реклама
Бургер менюБургер меню

Теодор Драйзер – Сармоядор (страница 4)

18

3

Фрэнк Каупервуд ўн тўрт ёшга тўлганида ҳаётида биринчи марта тижорий қалтис ишга дуч келди. Бир куни маҳсулотларни импорт қилиш ва улгуржи савдо билан шуғулланадиган фирмалар жойлашган Фронтстритдан кета туриб, улгуржи-баққоллик дўконининг эшиги тепасида аукцион байроғи осиғлиқ турганига кўзи тушди. Ичкаридан аукциончилар ғала-ғовури эшитилиб турарди:

– Ажойиб Ява қаҳвасининг бир партияси учун қанча таклиф қиласизлар? Бугунги кунга улгуржи бозор нархи бир халтасига етти доллару ўттиз икки цент. Қанча берасизлар? Қанча берасизлар? Партия фақат бутунлигича сотилади. Қанча берасизлар?

– Ўн саккиз доллар, – савдони бошлаб бериш учунгина қичқирди эшик ёнида турган дўкон эгаси.

Фрэнк тўхтаб қолди.

– Йигирма икки, – деди бошқа овоз.

– Ўттиз доллар, – эшитилди учинчи овоз.

– Ўттиз беш! – қичқирди тўртинчи одам.

Нарх етмиш беш долларга кўтарилди, бу қаҳванинг ҳақиқий нархидан ярим баравар арзон эди.

– Етмиш беш доллар! Етмиш беш!.. – бақирди аукциончи. – Ким кўпроқ беради? Етмиш беш доллар – бир! Ким саксон беради? Етмиш беш доллар – икки…

У жим қолди ва қўлини баланд кўтарди. Кейин бирдан туширди.

– Етмиш беш долларга жаноб Сайлас Грегорга сотилди. Жерри, ёзиб қўйинг, – деди кейин юзини сепкил босган, сариқ юзли ёрдамчисига мурожаат қилиб ва шу заҳотиёқ бошқа баққоллик маҳсулоти партияси – ўн бир бочка крахмал савдосига ўтди.

Ёш Каупервуд бирпасда миясида ҳисоблаб чиқди. Агар аукциончининг гапига ишониладиган бўлса, қаҳванинг бозор баҳоси қопига етти доллару ўттиз икки цент; демак, уни етмиш беш долларга сотиб олган дўкончи шу ернинг ўзидаёқ саксон олти доллару тўрт цент ишлаб олиши мумкин, агар доналаб сотадиган бўлса, ундан ҳам кўпроқ топади. Унинг билишича, онаси бир фунт қаҳвани одатда йигирма саккиз центга оларди.

Китоб-дафтарларини қўлтиғига қисиб олган Фрэнк одамлар орасидан суқилиб ўтиб, яқинроқ келди ва савдони диққат билан кузата бошлади. Унинг билишича, бир бочка крахмал ўн доллар турарди, бу ерда эса олти доллар. Бир неча қути сирка ўз нархининг учдан бирига сотилди. Фрэнк ушбу аукционда қатнашишни жуда ҳам хоҳлаётганди, бироқ чўнтагида майда пулигина бор эди. Аукциончи ёнгинасида турган болакайга эътибор бериб, унинг қиёфасида акс этиб турган жиддийлик ва қатъиятдан ҳайратга тушди.

– Ажойиб совун партиясини таклиф қиламан – кўп эмас, оз эмас – етти яшик. Агар сиз совуннинг фарқига борсангиз, бир бўлаги ҳозир ўн тўрт цент туради. Бир яшиги учун эса ўн бир доллару етмиш беш центдан кам тўламайсиз. Қанча бера оласиз? Неча пул берасиз?

Аукциончи касбига хос тарзда тез-тез, жўшқинлик билан гапирар, бироқ бу ёш Каупервудга таъсир қилмаётганди: у тезлик билан миясида ҳисоб-китоб қилаётганди. Ҳар бир яшиги ўн бир доллар етмиш беш центдан етти яшик совун – саксон икки доллару йигирма беш цент бўлади. Агар бу партия ярим нархидан сотиладиган бўлса…

– Ўн икки доллар! – таклиф қилди кимдир.

– Ўн беш! – нархни оширди бошқа бир харидор.

– Йигирма доллар! – бақирди яна кимдир.

– Йигирма беш! – қўшди яна биров.

Шундан сўнг бир доллардангина қўшила борди: совун жуда талабгир мол эмасди.

– Йигирма олти!

– Йигирма етти!

– Йигирма саккиз!

– Йигирма тўққиз!

Ҳамма жим турарди.

– Ўттиз доллар! – деди ёш Каупервуд қатъий товушда.

Паст бўйли, ориқдан келган, сочлари тикка-тикка, юзлари бужмайиб кетган аукциончи оғзи гапдан тинмай, Фрэнкка қизиқиш ва бироз ишончсизлик билан қараб қўйди. Боланинг кўриниши унинг диққатини тортганди ва у эшикка суяниб, негалигини ўзи ҳам тушунмаган ҳолда унда пул борлигига ишониб қўя қолди: бу бирорта баққолнинг ўғли бўлса керак-да…

– Ўттиз доллар! Ўттиз доллар!.. Ажойиб совун партияси учун ўттиз доллар! Ажойиб совун! Чакана сотсангиз, бир бўлаги ўн тўрт центдан кетади. Ким ўттиз бир доллар беради? Ким ўттиз бир доллар беради?

– Ўттиз бир! – кимнингдир овози эшитилди.

– Ўттиз икки! – деди Фрэнк Каупервуд.

Савдо давом этди.

– Ўттиз икки доллар! Ўттиз икки доллар! Ўттиз икки доллар! Бу ажойиб совун учун ким ўттиз уч доллар беради? Етти яшик ажойиб совун учун ким ўттиз уч доллар тўлайди, қани, келинглар!..

Ёш Каупервуднинг мияси шиддат билан ишлаётганди. Унинг ёнида пули йўқ эди, бироқ отаси Учинчи Миллий банкда кассир бўлиб ишлайди ва Фрэнк отасини гувоҳ сифатида кўрсатиши мумкин. Бу совунларнинг ҳаммасини уйларининг олдидаги баққолга, унга бўлмаса, бирорта дўконча эгасига сотиб юборса бўлади. Ахир совунни шу нархга сотиб олмоқчи бўлган бошқалар ҳам топилди-ку! Фрэнк сотиб олса нима қилибди?

Аукциончи жим бўлиб қолганди.

– Ўттиз икки доллар – бир! Ким ўттиз уч беради? Ўттиз икки доллар – икки! Кимдир ўттиз уч доллар берадими? Ўттиз икки доллар – уч! Етти яшик ажойиб совун! Ким кўпроқ беради? Бир, икки, уч! Ким кўпроқ беради? – унинг қўли яна ҳавога кўтарилди. – Совун жаноб… – аукциончи ёш харидорнинг юзига қизиқиш билан тикилиб, пештахта устидан унга қараб энгашди.

– Учинчи Миллий банк кассирининг ўғли Фрэнк Каупервудга сотилди! – деди болакай қатъий товуш билан.

– Сотилди! – боланинг ишонч тўла кўзларига қараб такрорлади аукциончи.

– Мен пул учун банкка бориб келгунимча кутиб тура оласизми?

– Яхши, фақат узоқ эмас: агар бир соатда қайтиб келмасангиз, уни қайта сотиб юбораман.

Фрэнк ортиқ жавоб бериб ўтирмади. У ташқарига югуриб чиқиб, аввал дўкони Каупервудларнинг уйидан бир квартал нарида бўлган баққолнинг олдига чопди. Охирги ўттиз қадамча масофани у секинроқ босиб ўтиб, юзига бепарво тус берди ва дўконга кириб, кўз қири билан ҳалиги совун турини қидира бошлади. Ана у – уникидек совун худди ўшандек яшикда одатдаги жойида турибди.

– Жаноб Дэлримпл, мана бу совунингиз қанчадан? – қизиқди Фрэнк.

– Ўн олти цент, – гердайиб жавоб берди дўкон эгаси.

– Агар сизга худди шундай совуннинг етти яшигини олтмиш икки долларга таклиф қилсам, оласизми?

– Худди шундайми?

– Ҳа, сэр.

Жаноб Дэлримпл хаёлида ҳисоблай бошлади.

– Ҳа, олардим, – эҳтиётлик билан деди у.

– Пулини бугуноқ тўлайсизми?

– Мен вексель бераман. Молингиз қани?

Жаноб Дэлримпл қўшнисининг ўғли бўлган бу болакайнинг таклифидан ҳайратга тушганди. У жаноб Каупервудни ҳам, Фрэнкни ҳам яхши танирди.

– Агар бугун олиб келсам, совунни оласизми? – сўради Фрэнк.

– Оламан, – жавоб берди дўкон эгаси. – Нима, сиз совун савдоси билан шуғулланяпсизми?

– Йўқ, лекин уни қаердан арзонга олиш мумкинлигини биламан.

Фрэнк дўкондан шоша-пиша чиқиб, отасининг олдига қараб чопди. Банкдаги операциялар тўхтаган, бироқ болакай у ердаги ҳамма кириш-чиқиш тешикларидан хабардор ва агар ўғли ўттиз доллар ишлаб оладиган бўлса, отаси хурсанд бўлишини ҳам биларди. Фрэнкка пул фақат бир кунгагина керак эди.

– Фрэнк, нима бўлди? – дарров сўради жаноб Каупервуд қизариб кетган, ҳарсиллаётган ўғлини кўриб.

– Отажон, сиздан ўттиз икки доллар қарз сўрамоқчи эдим.

– Яхши. Лекин пул сенга нима учун керак бўлиб қолди?

– Мен етти яшик совун сотиб олмоқчиман. Уни қаердан олишни биламан, сотиб олишга харидор ҳам бор. Жаноб Дэлримпл ҳаммасини сотиб олмоқчи. У олтмиш икки доллар таклиф қилди, мен эса ўттиз икки долларга оламан. Агар пул бериб турсангиз, югуриб бориб, аукциончига тўлаб келардим.

Жаноб Каупервуд жилмайди: ўғли шундай ишбилармонлигини биринчи марта намойиш қилаётганди. Ўн уч ёшли бола учун бу жуда моҳирона зукколик ва топқирлик эди.

– Демак, Фрэнк, сен аллақачон сармоядор бўлиб қолибсан-ку!.. – деди у бир нечта векселлар ётган қути томон юраркан. – Зарар кўриб қолишдан қўрқмайсанми? Ўйлаган нарсангга ўзинг ишоняпсанми?

– Отажон, менга пул бериб туринг, – ёлвориб сўради Фрэнк. – Мен эса нимага қодир эканимни кўрсатаман. Фақат пул бериб туринг. Менга ишонаверинг!

Фрэнк шу пайтда ёввойи қушнинг ҳидини олган овчи итга ўхшарди. Отаси унинг илтимосини рад эта олмади.

– Фрэнк, сенга албатта ишонаман, – деди жаноб Каупервуд банкнинг олтита беш долларли ва иккита бир долларли банкнотини санаркан. – Мана, ол.

Фрэнк нималардир деб отасига миннатдорлик билдирди ва оёғини қўлига олиб аукцион бўлаётган жойга югурди. У етиб келган пайтда энди шакар сотилаётганди. Фрэнк хизматчи ўтирган стол олдига тиқилиб ўтди.