Кэл Ньюпорт – Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари (страница 2)
Тармоқ воситалари ишимизни теранликдан саёзликка томон тортаётгани янгилик эмас. “Саёзлар” интернетнинг миямизга ва ишлаш тарзимизга таъсири ҳақидаги сўнгги вақтларда чиққан китоблар орасида биринчиси эди. Кейинги китоблар сирасига Уильям Пауэрснинг “Ҳамлетнинг ‘BlackBerry’си”, Жон Фриманнинг “Электрон почта зулми” ва Алекс Сожунг-Ким Паннинг “Паришонхотирликка мубталолик” асарлари киради – буларнинг барчасида тармоқ воситалари бизни узлуксиз диққат талаб қиладиган ишимиздан чалғитиши, айни чоғда, диққатимизни сусайтириши ҳақида сўз боради.
Мавжуд далилларнинг етарлилигини ҳисобга олган ҳолда, мен ушбу китобда уни яна қайта асослашга вақт сарфламоқчи эмасман. Умид қиламанки, тармоқ воситаларининг теран ишлашга қанчалик салбий таъсир кўрсатиши борасида якдил бўла оламиз. Шунингдек, бу ўзгаришнинг ижтимоий оқибатлари ҳақидаги давомли баҳслардан ҳам тийиламан, чунки бунақа баҳслар боши берк кўчага етаклайди. Мунозаранинг бир тарафида Жейрон Лэниер ва Жон Фриман каби техно‐скептиклар бундай тармоқ воситалари ҳозирги ҳолатда камида жамиятга зарар етказишидан ташвиш чекаётган бўлса, иккинчи тарафида, Клайв Томпсон сингари техно‐оптимистлар уларнинг жамиятни қай даражада ривожлантираётгани ҳақида бонг урмоқда. Мисол учун, “Google” хотирамизни сусайтириши мумкин экан, аммо энди кучли хотирага заруриятнинг ўзи йўқ, чунки ҳозир билишимиз керак бўлган нарсаларни ундан осонгина қидириб топишимиз мумкин.
Бу фалсафий мунозарада тараф олмайман. Бу масалага бўлган қизиқишим янада прагматик ва индивидуал жиҳатга йўналган: саёзликка томон силжиётган ишлаш маданиятимиз (фалсафий жиҳатдан хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин) бу оқимга қарши сузаётган озчилик учун катта иқтисодий ва шахсий имкониятларни очиб беряпти – бу имкониятдан яқинда ёш, лекин аллақачон ишидан зериккан виржиниялик молиявий маслаҳатчи Жейсон Бен самарали фойдаланди.
Иқтисодиётимизда қадрсиз эканлигингизни англаш учун кўпгина усуллар мавжуд. Молиявий маслаҳатчи сифатида иш бошлаганига кўп ўтмай туриб, зиммасига юклатилган вазифаларнинг асосий қисми “Excel” орқали автоматик бажарилиши мумкинлиги Жейсон Бенга сабоқ бўлди.
Бенни ёллаган фирма кенг қамровли битимларда иштирок этаётган банклар учун ҳисобот тайёрларди. (Бен суҳбатларимизнинг бирида “Бу иш анча “қизиқарли” туюлади,” деб ҳазиллашганди.) Ҳисобот тайёрлаш жараёни бир неча соат давомида “Excel” электрон жадваллар тўпламига маълумотларни киритишни талаб этарди. У ишга илк келган пайтда, битта ҳисобот устида ишлашга олти соатгача вақт сарфларди. (Фирманинг энг тажрибали ходимлари эса ушбу вазифани ярим соатга қолмай битирарди). Бу эса Бенга унчалик тўғри келмади.
“Менга ўргатилган усулда жараён жуда мураккаб ва кўп меҳнат талаб қиларди”, эслайди Бен. У “Excel” дастурининг фойдаланувчиларга умумий вазифаларни автоматлаштиришга имкон берадиган “макрос” деб номланган хусусияти борлигини билиб олди. Шу мавзудаги мақолаларни ўқигач, тез орада “Excel”да янги ишчи саҳифани очиб, у билан маълумотларни киритишнинг олти соатлик жараёнини битта тугмачани босиш билан алмаштириш мумкин бўлган буйруқлар кетма-кетлигини яратди. Авваллари ҳисобот ёзиш учун бутун иш куни сарфланган бўлса, эндиликда бунга бир соатдан камроқ вақт етарди. Бен нуфузли Виржиния университетининг иқтисод йўналишини тугатганди, ақлли йигит эди ва кўпчилик сингари ёрқин карьерага умид қилаётганди. Лекин асосий профессионал маҳорати “Excel” орқали осонгина қўлга киритилишини англаб етгач, мақсадлари пучга чиқиши мумкинлигини тушунди. Шунинг учун ҳам у дунёда ўз қадр-қимматини оширишга қарор қилди. Бир қанча изланишлардан сўнг якуний хулосага келди: оиласига электрон жадвалчи бўлиб эмас, балки компьютер дастурчиси сифатида ишлашга қарор қилганини айтди. Кўпинча бундай катта режаларда кичик муаммолар ҳам учраб туради: Жейсон Бен дастурлашни умуман билмасди.
Компьютер мутахассиси сифатида тасдиқлашим мумкинки, компьютерларни дастурлаш жуда оғир иш. Бу ишга киришганлар бошланғич билимларни эгаллаш учун тўрт йиллик коллеж таълимини олади, шунга қарамай, энг яхши иш жойлари учун рақобат аёвсиз. Жейсоннинг эса бунга умуман вақти йўқ эди. “Excel” дастурининг имкониятидан хабар топгач, молиявий фирмадаги ишидан бўшаб, кейинги қадамни қўйишга тайёргарлик кўриш учун уйига қайтди. Унинг аниқ режаси борлигидан отаонаси мамнун бўлса‐да, ўғилларининг уйда узоқ ўтириб қолишидан ташвишда эдилар. Шу боис, Бен нима қилиб бўлса ҳам, мураккаб дастурлаш тизимини тез ўзлаштириб олиши зарур эди.
Айнан шу ерда Бен аксар ақлий меҳнат ходимларининг янада юқорилашига тўсқинлик қиладиган муаммога дуч келди. Компьютерда дастурлаш каби мураккаб малакани эгаллаш, чалғишларсиз, ишга диққат билан ақлий ёндашишни талаб қиларди. Диққатни жамлашга бўлган ўша эҳтиёж Карл Юнгни Цюрих кўли бўйидаги ўрмонларга етаклаган эди. Бу вазифа, бошқача айтганда, теран ишдир. Кўплаб ақлий меҳнат ходимлари теран ишлашга бўлган қобилиятини йўқотган ва Бен ҳам дастлаб бундан мустасно эмасди.
“Интернетга тез‐тез кириб, электрон почтамни текширар эдим, бундан ўзимни тия олмасдим, у мен учун худди бир мажбуриятдек бўлиб қолганди”, дейди Бен ўзининг молиявий ишидан кетгунгача бўлган ҳаётини тасвирлаб. Ўз мушкулотини янада чуқурроқ тасвирлаш учун Бен молия фирмаси нозири унга берган лойиҳа ҳақида менга гапириб берди. “Улар мендан бизнес режа тузишимни талаб қилишди”, дея тушунтирди у. Бен бизнес режани қандай ёзишни билмасди, шунинг учун беш хил мавжуд намунавий режаларни топиб ўқишга қарор қилди, яъни бошлиқларга нима кераклигини тушуниш мақсадида уларни таққослаб, солиштириб кўрди. Бу жуда яхши фикр эди, лекин у анча қийналди: “Диққатимни умуман жамлай олмасдим. Шундай кунлар бўлдики, деярли ҳар бир дақиқани аниқроғи 98 фоиз вақтимни интернетда маълумот излаб ўтказардим”, давом этди Бен. Афсуски, бизнес режа лойиҳаси – карьерасининг бошида ўзини кўрсатиш имконияти – бир четга чиқиб қолди.
Ишидан бўшагунига қадар ҳам Бен диққат жамлаб ишлай олмаслигини яхши билар эди. У дастурлашни ўрганишга киришганида теран ишлашни ҳам ўрганиши кераклигини тушунарди. У қўллаган усул кескин, аммо самарали эди. “Мен компьютерсиз, фақат дарсликлар, ёзув қайдномалари ва рангли қалам бўлган хонага кириб ичкаридан қулфлаб олдим.” У компьютер дастурлаш ҳақидаги дарсликларни мутолаа қилиб, керакли жойларини остига чизиб, фикрларини карточкаларга ёзар, кейин уларни баланд овозда қайтарарди. Дастлаб электрон воситалардан айри яшаш жуда қийин кечди, лекин ўзига бўлак йўл қолдирмади, кўзлагани материалини ўрганишга мажбур эди ва хонасида уни чалғитадиган нарса йўқлиги айни муддао бўлди. Вақт ўтиши билан у фикру эътиборини бир жойга жамлай бошлади ва бора-бора ташқи халақитларсиз кунига 5-6 соат вақтини хонада ўтириб, янги маҳоратни такомиллаштиришга мунтазам сарфлайдиган бўлди. “Тўлиқ ўргангунимча шу мавзу бўйича тахминан 18 та китобни ўқиб тугатдим” эслайди дастурчининг ўзи. Шу алфозда ўтган икки ой мобайнидаги ўқиб-ўрганишлардан сўнг, Бен анча мураккаб “Dev Bootcamp”га, яъни ҳафтасига юз соатлик веб-иловаларни дастурлаш курсига қатнай бошлади. (Дастур бўйича изланаётганда у “Дев” дастурини ҳаётидаги энг оғир иш дея баҳолаган Принстон докторантини учратади.) Ишга бутун тайёргарлиги ва янги эгаллаган теран ишлаш маҳоратини бағишлаган Бен дастурни аъло даражада ўзлаштирди: “Баъзилар мутлақо тайёргарликсиз келарди. Диққатларини жамлай олмай, ўз вақтида бирор тайинли нарса ўргана олмасди.” У билан дастурда ўқишни бирга бошлаган талабаларнинг ярмигина курсни вақтида тамомлади. Ва ниҳоят, теран меҳнат ўз самарасини бериб, Бен нафақат курсни муваффақиятли битирди, балки ўз гуруҳида энг етакчи талаба бўла олди ва Сан-Францискодаги 25 миллион долларлик бошланғич сармояга эга технологик стартапга дастурчи бўлиб ишга жойлашди. У молиявий маслаҳатчи сифатида ишини топширган вақтда – бундан атиги ярим йил аввал йилига 40 минг доллар топарди. Компьютер дастурчиси сифатидаги янги иши эса унга 100 минг АҚШ доллари олиб келар, бу маблағ унинг маҳорат даражасига қараб “Кремний водийси” бозори билангина чекланиб қолмай узлуксиз ўсиши аниқ эди.
Бен билан охирги марта гаплашганимда, у янги лавозимида муваффақиятли ишлаётган эди. Теран ишлашнинг янги фидойиси офиси қаршисидан уй ижарага олди, бу эса унга эртароқ – ҳеч ким келмасдан аввал ва чалғимасдан ишлаб олишга имкон яратди. “Баъзи кунлари дастлабки учрашув олдидан тўрт соат мобайнида диққатимни жамлаб оламан, – дейди Бен, – кейин тушдан сўнг яна 3-4 соат. Мен бу ерда “диққат”ни назарда тутяпман: на электрон почта, на “Hacker News” (технология мухлислари орасида оммабоп веб‐сайт), фақат дастурлаш.” Эски ишида кун давомида вақтининг баъзида 98 фоизини интернетда “дайдиб” ўтказган Жейсоннинг бундай ўзгариши ҳайратланарли туюлади кишига.
Жейсон Беннинг ҳикоясида муҳим бир ибрат бор: теран ишлаш шунчаки ёзувчилар ва 20‐аср бошларида яшаган баъзи файласуфларнинг носталгик майллари эмас, балки бугунги кунда жуда катта қийматга эга маҳоратдир.
Бунинг икки сабаби бор. Биринчи сабаб ўрганиш билан боғлиқ. Ахборот иқтисодимиз тез ўзгарувчан мураккаб тизимларга боғлиқ. Бен ўрганган компьютер дастурлаш тиллари ўн йиллар олдин йўқ эди ва эҳтимол ўн йилдан кейин эскирар. Шу каби, 90‐йилларда маркетинг соҳасига келган кадр бугун рақамли аналитикани ўзлаштириши заруратини билмаслиги мумкин. Иқтисодимизда керакли кадр бўлиб қолиш учун мураккаб нарсаларни тезда ўрганиш маҳоратига эга бўлишингиз керак. Бу вазифа эса теран ва астойдил меҳнат талаб қилади. Агар бу қобилиятни парваришламасангиз, технология ривожланиши билан ортда қолиб кетишингиз ҳеч гап эмас.