Светлана Алексиевич – Чернобиль таваллоси (страница 1)
Светлана Алексиевич
Чернобиль таваллоси
Биз ҳавомиз, тупроқ эмасмиз…
Тарихий маълумотнома
“Беларусь… Дунё учун биз
“1986 йил, 26 апрель, соат 1 дан 23 дақиқаю 58 сония ўтганда қатор портлашлар Беларусь чегараси яқинида жойлашган Чернобиль АЭС 4-қувват бўлинмаси реактори ва биносини вайронага айлантирди. Чернобиль фалокати XX асрнинг энг улкан технологик фожиасига айланди.
Гарчи белорусларнинг ўзида бирорта атом станцияси мавжуд бўлмаса-да, кичкинагина давлат ҳисобланган Беларусь учун (аҳолиси 10 млн. киши) миллий ҳалокат эди. У ҳанузгача асосан қишлоқ аҳолисидан иборат аграр ўлкадир. Иккинчи жаҳон уруши йилларида немис фашистлари белоруслар заминида 619 та қишлоқни аҳолиси билан бирга яксон қилган эди. Чернобиль фожиасидан сўнг мамлакат яна 485 та қишлоқ ва шаҳарчаларидан жудо бўлди: уларнинг 70 таси ер остига абадий кўмилди. Урушда ҳар тўртинчи белорус ҳалок бўлганди, бугун уларнинг ҳар бешинчиси фалокат ҳудудида яшамоқда. Бу 2.1 млн. инсон демакдир, улардан 700 мингтаси – болалар. Демографик сўнишнинг омиллари ичида радиация асосий ўринни эгаллайди. Гомель ва Могилёв вилоятларида (Чернобиль фалокатидан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар) ўлим ҳолатлари туғилишдан кўра 20 фоизга кўп.
Фалокат натижасида атмосферага 50х106 Кu радионуклид отилиб чиққан, уларнинг 70 фоизи Беларусга тушди: мамлакатнинг 23 фоиз ҳудуди1 Ku/км² зичликдаги кўпроқ цезий-137 радионуклиди билан заҳарланган. Таққослаш учун: Украинанинг 4.8 фоиз ҳудуди, Россиянинг 0.5 фоиз ери зарарланган. Заҳарланиш зичлиги 1 ва ундан юқори Ku/км² бўлган қишлоқ хўжалик ерлари ҳудуди 1.8 млн. гектардан кўп, стронций-90 билан зичлиги 0.3 ва ундан юқори Ku/км² – 0.5 млн. гектар атрофидаги ер заҳарланган. 264 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги айланмасидан чиқариб ташланди. Беларусь – ўрмонлар мамлакати. Бироқ Припять, Днепр, Сож дарёлари қайиридаги ўрмонларнинг 26 фоизи ва ўтлоқларнинг ярмидан кўпи радиоактив нурланиш ҳудудига тегишли…
Радиациянинг кичик дозадаги доимий таъсири натижаси ўлароқ, мамлакатда йилдан-йилга саратон касаллиги, ақли заифлик, асабий-руҳий парокандалик ва ирсий мутацияларга дучор бўлган беморлар сони ошмоқда…”
“Кузатув маълумотларига қараганда, 1986 йил 29 апрелда – Польша, Германия, Австрия ва Руминияда, 30 апрелда – Швейцария ва шимолий Италияда, 1–2 майда – Франция, Бельгия, Нидерландия, Буюк Британия, шимолий Грецияда, 3 майда – Исроил, Кувайт, Туркияда юқори радиация ҳолати кузатилган.
Юқори баландликка отилган газсимон ва учувчи моддалар бутун дунёга тарқалган: 2 майда улар Японияда, 4 майда – Хитойда, 5 майда – Ҳиндистонда, 5 ва 6 майда эса АҚШ ҳамда Канадада қайд этилган.
Чернобиль глобал муаммога айланиши учун бир ҳафтадан камроқ вақт етарли бўлди…”
“Тўртинчи реактор 'қопланган' объект аввалгидай ўзининг қўрғошин ва темирбетон қобиғи остида 200 тоннага яқин ядровий материалларни сақламоқда. Айни пайтда ёнилғи қисман графит ҳамда бетон билан қоришган. Бугун уларга нима бўлаётганини ҳеч ким билмайди.
Саркофаг – тоштобут шошилинч барпо этилди, унинг бичими ноёб, эҳтимол, уни ишлаб чиққан питерлик инженерлар бу билан фахрланса керак. Қоплама ўттиз йил хизмат қилиши керак эди. Бироқ уни “масофадан туриб” пайванд қилишди, тошқопқоқларни роботлар ва вертолётлар ёрдамида бириктиришди – шунинг учун ёриқлари бор. Бугун, айрим маълумотларга қараганда, ёриқ ва тирқишларнинг умумий майдони 200 метр квадратни ташкил қилади, улардан радиоактив аэрозоллар сизиб чиқмоқда. Агар шамол шимолдан эсса, жануб томонга таркибида уран, плутоний, цезий бўлган кул ёғилади. Бу ҳам етмагандай, қуёшли кунда чироқлар ўчирилганида, реактор айвонида юқоридан тушаётган нур устунлари кўринади. Бу нима? Ичкарига ёмғир ҳам сизиб кир моқда. Ёнилғига қоришган моддаларга нам тушса, занжирли реакциялар юз бериши мумкин…
Саркофаг – нафас олаётган ўлик тана. У ўлим нафасини сочмоқда. Тоштобут уни яна қанча ушлаб тура олади? Буни ҳеч ким айта олмайди, чунки у яна қанча вақтгача мустаҳкам тура олишини аниқлаш учун кўпгина бўлинма ва тузилмаларга яқинлашиш ҳамон имконсиз. Лекин ҳамма шуни англайдики, бу “қоплама”нинг бузилиши 1986 йил фожиасидан кўра даҳшатлироқ ҳалокатларга олиб келган бўларди…”
“Чернобилгача… ҳар 100 минг белорусга 82 нафар онкологик бемор тўғри келарди. Бугун статистика шунақа: ҳар 100 минг кишининг 6 мингтаси саратонга чалинган. Беморлар сони деярли 74 бараварга ошган.
Охирги ўн йилликда ўлим ҳолатлари 23.5 фоизга кўпайди. Юз бераётган ҳар 14 ўлимдан биттасининг сабаби кексалик, қолгани – асосан меҳнатга лаёқатлиларга тўғри келади ва 46–50 ёш атрофидагилар ўлмоқда. Заҳарланиш юқори бўлган вилоятларда тиббий кўрик ўтказилганида аниқланишича, ҳар ўн кишининг еттитаси бемор. Қишлоқлар ёқалаб юрсанг, қабристонлар ҳудуди кенгайиб борётганидан ҳайратга тушасан…”
“Ҳанузгача жуда кўп рақамлар номаълумлигича турибди… Улар шу қадар даҳшатлики, ҳамон сир сақлашмоқда. Совет Иттифоқи Чернобилга муддатли хизматга чақирилган 800 минг аскар ва яна ёши ўртача 33 да бўлганларни ликвидатор1 сифатида юборган. Ҳарбий хизматга эса эндигина мактабни битирган болалар чақирилганди…
Фақат Беларуснинг ўзида фожиа ликвидаторлари сифатида 115 493 киши рўйхатда туради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1990 йилдан то 2003 йилгача 8553 ликвидатор вафот этган. Кунига икки кишидан…”
“Бу тарих шундай бошланганди…
1986 йил… Совет ва хориж газеталарининг биринчи саҳифаларида Чернобиль фалокатининг айбдорлари устидан кўрилаётган суд мажлислари тўғрисидаги репортажлар босилмоқда…
Энди эса… Бўм-бўш, ҳувиллаган беш қаватли уйни тасаввур қилинг. Уй кимсасиз, лекин буюмлар, жиҳозлар, кийим-кечаклар бор, аммо улардан энди ҳеч ким фойдалана олмайди. Чунки бу уй Чернобиль ҳудудида… Бироқ айнан ўлик шаҳарнинг шундай уйида атом ҳалокати айбдорлари устидан ҳукм чиқариши лозим бўлганлар журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди. Энг юқорида, КПСС Марказий Қўмитасида шундай қарорга келишган, иш жиноят содир бўлган ерда кўрилиши керак эди. Суд Чернобилнинг ўзида бўлиши лозим. Суд маҳаллий Маданият уйи биносида ўтди. Судланувчилар ўриндиғидан олти киши – атом станцияси директори Виктор Брюханов, бош инженер Николай Фомин, бош инженер ўринбосари Анатолий Дятлов, ўша кунги смена бошлиғи Борис Рогожкин, реактор цехи бошлиғи Александр Коваленко, СССР Даватомэнергияназорат ташкилоти назоратчиси Юрий Лаушкинлар жой олган.
Томошабинлар ўрни бўм-бўш. Фақат журналистлар ўтиришибди. Дарҳақиқат, бу шаҳарда аллақачон одамларнинг ўзи йўқ, шаҳар “даҳшатли радиациявий назорат бўлгаси” сифатида ёпилган. Худди шу сабаб бу ерни суд мажлиси ўтказиладиган жой сифатида танламадиларми – гувоҳлар қанча кам бўлса, шовшув шунча оз бўлади! Телетасвирчилар йўқ ва хорижий журналистлар ҳам. Албатта, ҳамма судланувчилар ўриндиғида ўнлаб масъул мансабдорлар, жумладан, Москвадаги амалдорларни кўришни хоҳлаганди. Замонавий илм-фан ҳам масъулиятни ўз бўйнига олиши керак эди. Бироқ калтак “ҳолвани еганлар”, яъни катта масъуллар эмас, балки “кичкина”ларнинг бошида синадиган бўлди.
Ҳукм… Виктор Брюханов, Николай Фомин ва Анатолий Дятлов 10 йиллик қамоққа ҳукм этилди. Бошқаларнинг муддати камроқ эди. Анатолий Дятлов ва Юрий Лаушкин қамоқдаёқ кучли радиацион нурланиш оқибатида вафот этди. Бош инженер Николай Фомин ақлдан озди… Станция директори Виктор Брюханов эса жазо муддатини тўла ўтади ва ўн йил қамоқда ўтирди. Чиқаётганида уни яқинлари ва бир неча журналист қарши олди. Воқеа киши билмас тарзда ўтди-кетди.
Собиқ директор Киевда яшайди, фирмаларнинг бирида оддий хизматчи… Тарих шундай якун топади…”
“…Тез орада Украина улкан қурилишга киришади. Чернобиль АЭСнинг 1986 йилда вайрон бўлган тўртинчи бўлинмаси устига қурилган тошқопқоқ – саркофаг устига “Равоқ” (“Арка”) номли янги қопқоқ барпо этилади. Яқин вақтда бу лойиҳа учун 28 та донор мамлакат 768 миллион доллардан ортиқ дастлабки сармояни ажратади. Янги “ёпинчиқ”нинг кафолати энди ўттиз йил эмас, юз йил бўлиши керак. Қоплама жуда улкан бўлиши кўзда тутилган, чунки унинг остида ядровий чиқиндиларни қайта кўмиш ишларини олиб бориш учун етарлича жой бўлиши керак. Салмоқли пойдевор лозим: амалда бетон устунлар ва плиталардан иборат сунъий тошлоқ ер яратилиши шарт. Кейин эса эски саркофаг остидан чиқариладиган радиоактив чиқиндилар кўчириладиган омбор тайёрлаш зарур. Энг янги қоплама юқори сифатли, гамма нурланишларига бардош бера оладиган пўлатдан тайёрланади. Бунга металлнинг ўзидан 18 минг тонна лозим…
“Равоқ” инсоният тарихида мисли кўрилмаган бино бўлади. Биринчидан, унинг кўлами ҳайратда қолдиради – бу баландлиги 150 метр бўлган икки қаватли қобиқдир. Эстетика нуқтаи назаридан бу иншоот Эйфел минорасига яқин келади…”
Ёлғиз инсон овози
Нимани гапириб беришни билмайман… Ўлим ҳақида сўйлайми ёки муҳаббат тўғрисида? Ёки иккиси ҳам битта нарсами… Нима ҳақида айтай?
…Яқиндагина турмуш қургандик. Ҳали бир-биримизга тўймагандик, кўчада, ҳатто дўконга чиқсак ҳам, қўл ушлашиб юрардик. Доимо биргаликда. Мен унга: “Сени яхши кўраман”, дердим. Бироқ ҳали уни қандай севишимни билмасдим… Тасаввур қилолмасдим… Биз у хизмат қиладиган ўт ўчириш қисмининг ётоқхонасида яшардик. Иккинчи қаватда. У ерда яна учта ёш оила яшар, ошхонамиз битта эди. Пастда, биринчи қаватда эса машиналар турарди. Алвонранг ўт ўчириш машиналари. Унинг иши шу эди. У қаерда, ким билан бирга – ҳаммасидан доим хабардор эдим. Ярим тунда қандайдир шовқин эшитилди. Бақир-чақир бўлди. Деразадан қарадим. У мени кўрди: “Дарчани беркит ва ётиб ухла. Станцияда ёнғин чиқибди. Тезда қайтаман”.