Кэл Ньюпорт – Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари (страница 3)
Теран ишнинг аҳамияти борасидаги иккинчи сабаб шуки, рақамли тармоқ инқилобининг таъсири икки тиғлидир. Агар сиз бирор фойдали нарса ярата олсангиз, маҳсулотга талабгорнинг (масалан, иш берувчилар ёки мижозлар) чеки бўлмайди ва бу ютуғингиз салмоғини оширади. Бошқа томондан, агар ишлаб чиқараётган нарсангиз сифатсиз бўлса, унда муаммога дуч келасиз, чунки мижозларингиз интернетда яхшироқ муқобилини осонгина топиб олади. Компьютер дастурчиси, ёзувчи, маркетолог, маслаҳатчи ёки тадбиркор бўласизми, сизнинг ҳолатингиз Фрейддан ўзмоқчи бўлган Юнгникига ёки стартапда муваффақиятга эришиш учун қизғин ишлаётган Жейсон Бенникига ўхшаб қолади: муваффақиятли бўлиш учун қўлингиздан келган мутлақо аъло нарсани яратишингиз керак, бу эса астойдил ишлашни талаб қилади, албатта.
Теран меҳнатга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Саноат иқтисодиётида теран иш жуда муҳим бўлган кам сонли малакали ишчи ва профессионал қатлам мавжуд эди, бошқа аксарият ишчилар эса чалғимай, диққатни жамлаш қобилиятини ривожлантирмасдан ҳам самарали ишлай оларди. Уларга сифати паст маҳсулот учун ҳақ тўлаб келинди ва ўн йиллар давомида бу ҳолат ўзгармай қолди. Лекин ахборот иқтисодиётига ўтишимиз билан аҳолининг катта қисми борган сари ақлий меҳнат кишиларига айланиб бормоқда. Теран иш, гарчи кўпчилик бу ҳақиқатни англаб етмаган бўлса‐да, асосий омил сифатида танилди.
Теран ишлай олиш эскирган, бугунги кунда аҳа миятини йўқотган маҳорат эмас. Аксинча, у суръатни маромида сақлай олмайдиганларни тупуриб ташлайдиган глобал рақобатли ахборот иқтисодиёти муҳитида олдинга интиладиган ҳар бир киши учун энг зарур малакадир. Ҳақиқий мукофот “Facebook”дан маҳорат билан фойдалана оладиганлар учун (бу саёз иш, исталган одам эплаши мумкин) эмас, балки хизматни инновацион тақсимлайдиган тизимларни ишлаб чиқа оладиганлар учундир (бу эса теран ўйланадиган вазифа, ҳамма ҳам эпламайди). Теран меҳнат шу қадар муҳимки, биз уни Эрик Баркернинг сўзлари билан “21‐аср гегемони” деб аташимиз мумкин.
Ҳозиргача икки жараён ҳақида гапирдик: бири теран ишнинг камайиб кетаётгани ва иккинчиси унинг қиймати тобора ўсиб бораётгани:
Теран иш гипотезаси: теран меҳнат қилиш қобилияти тобора ноёблашаётгани билан бир вақтда иқтисодиётда ўта қийматли бўлиб бормоқда. Охироқибат бу маҳоратни шакллантириб иш тарзининг мазмунига айлантирган оз сонли кишилар муваффақият қозонади.
Мазкур китобни ёзишимдан икки мақсад кўзланган, яъни теран иш гипотезаси чинакам ҳақиқат эканлигига сизни ишонтириш ва касбий ҳаётингиз асосига теран ишни қўйган ҳолда миянгизни чархлаш ва ишлаш тарзингизни ўзгартириш орқали теранликдан фойдаланиш борасида амалий кўрсатмалар бериш.
Охирги ўн йилликни қийин вазифалар устида диққатни жамлаш қобилиятимни такомиллаштиришга сарф қилдим. Бу қизиқишимнинг манбасига келсак, мен диққатни жамлай олиш энг зарур касбий маҳорат ҳисобланувчи Массачусетс Технологиялар институтининг (МТИ) Ҳи соблаш назарияси гуруҳида докторлик курсларида ўқиган назарий компьютер фанлари мутахассисиман.
Шу йиллар мобайнида Макартурнинг “даҳолар стипендияси” совриндори – МТИга ёш вақтида профессор сифатида жалб қилинган киши билан бир жойда яшадим. Бу назариётчи мутахассиснинг меҳмонхонада атрофига бир гуруҳ олимларни тўплаганча электрон доскага узоқ тикилиб ўтирганига гувоҳ бўлардим. Бу соатларча давом этар, тушлик қилишга чиқиб қайтиб келсам, ҳамон тикилаётган бўларди. Бу ғалати профессор билан мулоқот қилиш жуда мушкул эди, чунки у “Twitter”дан фойдаланмас, агар сизни танимаса, хабар жўнатишингиздан наф йўқ эди. Ўтган йили бир йил ичида нақ 16 та мақоласини нашр қилдирди.
Диққатни жамлашга бу қадар муккамдан кетиш талабалик йилларимда одатий ҳол эди. Шунинг учун, теранликка жиддий қарашимнинг ҳеч ажабланарли ери йўқ. Блогимдан бошқа “Facebook” ва “Twitter” каби ижтимоий тармоқларда ҳисобим йўқлиги дўстларим ва китобларим устида бирга ишлаган баъзи ноширларнинг ҳафсаласини пир қиларди. Интернетдан ҳам маълумот изламайман, янгиликлардан уйимга элтиб бериладиган “Washington Post” газетаси ва Миллий жамоат радиоси орқали хабардор бўламан. Умуман айтганда, мен билан ҳам боғланиш қийин: шахсий веб‐сайтимда электрон почта манзилим кўрсатилмаган ва ҳатто 2012 йилгача мобил телефоним ҳам йўқ эди (ўшандаям ҳомиладор рафиқам ўғлимиз туғилмасидан олдин телефон оласиз, деб туриб олгач, мажбурликдан сотиб олгандим).
Алалоқибат, теранликка иштиёқим ўз мевасини берди. Коллежни тугатганимдан кейинги ўн йил ичида тўртта китоб нашр эттирдим, фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлдим, юқори баҳоланган илмий мақолалар ёздим ва Жоржтаун университетида профессор сифатида доимий ишга қабул қилиндим. Бу катта ишни бутун иш ҳафтаси мобайнида деярли ҳар доим соат беш, узоғи олтигача давом эттирардим.
Шундай тиғиз вақтда ҳам ишлашнинг имкони бор, чунки бўш вақтдан самарали фойдаланишга ишонганим учун саёз ишларни камайтиришга астойдил интилдим. Кунимни синчковлик билан танланган теран иш доирасида режалайман, бунда саёз машғулотлар иш жадвалимнинг энг аҳамиятсиз кичик қисмидан жой олади. Кунига тўрт ёки беш соат, ҳафтасига беш кунлик чалғишларсиз тўғри йўналтирилган диққат кўп фойда келтириши мумкин.
Теранликка бўлган иштиёқим касбимга тааллуқли бўлмаган масалаларда ҳам қўл келди. Кўпинча ишдан уйга қайтган пайтимдан тонггача, яъни янги иш куним бошлангунгача, компьютерга яқинлашмайман (истисно сифатида болалар ухлагач, юритадиган блогимни айтишим жоиз). Электрон почтага бирровга кириб чиқиш ёки ижтимоий тармоқларда тез-тез сайр қилишдан тийилиб, улардан тамоман алоқани узишим кечқурун рафиқам ва икки ўғлим билан вақт ўтказишимга ва уларга китоблар ўқиб беришимга имкон яратди. Мухтасар қилиб айтганда, ҳаётимда чалғишлар камлиги инсонлар умрини тобора емириб бораётган асабий ақлий энергия тубидаги “шовқин”дан халос этади. Зерикиб қолишдан ҳеч ҳам ташвишланмайман, бу ҳам ажойиб кўникма бўлиши мумкин, айниқса, эринчоқ ёз тунларида радиода узатилаётган Миллий жамоа ўйинини тинглаб ўтириш.
Ушбу китобни менинг теранликка нисбатан иштиёқим ва бу йўлда бирор иш қилишимга ёрдам берган стратегияларни ёритиш ва тушунтириб беришга уриниш деб аташ мумкин. Ўйларимни сўзга кўчирдим, токи ҳаётингизни теран иш доирасида қайта қуришингизда мен кўрсатган йўл-йўриқларим ёрдам берсин, лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Фикрларимни қоғозга тушириш ва тиниқлаштиришдан тағин бир мақсадим – ўз шахсий тажрибамни янада мукаммаллаштиришдир. Теран иш гипотезасини англашим муваффақиятга эришишимга ёрдам берди, бироқ ўзимнинг яширин имкониятларимни тўлиқ юзага чиқардим, деб ўйламайман. Кейинги боблардаги ғоя ва қоидалар билан ошно бўлиб, охироқибат ғалаба қозонаётган пайтингиз, ишонч билан айта оламанки, мен ҳам ишлаётган бўламан – юзакиликларга барҳам бераётган ва бор кучимни теранроқ ишлашга қаратаётган бўламан. (Ушбу китобнинг якунида қандай қилиб илдамлаётганимни билиб оласиз.)
Карл Юнг психиатрия соҳасида инқилоб қилмоқчи бўлиб, ўрмонда бошпана қурди. Унинг Боллинген минораси пухта мулоҳаза қилишни ривожлантириш, унинг ёрдамида дунёни ўзгартирган ажойиб ижод маҳсули яратилган масканга айланди. Кейинги саҳифаларда сизни ўз шахсий Боллинген минораларимизни қуришга, чалғитувчи дунёда чин қиймат яратиш маҳоратига ишлов беришга, ўтган даврдаги энг самарали ва аҳамиятли шахсларнинг “Теран ҳаёт – яхши ҳаёт” деган ҳақиқатини англашга чорлайман.
ҒОЯ
ТЕРАН МЕҲНАТ ҚАДРЛИ
2012 йилги сайлов яқинлашаётганди. Миллат тақдири учун муҳим бир паллада кузатиладиган одатий ҳолат сифатида “Nеw York Times” веб‐сайтига кирувчилар сони ортди. Аммо бу сафар нимадир бошқача эди. Кирувчиларнинг номутаносиб даражада катта қисми, баъзи қайдларда 70 фоизи, ундаги ягона манзилга кираётганди. Бу на бош саҳифадаги долзарб янгилик, на Пулицер мукофотини ютган колумнистлар мақоласи сабабли эди, аксинча, бу бейсбол статистикаларидан зерикиб, сайлов натижасини башорат қилувчи шахсга айланган Нейт Силвер юритадиган блог эди. Бир йилга етмай, Кўнгилочар ва спорт дастурлари тармоғи (ESPN) ҳамда Америка телерадиоэшиттиришлар компанияси (ABC News) қўл остида ўн икки ходим ишлашини, спортдан тортиб обҳавогача бўлган янгиликлар сегментини юритишини ва, эҳтимолдан анча узоқ бўлса ҳам, “Академия мукофоти”дан кўрсатув тайёрлаш имкони берилишини ваъда қилиб, Силверни “Times”дан тортиб олди. Унинг қўлбола башорат қилиш моделларининг методологик пухталиги бўйича муҳокамалар давом этаётган бўлса‐да, 2012 йилда бу 35 ёшли маълумотлар устасининг иқтисодиётда ғолиб чиққанини тан олмаганлар бармоқ билан санарли эди.
Яна бир ғолиб ҳозирда интернетдаги бир нечта энг машҳур манзиллар, хусусан, “Twitter” ва “Hulu”нинг таъминотчиси, веб‐сайтлар яратиш тармоғи “Ruby on Rails” асосчиси ва компьютер дастурлаш юлдузи Дэвид Ҳейнемайер Ҳанссондир. У “Basecamp” (2014 йилгача “37 сигнал”) деб номланувчи нуфузли фирманинг раҳбарларидан бири. Ҳанссон “Basecamp” ёки ўзининг бошқа даромад манбаларидан келадиган фойда миқдори ҳақида очиқ гапирмайди, лекин унинг Малибу (Чикаго) ва Марбеллада (Испания) ўтказиладиган автопойгаларда қатнашиб туришидан бу миқдор анча катталигини тахмин қилиш мумкин.
Иқтисодиётимиздаги учинчи ва охирги ғолибимиз Жон Дуэр – “Кремний водийси”даги таниқли “Kleiner Perkins Caufield & Byers” капитал фондининг бош директори. Дуэр “Twitter”, “Google”, “Amazon”, “Netscape” ва “Sun Microsystems” сингари технологик инқилобни авж олдираётган ҳозирги кўплаб компанияларни молиялашга кўмаклашади. Ушбу сармоялар келтирган даромад эса жуда катта бўлди: Дуэрнинг соф бойлиги айни чоғда уч миллиард доллардан ошган.