18+
реклама
18+
Бургер менюБургер меню

Теодор Драйзер – Сармоядор (страница 21)

18

Кейинроқ эса унга муқаддас Тимофей черковининг ёш католик руҳонийси Давид ота ёқиб қолди. У юзидан соғломлик уфуриб турган, жингалак қора сочлари пешонасига тушиб турган ва доим бошига руҳонийлик кулоҳини олифтагарчилик билан қўндириб оладиган йигит эди. У якшанба кунлари ибодат пайтида ўриндиқлар орасида юрганча бу ерда ўтирган қавмларига муқаддас сувдан сепиб юрарди. У истиғфор қабул қилар ва Эйлин баъзан хаёлига келиб қолган уятли фикрларни унга шивирлаб айтиб беришни ёқтирарди ва шу вақтнинг ўзида “Руҳоний мен ҳақимда нима ўйлаётган экан?” деган саволга жавоб топишга ҳаракат қиларди. Қиз минг хоҳлагани билан бу одам тимсолида Яратганнинг вакилини кўра олмасди. У жуда ҳам ёш ва ўта оддий инсон эди. Ва қизнинг ўзи ҳақида завқланиб гапиришларида, кейин эса пушаймон еётган гуноҳкор аёл каби жимгина ташқарига йўл олишида қандайдир шумлик, қитмирлик бордек эди.

Муқаддас Агата мактабида уни тарбияси “оғир” деб ҳисоблашар, чунки тарбиячилар уни бировнинг иродасига бўйсуниш учун ўта шўх ва ҳаракатчан деб ҳисоблашарди.

– Бу мисс Батлер деганлари, – деди бир куни монастирнинг бошлиғи Эйлиннинг тарбиячиси Семпронияга, – жуда ботир қиз. Агар етарлича эътибор бериб қарамасангиз, сизда у билан кўп муаммо чиқиши турган гап. Назаримда, майда-чуйда нарсаларда унга ён бериб туришингиз керак. Бошқа йўл билан ҳеч нарсага эриша олмайсиз.

Ўша суҳбатдан бери тарбиячи Семпрония Эйлиннинг ҳамма хоҳишларига қулоқ солишга ҳаракат қилар ва ҳатто баъзан унинг қилиқларига бепарво ҳам бўларди. Бироқ у доим ҳам бунга эришавермас – қизнинг онги отасининг бойлиги ва ўзининг бошқалардан баланд туриши тўғрисидаги фикр билан суғорилганди. Тўғри, у баъзида уйига бориб келишни хоҳлаб қолар ёки тарбиячи опадан ўзининг қора дарахтдан ясалган хочи бор йирик маржонли тасбеҳини олиб юришни – пансионда бу нарса катта обрў саналарди, сўрарди. Бу турдаги устунликлар ва бошқа ҳолатлар – шанба куни кечқурунлари монастир ерларида айланиб юришга, хоҳлаганча гул узиш, керагидан ортиқ яна бир нечта кўйлакка эга бўлиш, тақинчоқлар тақиш қизга мукофот сифатида тақдим этиларди – фақат у синфда тинч ўтирса, жим юрса ва секин гаплашса (кучи етганча), кечаси чироқ ўчгандан сўнг бошқа қизларнинг ётоғига кириб олмаса ва меҳри тошиб тарбиячи опалардан бирортасини қучоғида бўғиб ўлдириб қўймаса кифоя эди.

Эйлин мусиқани яхши кўрар ва ҳеч қандай қобилияти бўлмаса-да, расм чизиш билан шуғулланишни ҳам жуда хоҳларди. Китоблар, асосан романлар ҳам уни жуда қизиқтирарди, бироқ уларни топиш жуда мушкул эди. Қолган фанлар: грамматика, тикиш-бичиш, ҳуснихат, дин дарси ва умумий тарих фанларини у жуда ёмон кўрарди. Ўзини яхши тута билиш қоидалари ҳам унинг учун қизиқ эди. У ўзига ўргатиладиган жимжимадор реверансларни яхши кўрар ва кўпинча ота уйига қайтганида меҳмонларни қандай кутиб олиши тўғрисида ўйларди.

Катталар ҳаётига қадам ташларкан, Эйлинни маҳаллий жамиятнинг маълум бир қатламларига тегишли шароитлар ўртасидаги нозик фарқлар ҳаяжонга сола бошлаганди; у отасининг ўзи бошқаларникида кўрганидек яхши уй қуришини ва унга жамиятга кириш учун йўл очиб беришини хоҳларди. Унинг орзуси амалга ошмади ва бутун фикри-хаёли энди бу орзуларнинг ўрнига эга чиқиши мумкин бўлган қимматбаҳо тақинчоқлар, отлар, экипажларга ва албатта, кўплаб ҳашаматли кийимларга қаратилди.

Улар яшаётган уйда катта зиёфатлар уюштиришнинг иложи йўқ бўлиб, Эйлин ўн саккиз ёшидаёқ иззат-нафси озор топиши нималигини ҳис қила бошлаган эди. У бошқача ҳаётни орзу қиларди! Бироқ у ўз орзуларини қандай амалга ошира оларди? Турли кийим-кечак, чиройли безаклар, Эйлин гоҳ-гоҳидагина тақа оладиган қимматбаҳо тақинчоқлар, туфли, пайпоқ, ичкийимлар ва тўрлар – ҳаммаси бесабр ва шуҳратпараст одамнинг табиатини ўрганиш учун мисол бўла оларди. Эйлин атир ва пардозандоз воситаларининг (унинг бунга эҳтиёжи бўлмаса-да) ҳамма маркаларини билар ва уларни кўп сотиб оларди. Эйлин батартиблиги билан ажралиб турмасди, бироқ кўз-кўз учун қилинадиган нарсаларни жуда яхши кўрарди. Унинг хонасидаги дарпардалар, пардалар, майда-чуйдалар ва девордаги расмлар уйнинг бошқа жиҳозлари билан мос келмасди. Каупервуднинг назарида Эйлин минилмаган асов отга ўхшарди. Фрэнк қизни онаси билан магазинга борганда ёки отаси билан айланиб юрганида кўп учра тар ва у билан гаплашганда қизнинг ўзини зериккандек тутиши кулгисини қистатиб, бундан завқланарди.

– Вой Худойим! Яшаш бирам зерикарлики!.. – дерди қиз аслида ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан қувониб яшасада. Каупервуд унинг табиатини аниқ ифодалаб берганди: ҳаётга чанқоқ, романтик, муҳаббат ҳақидаги, муҳаббатга ошно ҳамма нарсалар ҳақидаги фикрлар билан яшайдиган қиз. Фрэнк Эйлинга қараганда табиат ўз истаги билан жисмонан мукаммал яратган нарсани кўраётгандек бўларди. Яна хаёлидан яқин кунларда бирон-бир бахтли йигит унга уйланиб, олиб кетиши ўтарди. Бироқ бу қиз кимга тегадиган бўлса ҳам, ўша йигит уни ўзининг қайноқ севгиси, нозик мақтовлари ва доимий диққат-эътибори билан ушлаб туришига тўғри келади.

– Бу кичкина ярамас (бу қиз айнан ярамасликдан йироқ эди) бутун дунёни отасининг чўнтагида деб ўйлайди, – деди Лилиан бир куни эри билан гаплашиб ўтирганида. – Унга қулоқ солсангиз, Батлерлар Ирландия қиролининг вориси деб ўйлаш мумкин! Унинг мусиқа ва санъатга қизиқиши эса жуда ҳам кулгили.

– Унга нисбатан бунчалик қаттиққўл бўлма, – устомонлик билан хотинини тинчлантирди Каупервуд (бу пайтга келиб Эйлин унга жуда ёқиб кетаётганди). – У яхши чалади, овози ҳам ёқимли.

– Тўғри, лекин унинг диди йўқ. Қаердан ҳам бўлсин? Буни билиш учун ота-онасига қарашнинг ўзи кифоя!

– Мен, масалан, унинг ҳеч бир ёмон хислатини кўраётганим йўқ, – гапида туриб олди Каупервуд. – У табиатан қувноқ ва гўзал. Албатта, у ҳали ёш бола ва бироз шуҳратпараст, бироқ бу ўтиб кетади. Бунинг устига, у тентак эмас, кучли қиз.

Эйлин Фрэнкнинг ўзига эътиборсиз эмаслигини яхши билиб турарди. У қизга ёқарди. Қиз уларнинг уйида бўлганида рояль чалиб қўшиқ айтишни яхши кўрар, қолаверса, фақат Фрэнк шу ерда эканлигида шундай қиларди. Фрэнкнинг қатъий, ишонч билан қадам ташлашлари, кучли гавдаси, чиройли боши – ҳамма-ҳаммаси қизни ўзига тортарди. Ўзининг питир-питирлиги ва худбинлигига қарамай, қиз баъзида Фрэнкнинг олдида жим ўтирар, бироқ одатда йигитнинг олдида у жуда қувноқ ва жозибали бўлиб оларди.

Дунёда энг қийин нарса одамнинг табиатини аниқ айтиб беришга ҳаракат қилиш бўлса керак. Ҳар бир шахс, айниқса, у иқтидорли бўлса, қарама-қаршиликлар йиғиндисидир. Шунинг учун Эйлин Батлерни тўлиқ тасвирлашнинг иложи йўқ. Шубҳасиз, у ўзига хос тарзда ақлли эди, бироқ асов от каби бўлиб, вақти-вақтида жамиятнинг қонунлари билан жиловланиб туриши керак бўлган феъл-атвор эгаси эди. У эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлиб, Фрэнк Каупервуддек одамга жуда ноёб бўлиб туюлаётганди. Қизнинг бутун борлиғи йигит илгари бирорта ҳам аёлда учратмагани ва у бирорта аёлдан талаб қилмагани – эпчиллик ва ҳаётни севиш билан суғорилганди. У аввал таниган бирорта қиз ёки аёл бундай туғма ҳаётий куч-қувватга эга бўлмаган. Унинг малла-олтинранг тўлқинсимон сочлари бетакрор эди. Бурни жуда чиройли шаклда, текис бўлиб, тешикчалари кичкина, катта-катта кўзлари эса одамни ҳаяжонга соладиган тарзда чарақлаб ёниб турарди. Каупервуд бу кўзларнинг ҳаворанг-кулранг тусини ёқтирарди. Қизнинг тақинчоқлари, у аслида бу нарсаларни тақмасада, ҳарамдаги канизакларнинг билагузуклари, оёққа тақиладиган браслетлар, сирға ва бўйинтуморларини ёдга соларди. Эйлин бир неча йил ўтгач, Фрэнкка жон-жон деб тирноғи ва кафтларини қизғиш рангга бўяшини айтганди. Соғлом ва бақувват бўлган қиз доим эркаклар у ҳақида нималар дейишини, бошқа аёллар билан солиштирганда унга қандай қарашларини билишга жуда қизиқарди. Экипажда юриш, Жирард авенюдаги чиройли уйда яшаш, Каупервудларникидек уйларга меҳмонга бо риш – булар ҳаммаси унинг учун жуда катта аҳамиятга эга эди; бироқ ўша йилларнинг ўзидаёқ у ҳаётнинг маъноси фақат шулардагина эмаслигини тушунарди. Бу нарсаси йўқ одамлар ҳам яшаяпти-ку. Шундай бўлса-да, бойлиги ва ўзининг бошқа одамлардан устунлиги қизнинг бошини айлантирарди. Рояль олдида ўтирар экан, кўчада сайр қилаётганида ёки кўзгу олдида турганида ўзининг гўзаллиги, мафтункорлигидан, эркаклар учун бу нима эканлиги ва бошқа аёллар унга ҳасад қилишлари тўғрисидаги фикрдан қизнинг қувончи ичига сиғмасди. Бир хил пайтларда бечора, хунуккина қизларни кўрганида у ачиниб кетар, баъзан эса гўзаллик ёки жамиятдаги ўрни билан рақобатлашмоқчи бўлган қизларга нисбатан тушунарсиз ғараз ҳисси уйғонарди. Баъзан шундай бўлардики, кўзга кўринадиган оилаларнинг қизлари Честнат стритдаги бой дўконларда учрашиб қолганларида ёки паркда экипажда айланиб юришганида яхшироқ тарбияланганларини ва буни ўзлари яхши билишларини исбот қилгандек, бурунларини кўтариб олишарди. Бундай учрашувларда иккала томон ҳам бир-бирларига йўқ қилиб юборгудек назар билан қарарди. Савлати қуруқ, олифта йигитлар унинг эътиборини ўзига тортмаса-да, Эйлин юқори табақага интиларди. У ҳақиқий эркак ҳақида орзу қиларди. Вақти-вақти билан “гўёки тўғри келадиган” эркаклар учраб қолар, бироқ одатда улар отасининг танишлари, майда сиёсий арбоблар ёки жамиятда ўзидан баланд бўлмаган маҳаллий қонун чиқарувчи органларнинг аъзолари бўлиб, қизнинг уларга қизиқиши тезда йўқолиб, бу эркаклар дарров жонига тега бошларди. Кекса Батлер асл юқори табақадан бўлганлардан ҳеч кимни танимасди. Бироқ жаноб Каупервуд… У жуда кучли, назокатли ва ўзини тута биладигандек туюларди. Каупервуд хонимга қараб туриб Эйлин кўпинча, бу аёл роса бахтли бўлса керак деб ўйларди.