Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 6)
Бу китоб нима ҳақида? Уни нега ёздим?
– Бу китоб Чернобиль ҳақида эмас, у Чернобиль дунёси ҳақидадир. Ҳодисанинг ўзи ҳақида минглаб саҳифалар ёзилди ва у юз минглаб метрли кинотасмаларга муҳрланди. Мен эса ўтказиб юборилган тарих деб атаса бўладиган нарсалар, бизнинг шу заминдаги ва шу замондаги ҳаётимизнинг изсиз излари билан шуғулланаман. Кундалик ҳис-туйғулар, фикрлар, сўзларни ёзаман ва жамлайман. Қалб ҳаётини тутишга уринаман. Оддий одамларнинг одатий кунларини. Бу ерда ҳаммаси ноодатий: вазиятлар ҳам, одамлар ҳам, янги маконда яшай бошлаганларида турмуш шароити одамларни шундай бўлишга мажбурлаган, ундаган. Чернобиль улар учун метафора ва рамз эмас, у – уларнинг хонадони. Санъат неча бора қиёматни, кунпаякунни машқ қилди, охиратнинг турли технологик тахминларини татиб кўрди, аммо биз энди аниқ биламиз, ҳаёт бундан-да даҳшатли фантастикадир. Ҳалокатдан сўнг бир йил ўтгач, кимдир мендан: “Ҳамма ёзяпти. Сиз шу ерда яшайсиз, лекин нега ёзмаяпсиз?” – деб сўради. Мен эса бу ҳақда қандай ёзишни, қандай қурол билан ва қайси томонидан ёзишни билмасдим. Агар авваллари, китоб ёзганимда бошқаларнинг азоб-уқубатларига ташқаридан қараган бўлсам, энди менинг ҳаётим ҳам шу ҳодисанинг бир қисмига айланди. Ҳаётим у билан узоқлашолмайдиган даражада бирлашиб кетди. Мўъжаз ва Европа бағрида ғарибгина, дунё у ҳақида аввал деярли ҳеч нарса билмаган мамлакатимнинг номи энди барча тилларда жаранглади, у иблиссифат Чернобиль лабораториясига айланди, биз – белоруслар эса, Чернобиль халқига айландик. Энди қаерда пайдо бўлсам, ҳамма қизиқиш билан менга ўгирилади: “Ҳа-я, сиз ўша жойданмисиз? У ерда аҳвол қандай?” Албатта, тезда китоб ёзиб ташласа бўларди, бунақа китоблар бирин-кетин пайдо бўлди – ўша кеча станцияда нима юз берган, ким айбдор, ҳалокатни дунёдан ва ўз халқимиздан қандай яширишди, саркофаг – ўлим нафасини пуркаб турган реактор устига тошқопқоқни барпо этиш учун қанча тонна қум ва бетон ишлатилди… Лекин мени нимадир ушлаб турарди. Қўлимни қўйиб юбормасди. Нима? Сир сезгиси. Тўсатдан ичимизга жойлашиб олган бу ҳис ўшанда ҳамма нарса: гап-сўзларимиз, хаттиҳаракатларимиз, қўрқувларимизни қамраб олди ва воқеалар ортидан эргашарди. Ваҳшатли ҳодиса ортидан… Ҳаммада “сирли бир ҳодисага дахлдор бўлиб қолдик” деган айтилган ва ифодаланмаган туйғу пайдо бўлди. Чернобиль – биз ҳали очишимиз керак бўлган сир. Ўқиб бўлинмаган ишорат, белги. Эҳтимол, йигирма биринчи аср учун жумбоқдир. Янги аср учун даъватдир. Аён бўлди: биз яшаётган ва кун кўраётган коммунистик, миллий ва янги диний чақириқлар, даъватларга қўшимча қаршимизда янги, шафқатсиз ва ялпи, аммо ҳозирча кўздан панада бўлган офатлар кутмоқда. Чернобилдан сўнг нимадир очила бошлади…
1986 йилнинг 26 апрель оқшоми… Бир кечанинг ўзида биз тарихнинг бошқа жойига кўчиб ўтдик. Янги реалликка томон сакрадик ва бу реаллик нафақат билимларимиздан, балки тасаввуримиздан ҳам юқорида экан. Замонлар орасидаги алоқа узилди… Дафъатан ўтмиш чорасиз бўлиб қолди, унда суянса бўладиган нарса қолмади, инсониятнинг ҳар ерда ҳозиру нозир (худди ишонганимиздек) жамланмасида бу эшикни очадиган калит топилмади. Мен ўша кунларда “кўрганим ва ҳис этганимни баён қилиш учун сўз топа олмаяпман”, “аввал ҳеч ким менга бунақа ходисани ҳикоя қилиб бермаганди”, “бирон-бир китобчада бу ҳақда ўқимаганман ва бирор кинода буни кўрмаганман”, деган гапларни кўп эшитдим. Ҳалокат юз берган пайт ва у ҳақида гапира бошлашган вақт оралиғида сукутли танаффус бўлди. Гунглик палласи… Бу ҳамманинг эсида қолди… Қаердадир юқорида қандайдир қарорлар қабул қилишди, махфий кўрсатмалар тайёрлашди, вертолётларни самога чиқаришди, кўплаб техникаларни ҳаракатлантиришди, пастда эса, хабарларни кутдилар ва қўрқдилар, миш-мишлар билан яшадилар, аммо ҳамма асосий нарса – аслида нима юз бергани ҳақида индамай жим турарди. Янги туйғулар учун сўз тополмадилар ва янги сўзлар учун ҳиссиётлар етмади, ҳали фикрни ифода қила олишмасди, аммо аста-секин янгича ўйлаш муҳитига кира бошлашди – бугунги аҳволимизни шундай тавсифлаш мумкин. Шунчаки фактларнинг ўзи етмаётганди, фактнинг ортини ҳам кўриш, юз бераётган ходисанинг маъносини, моҳиятини билиш истаги бор эди. Руҳий ларзага тушиш эффекти юз кўрсатаётганди. Ва мен ана шу ларзага тушган инсонни излаётгандим… У янгича матнларни сўзларди… Овозлар гоҳида гўё туш ёки алаҳсираш орасидан, бошқа бир ёндош оламдан йўл топиб чиқаётгандай эди. Чернобилнинг ёнида ҳамма фалсафа сўқий бошлади. Файласуфга айланишди. Ибодатхоналар яна одамга тўла бошлади… Тақводорлар ва яқингача даҳрий бўлганларга… Улар физика ва математика бера олмайдиган жавобларни излашарди. Уч ўлчамли дунё ортга чекинди ва энди мен материализмнинг Библияси билан қасам ичадиган жасурларни учратмай қўйдим. Чексизлик ёрқин чақноғини чақди. Маданият ва анъаналарнинг таниш изидан чиқиб қолган файласуф ва ёзувчилар сукутга чўмдилар.
Ҳалокатнинг дастлабки кунларида олимлар, мансабдорлар ва катта погонли ҳарбийлар билан эмас, оддий деҳқонлар билан суҳбатлашиш қизиқроқ эди. Бу одамлар Толстой ва Достоевскийсиз, интернетсиз яшаётганди, бироқ уларнинг онги қандайдир тарзда дунёнинг янги манзарасини ўзига жойлаганди. Ва бу онг вайрон бўлмади. Ҳойнаҳой, биз Хиросимадаги каби ҳарбий атом вазиятига бардош бера олардик, аслида шунга тайёрланардик. Аммо ҳалокат ҳарбий ядро объектида юз бермади, биз эса ўз даврининг одамлари эдик ва бизга ўргатишгани каби совет атом станциялари дунёдаги энг ишончли объектлар эканига, уларни ҳатто Қизил майдонда ҳам қуриш мумкинлигига ишонардик. Ҳарбий атом – Хиросима ва Нагасаки, тинч атом эса ҳар бир хонадондаги электр чироқлари. Ҳарбий ва тинч атом эгизаклар эканини… шериклигини ҳали ҳеч ким фаҳмламаганди. Бизнинг ақлимиз кирди, бутун дунё ақлини йиғди, фақат Чернобилдан кейингина. Бугун белоруслар худди тирик “қора қутилар” сингари келгуси авлодлар учун ахборотни ёзиб бормоқда. Ҳамма учун.
Мен бу китобни жуда узоқ ёздим… Деярли йигирма йил… Станциянинг собиқ ходимлари, олимлар, шифокорлар, аскарлар, кўчирилганлар, қайтиб борганлар… Чернобиль оламининг асосий мазмуни бўлганлар, нафақат ер ва сув, балки ичи ва атрофи батамом заҳарланганлар билан учрашдим ва гаплашдим. Улар ҳикоя қилдилар, жавоб изладилар… Биз биргаликда фикрладик… Кўпинча шошилдилар, улгурмай қолишдан қўрқдилар, мен ҳали улар бераётган гувоҳликнинг баҳоси ҳаёт билан ўлчанишини билмасдим. “Ёзиб олинг… – такрорлашарди. – Кўрганларимизнинг ҳаммасини ҳам тушуна олмадик, лекин барибир ёзилиб қолсин. Кимдир ўқийди ва тушунади. Кейинроқ… Биздан кейин…” Улар бекорга шошилмаган экан, чунки кўплари бугун орамизда йўқ. Аммо ишора қилишга, огоҳликка чақиришга улгурдилар…
─ Даҳшатлар ва қўрқувлар ҳақидаги бизга маълум нарсалар ҳаммадан кўпроқ уруш билан боғлиқ. Сталиннинг ГУЛАГи2 ва Освенцим3 – ёвузликнинг яқин тарихидаги ҳодисалар. Тарих ҳамиша уруш ва саркардалар тарихи бўлган, уруш, дейлик, даҳшатнинг ўлчови эди. Шунинг учун одамлар уруш ва фалокат тушунчаларини аралаштириб юборадилар… Чернобилда худди урушнинг барча белгилари бордек: кўплаб аскарлар, эвакуация, ташлаб кетилган уйлар. Ҳаёт мароми издан чиққан. Газеталардаги Чернобиль хабарлари батамом ҳарбий сўзлардан иборат: атом, портлаш, қаҳрамонлар… Ва бу биз янги тарихда турганимизни англашни қийинлаштиради… Ҳалокатлар тарихи бошланди… Бироқ инсон бу ҳақда ўйлашни истамайди, чунки бу ҳақда ҳеч қачон ўйламаган, у ўзига таниш нарсаларнинг ортига беркинади. Мозий ортига. Ҳатто Чернобиль қаҳрамонларининг ҳайкаллари ҳам ҳарбийларга ўхшайди…
– Зонага илк сафарим…
Боғлар гуллаган, ёш майсалар офтоб нурида шодумон ярқирайди. Қушлар чуғурламоқда. Шундай таниш… таниш… олам. Мияга энг биринчи келадиган фикр: ҳаммаси жойида, ҳаммаси аввалгидай. Ўша ер, ўша сувлар, ўша дарахтлар. Шакл-шамойили ҳам, ранги ҳам, ифори ҳам абадий, бу ерда ҳеч ким бирор нарсани ўзгартира олмайди. Аммо биринчи куниёқ мени огоҳлантиришди: гулларни узиш керакмас, ерга ўтириш мумкин эмас, булоқдан сув ичиб бўлмайди. Кечга яқин бир ҳолатни кузатдим, молбоқарлар чарчаган сигирлар подасини сув ичиш учун дарёга ҳай дадилар, бироқ сигирлар сувга яқин келиб, дарҳол ортга қайтди. Улар қандайдир хавфни сезишди. Менга айтиб беришларича, мушуклар ўлик сичқонларни емай қўйибди, ўлик жониворлар ҳамма ерда: далаларда, ҳовлиларда сочилиб ётарди. Ўлим ҳамма томонда биқиниб кутарди, бироқ бу қанақадир бошқача ўлим эди. Янгича ниқобдаги. Нотаниш қиёфадаги ўлим. У инсонни тўсатдан ғафлатда қолдирарди, чунки одам бунга тайёр эмасди. Биологик тур ўлароқ, унинг кўриш, эшитиш, ушлашга созланган бутун табиий воситалари иш бермасди. Уларнинг ҳеч биридан фойда йўқ: кўзлар, қулоқлар, бармоқлар энди иш бермас, чунки радиация кўзга кўринмасди, унинг ҳиди ҳам, овози ҳам йўқ эди. У вужудсиз эди. Биз бир умр уруш қилдик ёки урушга тайёрландик, у ҳақда анча нарса билардик, лекин тўсатдан душманнинг тимсоли ўзгарди. Бошқача душман пайдо бўлди… Душманлар… Ўрилган майсалар ўлдирарди. Тутилган балиқлар, овланган илвасин қотил бўлиб чиқарди. Олма заҳарларди… Атрофимиздаги аввал мулойим ва дўстона бўлган ҳамма нарса энди қўрқув ҳамда ваҳшат соларди. Эвакуация қилинаётган ва бир умрга кетаётганини ҳали билмаган кекса одамлар осмонга қарашарди: “Офтоб чарақлаяпти… Тутун ҳам, газ ҳам йўқ. Отишма йўқ. Шу ҳам уруш бўлдими? Лекин қочқинларга айланишимиз керак…” Таниш… нотаниш… олам.