18+
реклама
18+
Бургер менюБургер меню

Генри Форд – Менинг ҳаётим (страница 12)

18

Биринчи йилда биз “Model A”ни яратдик, унинг шассисини 850, кузовини 100 доллардан сотдик. Бу машинада икки цилиндрли мотор, 8 от кучи ва занжирли узаткич бор, бензин идиши 20 литр сиғимга эга эди. Йил мобайнида биз 1708 та автомобиль тайёрлаб сотдик, бу машиналаримиз ҳақли равишда эътибор топганидан далолат берарди.

Ўшанда ишлаб чиқарилган ҳар бир “Model A” моделнинг ўз тарихи бор. Масалан, 1904 йилда ясалган № 420 автомашинани калифорниялик полковник Коллье харид қилганди. Бир неча йилдан сўнг у машинани сотиб, янги “Форд” олди. № 420 қўлдан-қўлга ўтиб, Рамонанинг тоғ қисмида яшайдиган Эдмунд Якобснинг қўлига тушади. Якобс машинадан анча йил энг оғир ишларда фойдалангандан сўнг, янги “Форд” харид қилиб, эскисини сотади. 1915 йилда автомобиль мистер Кантелло исмли одамга етиб боради ва у моторини олиб, сув насосига ўрнатади, шассисига арава шотисини жойлаштиради. Ҳозиргача ўша мотор сув тортишга хизмат қилмоқда, хачирларга қўшилган шассиси эса деҳқон арава вазифасини ўтаяпти. Хулоса шуки, “Форд” машиналарини қисмларга ажратиш мумкин, аммо йўқ қилиб бўлмайди.

Илк рекламамиздан парча келтираман:

“Мақсадимиз кундалик эҳтиёжларни қондириш учун тайёрланган, иш юзасидан ва оилавий фойдаланишга мўлжалланган автомобиль ишлаб чиқариш ва сотишдир. Автомобиль харидорни қониқтирадиган даражада тезкор, аммо кейинги пайтлар кўплаб шикоятларга сабаб бўлаётган даражада даҳшатли тезликка чиқмайди. Биз ўзининг мустаҳкамлиги, оддийлиги, ишончлилиги, қулайлиги, ва ниҳоят, нархининг арзонлиги билан эркагу аёлга ва ҳамма ёшдагиларга мақбул автомобилни яратишни истаймиз. Машинамиз нархининг арзонлиги уни бошқа компаниялар автомобили учун мўмай пул тўлай олмайдиган харидорларнинг қўлига етиб боришини таъминлайди”.

Бунда қуйидагиларни алоҳида таъкидлаган эдик:

1. Сифатли хомашё.

2. Оддийлик ўша даврнинг аксар автомобилларини бошқариш ҳайдовчилардан катта маҳоратни талаб этарди.

3. Мотор.

4. Ўт олдириш машинага олтитадан қуруқ унсурли батареянинг икки тўплами ўрнатилган.

5. Автоматик ёғланиш.

6. Ўтказгичининг қулай ва енгил бошқаруви.

7. Маҳорат билан яратилганлик.

Биз ҳеч қачон кўнгилхушлик учун машина йиғмаганмиз. Илк рекламада биз автоуловнинг фойдасини кўрсатдик. Ва шундай ёздик:

“Вақт пул демакдир” иборасини кўп эшитамиз, айни пайтда, бу ҳикматга риоя қиладиган ишбилармонлар жуда оз.

Доимо вақт камлигидан, ҳафта кунлари етмаётганидан нолиётган одамлар, беш дақиқани беҳуда сарфлаши бир ёки кўплаб долларни йўқотишига тенг кишилар фойтун, трамвай каби ишончсиз ва ноқулай транспортдан фойдаланади, ҳолбуки, мукаммал ҳамда самарали автомобилни сотиб олишга сарфланган маблағ уларни ташвиш ва кечикишлардан халос қилиб, вақтини тежайди, бир имо билан ҳаракатга тушадиган ҳашаматли транспорт воситасини ҳавола этади.

Автомобиль ҳамиша тайёр, ҳамиша ишончли.

У маблағингиз ва вақтингизни тежаш учун махсус йиғилган.

У сиз керакли жойга вақтида боришингиз ва вақтида ортга қайтишингиз учун йиғилган.

У сизни аниқликка ўргатиш, яхши кайфиятингизни ҳамда ишчанлик қувватингизни сақлаш учун йиғилган.

Сиз ундан, хоҳишингизга қараб, ҳам хизмат, ҳам ҳордиқ сафарларида фойдаланишингиз мумкин.

У сизни ёмон йўлдан енгил олиб ўтиб ва тоза ҳаводан нафас олиш имкониятини яратиб, соғлиғингизни асрайди.

Сиз тезлик ҳукмдорисиз. Истасангиз, сояли хиёбонда секин юрасиз; истасангиз оёқ остидаги тепкини босган заҳоти бошни айлантирадиган катта тезликка чиқасиз, кўча устунларини санаб улгурмайсиз”.

Мен рекламаларимиздан бу иқтибосларни аввал‐бошданоқ олдимизга спорт мақсадларини қўймай, фойдали қурилма яратишга интилганимизни кўрсатиш учун келтирдим.

Ишимиз мўъжиза содир бўлгандек тез юришиб кетди. Автомобилларимиз шон-шуҳратга эришди. Улар мустаҳкам, оддий ва яхши йиғилган эди. Мен ягона ҳаммабоп машинани лойиҳалаётгандим, бироқ у тайёр эмасди, бундан ташқари, бизнинг янги муносиб завод қуришга ҳам, уни ускуна ва аслаҳалар билан жиҳозлашга ҳам пулимиз йўқ эди. Биз ҳали ҳам бозор материалларидан фойдаланардик. Тўғри, биз ҳамиша энг сара материалларни сотиб олганмиз, аммо хомашёни илмий ўрганиш ёки улар устида ўзимиз тажриба ўтказиш имкониятидан маҳрум эдик.

Менинг шерикларим ягона модель билан чекланиб қолишни ақлга сиғдира олмасди. Автомобилсозлик саноати велосипедсозликнинг изидан бориб, ҳар бир ишлаб чиқарувчи ҳар йили аввалгисига ўхшамас янги модел яратишни бурч деб билар, шунда эски велосипед эгаси ўз транспортини янгисига алмаштиришни истаб қоларди. Буни ишбилармонлик дердилар. Чеварлар ҳам шундай ишлашади. Улар кийимларини мукаммаллаштирмайди, ҳар гал буткул янгисини тикади. Бунга фақат ҳайрон қолиш мумкин. Бизнесдаги муваффақиятга харидорнинг ишончини қозониш эмас, уни янги маҳсулот сотиб олишга мажбурлаш ва яна шу заҳоти янгисини чиқариб, уни ҳам харид қилишга ундаш орқали эришилади, деган фикр жамиятда қарор топганди.

Мен ўша пайт амалга оширолмаган бир режа ишлаб чиқдим. Унга кўра, машинанинг ҳар бир эҳтиёт қисми келгусида янада мукаммалига алмаштириладиган бўлиши шарт эди; шунда автомобиль асло эскирмасди. Менинг орзуманд ғоямга кўра, ҳар бир эҳтиёт қисм шу қадар мустаҳкам ва ишончли бўлсинки, уни алмаштиришга ҳожат қолмасин. Яхши машина худди яхши соат сингари узоқ ишлаши керак.

Ишлаб чиқаришимизнинг иккинчи йилида бор кучимизни учта янги моделни тайёрлашга қаратдик. Биз сайёҳлик мақсадларида тўрт цилиндрли автомобилни – икки минг доллар қийматга эга “Model B”ни, “Model A”нинг бироз такомиллашган ва ўтмишдошидан 50 долларга қиммат “Model C”ни, ва ниҳоят, минг долларлик сайёҳлик машинаси – “Model F”ни ишлаб чиқардик. Шундай қилиб, қувватимизни жамладик ва баҳони оширдик. Натижада ўтган йилдагидан озроқ машина сотдик – бор-йўғи 1695 дона автомобиль харидорларга етди.

Тўрт цилиндрли “Model B” рекламага муҳтож эди. Ўша пайтларда энг яхши реклама пойгада ютиш ёки бирор рекордни ўрнатиш эди. Шунинг учун мен эски “Найза” машинамизни қайта ишлаб чиқдим ҳамда Нью-Йорк автомобиль кўргазмаси очилишидан саккиз кун олдин, бир инглиз мили узоқликдаги буткул муз билан қопланган йўлда шахсан ўзим тест-драйв ўтказдим.

Бу синовни асло унутмайман!

Муз шу қадар сирпанчиқ эдики, синовни бекор қилганимда бизнинг зараримизга реклама бўларди бу иш. Аслида музнинг устида кўзга кўринмас ёриқлар ва нотекисликлар бор эди. Мен буни кўрган заҳоти катта тезликка ўтганимда ёриқлар муаммо туғдиради деб ўйладим. Бироқ тест-драйвни тўхтатишга кеч эди ва “Найза”ни йўлга солдим. Машина ҳар бир ёриқда сакраб кетарди. Мен буларнинг бари нима билан тугашини билмасдим. Агар муз устида учирмасам, машина мени у ён-бу ёнга отарди, бироқ, алалоқибат, бир амаллаб йўлда қолдим ва ағдарилмадим. Мен рекорд ўрнатиб, бутун дунёга машҳур бўлдим.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.