реклама
Бургер менюБургер меню

Теодор Драйзер – Сармоядор (страница 2)

18

Фрэнк кўзларини катта очганча олдидаги даҳшатли манзарага қараб турарди. Эсиз, у айни шу дақиқани ўтказиб юборибди. Бир сониягина у қисқичбақага ем бўлган кальмарга ачиниб кетди. Кейин эса нигоҳини ғолибга қаратди ва бирдан фикри ўзгарди. “Худди шундай бўлиши керак эди, кальмарга эпчиллик етишмаётганди…” У кўз олдида бўлиб ўтган бу ҳодисани тушуниб етишга ҳаракат қилди. “Кальмар қисқичбақани ўлдира олмасди – унинг ҳеч қандай қуроли йўқ. Қисқичбақа ўлдира олиши мумкин эди – у жуда яхши қуролланган. Кальмарнинг ейдиган нарсаси йўқ эди, қисқичбақанинг олдида эса ўлжа – кальмар бор эди. Бу нимага олиб боради? Бошқа йўл йўқ, кальмарнинг пешонасига ўлим ёзилган, ўзга йўл бўлиши мумкин эмас!” – у уйига етиб келгунга қадар шундай хулосага келиб бўлганди.

Ушбу ҳодиса Фрэнкнинг ёдида ўчмас из қолдирди. У ўзини анчадан бери қийнаётган “Ҳаёт қандай қонуният асосига тузилган?”деган саволга умумий жавоб олганди. Ҳамма тирик жонзотлар ана шундай – бири иккинчисининг ҳисобига кун кечиради. Қисқичбақалар кальмарлар ва бошқа жонзотларни ейди. Қисқичбақаларни ким ейди? Албатта, одамлар. Ҳа, албатта, мана гап нимада! “Одамничи?..” шу заҳоти ўз-ўзидан сўради Фрэнк. Наҳотки одамлар ҳам бир-бирини еса? Йўқ, ёввойи ҳайвонлар одамларни ейиш орқали кун кўриши мумкин. Яна ҳиндулар ва одамхўрлар ҳам. Кўп одамлар денгиз тўфонлари ва бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳалок бўлишади…

Одамлар бир-бирининг ҳисобига яшашига Фрэнкнинг ишончи комил эмасди, бироқ улар бир-бирларини ўлдиришларини яхши биларди. Урушларни қаранг, кўчадаги жанжаллар, босқинлар-чи? Фрэнк бир марта оломон босқинини ўз кўзи билан кўрганди. Бир куни мактабдан қайтаётганида, кўзи қонга тўлган тўда “Паблик лежер” газетаси таҳририятига бостириб кирган. Отаси бунга нима сабаб бўлганини болакайга кейинчалик тушунтириб берганди. Қуллар масаласида жанжал чиққан экан. Ҳа-ҳа, албатта! Баъзи одамлар бировлар ҳисобига кун кўради. Қуллар ҳам одам-ку?! Ана шу сабаб ўша пайтларда бундай қўзғалишлар бўлиб турарди. Бир тоифа одамлар бошқаларни – қора танлиларни ўлдиришарди.

Фрэнк ўзи қилган хулосаларидан хурсанд ҳолда уйга қайтди.

– Ойи!.. – остонадан кирар-кирмас бақирди у. – Ниҳоят қисқичбақа уни тугатди!

– Ким кимни тугатди? – ажабланиб сўради онаси. – Бор, қўлингни ювиб кел.

– Мен отам икковингизга айтиб берган қисқичбақани айтяпман. У кальмарни еб тугатди.

– Бечора!.. Бироқ бунинг нима қизиғи бор? Тезроқ қўлингни ювиб кел!

– Эҳ-ҳе! Бундай ҳодисани одам ҳар доим ҳам кўравермайди. Масалан, ўзим бундай воқеани биринчи марта кўришим.

Фрэнк ёнида сув солинган челак ва ярақлаган мис тоғора қўйилган водопровод колонкаси турган ҳовлига чиқди. Юз-қўлларини ювди.

– Дада, – кечки овқатдан сўнг отасига мурожаат қилди Фрэнк, – эсингиздами, сизга кальмар тўғрисида гапириб бергандим?

– Эсимда, хўш?

– У энди йўқ. Қисқичбақа уни еб тугатди.

– Шундай дегин-а!.. – бепарволик билан деди отаси, газетасини ўқишда давом этар экан.

Бироқ Фрэнк ўз кўзи билан кўрган, ҳаётида биринчи марта дуч келган бу воқеа ҳақида анча вақтгача ўйлаб юрди, чунки бу пайтга келиб, улғайгач ким бўлиши, ҳаёти қандай кечиши ҳақидаги саволлар уни қизиқтира бошлаганди. Пул санаётган отасини кузатиб ўтириб, у ҳаммасидан қизиғи банк иши деган қарорга келди. Отаси хизмат қиладиган банк жойлашган Учинчи кўча эса унга дунёдаги энг чиройли, энг ажойиб жойдек туюларди.

2

Фрэнк Алжернон Каупервуднинг болалиги оилавий хотиржамлик ва тўқчиликда ўтиб борарди. Улар ўн йил яшашган Батнвуд стритдаги ҳаёт ҳар қандай болакайга маъқул келган бўларди, албатта. Бу кўчада асосан қизил ғиштдан қурилган, пастгина оқ мармар зинали, эшик ва деразалари атрофига ҳам оқ мармардан безак қопланган икки қаватли уйлар бор эди. Кўча бўйлаб қатор дарахтлар зич экилган. Думалоқ йирик тошлар бир текис териб чиқилган йўл ёмғирдан кейин ялтираб очилиб турарди, доим зах бўладиган қизил ғиштли йўлкалардан эса салқин уфурарди. Ҳар бир уйнинг ортида дарахтлари бўлган ҳовлилар бор эди, чунки бу ердаги ер участкалари эни юз футга чўзилган бўлиб, уйларнинг ўзи эса йўлка томонга сурилган ва орқасида анчагина бўш ерлар бор эди.

Табиатан содда одамлар бўлган эр-хотин Каупервудлар болаларини хурсанд қилиш учун уларнинг кўнглига йўл топишни билардилар. Шунинг учун ҳам отаси Нью-Маркет стритдаги янги уйга кўчиб ўтишга қарор қилгунга қадар ҳар икки-уч йилда биттадан болага кўпайган бу оила ҳаёт қозонида қайнаётган кичкина дунёга ўхшарди. Ҳенри Уортингтон Каупервуднинг лавозими кўтарилганидан бери бошқалар билан алоқалари тобора кенгайиб бораётган ва шу кунга келиб, у анчагина кўзга кўринган одамга айланиб улгурганди. У ўз банкининг йирик омонатчилари билан таниш-билишчилик қилар, иш юзасидан бошқа банкларда ҳам бўлишига тўғри келгани учун Қўшма Штатлар банкида ҳам, Дрексель, Эдвард ва бошқа кўп банкларда ҳам Ҳенрини аллақачон “ўзларининг одами” деб ҳисоблашарди. Биржа маклерлари уни йирик молия ташкилоти вакили сифатида танир, ақлан ўта кучли деб билишмаса-да, у жуда ишончли ва ўша ишончни оқлай оладиган одам сифатида танилганди.

Ёш Каупервуд борган сари отасининг ишларига қизиқиб борарди. Шанба кунлари кўпинча унга банкка боришга рухсат беришар ва у маклерлик операциялари қандай олиб борилиши ва ҳар хил қоғозлар қандай чаққонлик билан айирбошланишини катта қизиқиш билан кузатиб ўтирарди. У қимматбаҳо қоғозларни қаердан олишади, мижозлар нима учун векселларнинг ҳисоб-китобида банкларга мурожаат қилишади, нега банк бундай ҳисобкитобларни қилади ва одамлар олган пулларини нима қилишади, деган саволларга жавоб топишни хоҳларди. Ўғли ишларига қизиқаётганидан хурсанд бўлган Ҳенри Каупервуд унга жараённи бажонидил тушунтириб берарди, шу сабаб Фрэнк жуда ёшлигидан – ўн-ўн беш ёшларидаёқ Американинг молия тизими тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиб, Штат банки нималиги, унинг Миллий банкдан фарқи қандай экани, маклерлар нима билан шуғулланиши, акциялар нималиги ва нега уларнинг курслари тебраниб туришига ақли етарди. У пул айирбошлаш воситаси эканини, ҳар қандай нарх (қиймат) биргина олтиннинг қийматидан келиб чиққан ҳолда ифодаланишини тушуниб етганди. Ҳиссиётлар ва ҳаётий нозик жиҳатлар шоир учун қанчалар табиий бўлса, туғма сармоядор бўлган ёш Фрэнк учун ҳам бу қийин санъат билан боғлиқ барча билимлар шу қадар табиий эди. Уни айирбошлаш воситаси бўлган олтин жуда ўзига тортарди. У табиатдан қандай олинишини отасидан билиб олган болакай тушида олтин конларининг эгаси бўлганини кўрар ва уйғонгач, туши ўнгига айланиб қолишини жуда хоҳларди. Фрэнкнинг акциялар ва облигацияларга бўлган қизиқиши ҳам бундан кам эмасди. У акцияларнинг улар бостирилган қоғозчалик қийматга эга бўлмаган ва яна бошқа турдаги, ўз номиналидан юқорироқ баҳоланадиган турлари ҳам борлигини билиб қолганди.

– Ўғлим, буни қарагин, – деди бир куни унга отаси, – бунақа қоғозларни бу яқин атрофда кўп кўрмайсан.

Гап Британиянинг Ост-Индия компанияси томонидан юз минг долларлик заёми учун қийматининг учдан икки қисми гаров сифатида қўйилган акциялар ҳақида кетаётганди. Бу акциялар нақд пул керак бўлган филадельфиялик магнатга тегишли эди. Ёш Каупервуд бир тўп қоғозга қизиқиш билан қараб қолди.

– Кўринишидан улар пул турадиганга ўхшамайди, – деди у.

– Улар ўз қийматидан тўрт баробар қиммат туради, – деди маъноли жилмайиб отаси.

Фрэнк уларни қайта кўздан кечирди.

– “Британиянинг Ост-Индия компанияси”, – овозини чиқариб ўқиди сўнг. – Ўн фунт. Эллик долларга яқин.

– Қирқ саккиз доллару ўттиз беш цент, – деди ота бепарвогина. – Ҳа-а, агар қўлимизда шунча боғлам бўлса, бу қадар қаттиқ ишлашимизга ҳожат қолмасди. Эътибор бергин, улар яп-янги, муомалада камдан-кам бўлади. Гаровга биринчи марта қўйилиши бўлса керак.

Ёш Каупервуд молия ишларининг шохобчалари кўплигидан ҳайратланиб, қоғозларни отасига қайтарди. Ост-Индия деганлари қандай компания бўлди экан? У нима билан шуғулланаркан? Отаси болакайга бу ҳақда батафсил тушунтириб берди.

Фрэнк уйда ҳам капитал жамғармалар ва таваккал қилинадиган молиявий операциялар тўғрисидаги суҳбатларни кўп эшитарди. Гўшт олди-сотдиси билан шуғулланадиган йирик олибсотар, бу ерда кредит олиш осон деган умидда яқинда Филадельфияга келган виржиниялик Стимбержер исмли киши ҳақидаги ҳикоя уни қизиқтириб қолди. Отасининг айтишича, Стимбержер Николас Бидл, Ларднер ва Қўшма Штатлар Банкининг бошқа корчалонларига алоқадор бўлиб, ҳатто уларнинг қайсидир бирлари билан жуда яқин ҳам экан. Хуллас, у ўша банкдан сўраган ҳамма нарсасини олишга қодир экан. У Виржиния, Оҳайо ва бошқа штатларда йирик мол олдисотдиси билан шуғулланар ва мамлакат шарқида гўшт савдосини деярли монополия қилиб олган экан. Жаноб Каупервуднинг айтишича, Стимбержер деганлари юзи чўчқага ўхшаб кетадиган, бақувват гавдали одам. У доим қундуздан тикилган учли телпак ва унинг баҳайбат гавдасида ҳилпираб турадиган кенг сюртук кийиб юраркан. Стимбержер гўшт нархини бир фунтини ўттиз цент қилиб кўтариб қўя олган ва бу майда савдогарлар ҳамда харидорларнинг ўртасида норозиликка сабаб бўлиб, ёмон ном қозонган. Филадельфия банкининг фонд бўлимига у одатига кўра, Қўшма Штатлар Банкининг минг, беш ва ўн минг долларлик векселларда босилган юз ёки икки юз минг долларлик йиллик облигацияларини олиб келарди. Уларни қийматидан ўн-ўн икки фоиз арзонроққа нақдлаштирар, Стимбержернинг ўзи эса Қўшма Штатлар Банкига улар учун бутун суммага тўрт ой муддатга вексель билан тўлов қиларди. Ўзига тўланиши керак бўлган пулни у Учинчи миллий банкнинг фонд бўлимидан Виржиния, Оҳайо ва Ғарбий Пенсильвания банкнотларида белгиланган қиймат бўйича пачкалаб оларди, чунки у ўз ҳисоб-китобларини асосан ана шу штатларда олиб борарди. Учинчи Миллий банк асосий келишувдан тўртдан беш фоизгача улуш олар ва яна ғарбий штатлардан ҳам ҳали қанча фойда келтирадиган ҳисоб фоиз ушлаб қоларди.