Марк Мэнсон – Бепарволикнинг нозик санъати (страница 2)
Энди эътиборингизни бир муаммога тортсам. Бугунги жамиятларда ижтимоий тармоқлар истеъмолчилик маданияти ва дабдабага муккасидан кетиш, риё ва кўз-кўз қилиш (“қара, мен сендан яхшироқ яшаяпман”) иллатларини урчитиб, хавотир, қўрқув ва айбдорлик каби салбий жиҳатларни одатий ва табиий тарзда қабул қила олмайдиган бутун бир авлодни тарбиялади. Гапимга ишонмасангиз, Facebook ёки Instagram тармоғидаги лентага назар ташланг: ҳамма бахтиёр, зебу зийнат дарёсида сузмоқда. Қара, бу ҳафтанинг ўзида саккиз киши турмуш қурибди! Телевизорда эса туғилган кунига Ferrari совға қилинган ўн олти ёшли қиз ҳамда тугаган ҳожатхона қоғозини автоматик алмаштирадиган илова яратиб, нақ икки миллиард доллар ишлаб топган бола намойиш қилинмоқда.
Сен бўлса, бу орада уйда ўтириб, ҳеч нимани қойиллатолмаяпсан. Уларга қараб кутганингдан ҳам омадсиз инсон эканлигинг, ҳаётда ҳали ҳеч нимага эришмаганинг ҳақида ўйлай бошлайсан.
Надомат ўраси миллионлаб инсонлар ҳаётини ташвиш, ғазаб ва ўзига бўлган нафрат билан заҳарловчи том маънодаги вабога айланган.
Авваллари ота-боболаримиз ўйлаган ниятларига ета олмасалар, “Бугун кетмоним учмади. Ҳаёт шунақа. Яхшиси, бориб қўлимдан келган ишни қила қолай,” деб яшашда давом этган.
Ҳозир-чи? Ҳозир ўзингни нари борса, беш дақиқага омадсиз ҳис этсанг, мутлақо бахтли ва жаннатмонанд ҳаёт кечираётган инсонларнинг саноқсиз суратлари остида қолиб кетасан. Бундай вазиятда қандай қилиб ўзингни омадсиз эмасман, дея оласан?!
Ушбу жараёндаги охирги босқич, айниқса, ёқимсиз. Нохушлигимиз сабаб ўзимизни нохуш сезамиз. Айбдорлик ҳиссини туяётганимиз туфайли ўзимизни айбдор сезамиз. Ғазабланаётганимиз боис жаҳлимиз чиқади. Хавотирланаётганимиз сабабли ташвишга тушамиз. Хўш, менга ўзи нима бўляпти?
Буларнинг ҳаммасига бепарво бўлолмаслик сабабдир. Бепарволик дунёни қутқаради. Бу дунёнинг бир камлигини англаш ва бу ҳодисанинг одатий ҳол эканлигини тушуниш каби хислатлар, ҳа, айнан мана шундай хислатлар сайёрамизни қутқаради.
Ўзингизни борича қабул қилиш, атрофдаги ҳамма нарсага парво қилавермаслик орқали анча енгил тортасиз, энг асосийси, надомат ўрасидан чиқишга муваффақ бўласиз. Ўзингизга қараб: “Мен омадсизман, лекин бу билан кимни иши бор?” деб кўринг. Бу худди сеҳрли таёқча ҳаракатига ўхшайди. Сиз камчиликларингиз сабаб ўзингизни ёмон кўришдан тўхтайсиз.
Жорж Оруэллнинг айтишича, киши ўз бурни олдидаги нарсани кўриш учун тинимсиз курашиши лозим. Хуллас, тушкунлик ва хавотирдан халос бўлиш услуби шундоққина бурнимиз тагида, биз эса ҳар хил фильм ва рекламаларни томоша қилиб, мушакларини силкиллатаётган барзангининг келбатига, инсоннинг шаҳватини қўзғайдиган малласоч сатангларнинг қоматига сўлагимизни оқизиш билан оворамиз.
Биз “учинчи дунё муаммолари” ҳақида тармоқда ҳазиллашамиз-у, аммо ўз муваффақиятимиз қурбонига айланганимизни сезмаймиз ҳам. Ҳозир одамларнинг уйида барча замонавий техника ва шароитлар муҳайё бўлса-да, сўнгги ўттиз йил ичида стрессга алоқадор касалликлар, хавотирли невроз ва тушкунликка оид муаммолар мисли кўрилмаган даражада кўпайиб кетди. Бизнинг таназзулимиз бундан буён моддий нарсаларга боғлиқ эмас. Унинг асосий сабаби руҳиятдадир. Бизни шунчалик кўп буюмлар ва имкониятлар қуршаб олганки, кўп ҳолларда бепарволик нималигини, унинг қандай ҳиссиёт эканлигини унутиб қўйганмиз.
Сўнгги пайтда ахборотнинг ниҳоятда кўпайиб кетиши натижасида биз кўп нарса билишга (керакли ва кераксиз маълумотлар) ва кўришга улгурдик. Онгостида ўзимизни бошқалар билан солиштиришни, бошқалардаги мақом ва бойликка интилишни бошладик. Доимий ҳавас ва ҳасад туйғуси эса бизни ақлдан оздирмоқда.
Ўтган бир неча йил мобайнида “Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкин?” деган чўпчак ижтимоий тармоқларда қарийб саккиз миллион марта улашилди. Бироқ ҳеч ким бундай сафсаталарнинг остида ётган асосий муаммони англолмайди:
Янада ижобий одатга интилиш, аслида, салбий одатнинг ўзгинасидир. Боз устига, қанчалик зиддиятли туюлмасин, салбий одатни қабул қила билиш чин маънода ижобий одат ҳисобланади.
Ҳа, жуда жумбоқли ҳолат. Дўппини бир чеккага қўйиб, такрор ўқиб чиқинг: Ижобий одатни исташ, аслида, салбий одатдир. Салбий одатни қабул қила билиш эса ижобий одатдир. Бундай ҳодисага файласуф Алан Уотс “тескари ҳаракат қонуни” деб ном берган. Яъни инсон қанчалик кўп нарсани истаса, ўша нарсага қаноат ҳосил қилолмайди. Бой бўлиш истаги қанчалик кучли бўлса (қанча пул ишлаб топишингиздан қатъи назар), шунчалик ўзингизни қамбағал ҳис қилаверасиз. Гўзал ва жозибали бўлиш хоҳиши қанчалик устун бўлса, ўз кўзингизга шунчалик хунук ва бесўнақай кўринаверасиз. Бахтли ва суюкли бўлиш орзусига қанча урғу берсангиз, атрофингиздаги инсонлар кимлигидан қатъи назар ўзингизни шунча ёлғиз ва хафаҳол туяверасиз. Руҳий баркамолликка эришишни қанчалик кўп истасангиз, унга эришиш йўлида шунчалик худбин ва арзон кимсага айланиб бораверасиз.
Бир пайтлар психосинтетик модда таъсирида уйга йўл олганман. Мен уйга қанча яқинлашсам, у мендан шунча узоқлашиб боравергандек туйилган. Юқоридаги қаноатсизлик ҳолати ҳам шунга ўхшайди. Мана кўряпсизми, бахт sҳақидаги фалсафий фикримни баён қилиш учун мен психосинтетик модда таъсиридаги ҳолатимни мисол келтирдим ва сизнинг бу ҳақида нима деб ўйлашингиз менга заррача қизиқ эмас.
Экзистенциал фалсафа намояндаси Альбер Камю айтганидек (у психосинтетик модда таъсирида бўлмаганига ишончим комил): “Бахтнинг моҳиятини билишни истасангиз, ҳеч қачон бахтли бўлолмайсиз. Ҳаётдан маъно нелигини изласангиз, унинг таъмини тотмайсиз.”
Содда қилиб айтганда: “Уринманг!”
Ҳозир миянгиздан қандай фикр ўтаётганини сезиб турибман: “Ҳа, гапларингиз жуда ҳақиқатга яқиндай. Лекин мен сотиб олмоқчи бўлиб пул йиққан қимматбаҳо улов, атайлаб оч юриб ростлаган қоматимга нима бўлади? Ҳартугул, машқ ускунасига озмунча пул сарфламаганман! Ёки орзумдаги кўл ёқасида жойлашган катта уй ҳақида нима дейсиз? Агар мен буларга парво қилмасам, унда ҳеч нарсага эриша олмайман-ку! Мен эса бундай бўлишини асло истамайман, шундай эмасми?”
Жуда яхши савол.
Бирор нарса ҳақида камроқ ўйлаб, совуққонлик билан диққатни бир ерга жамласангиз, ўша нарсани анча яхши бажарса бўлади. Шунга ҳеч эътибор берганмисиз? Одатда, омадга эришишни энг кам истаган инсон муваффақият қозонишини пайқаганмисиз? Баъзида ҳаммасига қўл силтаган пайтингизда кўнглингизга ҳаловат оралаб, ишларингиз ўз-ўзидан ўнглана бошлашини сезганмисиз?
Нега шунақа?
Тескари ҳаракат қонунида шу нарса қизиқки, бепарволик, аслида, тескари йўналишда ишлайди. Ижобийликка интилиш салбийликка етаклайди, ва аксинча, салбийлик ижобийлик томон тортади. Машқ ускунасидаги оғриқ соғлиқни яхшилайди, баданга қувват қўшади. Бизнесдаги инқирозлар эса муваффақият учун нималар муҳимлигини тушунишга, тўғри стратегияни англашга ёрдам беради. Ўз камчиликларингиз ва нуқсонларингизни очиқ тан олиш, аслида, ўзингизга бўлган ишончни кучайтиради, атрофдагилар олдида виқорингизни оширади. Самимий зиддият азоби муносабатлардаги ишончни рағбатлантиради ва ўзаро ҳурматга замин яратади. Қалбдаги қўрқув ва хавотирга тик қараш орқали инсон матонати ва тиришқоқлиги ортиб боради.
Очиғи, бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин, лекин гапнинг мазмунини тушундингиз деган умиддаман. Ҳаётда интилишга арзийдиган барча нарсаларга салбий тажриба туфайли эришилади. Салбийликдан қочишга, уни четлаб ўтишга ёки йўқ қилишга қаратилган ҳар қандай уриниш акс таъсир беради. Қийинчиликни инкор этишнинг ўзи, аслида, қийинчиликдир. Курашдан қочиш аслида курашнинг бир шаклидир. Омадсизликни тан олмаслик, аслида, омадсизликдир. Уятни яширишнинг ўзи уятлидир.
Оғриқ – ҳаёт матосидаги ришта. Уни матодан ажратишга уриниш нафақат имконсиз, балки ёмон оқибатлидир. Риштани матодан чиқариш орқали матонинг ўзига зарар етказиш мумкин. Оғриқдан қочишга интилиш – моҳиятан унга жуда катта аҳамият берган билан баробар. Ўз-ўзидан, оғриққа эътиборсиз қараш орқали фақат олдинга интилиш мумкин.
Мен ҳаётимда жуда кўп нарса ҳақида қайғурганман, безовта бўлганман, жунбишга келганман. Аммо яна жуда кўп нарсага парво қилмаганман, қўлимни силтаганман. Оқибатда, мен бепарво бўлган ҳолатлар жон куйдирган вазиятларимдан кўра муҳимроқ бўлиб чиққан.
Ҳаётда бирор нарсага қўлини силтаб, охир-оқибатда ақлбовар қилмас марраларни забт этган инсонлар кўп бўлган. Балки, бундай ҳолат сиз билан ҳам юз бергандир. Масалан, мен асосий ихтисослигим (молиячи) бўйича олти ҳафтагина ишлаб, интернет бизнес билан шуғулланишга қарор қилганман ва ўз касбимни ташлаганман. Ҳаётим бундай эврилишларга бой. Бир куни мол-мулкимнинг каттагина қисмини сотиб, Жанубий Америкага кетгим келиб қолган. Ҳамма нарсани ташлаб кетиш осонмас, дейсизми? Жуда осон. Ўйлаган ишимни қилганман.
Мана шундай кутилмаган вазиятлар ҳаёт йўлларимизни белгилаб беради: Иш ва касбни бутунлай алмаштириш фикри, коллежни ташлаб мусиқа билан шуғулланиш ҳақидаги ногаҳоний қарор, ҳурмача қилиқлари ҳиқилдоғингга келган ошиғингнинг кетига тепиш ва ҳоказо.
Энг хавфли, оғир чақириқларга мардонавор жавоб қайтариш ва ҳаракат қилиш учун, аввало, унга бепарво қарашни ўрганиш лозим.
Бундай қилиш сиртдан қараганда осондай туюлсада, рўй бераётган воқеаларга бепарво бўлиш қиймали буррито тўла пакетга ўхшайди. (Бу гапнинг маъносини ўзим ҳам билмайман. Лекин бунинг аҳамияти йўқ. Қиймали буррито ҳамиша иштаҳаочар. Келинг, ундан баҳраманд бўлайлик.)