари жам бўлиб, менга ўн йилча аввал биринчи марта рақс кечасида иштирок этган пайтимни эсга солди. У ерда минглаб одамлар биргаликда рақс тушиб, бир-биридан қувват олаётганига гувоҳ бўлган эдим. Ўша пайт рақс жамоаси ўзининг тўртта туб қадриятлари асосида бирлашган эди: Тинчлик, севги, бирлик, ҳурмат.
Биз «Zappos» да ҳамжиҳатлик билан ўзимизнинг ўнта асосий қадриятларимизни ишлаб чиқдик. Ушбу қадриятлар бизни биргаликда жамулжам қилиб, ҳозирги кунгача етаклаб келган йўлнинг асосий қисми ҳисобланади.
Жамоага қараб пайқадимки, ҳар бир киши бу ерга етиб келиш учун турли хил йўлни танлаган, лекин йўлларимиз айни дамда ва шу ерда кесишган эди. Яна шуни сездимки, мени бу ергача олиб келган ушбу йўл «Zappos» дан ҳам, «LinkExchange» дан ҳам анча аввал бошланган эди. Мен ўзим алоқадор бўлган турли хил бизнес лойиҳалари, ҳаётимда учраган ҳамма инсонлар, кечирган саргузаштларим ҳақида ўйладим. Қилган ҳар бир хатойим ва улардан олган ҳар битта сабоқни хаёлимдан ўтказдим. Талабалик даврларим, мактабдаги ўқувчилик чоғларимни эслай бошладим.
Хонадаги ҳар бир кўз менга тикилиб турган бир пайтда мен ўз йўлим қаердан бошланганини аниқлашга тиришардим. Хаёлимда жавобни излаб, вақт бўйлаб ортга саёҳат қилардим. Бутун ҳаётим кўз олдимда намоён бўлаётган эди. Мен унга аниқлик киритиш билан банд эдим ва бу ишни айни дамда хонадагиларнинг ҳиссиётлари энергияси тарқалишидан аввал вақт ҳаракатсиз турган пайтда қилишим кераклигини билардим. Лекин нима учунлигини билмас эдим. Мен шунчаки ўз йўлим қаердан бошланганини аниқлашим зарурлигини билардим.
Шундан сўнг шундоққина хаёлотдан реалликка қайтишдан ва вақт ҳаракатга келишидан аввал мен уни аниқладим.
Менинг йўлим чувалчанг фермасидан бошланган эди.
1-ҚИСМ: ФОЙДА
1. ФОЙДА ИЗЛАБ
Ишончим комилки, тўққиз ёшимда Ганди менинг ким бўлганимни билмас эди. Мен ҳам унинг ким эканлиги ҳақида бирор тушунчага эга эмасдим. Лекин Ганди менинг қарашларим, чувалчанг кўпайтириб, уларни катта ҳажмда сотиб, кўп пул ишлаш ҳақидаги болалик орзуларимни билганида эди, балки юқоридаги гапни айтиб, дунёдаги илғор чувалчанг сотувчи бўлишга мени илҳомлантирган бўлар эди.
Афсуски, Ганди ўзининг доно маслаҳати ва донишмандлигини таклиф қилгани уйимиз олдида тўхтаб ўтмади. Туғилган кунимда ота-онамга уйимиздан бир соатлик йўл шимолга – Сономага олиб боришларини хоҳлашимни айтдим. Ўша пайтда у ер мамлакатнинг биринчи даражали чувалчанг етиштирувчи ҳудуди эди. Мен уларнинг энг катта рақобатчисига айланишимни ҳали билишмасди.
Ота-онам ичида камида юзта чувалчанг бўлган бир қути лойга 33 доллару 45 цент тўлади. Бир китобда агар чувалчангни иккига бўлиб ташласа, иккала қисми ҳам алоҳида яшаб кетиши ҳақида ўқиганман. Бу жуда ажойиб ғоя, лекин жуда кўп меҳнат талаб қиладигандай туйилди. Шунинг учун мен бунинг ўрнига яхшироқ ғоя ўйлаб топдим: Ҳовлида тагида тўр қафас бўлган қумли ўйингоҳга ўхшаш чувалчанг қутиси қуришга қарор қилдим. Қум ўрнига уни лой билан тўлдирдим ва эркин ўрмалаши, митти чувалчангларни дунёга келтириши учун юздан зиёд чувалчангни сочиб юбордим.