Стивен Кови – Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси (страница 1)
Стивен Р. Кови
Муваффақиятли инсонларнинг етти кўникмаси
1 қисм
Парадигма ва тамойиллар
ИЧКАРИДАН – ТАШҚАРИГА
Камина йигирма беш йилдан буён тадбиркорлик, олий таълим, никоҳ ва оила масалалари билан шуғулланаман. Бу вақт мобайнида ақл бовар қилмас зоҳирий муваффақиятларга эришган шахслар билан мулоқотда бўлдим. Уларнинг кўпчилиги бошқалар билан соғлом алоқа ўрнатиш, шахсий хотиржамлик ва самарадорликка ич-ичидан муҳтож эди.
Улар эътироф этган мана бу муаммолар сизга ҳам таниш бўлса керак:
– Мен карьера масаласида ўз олдимга қўйган барча мақсадларимга эришиб, улкан муваффақият қозоняпман. Лекин бу шахсий ҳаётим эвазига бўлди. Мен энди рафиқам ва болаларимга гўё бегонадекман. Ҳатто ўзимни ҳам таний олмай қоламан, ўзим учун аслида нима муҳимлигини ҳам аниқ билмайман. Шунда ўзимга савол бераман – эришганларим чиндан ҳам шунча қурбонликка арзийдими?
– Мен яна парҳез қилишни бошладим – шу йил ҳисобида бу бешинчиси. Ортиқча вазнга эгалигимни яхши биламан ва ўзгаришни, қоматимни тартибга келтиришни истайман. Шунга дахлдор нима янги маълумот учраса, қолдирмай ўқиб бораман, олдимга қатъий мақсад қўяман, ўзимни руҳлантириб, парҳез қилиш қўлимдан келишига ўзимни ишонтираман. Аммо барибир охиригача уддалай олмайман. Парҳез бошлаганимдан бир неча ҳафта ўтгач, иштиёқим сўнади. Мен шунчаки ўзимга берган ваъдамни бажаришга ожизлик қиламан.
– Самарали бошқарувни ўргатувчи бир нечта курсларга қатнашдим. Ходимларимга нисбатан талабчанман, лекин уларга ҳамиша тўғри ва дўстона муносабатда бўлишга астойдил ҳаракат қиламан. Таассуфки, улардаги садоқат ҳиссини туймайман. Тобим қочиб, бир кун ишга бормасам, барча ходимлар асосий вақтини иш қолиб, гап сотиб ўтказадигандек гўё. Нима учун уларни мустақил ва масъулиятли бўлишга ўргата олмайман? Наҳот ўзим истагандек хислатларга эга ишчиларни топишни ҳам эплолмасам?
– Ўсмир ўғлим жуда қайсар, боз устига, гиёҳванд моддаларга ружу қўйган. Қанча уринмай, менга умуман қулоқ солмайди. Нима қилсам бўлади бу вазиятда?
– Бажаришим керак бўлган ишлар жуда кўп, вақтим етмайди. Ҳафтада етти кун, йигирма тўрт соат кучли босим остида ва муаммолар гирдобида юргандек бўламан. Буларга барҳам бериш учун вақтни тўғри тақсимлаш бўйича семинарларда иштирок этдим, турли хил усулларни синаб кўрдим. Қайсидир маънода улар менга ёрдам берди. Шундай бўлса ҳам, ҳаётим ҳануз ўзим истагандек бахтли, самарали ва осуда эмас.
– Фарзандларимни меҳнаткашликка ўргатишни истайман. Аммо уларга бирор юмушни бажартириш давомида ҳар бир ҳаракатини кузатишимга, адоғи йўқ нолишларини тинглашимга тўғри келади. Бу ишларни ўзим бажарсам, осонроқ битади. Нега энди болалар ўз юмушларини ўзлари истаб, хурсандчилик билан бажармайди?
– Мен бандман – чиндан ҳам бандман. Лекин баъзан қилаётган ишларим охир-оқибат ниманидир ўзгартирармикан деб ўйлаб қоламан. Мен чин юракдан ҳаётимда мазмун борлигига, менинг мавжудлигим муҳим аҳамият касб этишига ишонгим келади.
– Дўстларим ёки қариндошларим муваффақиятга эришаётганини, ютуқлари туфайли эътироф этилаётганини кўриб, хурсанд бўламан ва завқ-шавқ билан уларни табриклайман. Бошқа тарафдан, ичимни ит тирнай бошлайди. Нега ўзимни бундай ҳис қиламан?
– Менинг иродам жуда кучли. Аниқ биламан: деярли барча муносабатларда натижани ўзим назорат қила оламан. Кўпинча бошқаларни ўзим истаган ечимга кўндириш орқали бунга эришаман. Ҳар бир вазиятни кўздан кечириб, фикрим ҳаммага бирдек маъқул бўлади деган хаёлга бораман. Шу билан бирга, ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Бошқалар мен ва менинг фикрларим ҳақида қандай ўйларкин деб қизиқаман.
– Оилавий ҳаётим издан чиқди. Турмуш ўртоғим билан уришмаймиз, жанжаллашмаймиз; биз шунчаки ортиқ бир-биримизни севмаймиз, холос. Вазиятни тўғрилашга уриндик, мутахассислардан маслаҳат олдик. Бари – бефойда. Қачонлардир бўлган ҳис-туйғуларни қайтара олмайдиганга ўхшаймиз.
Буларнинг бари жуда чуқур ва оғриқли муаммолардир. Уларни қисқа муддатда ҳал қилишнинг асло иложи йўқ.
Бир неча йил муқаддам, рафиқам Сандра иккимиз худди шунга ўхшаш муаммо билан курашгандик. Ўғилларимиздан бирининг мактабдаги ўқиши оқсарди. Унинг ўзлаштириши пасайиб кетган, синовлардан муваффақиятли ўтиш тугул, ҳатто тест йўриқномаларини ҳам эплаб тушуна олмасди. Боз устига, одамлар билан муносабатда жуда ғўр бўлиб, тез-тез яқинларининг юзини ерга қаратиб қўярди. Шунингдек, фарзандимизнинг жисмоний ҳолатига ҳам ҳавас қилиб бўлмасди. У заиф, озғин ва бесўнақай эди. Масалан, оддийгина бейсбол ўйинида, таёқни копток ҳавога ирғитилмасидан аввалроқ силкитиб юборарди. Бошқалар уни мазах қиларди.
Сандра билан ўғлимизга қандай ёрдам беришга бошимиз қотганди. Муваффақиятли бўлиш ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида, жумладан, ота-оналик бурчини адо этишда ҳам муҳим эканлигини ҳис қилдик. Шунинг учун фарзандимизга бўлган муносабатимизни ўзгартириб, унинг хулқи билан жиддий шуғуллана бошладик. Ижобий фикрлаш усулларидан фойдаланиб, ҳар бир юмушда руҳий далда беришга интилдик. Мисол учун, бейсбол ўйнаётган ўғлимизга шундай дердик: «Бўлақол, болам! Сен буни уддалайсан! Сенга ишонамиз! Иккала қўлинг билан бейсбол таёғини ушла ва бироз баландроқ тут. Коптокдан кўзингни узма. Копток сенга яқинлашмагунча, таёқни силкитма». Шундан кейин, агар ўйинда бироз яхшиланиш кузатсак, уни янада кўпроқ рағбатлантирдик: «Баракалла, ўғлим! Шундай давом эттир!»
Фарзандимизнинг устидан кулганларга:
– Болани тинч қўйинг: у эндигина ўрганяпти, – деб танбеҳ берардик. Шундай дамларда ўғлимизнинг мижжаси ёшга тўлар, ҳеч қачон бу иш қўлидан келмаслигини, умуман, бейсболни жинидан бешбаттар ёмон кўришини айтиб йиғларди.
Хуллас, фарзандимизни муваффақиятли қилиш учун уринишларимиз зое кетгач, чиндан ҳам ташвишга тушиб қолдик. Унинг ўзига бўлган ишончи тобора пасайиб борарди. Ўғлимизни руҳлантиришга, хайрихоҳлигимизни кўрсатишга ҳар қанча ҳаракат қилмайлик, такрор ва такрор муваффақиятсизликка учрадик. Шунда ниҳоят бир қадам ортга чекиниб, вазиятга бошқа томондан қарашга қарор қилдик.
Айнан ўша пайтлари касбий фаолиятимда янги лойиҳага жалб этилдим. Бу лойиҳа етакчиликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишдан иборат эди. Мижозлар турфа хил бўлиб, улар бутун мамлакат бўйлаб тарқалганди. Хусусан, мен IBM компаниясининг Ижровий ривожлантириш лойиҳаси иштирокчиларига мўлжалланган ўқув-машғулот дастури тайёрлашга киришдим. Икки ой давом этадиган дастур мулоқот ва идрок мавзусида эди.
Шу мавзу юзасидан изланиб, тақдимотлар тайёрлар эканман, идрокнинг шаклланиш ва ишлаш механизмига қизиқиб қолдим. Шу боис, «Умидворлик назарияси», шунингдек, ўз-ўзини бажо келтирувчи башоратлар, бошқача айтганда, «Пигмалион эффекти»ни чуқур ўрганиб чиқдим. Идрокимиз нақадар чуқур аҳамиятга эга эканлигини англаб етдим. Ўрганганларимдан маълум бўлдики, биз атрофни, ундаги вазиятларни махсус линза орқали кўрамиз. Шундай экан, бирор ҳодисани таҳлил қилаётганда, нафақат вазиятга, балки вазиятни кўрсатаётган линзага ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Чунки ана шу линза дунёни идрок этишимизда асосий восита ҳисобланади.
IBM компаниясида ўқув машғулотларим ҳамда бошимиздаги ташвиш ҳақида Сандра билан гаплашар эканман, иккимиз бир ҳақиқатни тушуна бошладик: ўғлимизга ёрдам бериш учун қилаётган ишларимиз ва уни аслида қандай кўришимиз ўртасида уйғунлик йўқ экан. Биз ички ҳиссиётларимизни виждонан таҳлил қилдик. Тан олиш керак, фарзандимизни чиндан ҳам қолоқ ва ношуд бола деб ўйлар эдик. Уни муваффақиятли қилиш учун уринишларимиз самара бермаётгани бежиз эмасди. Муомала ва муносабатимиз, меъёрдан ортиқ рағбатлантиришлар орқали биз боламизга: «Сен лаёқатли эмассан! Сен ҳимояга муҳтожсан», – демоқда эдик.
Шу тариқа рафиқам билан тушуна бошладикки, вазиятни ўзгартириш учун дастлаб ўзимизни ўзгартиришимиз зарур экан. Ўзимизни самарали ўзгартиришимиз учун эса аввало идрокимизни ўзгартирмоғимиз талаб қилинарди.
Идрок борасида изланиш олиб бориш билан бир қаторда, мен 1776 йилдан бери Америка Қўшма Штатларида чоп этилган муваффақият сирлари тўғрисидаги адабиётларни ўрганишга шўнғидим. Камина ўзини такомиллаштириш, оммабоп психология, ўз-ўзига ёрдам бериш каби мавзулар ёритилган юзлаб китоб, мақола ва эсселарни ўқиб ёки кўздан кечириб чиқдим. Озод ва демократик бу халқ вакиллари муваффақиятли ҳаёт калити деб ҳисоблаган омилларни жамладим.
Тадқиқотим мобайнида 200 йил аввал битилган муваффақиятга оид асарлар билан танишар эканман, ўша давр адабиёти мазмуни ҳайратланарли даражада ўзгача бўлганини кўрдим. Оилам, шунингдек, йиллар давомида мен бирга ишлаган кўплаб одамларнинг ҳаёти ва муносабатларида ўзим гувоҳ бўлган изтироблар туфайли сўнгги 50 йил ичида чоп этилган муваффақиятга доир адабиётлар жуда саёз эканлигига тобора амин бўлиб бордим. Бошқача айтганда, муваффақият сирлари ҳақида ёзилган замонавий адабиётлар жамиятда ижтимоий имиж яратиш усуллари, одамларни қийнайдиган жиддий муаммоларга тезкор, бироқ юзаки ечим топиш чоралари билан тўлибтошган эди. Бу худди боши қаттиқ оғриётган одамга аспирин беришдек гап. Аспирин бош оғриғини вақтинча тўхтатиши мумкин, лекин сурункали касалликларга даво бўлмаслиги шубҳасиз. Худди шу каби, замонавий адабиётларда битилган ечимлар муваффақиятга эришиш йўлида шахс дуч келадиган қийинчиликларни вақтинча енгиллатади, лекин муваффақиятсизликнинг асл сабабини бартараф қилмайди.