Стивен Кови – Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси (страница 10)
Ота-она ва бола ўртасидаги муносабат-чи? Болангиз гўдаклигида сизга қарам ва ожиз бўлади. Бундан эса, уни тарбиялаш, мулоқотда бўлиш, тинглаш каби ТВга йўналтирилган ишларни эътиборсиз қолдирилиши эҳтимоли ошади. Айни пайтда сизда устунликни ўз қўлингизга олишга, фарзандингизга таъсир ўтказишга, хоҳлаганингизни талаб қилишга барча имкониятлар муҳайё. Сиз каттароқсиз, ақллироқсиз ва сиз ҳақсиз. Шундай экан, нима учун болангизга нима қилиш кераклигини уқтирмас экансиз? Керак бўлса, унга бақирасиз, қўрқитасиз, ўз йўлингиздан юришни талаб қиласиз.
Ёки уни ўз ҳолига ташлаб қўйишингиз мумкин. Бошқа ишларга чалғиб, фарзандингиз истагини бажаришга шароит яратиб беришингиз мумкин. Ана шунда у шахсий интизом ва масъулият туйғуларидан йироқ бўлиб улғаяди.
Қаттиққўл ёки ҳамма нарсага йўл қўйиб берадиган – иккала ҳолда ҳам сиз олтин тухум дардидасиз. Ҳамма нарса сиз хоҳлагандай бўлишини ёки сизни яхши кўришларини хоҳлайсиз. Айни пайтда ғозга нима бўлади? Бир неча йиллик йўлни босиб ўтгандан сўнг, фарзандингизда яхши танлов қилиш ёки муҳим мақсадларга эришиш учун зарур бўлган масъулият, интизом, ўзига ишонч туйғулари қандай шаклланади? Ўртадаги муносабатлар-чи? Фарзандингиз айни ўсмирлик чоғида, руҳий муаммоларга дуч келганда сиз уни айбламай тинглашингиз, у ҳақда қаттиқ қайғуришингиз, нима бўлишидан қатъи назар, сизга ишониш мумкинлигини қандай англаб етиши мумкин? Ўртадаги муносабат у билан мулоқот қилишга, унга таъсир ўтказишга ярайдими?
Тасаввур қилинг, сиз қизингизнинг хонаси озода бўлишини истайсиз. Буни – Т, таъминот, олтин тухум деб олайлик. Яна тасаввур қилинг, қизингиз хонасини ўзи тозалашини хоҳлайсиз бу – ТВ, таъминлаш воситаси. Сизнинг қизингиз бу ерда ғоз ўрнида, олтин тухумни таъминловчи восита. Агар Т ва ТВ ўртасидаги мувозанатни сақласангиз, қизингиз эслатмасангиз ҳам хонасини мамнуният билан тозалайди. Чунки у интизомга содиқ, мажбуриятларни доимо бажаришга интилади. Бу ўринда, қизингиз олтин тухум қўядиган ғоз каби бебаҳо таъминот воситаси бўлади.
Лекин сизнинг парадигмангиз фақат таъминотга, яъни хонани тозалатишга қаратилган бўлса, натижага эришиш йўлида фарзандингиз билан ўчакишиб қолишингиз мумкин. Тни рўёбга чиқариш учун, қизингизга бақириш ва қўрқитишгача боришингиз ҳеч гап эмас. Бу орқали олтин тухум дардида ғознинг саломатлигига путур етказиб қўясиз.
Келинг, сизга қизларимдан бири билан содир бўлган ТВга оид бир хотирани айтиб бераман. Вақт бўлганда ҳар бир фарзандим билан алоҳида, яккама-якка сайрга чиқиш одат тусига кирганди. Бу бизга жуда ёқарди ва сайр кунини интизорлик билан кутардик. Галдаги сайрни режалаштириш учун қизимнинг ёнига бордим ва дедим:
– Асалим, бугун сенинг навбатинг. Нима қилишни хоҳлайсан?
– Вой, дадажон, шарт эмас, – жавоб берди у.
– Йўқ, ростдан, – дедим. Нима қилгинг келяпти?
– Яхши, – у ахийри жавоб берди. – Лекин мен қилишни хоҳлаган нарсани сиз хоҳламайсиз-да.
– Ундай эмас, шакарим, – дедим жиддий оҳангда, – хоҳлайман. Нима бўлишидан қатъи назар, бу сенинг танловинг бўлади.
– Мен «Юлдузлар жанги»ни кўришга боришни истайман, – қизим жавоб берди. – Лекин сиз «Юлдузлар жанги»ни ёқтирмаслигингизни биламан. Ўтган сафар ҳам бошидан охиригача ухлагандингиз. Сизга фантастик кинолар ёқмайди. Шарт эмас, дадажон.
– Йўқ, асалим. Агар сен шуни хоҳласанг, мен ҳам хоҳлайман.
– Дадажон, ташвишланманг. Бу сайрни доим ҳам ташкиллаштиришимиз шарт эмас-ку, – у тўхтади ва яна давом этди: – Биласизми, нимага «Юлдузлар жанги» сизга ёқмайди? Сиз Жеди Найтнинг дарслари ва фалсафасини тушунмайсиз.
– Тушунмадим?
– Сиз менга ўргатадиган нарсалар бор-ку, дадажон. Шулар Жеди Найтнинг дарсларида бериладиган нарсалар билан бир хил.
– Ростданми? Кетдик, унда «Юлдузлар жанги»га борамиз.
Ва биз бордик. У ёнимда ўтирди ва менга тушунтириб турди. Мен унинг ўқувчиси, талабаси эдим. Жуда ажойиб бўлди. Жеди Найтнинг тарбиявий фалсафаси асоси турли ҳолатларни қамраб олишини англай бошладим. Бу тажриба олдиндан режаланган Т амалиёти эмас эди. У ТВ учун сармоя киритишнинг ўзига хос кутилмаган меваси эди. Бу жудаям қониқарли ва ришталарни мустаҳкамловчи амалиёт бўлди. Шу билан бирга, биз олтин тухумдан ҳам баҳраманд бўлгандик. Ғоз, яъни ўртадаги ришталар тўйдирилган эди.
Ҳар қандай тўғри тамойилнинг қимматли жиҳатларидан бири шундаки, у турли вазиятлар учун бирдек ўринли бўлади. Қўлингиздаги китоб орқали сизга ушбу тамойилларни турли муассасалар, шунингдек, оила ҳамда алоҳида шахслар учун қўллашнинг айрим усулларини баҳам кўраман.
Ташкилотлардаги фаолияти давомида моддий воситалардан фойдаланишда Т/ТВ мувозанатига риоя қилмайдиган одамлар ташкилий самарадорликни пасайтиради ва ўзидан кейингиларга ўлаётган ғозни ташлаб кетади.
Мисол учун, компаниядаги мавжуд жисмоний восита, айтайлик, ишлаб чиқариш машинасини бошқарувчи ходим ўз раҳбарларида илиқ таассурот қолдиришни истайди. Компания айни ривожланиш палласида, шунинг учун ходимларнинг мартабаси тез-тез оширилади. Хуллас, ўша ходим ишлаб чиқариш машинасини танаффуссиз юргизади. Ўз-ўзидан, маҳсулот миқдори кўпайиб, харажатлар камаяди, олинадиган фойда эса ошади.
Бундай натижадан сўнг ходимнинг мартабасини оширишади. У ўзи орзу қилган олтин тухумларни қўлга киритади.
Энди эса, ўзингизни ўша мартабаси ошган ходим ўрнига тайинланган ишчи сифатида тасаввур қилинг. Сизга топширилган ишлаб чиқариш машинаси худди бемор ғозга ўхшайди. У тўхтовсиз фойдаланилганлиги туфайли бузилиб, деярли яроқсиз аҳволга келиб қолган. Сиз уни тузатиш ва самарадорлигини таъминлаш учун сармоя сарфлашингизга тўғри келади. Натижада харажатлар осмонга кўтарилади, даромад эса ер билан битта бўлади. Хўш, кўрилган зарар учун кимни айблашади? Албатта, сизни. Гарчи таъминот воситаси бузилишига сиздан олдинги ходим айбдор бўлса-да. Лекин компаниянинг ҳисоблаш тизими фақатгина маҳсулот, харажат ва даромад тўғрисида хабар беради, холос.
Т/ТВ мувозанатини, айниқса, ташкилотнинг инсоний воситалари мижозлар ва ходимлар учун қўллаш жуда аҳамиятли.
Мен хуштаъм моллюскали крем шўрваси билан танилган бир ресторанни биламан. Авваллари тушлик вақтида, у ер ҳамиша мижозлар билан гавжум бўларди. Кейинчалик ресторанни сотиб юборишди. Янги хўжайин бор диққатини «олтин тухумлар»ни кўпайтиришга қаратди ва ошпазларга шўрвага кўпроқ сув қўшишни буюрди. Тахминан, бир ой ичида, харажатлар камайиб, даромад юқорилади ва соф фойда миқдори кўтарилди. Бироқ астасекин мижозлар ҳам кўздан ғойиб бўла бошлади. Ўртадаги ишонч йўқолиб, ресторан умуман фойда кўрмай қўйди. Янги хўжайин бизнесни эски ҳолига қайтаришга ҳарчанд уринмасин, беҳуда бўлди. Чунки у мижозлар ҳақида қайғуришни унутиб, уларнинг садоқати ва ишончидан маҳрум бўлди. Олтин тухум билан таъминловчи восита ўлди.
Шундай ташкилотлар борки, улар мижозлар тўғрисида кўп ва хўп қайғуради, лекин мижоз билан ишловчи ходимларни бутунлай ёддан чиқаради. ТВ тамойилига мувофиқ, ходимларингиз мижозларга қандай муомала қилишини истасангиз, ўзингиз ҳам ходимларингизга шундай муомала қилишингиз керак.
Сиз инсоннинг меҳнатини сотиб олишингиз мумкин, лекин иштиёқ ва садоқатини сотиб ололмайсиз. Сиз унинг ижодкорлиги, доҳиёна фикрлари ва зукколигини ҳам пул билан қўлга киритолмайсиз.
Ишдаги ТВ ходимларга худди мижозингиздек яхши муносабатда бўлишдан иборат. Аслида ҳам шундай. Ходимларингиз ўз ақли ва садоқатини компаниянгизга бахшида этади.
Қандайдир йиғилишда ўтирганимда, бир киши ўртага савол ташлади:
– Дангаса, лаёқатсиз ходимларга қандай муносабатда бўласиз?
Тўпланганлардан бири луқма ташлади:
– Уларга нақ граната улоқтираман!
Бир неча киши бу жангари жавобни олқишлади. Эркакнинг сўзларида «ё айтганимдек ишла, ёки кўзимдан йўқол» деб аталувчи бошқарув шакли акс этганди.
Шунда бошқа киши сўради:
– Граната портлагандан кейинги харобаларни ким тузатади?
– Ҳеч қанақа хароба бўлмайди! – жавоб қайтарди «жангари» раҳбар.
– Ундай бўлса, нега мижозларингизга шу усулни қўлламайсиз? – давом этди ўша одам. – Харидорларингизга қараб, сотиб олгингиз келмаса, бу ердан даф бўлинг деб айтсангиз нима бўлади?
– Мижозларга нисбатан бундай қилиб бўлмайди, – деди «жангари» бошлиқ.
– Унда нега ходимларга қилиш мумкин?
– Чунки улар менинг қўл остимда ишлайди.
– Тушунарли. Айтинг-чи, ходимларингиз сизга садоқатлими? Улар жон куйдириб меҳнат қиладими?
– Ҳазиллашяпсизми? Ҳозир яхши кадрларни топиш умуман иложсиз. Ходимларим тез-тез ишдан бўшайди, иш қолдиради ёки иккита жойда ишлайди. Уларни ҳеч нарса қизиқтирмайди.
«Жангари» раҳбарнинг бу муносабати, парадигмаси фақат олтин тухумларга эга чиқишга йўналтирилгани боис, у ҳеч қачон ходимларининг меҳрини қозона олмайди. Қисқа муддатда натижа кўрсатиш – жуда муҳим. Лекин бундан бошқа аҳамиятли нарсалар ҳам бор.
Самарадорлик – мувозанат асосида ётади. Тга ҳаддан зиёд эътибор қаратиш соғлиқнинг ёмонлашуви, машиналарнинг ишдан чиқиши, банк ҳисоб рақамларидаги маблағнинг камайиши ва муносабатларнинг бузилишига олиб келади. Таъминотга қаратилган ортиқча эътибор худди кунига уч ёки тўрт соат югураётган одамга ўхшайди. Бу одам ҳаётининг ўртача ўн йилини югуришга сарфлаётганидан бехабар бўлади. Ё бўлмаса, буни бир умр ўқишга борадиган, лекин тайинли натижа кўрсатмай, бошқа кишиларнинг олтин тухумлари ҳисобига яшовчи абадий талаба синдромига қиёслаш мумкин.