Стивен Кови – Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси (страница 2)
Бунга қарама-қарши ўлароқ, дастлабки 150 йил давомида чоп этилган деярли барча адабиётлар муваффақиятнинг асоси сифатида феъл-атвор этикаси, яъни ҳалоллик, камтарлик, садоқат, мулойимлик, жасорат, адолат, сабртоқат, ишбилармонлик, соддадиллик каби хислатлар ва «Олтин қоида»ни ўзлаштиришни асосий ўринга қўйган. Бенжамин Франклиннинг автобиографияси ана шундай адабиётнинг ёрқин намунасидир. Унда бир инсоннинг ўз табиатига муайян тамойил ва кўникмаларни қандай сингдиргани ҳикоя қилинади.
Феъл-атвор этикасига кўра, самарали яшаш учун бирламчи тамойиллар мавжуд. Одамлар шу тамойилларни ўрганиб, туб феъл-атворига сингдира олсагина ҳақиқий муваффақият ва чексиз саодатга эришади деб ҳисобланган.
Бироқ Биринчи жаҳон урушидан сўнг, қарашлар ўзгариб, муваффақият асоси сифатида феъл-атвор этикаси эмас, балки шахс этикаси олдинга чиқди. Унга кўра, муваффақиятга жамиятда шахсий имижга эга бўлиш, ўзгалар билан муносабатларни силлиқловчи муомала ва хулқ орқали эришилар эди. Шахс этикаси икки асосий йўналишни ўз ичига оларди: 1. Инсон ва жамият ўртасидаги алоқа усуллари; 2. Ижобий руҳий муносабат (ИРМ). Бу фалсафанинг баъзи ғоялари: «Сизнинг муносабатингиз сизнинг юксаклигингизни белгилайди!», «Табассум хўмрайишдан кўра кўпроқ дўст келтиради!», «Инсон онги ўзи англаган ва ишонган ҳар қандай нарсага эриша олади» каби илҳомлантирувчи ва кучли шиорларда ўз ифодасини топганди.
Бироқ шахс этикасининг бошқа жиҳатлари очиқчасига манипуляция ва алдовга йўғрилган эди. Одамлар бошқаларга ёқиш учун ёлғон гапиришга, ўзлари истаган нарсага эришиш учун сохта маълумотлар тўқиб чиқаришга ёки қудратли кўринишга, қўрқитишга одатланиб қолди.
Ушбу адабиётларнинг айримларида феъл-атвор муваффақиятнинг бош калити эмас, шунчаки таркибий қисми деб ҳисобланган. Шунинг учун уларда феълатвор этикаси номигагина эсланиб, асосий эътибор муваффақиятсизликка тезкор ечим топиш усуллари, мулоқот маҳорати ва ижобий муносабатларга қаратилган.
Рафиқам иккимиз ўғлимиздаги муаммоларни ҳал қилиш учун қўллаётган чораларимизнинг англанмаган манбаи аслида шахс этикаси эканлигини тушуна бошладим. Шахс ва феъл-атвор этикаси орасидаги фарқни чуқурроқ англаганим сари, фарзандларимизнинг хулқига қараб жамиятдаги ўрнимиз баҳоланади деган хато талабни миямизга сингдириб олганимизни, ўғлимиз эса бу талабга жавоб бера олмаганини фаҳмладим. Биз одамларга яхши, ғамхўр ота-она эканимизни исботлаш учун боламизни борича қабул қилишдан воз кечган эдик. Аслини олганда, ўғлимиз бахти борасидаги хавотиримиздан кўра, муаммони кўриш ва ечиш усулимизда кўп гап бор эди.
Хулосаларимни рафиқам билан бўлишгач, иккимиз ҳам феъл-атворимиз ва ўйларимиз ўғлимизга қаттиқ таъсир қилишига амин бўлдик. Ижтимоий таққослаш омиллари ички қадриятларимиз билан ҳамоҳанг бўлмаса, бу шартли севгига ва охир-оқибат боламизнинг ўз-ўзини қадрлаш туйғуси пасайиб кетишига олиб келиши мумкин эди. Шундай қилиб, биз бундан буёғига бор диққатимизни фарзандимизни муваффақиятли қилиш учун қўллаётган чораларимизга эмас, балки ўзимизга, туб омилларимизга ва ўғлимизни тушунишга қаратдик. Фарзандимизни ўзгартиришга уринмай, аксинча, уни ўз ҳолига қўйдик – ўзини англашига, мустақил бўлишига ва қадр-қимматини ҳис қилишига имкон яратдик.
Шундан сўнг, теран фикрлаш, иймон ва ибодат ҳамроҳлигида ўғлимизнинг ўзига хос хусусиятларини кўра бошладик. У вақти-соати етиб юзага чиқадиган қатлам-қатлам иқтидор соҳиби эди. Биз хотиржам тортиб, фарзандимиз ўз йўлини ўзи топишига тўсиқ бўлмасликка келишдик. Бундан буён ота-она сифатидаги ролимиз уни қадрлаш, яхши кўриш ва борича қабул қилишдан иборат бўлди. Шу билан бирга, ички ҳиссиётларимизни виждонан жиловлаб, бизнинг қадр-қимматимиз фарзандларимизнинг барчага «мақбул» келиши билан ўлчанмаслигига ўзимизни тайёрладик.
Фарзандимиз ҳақидаги эски тушунчалардан воз кечиб, қадриятга асосланган мотивларни ривожлантирганимиздан сўнг, янгича ҳис-туйғулар пайдо бўла бошлади. Энди ўғлимизни бошқалар билан таққослаш ёки муҳокама қилиш ўрнига, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан завқланардик. Биз боламизни ўз тасаввуримизга ёки жамият андазаларига мослаштиришга ҳаракат қилишни тўхтатдик. Чунки у ҳар томонлама соғлом эканлигига, ўз ҳаётини ўзи эплай олишига кўзимиз етди. Кимлардир унинг устидан кулса, бошқа эътибор бермадик.
Ўғлимиз ҳамиша қанотимиз остида улғайгани, энди эса ҳимоясиз қолаётганлиги сабаб илк оғриқли изтиробларни бошдан кечирди. Буни бизга изҳор этганида, индамай эшитдик, лекин ҳеч қандай жавоб қайтармадик. Бу орқали «Сен муҳофазага муҳтож эмассан! Сенда мутлақо муаммо йўқ!» дея унга билдирдик.
Шу тариқа ҳафталар, ойлар ўтди. Фарзандимизнинг ўзига ишончи анча юксалди ва ўзини борича қабул қилишни ўрганди. Унинг иқтидори ўз ҳолича ўса бошлади. Вақтисоати келганда, жамият мезонларига жавоб берадиган – ақлий, жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан баркамол шахсга айланди. Ўтаётган йиллар давомида у талабаларнинг турли уюшмаларига етакчи этиб сайланди, мамлакатнинг энг яхши спортчиларидан бири бўлди ҳамда уйга аъло баҳолар тўла табель билан қайта бошлади. Ўғлимизда шаклланган жозибадор ва софдил шахсият одамлар билан қийинчиликсиз алоқа боғлашга имкон берди.
Ҳозир рафиқам билан ишонамизки, жигарбандимиз эришган ютуқлар шунчаки бир ижтимоий мукофотга жавобан эмас, балки ўзига нисбатан ҳис-туйғуларининг ёрқин ифодаси эди. Бу мен учун ҳам, Сандра учун ҳам ажойиб тажриба бўлди ва бошқа фарзандларимизни тарбиялашда муҳим қўлланма вазифасини ўтади. Биз муваффақиятга эришишнинг феъл-атвор этикаси ҳамда шахс этикаси ўртасидаги фарқни билиб олдик. Бизнинг қарашларимизни муқаддас матндан олинган қуйидаги сатр жуда яхши ифода этади: «Қалбингизга шундай иштиёқ билан ишлов берингки, ҳаётий муаммолар ундан чиқиб кетсин».
Ўғлим билан бўлган воқеа, идрок бўйича тадқиқотим ва муваффақиятга оид адабиётларни мутолаа қилганларим бирлашиб, ҳаётда барча нарса ойдинлашувчи лаҳзадан иборат «Аҳа!» ҳолатини вужудга келтирди. Мен кутилмаганда шахс этикасининг кучли таъсирини кўришга муваффақ бўлгандим. Бундан ташқари, мен тўғри деб биладиган нарсалар – болалигимда сингдирилган тушунчалар, қадр-қиммат борасидаги ботиний қарашларим – ҳамда кундалик муаммоларга тезкор ечим топишга мўлжалланган фалсафалар орасидаги тафовутлар юзага чиққанди. Бу жуда нозик тавофутларни кўпинча онгли равишда аниқлаб бўлмасди. Камина нима учун ўзим ўқитаётган ва самарали деб билган нарсалар тезкор ечим фалсафаларига зид келишини чуқурроқ тушуниб етдим.
Мен шахс этикасининг таркибий қисмлари – шахсий ривожланиш, мулоқот маҳорати машғулотлари, шунингдек, ижобий фикрлаш ва таъсир кўрсатишга йўналтирилган таълим бефойда деб айтишдан йироқман. Аслини олганда, баъзан улар муваффақият учун керакли ҳамдир. Мен уларга ишонаман. Аммо юқоридаги таркибий қисмлар муваффақиятнинг иккиламчи омилидир, бирламчи эмас. Муаммо шунда эдики, бор салоҳиятимизни ишга солиб, замонавий ҳаёт деб аталмиш иморат деворини қуришга шунчалик берилиб кетганимиздан, шу деворни тутиб турувчи пойдеворни ёддан чиқардик. Ваҳоланки, бу пойдевор ўтмиш аждодларимиз томонидан бой тажрибага асосланиб қурилган эди. Ё бўлмаса, далага бориб, ўзимиз экмаган буғдойни ўришга шунчалар кўп вақт сарфладикки, буғдой экиш заруриятини унутдик. Феъл-атворим табиатан бузуқ бўла туриб, бошқа одамларни ўзим истаган ишни қилишга, яхши ишлашга, илҳомлантиришга, мени ва бир-бирини яхши кўришга ундаш йўлида носамимийлик ва иккиюзламачиликка йўғрилган стратегиялардан фойдаланмаслигим керак. Бу ҳолатда мустаҳкам муваффақиятга эриша олмайман. Мендаги иккиюзламачилик кун келиб ишончсизликка сабаб бўлади. Ўшанда мен бажарадиган ҳамма нарса – ҳатто инсонлар билан самарали алоқа ўрнатишнинг энг машҳур усулларини қўллаганимда ҳам, ҳийлакорлик сифатида қабул қилинади. Нутқим нақадар аъло, ниятим нақадар яхши бўлмасин, ишончсизлик бор жойда доимий муваффақият пойдеворини қуриш имконсиз. Фақат эзгуликкина муваффақиятли бўлиш учун қўллайдиган услубларга ҳаёт бағишлайди.
Услубларга диққат қаратиш худди йўл-йўлакай, юзаки тайёргарлик кўриб имтиҳонга киришга ўхшайди. Баъзан йиқилмайсиз, яхши баҳо олиш эҳтимолингиз ҳам бор. Лекин бунинг келажаги йўқ. Ҳар куни жиддий шуғулланмасангиз, на ўрганаётган фанингизнинг чин билимдонига айланасиз, на онгингизни ривожлантира оласиз.
Баҳор чоғи фермага бориш, уруғ экишни унутиб, ёз бўйи ўйнаб-кулиб юриш ва куз келганда йўқ ҳосилни йиғиб олишга уриниш нақадар бемаъни бўлиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Ферма – табиий тизим. Найрангни тан олмайди – меҳнат қилсангиз, натижага эришасиз. Ҳамиша экканингизни ўрасиз; бошқача бўлиши мумкин эмас. Ушбу тамойил инсонларнинг ўзини тутиши, шунингдек, бошқалар билан алоқаси борасида ҳам бирдек амал қилади. Чунки хулқ-атвор ва муносабат «Ҳосил Қонуни»га асосланган табиий тизим ҳисобланади. Қисқа муддатли воқеликларда – айтайлик, мактаб каби сунъий ижтимоий тизимда – одамлар ўйлаб топган «ўйин қоидалари»га амал қилиб, манипуляция қилишни ўргансангиз, вазиятни ўз ҳисобингизга ҳал қилишни уддалайсиз. Бир марталик ёки узоққа чўзилмайдиган мулоқотда шахсият этикасидан фойдаланиш, жозибали ва моҳир кўриниш, ўзингизни суҳбатдошнинг ҳаётига қизиқаётгандек тутиш орқали ёқимли таассурот қолдириш имконияти мавжуд. Иккиламчи омиллардан иборат шахс этикаси қисқа муносабатлар жараёнида иш бериши мумкин, бироқ узоқ муддатли муносабатлар учун яроқсиз бўлади. Агар сизда тўғрилик, самимийлик сингари хислатлар бўлмаса, кун келиб ҳаёт қийинчиликлари асл башарангизни ошкор қилиб қўяди. Натижада қисқа муддатли муваффақият ўрнини барбод бўлган муносабатлар эгаллайди.