Теодор Драйзер – Сармоядор (страница 20)
13
Каупервуд тинмай муваффақият билан олдинга интиларкан, Жанубга қарши бошланган буюк уруш охирлаб қолди. 1864 йилнинг октябрь ойи эди. Мобилнинг олиниши ва “ўрмон чангалзорларидаги жанг”12 ҳали ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаганди. Грант аллақачон Питерсберг остоналарида турар, жанубликларнинг жасур генерали Ли эса ўзининг стратег ва ҳарбий сифатидаги бутун қобилиятини ишга солиб, шароитни тузатиш учун бефойда уриниб ётарди. Баъзида, масалан, ўша бутун мамлакат Виксбергнинг қулашини ёки Потомак дарёси ёнида турган армиянинг ҳужумини кутаётган, Ли эса Пенсильванияга суқилиб кирган пайтда акцияларнинг нархи тушиб кетиб, бозор ўлар ҳолатга тушиб қолаётганди. Бундай дақиқаларда Каупервуд ўзининг бутун уддабуронлигини ишга соларди; қандайдир кўзда тутилмаган ёмон хабардан ҳамма йиққан-терганлари бир пулга айланиб қолмаслиги учун у доим ҳушёр туришига тўғри келаётганди. Унинг ватанпарварлик ҳиссиётларидан қатъи назар, урушга жуда қиммат турадиган ва вайрон қилувчи куч сифатида қарарди. Бироқ айни пайтда миллий ғурур деган ҳис Каупервуд учун Атлантика океанидан Тинч океанигача, Канада қорларидан Мексика кўрфазигача чўзилган Қўшма Штатларнинг қадрига етишни ҳис қилмайдиган даражада бегона нарса эмасди.
1837 йилда туғилган Каупервуд мамлакат ҳудудий бутунликка (Аляскани ҳисобга олмаганда) қандай эришганига гувоҳ эди. Унинг ёшлик чоғларида Америка Қўшма Штатлари испанлардан сотиб олган Флорида билан бойиди; адолатсиз урушдан сўнг Мексика 1848 йили Техас ва ундан ғарбга томон чўзилган ҳудудни берди. Англия билан узоқ шимоли-ғарбдаги Қўшма Штатлар орасидаги чегара баҳслари ҳам ниҳоят барҳам топди. Ижтимоий ва молиявий масалаларга очиқ кўз билан қарайдиган одам бу фактларнинг муҳимлигини тушунмай қолмасди. Ҳар ҳолда бу фактлар Каупервуднинг бу катта давлатда яширинган битмас-туганмас тижорат имкониятлари борлигини тушунишига таъсир қиларди. Каупервуд ҳар бир тадқиқ қилинмаган жойда туганмас ўлжалар манбасини кўрадиган бир қатор молиявий авантюристлар сирасига кирмасди; бироқ мамлакат ўлчамларининг ўзиёқ Фрэнк умид қилаётган катта имкониятлар ҳақида айтиб турарди. Океандан океангача чўзилган бу ҳудудда (агар Жанубий штатлар Шимолий штатлардан ажралиб чиқадиган бўлса йўқолиб кетадиган) битмас-туганмас бойликлар яширинганди.
Айни пайтда эса қора танлиларни озод қилиш муаммоси Каупервудга амалга ошадиган ишдек туюлмаётганди. У болалигидан бу ирқ намояндаларини кузатиб келган, уларнинг фазилатлари ва ўзи туғма деб ҳисоблаган камчиликларини тушуниб етган ва уларнинг тақдирлари ҳам шунинг натижасида, деган хулосага келганди.
Масалан, қора танлиларга ҳозир ўзлари ўйнаётганидан кўра катта роль берилиши мумкинлигига унинг ишончи комил эмас эди. Ҳар ҳолда, уларнинг олдиларида натижасини яқин келажакдаги авлод била олмайдиган узоқ ва қийин кураш турибди. Фрэнк Каупервуднинг қора танлилар учун озодлик талаб қилувчи назарияга нисбатан қаршилиги йўқ эди, бироқ у нега жанубликлар ўзларининг мол-мулклари ва тизимлари вайрон қилинишига кескин қаршилик кўрсатмасликлари кераклиги сабабларини ҳам тушунмасди. Албатта, баъзан қора танли қуллар билан ёмон муносабатда бўлишлари ачинарли ҳолат. Каупервуд бу масалани кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблар, бироқ қора танлиларнинг ҳомийлари олиб бораётган курашда ҳеч қандай маънавий асос кўра олмасди. У кўплаб эркак ва аёлларнинг шароитлари, уларни мамлакатнинг конституцияси ҳимоя қилса-да, қулларникидан кўп фарқ қилмаслигини тушуниб турарди. Ахир руҳий қуллик, руҳан бўш ва жисмонан ожизларнинг қуллиги ҳам мавжуд нарса эди. Каупервуд Сэмнер, Ҳаррисон, Филиппс ва Бичерларнинг13 чиқишларини қизиқиш билан кузатиб борар, бироқ бу масалани ўзи учун жуда муҳим деб ҳисобламасди.
Унда зобит бўлиш ёки зобитларга буйруқ бериш хоҳиши йўқ ва баҳслашиш қобилияти ҳам берилмади. У ақлий табиатига кўра (ҳатто молия соҳаси бўйича ҳам!) тортишадиганлар тоифасига кирмасди. Уни қизиқтирадигани – фақат ўзи учун катта фойда келтирадиган нарсаларгина бўлиб, бутун фикри-хаёли фақат шунга қаратилган бўларди. Мамлакатида содир бўлаётган қардошларнинг ўзаро уруши унга фойда келтирмасди. Унинг фикрича, бу уруш мамлакатнинг савдо ва молия масаласида мустаҳкамланишига фақат халал берарди ва Фрэнк бу урушнинг тез орада тугашига умид қиларди. У ҳарбий солиқлар кўпчилик учун оғир синов эканини билса-да, бундан шикоят қилиб юрмасди. Ўлимлар ва бахтсизликлар ҳақидаги ҳикоялар унга таъсир қиларди, бироқ нима қилиш керак, ҳаёт шунақа, бирор нарсани ўзгартириш унинг қўлида эмас!
Каупервуд шу хаёллар билан ҳар куни, ҳар қадамда ҳарбий отрядларнинг келиши ва кетишини кузатиб, жанг майдонидан ёки лазаретдан қайтаётган, кийимлари жулдур, кир-чир, озиб кетган ярим бемор одамларни учратар, бироқ қўлидан келадигани уларга ачиниш эди, холос. Бу уруш унинг учун эмас эди. У бу урушда иштирок этмас ва уруш тамом бўлганда ватанпарвар сифатида эмас, финансист сифатида жуда хурсанд бўлишини аниқ биларди. Бу хонавайрон қиладиган, фожиали ва бахтсизлик уруши эди.
Кунлар кетидан кунлар ўтиб борарди. Бу орада маҳаллий ҳукумат органларига сайловлар бўлиб ўтди ва шаҳар ғазначиси, солиқ вакили ва мэр алмашди. Бироқ Эдвард Мэлия Батлер, афтидан, ҳали ҳам ўз таъсир кучига эга эди. Бу пайтга келиб Батлерлар оиласи билан Каупервудлар оиласи ўртасида мустаҳкам дўстлик ўрнатилганди. Уларнинг динлари турлича бўлса-да, Батлер хоним Лилианга жуда яхши муносабатда эди; улар бирга экипажда сайр қилишар, бирга магазинларга боришарди. Тўғри, Каупервуд хоним ёши анча катта бўлган дугонасига сал танқид кўзи билан қарар, унинг тўпориларча сўзлашуви, ирландча талаффузи ва диди ёмонлигидан (ўзи ҳам шундай оиладан келиб чиққанини унутиб) бироз уяларди. Бироқ бошқа томондан бу аёлнинг жуда самимий ва қалби тоза эканини ҳам тан оларди. У жуда тўқчиликда яхши яшаса-да, одамларни нима биландир хуш кўрарди. У Лилианга совғалар берар, унинг болаларини ҳам жуда суярди. “Кечки тамаддига, албатта, бизникига келасиз, келмасангиз қаранг!” (Батлерлар кечга алоҳида таом пишириладиган даражага ҳам эришишганди). “Эртага мен билан айланиб келишингиз керак!” дерди гоҳида. Баъзан “Эйлиним, соғ бўлсин ишқилиб, ажойиб қиз!” ёки “Нора бечорагинанинг мазаси йўқ!” деб қоларди.
Бироқ табиатан инжиқ ва жиззаки, иззатталаб бўлган Эйлин кўп ҳолларда Каупервуд хонимнинг ғашини келтирарди. Қиз эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлиб, унинг бутун туришида одамни ўзига тортадиган маккоралик уфуриб турарди. Унинг қилиқлари ўғил болаларники каби эди, у баъзан беўхшов шўхлик ҳам қилиб қўяр, монастирда тарбия олганига қарамай, озодлигини бўғадиган энг майда чекловларга ҳам исён кўтаришга мойил эди. Бироқ шунга қарамай, қизнинг ҳаворанг кўзлари мулойим чақнаб, кўнгилчан ва раҳмдил ҳам эканидан дарак бериб турарди.
Эйлинни, ўз таъбирлари билан айтганда, “мулойим католик” қилиб тарбияламоқчи бўлган эр-хотин Батлерлар унинг ўқиши учун муқаддас Тимофей черкови ва Жермантаундаги монастирлик мактабини танлашган. Қиз у ерда католиклар ақидалари ва одатлари билан танишган, бироқ сира тушунмаганди. Лекин ибодатхона деразалари хира, баланд оқ меҳроб ва унинг икки томонида турган олтин юлдузлар билан тўла ҳаворанг кийим кийиб, бошлари атрофида ёғдули гардиш ва қўлларида салтанат ҳассасини ушлаган муқаддас Иосиф ва дева Мариянинг ҳайкаллари билан унинг тасаввуридан чуқур жой олганди. Умуман олганда, ибодатхоналар одатда, айниқса, ҳамма католик ибодатхоналари, чиройи кўзни қувонтириб, руҳни тинчлантиради. Ибодат пайтида элликта, баъзан ундан ҳам кўп шамлар ёқиб қўйилгани ва руҳонийларнинг шоҳона тўрли либослари сабаб яна ҳам буюк ва ажойиб кўринаётган меҳроб қизга жуда ёқар ва унинг тасаввурини қиздирарди. Айтиш керакки, қизда доим буюк нарсаларга, ёрқин рангларга ва “севгига муҳаббат”га интилиш бўлган. Эйлин болалик чоғиданоқ ўзини аёллардек ҳис қиларди. У ҳеч қачон бирор нарсанинг маъносини ечишга интилмас, аниқ билимларга қизиқмасди. Эҳтиросли одамларнинг деярли бари шундай. Улар қуёш нурида эркаланиб ётишади, ранглардан, ташқи дабдабадан завқланишади ва шундан нарига ўтишмайди. Тасаввурнинг аниқлиги курашувчан, худбин одамларга керак ва бу нарса кейинчалик манфаатпарастликка интилишга айланиб кетади. Инсонни бутунлай эгаллаб оладиган эҳтироснинг ҳукмронлиги на ҳаракатчан ва на расмиятчи, майдакаш одамларга хосдир.
Буларни Эйлин мисолида тушунтириш керак. Ўша пайтнинг ўзидаёқ Эйлинни жуда эҳтиросли қиз эди деб айтиб бўлмасди. Булар ҳаммаси ҳали унинг вужудида мудраб ётарди. Ҳар қандай уруғнинг ҳосил беришига анча вақт керак бўлади. Черковдаги бир нечтагина жинчироклар хира ёритиб турган истиғфор келтириладиган жой, патернинг14 кафорат ҳақидаги панд-насиҳатлари, туйнук ортидан шивирлаб айтиладиган гуноҳларнинг ювилиши қизни бироз ҳаяжонга соларди. Эйлин ўз гуноҳларидан қўрқмасди. Гуноҳкорлар тушувчи манзил – дўзах уни қўрқитмасди. Виждон азоби қийнамасди. Унинг назарида черковга судралиб бориб, ибодат қилганча тасбеҳ ўгираётган чол ва кампирларнинг ёғоч санамлардан фарқи йўқ эди.
Эйлинга, айниқса, у ўн тўрт, ўн беш ёшда эканлигида, руҳонийнинг гапларига қулоқ солиб, ибодат қилиш ёқарди. Монастир пансиони тарбияланувчиларининг тавбасини тингловчи кекса бир француз руҳонийси кўнгилчанлиги ва юмшоқ табиати билан Эйлинга таъсир қиларди. Бу руҳонийнинг ибодатлари Эйлиннинг шоша-пиша ва эътиборсиз ўқийдиган дуоларидан кўра самимийроқ янграрди.