Стивен Кови – Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси (страница 12)
Аслида жами учта ижтимоий харита мавжуд. Улар мустақил ёки қўшма ҳолда инсон табиатини тушунтириб берувчи детерминизм назариялари ҳисобланади.
Генетик детерминизмга мувофиқ – сизнинг ҳозирги феъл-атворингиз ота-боболарингиздан мерос бўлиб ўтган. Масалан, бобонгиз қизиққон эди, шунинг учун сиз ҳам қизиққонсиз. Бу сизнинг ДНКнгизда бор ва келгуси авлодларга ҳам мерос бўлиб ўтади. Бундан ташқари, сиз ирландсиз. Қизиққонлик эса барча ирландларнинг табиатида бор.
Психологик детерминизмга кўра, феъл-атворингиз қандай бўлиши оилангизга боғлиқ. Ота-онангиз берган тарбия, болалик тажрибаларингиз асосида феъл-атворингиз шаклланади. Масалан, сиз гуруҳнинг энг олдинги сафида бўлишдан чўчийсиз, чунки сизни шундай тарбиялашган. Сиз хато қилсангиз, даҳшатга тушасиз, сабаби болалигингизда ожиз ва қарам бўлганингиз онгостингизда сақланиб қолган. Ҳар сафар бирор ишни уддалай олмаганингизда, оила аъзоларингиз сизни руҳан жазолагани, камситгани ёки ким биландир таққослагани натижасида тортган азобларингиз ёдингизга тушади.
Учинчи – ташқи муҳит детерминизмига биноан, феълатворингиз шаклланишига бошлиғингиз ёки рафиқангиз, фарзандингиз, молиявий аҳволингиз ёки миллий сиёсат таъсир ўтказади. Яъни сизнинг ким бўлишингизга атрофингиздагилар жавобгар саналади.
Бу хариталарнинг ҳар бири стимул/реакция назариясига асосланган. Бу назарияни тушуниш учун Павловнинг итлар билан ўтказган тажрибасини эслаш кифоя. Ундаги бош ғоя шундаки, биз муайян стимул(туртки)га нисбатан муайян реакция билдиришга мослашганмиз.
Хўш, ижтимоий хариталар қанчалик аниқ ишлайди? Бу кўзгулар инсон табиатини қанчалик тўғри акс эттиради? Улар ўзини оқлайдими? Ижтимоий кўзгулар биз қабул қила оладиган тамойилларга асосланганми?
Юқоридаги саволларга жавоб сифатида сизга Виктор Франклнинг ҳикоясини айтиб бераман.
Франкл ёшлигидан Фрейд психологияси анъаналари бўйича тарбияланган детерминист эди. У болаликда рўй берган ҳодисалар инсоннинг феъл-атворини шакллантириб, бутун ҳаётини бошқариши ҳақидаги назарияни маъқуллаган. Унга кўра, сизнинг чекловларингиз ва параметрларингиз аллақачон ўрнатиб бўлинган, энди уни ўзгартириш учун ҳаракат қилиш бефойда. Келиб чиқиши яҳудий бўлган Франкл психиатр эди. У фашист Германиясининг ўлим лагерида қамоқда сақланган. Франклнинг у ерда бошидан кечирган кўргиликлари шу қадар даҳшатли эдики, тасаввуримизга сиғмайди.
Унинг ота-онаси, укаси ва рафиқаси ҳам ўлим лагерида вафот этган ёки газ ўчоқларида тириклай ёқиб юборилган эди. Синглисидан ташқари бутун оиласи ҳалок бўлганди. Франклнинг ўзи сон-саноқсиз қийноқ ва хўрликлардан азоб чекар, бир дақиқадан сўнг ҳаётида нима содир бўлишини билмасди; уни нима кутмоқда: бир неча сониядан сўнг ўчоққа ирғитиладими ёки куйганларнинг кулини йиғиб олувчи «бахтлилар» қаторидан жой оладими?
Кунларнинг бирида, тор бир камерада яланғоч ва ёлғиз ўтирган Франклнинг миясида кейинчалик «Инсон озодлигининг якуни» деб атаган ғоя пайдо бўлади. Бу ғояга кўра, фашистлар уни назорат қилиши, танасини азоблаши мумкин, лекин озодлигини тортиб ололмайди. Чунки Франкл бошидан ўтаётганларни таҳлил қилишга, ўзини англашга қодир эди. Унинг шахсиятига ҳеч ким тегина олмасди. Франкл рўй бераётган воқеликлар унга қандай таъсир қилишини ич-ичидан ўзи белгилай оларди. Унга нима бўлиши, яъни, стимул ҳамда бунга нисбатан унинг реакцияси ўртасида Франклнинг озодлиги, танлов имконияти бор эди.
Тажрибалари давомида Франкл ўзини турли вазиятларда, масалан, лагердан халос бўлгач, талабаларга маъруза ўқиётган ҳолда тасаввур қиларди. Онг кўзи билан қараб, у ўзини синфхонада қандай тургани, қамоқда орттирган тажрибалари ҳақида қандай маълумот бераётганини ўзигаўзи тасвирлар эди.
Ақлий, руҳий, ахлоқий интизом, хотира ва тасаввурдан фойдаланган ҳолда, Франкл озодликнинг кичик нашидасини машқ қилиб борди. Маълум вақт ўтиб, унинг озодлиги тобора катталашиб, қамоқдаги фашист босқинчиларникидан ҳам ошиб кетди. Фашистларда эркинлик кўпроқ эди, улар атрофини назорат қила оларди; Франклда эса ўзини қувватлантирадиган ички озодлик салмоқдор эди. У атрофидаги маҳбусларга, ҳатто айрим соқчиларга ҳам умид улаша бошлади, қамоқдаги азоблардан маъно топишга ёрдам берди.
Ҳар сония ўлим хавф солиб турган даҳшатли бир шароитда, Франкл ўз-ўзини англаш қобилиятини ишга солди ва инсон табиатининг энг асосий тамойилини кашф қилди: стимул ва реакция ўртасида инсоннинг ТАНЛОВ ЭРКИНЛИГИ мавжуд.
Танлов эркинлиги – бизни инсон сифатида шакллантирган хусусиятларни қамраб олади. Ўз-ўзини англашга қўшимча тарзда бизда онгимизни мавжуд реалликдан юлиб, исталган вазиятга юбориш қобилияти – тасаввур бор. Бизда яна виждон, яъни нима тўғри, нима нотўғри эканидан ички хабардорлик, хулқимизни бошқарадиган тамойиллар билан фикр ва ҳаракатларимизнинг уйғунлик даражаси мавжуд. Ва ниҳоят, биз ирода, яъни бошқаларнинг таъсиридан холи, ўзимизни англаган ҳолда ҳаракатланиш қобилиятига эгамиз. Бу хусусиятлар ҳатто энг ақлли ҳайвонларда ҳам учрамайди. Компьютерларни мисол қилиб олайлик. Улар инстинктлар ва/ёки машғулотлар орқали дастурлаштирилган. Компьютерларни масъулиятли бўлишга машқ қилдириш мумкин, лекин улар шу машғулотни ўзлари бошқара олмайди. Бошқача айтганда, уларда ўз дастурини ўзгартириш имкони йўқ. Бундан ҳатто ўзлари ҳам бехабар.
Лекин инсоний хусусиятларимиз шарофати билан, биз инстинктларимиз ва машғулотларимиздан бутунлай айро янги дастурларни ёзишга қодирмиз. Шунинг учун, ҳайвонларнинг имконияти инсонларникига нисбатан чекланган. Биз ҳам ҳайвонлар сингари фақат инстинктларимиз ва вазиятларга тобе бўлиб яшасак, имкониятларимиз ҳам ўз ўрнида чеклана бошлайди.
Юқорида келтирилган учта детерминизм тамойили каламуш, маймун, кабутар ва ит каби ҳайвонлар, невроз ва руҳий касалга чалинган кишиларни ўрганишдан юзага келган. Айрим тадқиқотчиларнинг мезонларига мос келиши мумкин. Лекин инсоният тарихи ва ўз-ўзини англаш қобилиятимиз бу уч ижтимоий харита ҳудудни тўлиқ тасвирламаслигига гувоҳлик беради.
Инсонга хос қобилиятларимиз туфайли ҳайвонот дунёсидан устун турамиз. Бу қобилиятларни қанча кўп машқ қилдирсак ва ривожлантирсак, имкониятларимиз даражаси шунча юқорилаб боради. Унутманг, стимул ва реакция ўртасида бизнинг энг қудратли кучимиз – танлов эркинлиги мавжуд.
Инсон табиатининг энг асосий парадигмасини кашф қилишда Франкл «ўзлик харитаси»ни тасвирлайди. У муваффақиятли инсонларнинг энг биринчи ва асосий кўникмаси – проактивликни шу «ўзлик харитаси» орқали ривожлантиради.
«Проактив бўлиш» жумласи бошқарув билан боғлиқ адабиётларда учраб турса-да, кўпгина луғатларда топилмайди. Бу тушунча шунчаки ташаббусни қўлга олишдан кўра чуқурроқ мазмунга эга. «Проактив бўлиш» – инсон сифатида ўз ҳаётимиз учун жавобгармиз деган маънони англатади. Инсон хулқ-атвори – унинг вазияти эмас, балки қарорларидан келиб чиқади. Биз қадриятларимизни ҳиссиётларимиздан устун қўя оламиз. Бизда вазифаларни бажариш учун ташаббус ҳамда масъулият бор.
Масъулият сўзига эътибор қилинг-а. Унинг замирида «ўз реакциянгни танлаш қобилияти» маъноси яширин. Юқори проактив инсонлар ана шу масъулиятни ҳис этади. Улар ҳеч қачон ўз хулқ-атвори учун вазият, шарт-шароит ва ташқи ҳолатларни айбламайди. Уларнинг ҳаракати ҳиссиётлар маҳсули эмас, балки ички қадриятларига асосланган онгли танловдир.
Инсонлар табиатан проактивдир. Агар ҳаётимиз қандай бўлишини вазиятлар белгилаб берса, шуни билингки, бунга ўзимиз сабабчимиз. Муҳит бизни назорат қиладими, йўқми, буни билиб-билмай ўзимиз танлаганмиз.
Танлов жараёнида, биз реактив бўламиз. Реактив одамлар кўпинча моддий муҳит таъсирида бўлади. Масалан, об-ҳаво яхши бўлса, улар ўзини яхши ҳис қилади. Ёмон ҳаво эса реактивларнинг муносабати, иш унумига таъсир кўрсатади. Проактив одамлар бўлса, ўз об-ҳавосини ўзи билан қўлтиқлаб юради. Шаррос ёмғир ҳам, жазирама қуёш ҳам проактивларга таъсир қилмайди. Улар қадриятларга эътиқод қилади; агар уларнинг қадрияти ишни сифатли бажариш бўлса, об-ҳаводан қатъи назар, ўз маррасига етишади. Чунки проактивлар вазифани бажариш ва ҳаво орасида боғлиқлик йўқлигини яхши тушунади.
Реактив кимсаларга, шунингдек, ижтимоий муҳит, ижтимоий «об-ҳаво» таъсир қилади. Одамлар илиқ муносабат билдирса, реактивлар ўзини жуда яхши ҳис қилади; бошқаларнинг салбий гапи натижасида улар абгор аҳволга тушади. Реактив одамлар руҳий ҳаётини бошқаларнинг хулқ-атворига қуради; бошқаларнинг камчилиги ўзига таъсир ўтказишига қўйиб беради.
Импульсни қадриятга бўйсундириш қобилияти проактив инсоннинг муваффақият калитидир. Реактив инсонлар атрофдаги ҳолат, вазият ва ҳиссиётлар орқали бошқарилади. Проактив инсонлар эса эҳтиёткорлик билан танланган қадриятларга бўйсунади.
Проактив одамларга ҳам моддий, ижтимоий ёки психологик турдаги ташқи турткилар таъсир кўрсатади. Лекин уларнинг бу турткига жавоби, онгли ё онгсиз бўлсин, қадриятларга асосланган танлов бўлади.
Элеанор Рузвелт таъкидлагандек, «Ҳеч ким рухсатингизсиз сизни ранжита олмайди». Ганди сўзи билан айтганда, «Ўзимиз топширмасак, ҳеч ким биздан ўз-ўзимизни ҳурмат қилиш ҳиссини тортиб ололмайди».
Кўриб турганингиздек, ҳаётимизда фақат ўзимиз изн берган ҳодисаларгина содир бўлади.
Тан оламан, буни қабул қилиш руҳан жуда мураккаб, айниқса, агар йилларча бахтсизлигимизга сабаб қилиб вазиятларни ёки кимнингдир хулқ-атворини рўкач қилган бўлсак. Токи инсон чин юракдан, самимий тарзда «Мен кечаги танловларим сабабли бугунги аҳволга келдим» дейишни ўрганмас экан, «Мен йўлимни ўзгартираман» дея олмайди.