реклама
Бургер менюБургер меню

Тони Шей – Бахт етказиш: Миллиард долларлик интернет дўкон тарихи (страница 4)

18

Бизда турли хил «BBS» ларнинг телефон рақамлари рўйхати бор эди. Ҳар бир «BBS» билан алоқага чиқиб, уларни пастки қаватдаги қабулхонада талабалар фойдаланадиган эълонлар доскасига ўхшаш тизимга улардик: Истаган одам хабар қолдириши, реклама жойлаштириши, мунозара бошлаши, файлларни юклаб олиши ёки кенг қамровли мавзуларда муҳокамаларга қўшилиши мумкин эди. Бу крейгслистнинг2 интернетдан олдинги версияси эди. Тез орада компьютер ва телефон тармоғи фақат маҳаллий қўнғироқлар билан чекланмаганлигини билиб қолдик, шунинг учун биз мамлакат бўйлаб узоқ масофали қўнғироқларни амалга ошира бошладик. Сиэтллик, нью-йорклик ва маямилик нотаниш кишилар билан мунозараларда қатнашиш жуда ажойиб эди. Кутилмаганда мавжудлиги аввал хаёлимизга келмаган жойлар, бутун дунё билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлдик.

Кунларнинг бирида, Гор хоним лабораториядан ташқарида тушлик қилаётганида орамиздаги кимдир модемни слотдан суғуриб, унинг ўрнига оддий телефонни улаб кўришни таклиф қилди. Бу ҳақиқатан ҳам ишлайдими ёки йўқми, аниқ билмасдик. Лекин телефон трубкасини кўтарганимизда, қўнғироқ оҳангини эшитдик. Энди биз исталган телефон рақамига бепул қўнғироқ қила олардик. Лекин янги махфий кашфиётимиз билан кимга қўнғироқ қилиш кераклигини билмас эдик.

Мен 976 рақамидан кимнинг хабари борлигини сўрадим. Телевизорда турли хил 976 рақамлар учун ҳар хил рекламаларни кўргандим. Масалан, сиз 99 центга кун ҳазилини эшитиш учун 976-JOKE рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Шундай қилиб, биз 976-JOKEга қўнғироқ қилиб кўрдик ва айтарли кулгили бўлмаган бир ҳазилни эшитдик. Яхшироқ ҳазил эшитиш учун яна бир бор қўнғироқ қилиб кўрдик ва яна ўша ҳазилни қайта эшитдик. Менимча, бу мантиқан тўғри эди, чунки бу дақиқа ҳазили эмас, балки кун ҳазили бўлиши керак эди.

Кейин биз ихтиёрий 976 рақамларини тердик. Синаб кўрган рақамларимиздан бири 976-SEXY эди. Қўнғироқ автоматлаштирилган ёзув билан бошланди ва нархи дақиқасига 2.99 доллар, хизмат фақат катталар учун эканлигини айтди. Ёзувда айтилишича, агар мен йигирма бир ёшга тўлмаган бўлсам, дарҳол трубкани қўйишим керак экан.

Трубкани қўймадим, албатта. Қизиқувчанлигим баттар ортди.

Телефонга бир аёл жавоб берди ва майин овозда гаплаша бошлади. «Салом, – деди у. – Ҳозир сиз шаҳвоний ҳисларни туйяпсизми?»

Албатта, бу бизга компьютер орқали Нью-Йоркдаги бошқа «BBS» фойдаланувчиларига уланишдан кўра анча қизиқарли ва ажойиб туйилди. Ҳақиқатан ҳам мен учун бутунлай янги дунё очилаётган эди.

«Ҳм. Ҳа», – дедим иложи борича йўғон овоз билан.

Тўсатдан майин овоз одатий, ғазабланган овозга айланди, бу геометрия ўқитувчимнинг дарсга кеч қолганим учун танбеҳ беришини эсга соларди.

– Йигирма бир ёшдан ошганмисиз? – шубҳали оҳангда сўради у. Афтидан, менинг «йўғон овозим» унчалик йўғон эмас эди. Начора, жинсий балоғат ҳаётимиздаги шунақа ноқулай босқич экан!

Мен чуқур нафас олдим. – Ҳа, албатта, – дедим ишонч билан.

– Хўш, сиз қайси йили туғилгансиз?

Мен мутлақо ноилож қолган эдим. Шу топда уни алдаш учун миямда зудлик билан ҳисоб-китоб қила олмасдим. Ғишт қолипдан кўчган эди.

«Йигирма бир йил олдин!» деб бақирдим ва шу заҳоти телефонни қўйдим. Дўстларим билан хандон отиб кулишни бошладик. Бир неча дақиқа ҳисоблаб кўриб, барчамиз ишонч билан 1966 йилда туғилганмиз, деб айтишни машқ қилдик. Чунки энди хатони такрорламасликка ишонч ҳосил қилишимиз лозим эди.

Бир неча ҳафта давомида кичкина гуруҳимиз билан ҳар куни тушлик пайти компьютер лабораториясида йиғилар ва навбат билан 976-SEXY рақамига қўнғироқ қилардик. Биз фақат тушлик пайти қўнғироқ қила олардик, чунки фақат шу пайтдагина Гор хоним хонада бўлмас эди. Биз махфий клуб аъзолари эдик ва ушбу лаборатория-тушлик клубининг биринчи қоидаси сиз лаборатория-тушлик клуби ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслигингиз кераклиги эди.

Биз нима билан шуғулланаётганимизни ҳеч ким билмасди.

Бир куни тушлик пайти ҳаммамиз йиғилганда Гор хоним хонани тарк этмаганига ҳайрон бўлдик. Балки, охирига етмай қолган иши бордир, деб ўйлаб, у хонадан чиқиб кетишини кутиб, «BBS» билан боғланишда компьютердан фойдаланиб турдик.

«Ҳой йигитлар! – деди Гор хоним. Ҳаммамиз унга ўгирилдик. – Бирортангиз 976-7399 га телефон қилаётганингиз йўқми? Ҳозиргина телефон ҳисобини олдим ва унда кўрсатилишича, ўтган ойда шу рақамга бизнинг модемдан уч юздан ортиқ қўнғироқ бўлибди. Мен бу рақамга қўнғироқ қилиб кўрдим, лекин жавоб бераётган компьютер эмас».

Ҳаммамиз бир-биримизга ва кейин Гор хонимга қарадик. Ўшанда барчамиз қаттиқ айбдордай кўринганимиз аниқ, лекин лаборатория-тушлик клубининг биринчи қоидаси ҳаммамизнинг ёдимизда эди. Шунинг учун унга қараб иложи борича айбсизларча елка қисдик.

«Хатолик бўлса керак, – хулоса қилди Гор хоним. – Мен телефон компаниясига қўнғироқ қиламан ва тўловнинг ҳаммасини олдириб ташлайман. Бунча кўп қўнғироқ бўлиши имконсиз деб ўйлайман». У бизнинг суперинсоний қобилиятимиз ҳақида оз-моз бўлса-да билиб олди.

Бу лаборатория-тушлик клубимизнинг якуни эди.

Компьютер лабораториясидаги қилмишларимдан ташқари, юқори синфда имкон қадар кўпроқ қизиқарли нарсалар билан андармон бўлдим. Қанча кўп тажриба йиға олсам, шунча яхши, деган фикр миямни банд қилган эди.

Хорижий тил дарсларига қатнадим. Улар орасида француз, испан, япон ва ҳатто лотин тили ҳам бор эди. Анъанавий спорт турлари ўрнига қиличбозликни ўрганишга қарор қилдим (гарчи ҳақиқатни айтган бўлсам-да, шикоятга арзирли қисми: қиличбозлик дарслари ҳафтасига фақат бир марта эди). Мусиқий эҳтиёжларни қондириш учун жаз пианино дарсларига ва рассомлик қизиқишимни қондириш учун расм чизиш тўгарагига қатнадим. Шахмат ва электроника клубига қўшилдим, у ерда Морзе кодини ўргандим ва сертификатли радиоалоқа операторига айландим.

Жамоат хизматига бўлган талабларни қондириш учун маҳаллий театрга кўнгилли бўлиб ишга кирдим, уни жуда катта арвоҳлар уйига айлантиришга ёрдам бердим. Хэллуин байрамидан олдинги ҳафта давомида кўнгилли равишда экскурсияларга йўлбошловчилик қилдим. Ҳар бир ташриф буюрувчи йигирма дақиқалик арвоҳлар уйига саёҳат учун 15 доллардан хайр-эҳсон қилди.

Менга театр, айниқса, саҳна ортида бўлиш жуда ёқарди. Юқори синфдаги кўплаб чиқишларимиз учун чироқ устаси бўлдим ва ҳатто бир сафар истеъдодлар томошасида дўстим билан саҳнада кўзбойлағичлик чиқишини амалга оширдик. Юқори синфдаги дастлабки маошли ишларимдан бири маҳаллий театрларимиздан бирида прожекторни бошқариш эди (театр тилида «ҳаракатланувчи чироқ» дейилади). Ягона мақсади одамлар учун ҳиссий саёҳат ва кечинмалар яратиб, сўнг сақлаш учун хотиралардан бўлак ҳеч нарса бера олмайдиган ушбу жойнинг ўзига тортадиган нимасидир бор эди.

Белгиланган дарс жадвали ва уй вазифаларини бажариш режими мени толиқтира бошлади. Шунинг учун мен дарснинг ўзига эмас, балки дарс жадвалига қандай таъсир кўрсатишига қараб дарсларни танлай бошладим. Бир йили сешанба куни фақат битта дарсга борадиган қилиб дарс жадвалимни тузишни уддаладим. Куннинг қолган қисмида дам олардим. Агар тестларда яхши натижа кўрсатсам, дарсларга қатнашмасликка рухсат беришларини ўқитувчилар билан келишиб ола бошладим.

Уй вазифаларига келсак, умуман ҳар қандай машаққатли ишни бажаришнинг ўзгача ижодий усулларини топишга ҳаракат қилдим. Шекспир дарси учун топшириқларимиздан бири сонет ёзиш эди. Сонет пентаметрда ёзилган ўн тўрт қаторли шеър бўлиб, ҳар бир сатри такрорий равишда урғули ва урғусиз бўғинлар кетма-кетлигида жойлашган бўлади ва маълум бир қофия қолипига тушади. Буларнинг барчаси мен учун жуда мураккаб бўлиб туйилди, шунинг учун унинг ўрнига ўн тўрт қаторли Морзе кодини топширишга қарор қилдим. Унда бутун бошли шеър кетма-кет жойлашган нуқта ва чизиқчалардан ташкил топган эди.

Ўқитувчининг кайфиятига қараб, мен «қониқарсиз» ёки «аъло» баҳо олардим. Хайриятки, ўқитувчим менга «+Аъло» баҳо беришга қарор қилди. Баҳони олганимда ҳаттоки мактабда ҳам баъзан таваккал қилиш ва қолипдан ташқарида фикрлаб туриш фойда беришини билиб олдим.

Юқори синфдаги бахтсиз даврларимдан бири бировнинг тушлик картасини ўғирлашда айбланган пайтим эди. Тушлик картаси ошхонамиз учун пластик картанинг ўрнини босарди. Қандай қилиб бировнинг тушлик картаси менинг чўнтагимга тушиб қолганини билмайман. Тахминимча, кассир бир кун аввал адашиб менга бошқа бировнинг тушлик картасини қайтариб берган бўлса керак. Оқибатда кичик ҳайъатга ўхшаш, мактаб мудири ва айрим ўқитувчилардан иборат судьялар кенгаши қаршисида мулзам бўлиб турдим.

Менга ўз айбимни тан олиш имконияти берилди, лекин менинг айбим йўқ эди, чунки тушлик картаси чўнтагимга қандай тушиб қолганини билмасдим. Бунинг ўрнига, ҳақиқатни айтсам, ҳаммаси яхшиликка бўлади, деган кўр-кўрона ишонч билан кенгашга юзландим ва бор ҳақиқатни сўзлаб бердим. Шу маълум бўлдики, ҳеч ким менга ишонмади ва мени бир кунга мактабдан четлатишди. Бу расмий мактаб табелимга киритилди. Мен емаган сомсамга пул тўладим.

Мен баъзан ҳақиқатнинг ўзи етарли эмаслиги ва ҳақиқатни кўрсатиб бериш ҳам ҳақиқатнинг ўзичалик муҳим эканлигини англаган ҳолда у ердан чиқиб кетдим. Ажабланарлиси шундаки, мактабимиз шиори Жон Китснинг «Юнон кўзасидаги Оде» шеърига асосланган «Ҳақиқат гўзалликда, гўзаллик ҳақиқатда» эди.

Ўша куни ўзимни жуда гўзал ҳис қилмадим.

Мактабдаги машғулотлардан ташқари, юқори синфда энг катта эътиборим қандай қилиб кўпроқ пул ишлаш мумкинлигини аниқлашга қаратилган эди. «LucasFilms» учун видеоўйин синовчиси сифатида ёлландим. «Индиана Жонс ва сўнгги салиб юриши» видеоўйинини ўйнаганим учун соатига 6 доллардан тўлашди. Бу жуда ажойиб иш эди, лекин соатига атиги 6 доллар беришарди, шунинг учун кўпроқ маошли иш пайдо бўлганда мен дарҳол уни қабул қилдим.