Марк Мэнсон – Бепарволикнинг нозик санъати (страница 1)
Марк Мэнсон
Бепарволикнинг нозик санъати
1
УРИНМАНГ
Чарльз Буковски пиёниста, аёлларга суяги йўқ, ашаддий қиморбоз, дағал, бахил бўлган. Ҳаётининг энг ёмон кунларини бошдан кечирганда шоирга айланган. У ҳаётий маслаҳат сўраш ёки ўз-ўзини такомиллаштиришга мўлжалланган китобларда учратиш мумкин бўлган инсонлар рўйхатининг энг сўнггида турса ажаб эмас.
Шунинг учун, келинг, айнан ундан бошласак.
Буковски ёзувчи бўлишни хоҳларди. Аксига олиб унинг асарларини журнал, газета, нашриётлар йиллар давомида рад этиб келади. Уларга унинг асарлари ғализ, қўпол, жирканч кўринарди. Рад этилган китобларнинг сони кўпайган сари елкасидаги омадсизлик юкига чидолмаган Чарльз яна шишага ошно бўларди. У деярли бутун умрини шу алфозда ўтказди.
У почтахонада почтачи бўлиб ишларди ва оладиган мисқолча маошининг салмоқли қисмини ичкиликка сарфлаб юборарди. Чўнтагида қолган чақаларни эса от пойгасига тикарди. Кечаси ёлғиз қолиб ичар, баъзан алмисоқдан қолган машинкасида алланималарни қораларди. Муккасидан кетиб шароб ичгани учун эртаси куни ўз ўрнида эмас, полда уйғонарди.
Ҳаётининг қарийб ўттиз йили мана шундай сархуш, гиёҳванд дорилар, қимор ва фоҳишалар билан тўлган ҳолда ўтиб кетди. Ниҳоят, палапартиш ўтган нотавон умрнинг поёнида, Буковски эллик ёшларни қоралаб қолган кунларнинг бирида кичиккина мустақил нашриёт муҳаррири унинг ишларига кутилмаган қизиқиш билдиради. У катта адад ва даромад таклиф этмасада, бахти кулмаган бу инсонга раҳми келиб, имконият беришга қарор қилади. Буковски бу унга берилган ҳаётидаги биринчи… ва охирги имконият эканлигини англайди ва муҳаррирга шундай жавоб ёзади: “Қаршимда ҳозир иккита йўл бор: почтахонада қолиб ақлдан озиш ёки очликдан ўлиш хавфини бўйнимга олиб ёзувчи бўлишга ҳаракат қилиш. Мен иккинчи йўлни танладим!”
Дастлабки шартнома тузилгач уч ҳафта ичида Буковски биринчи романини ёзиб тугатади ҳамда узоқ ўйламасдан уни “Почта” деб номлаб қўя қолади. Романнинг илк саҳифасига “Ҳеч кимга бағишланмаган” дея ёзилган эди.
Буковски ҳам ёзувчи, ҳам шоир сифатида ижод қилган. Кейинроқ у олтита роман ва юзлаб шеърларни эълон қилади, ёзган китоблари эса икки миллион нусхада сотилади. Унинг бу қадар машҳур бўлиб кетиши ҳеч кимнинг, айниқса, ўзининг хаёлига келмаган эди.
Бу каби ҳикоялар бизнинг маданиятимизда жуда оммалашган. Буковскининг ҳаёти американча орзуни акс эттиради: Инсон ҳеч қачон таслим бўлмай курашади ва ўз орзуларининг рўёбига эришади. Фильм учун ажойиб сюжет, тўғрими? Биз бундай воқеаларга қараб: “Кўрдингизми? У ҳеч қачон орқага чекинмади. Таслим бўлмади. Доим ўзига ишонди. Барча тўсиқларни енгиб ўтиб, муваффақият қозонди,” – деймиз.
Ундай бўлса, Буковскининг қабртошига битилган қуйидаги жумла ғалати эмасми: “Уринманг?”
Кўп ададда сотилган асарлари ва машҳурлигига қарамай Буковски омадсиз инсон эди. Буни ўзи ҳам яхши биларди. У қандайдир ғолиблик кайфияти туфайли эмас, аксинча, омадсизлигини билиши, бу нарсани теран англаши ва бу ҳақида холис ёзиши сабабли муваффақиятга эришганди. Буковски ўзини асл ҳолича кўрсатишга уринган. Унинг даҳолиги мислсиз тўсиқларни енгиб ўтиш ёки забардаст ёзувчи бўлиш мақсадида тинмай ҳаракат қилиш эмас, балки бунинг тамоман акси бўлган. У ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини алдамади, аксинча, ўзидаги энг ёмон иллатларни очиқ тан олиб, бошидан кечирган мушкулотлар ҳақида таассуф ва шубҳаларсиз сўзларди.
Буковски муваффақиятининг ҳақиқий ҳикояси шундай: У омаднинг ортидан қувмади. Бу нарса унинг парвойига ҳам келмасди. Ҳатто омма ичида танилгандан кейин ҳам у мушоираларга сархуш ҳолда келар, шеърхонларга қўпол муомала қиларди. У одамлардан ўз табиатини яширмас, ҳурлиқо аёлларни кўрганда эсҳушини йўқотарди. Шуҳрат ва омад уни яхши инсонга айлантирмаганди. Худди шу каби, яхши ахлоққа эга бўлиш унга машҳурлик ва муваффақият олиб келмаганди.
Меҳнат ва омад одатда бирга қадам ташлашади. Бироқ бу улар бир хил мазмунга эга дегани эмас.
Ҳозирда одамлар хаёлий ва жуда ижобий оқибатларга қаттиқ кўз тикмоқда: Янада бахтли бўл. Янада соғлом бўл. Ҳаммадан зўр бўл. Ҳаммадан ақлли, тезкор, бой, келишган, таниқли, ишчан бўл, барча сенга ҳасад қиладиган ва қойил қоладиган инсон бўл! Мукаммал ва мафтункор бўл! Ҳар тонг нонуштадан аввал тилладан ясалган ваннахонада ювиниб, соҳибжамол рафиқанг ва фарзандларингни ўпиб қўй, сўнгра вертолётингга ўтириб, инсоният манфаати учун ақлбовар қилмас жасоратларни амалга ошириш учун ишга йўл ол.
Аммо бир зум тин олиб, чуқур мулоҳаза юритилса, биз эшитадиган ҳаётий маслаҳатлар – барча ижобий ва кишига гўёки рағбат берадиган нарсалар, аслида, камчиликларингизга эътибор қаратишга ундайди. Улар шахсий камчилик ва омадсизлик, деб ҳисоблайдиган жиҳатларингиз аллақачон мавжудлигини акс эттиради ва бўрттириб кўрсатади. Сиз пул топишнинг энг яхши усулларини ўрганасиз, чунки энди ўзингизда пул етишмаётгандек ҳис қиласиз. Ҳар куни кўзгу қаршисида туриб, чиройли эканингизни исботлашга ҳаракат қиласиз. Сабаби ортиқ ўзингизни чиройли деб билмайсиз. Сиз бундан буёғига ўзингизни шундай ҳолингизда севиб қолишларига ишонмаганингиз боис учрашув ва муносабатлар ҳақидаги турли маслаҳатларга риоя қиласиз. Ҳаётингизда омадни ортиқ илғамаганингиз туфайли муваффақият визуализациясига оид ҳар хил аҳмоқона машғулотлар билан шуғулланасиз.
Энг қизиғи, ушбу жараёндаги парадокс шундаки, фақат ижобий, яхши ва буюк нарсаларга диққатни йўналтириш бизга зарур бўлган, омадимиз чопмаган вазиятлар, хусусан, амалга ошмаган орзуларимиз ҳақида яна ва яна эслатаверади. Бинобарин, чиндан-да бахтли одам кўзгу қаршисига ўтириб олиб, ўзини ҳақиқатан ҳам бахтли эканлигини ўзига такрорламайди. Унга бундан нима наф? У шусиз ҳам бахтиёр.
Техасликлар орасида “Ҳаммадан кичкина кучук ҳаммадан баландроқ вовуллайди,” деган гап бор. Ўзига ишонган одам буни бошқаларга исботлашга уринмайди, бадавлат аёл эса ўз бойлигини атрофдагиларга кўз-кўз қилмайди. Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл. Агар бирор нарса ҳақида тўхтовсиз орзу қилсангиз, ўша нарса сизда йўқлигини онгингизга беихтиёр сингдириб бораверасиз.
Атрофингиздагилар ва телевизордаги рекламалар тўкин ҳаёт яхши иш, зўр улов, чиройли маъшуқа, дейлик, таги қизитиладиган ҳаволи бассейн билан ўлчанади, деб ўйлашингизни истайди. Дунё сизга яхши ҳаёт кечириш сирини “яна, яна, яна,” деган тушунча орқали идрокингизга сингдирмоқчи бўлади: у кўпроқ сотиб ол, кўпроғига эга бўл, кўпроқ бажар, кўпроқ маишатга шўнғи, мартабанг билан ҳурмат қозон, деб таъкидлайверади. Устингизга жуда кўп нарсага эътибор беришингиз зарурлиги ҳақидаги миллионлаб хабарлар тинмайдиган ёмғирдай ёғаверади. Янги телевизор сотиб ол. Таътилни ҳамкасбларингдан яхшироқ ўтказ. Газон учун янги макетни харид қил. Селфи учун яхши таёқча ҳақида ўйлаб кўр.
Нега? Чунки янада яхши ва кўпроғини исташ бизнес учун манфаатлидир.
Менинг ҳалол ва муваффақиятли бизнесга асло қаршилигим йўқ, бироқ хавотир ва ҳашам борасида кимўзарга мусобақалашиш инсон руҳияти учун хавфли. Бу жараёнда сохта ва қалбаки нарсаларга қаттиқ боғланиб, умрингизни бахт ва қаноат рўёси ортидан қувиб ўтказганингизни билмай қоласиз. Ваҳоланки, мазмунли ҳаёт кечириш сири ҳаргиз янги ва янги ташвишларда эмас, аксинча, у кам сонли ташвишларда, фақат чин, ҳақиқий ва муҳим нарсалар ҳақида қайғуришда яширинган.
Надомат ўраси
Инсон табиатида хавотир деб номланган шундай бир нуқсон борки, агар у вақти-вақти билан тиндирилиб, ҳовури босилиб турилмаса, одамни телба ҳолатга келтириб қўйиши мумкин. Қуйидаги ҳолатлар сизга танишдир:
Сиз бошқа инсонлар билан ўртангиздаги муносабатдан хавотир оласиз. Бундай хавотир ичингиздан кемиради-ю, унинг қаердан пайдо бўлганини билолмай хуноб бўласиз. Ва энди хавотирланаётганингиз учун хавотирланишни бошлайсиз. Жуда оғир! Бундай қўш хавотир билан курашиш осон эмас. Хавотир туфайли хавотирланиш кўнглингиздаги ёқимсиз ҳиссиётни бир неча карра оширади. Ва иродангиз ортга чекинишни бошлайди!
Ёки ғазабингиз жўшиб, оддий ва аҳамиятсиз нарсаларга ҳам жаҳлингиз чиқади, ўзингизни идора қилолмайсиз. Бундай осон ғазабланиш иллати эса ичингиздаги жаҳл гулханига ўтин қалайди. Алалоқибат, муттасил ғазабланиш сизни майдакаш ва бадбуруш инсонга айлантириб қўйганини англаб, тез қаҳрингиз келгани учун ўзингизни койишни бошлайсиз. Содда қилиб айтганда, сиз жаҳлингиз чиққани учун ўзингизга жаҳл қиласиз, ўзингизни еб битирасиз. Жин урсин! Аламимни кимдан олсам экан?!
Ёки бирор юмушни тўғри бажариш ҳақида шу қадар хавотирланасизки, натижада, айни мана шу хавотир зарпечагига ўралашиб қоласиз. Ёхуд ҳар бир хатойингиз туфайли ўзингизни айбдор ҳис қилавериб, сурункали айбдорлик ковагига тушиб кетгандай бўласиз. Ёки ўзингизни шунчалик маҳзун ва ёлғиз кўрасизки, шунчаки бу ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам дардингизни бир неча марта оширади.
Надомат ўрасига хуш келибсиз. Тўғрироғи, сиз унда бўлгансиз ва айни дамда ўзингизни ўша ердагидай ҳис этмоқдасиз: “Худойим, яна ўша хасратдан қоронғулашган ўра – наҳотки, мен шунчалик омадсиз ва ношудманки, ундан чиқиб кетиш чорасини тополмасам? Мен ўзимни омадсиз ҳисоблаганим туфайли омадсиз ҳис қиляпман. Бунга чек қўйишим керак. Жин урсин! Яна ўзимни омадсиз дедимми? Яна шу хатони такрорладим. Мен омадсизман! Жин урсин!!!
Ўзингни бос, ошна. Сен бунга ишонасанми ёки йўқми, айнан шу ҳолат инсон табиатига хос гўзаллик ҳисобланади. Бинобарин, Ер юзидаги камдан-кам жонзотлар мантиқан фикрлаш қобилиятига эгадир. Биз, инсонларга эса фикрларимиз ҳақида фикрлаш сингари ноёб хислат ато этилган. Масалан, мен: “YouTube’да Майли Сайрус иштирокидаги видеоларни кўрсамчи?” деб ўйлашим мумкин, бироқ шу заҳоти: “Бундай видеоларни кўриш учун ақлдан озган бўлишим керак,” деган хаёл билан миямга бир неча сония олдин келган фикрдан воз кеча оламан. Инсон онги нақадар мўжизакор!