Элиф Шафак – Ишққа оид 40 қоида (страница 5)
Бизга шунингдек, Ҳасан Ибн Саббоҳнинг ўлимидан кейин ва жамоангиз раҳбарлари турмага қамалганидан кейин жамоанинг мавқеи ўзгаргани ҳам маълум. Сен Коньяга жазодан қочиб келгансан, шундан буён яшириниб юрибсан». Ва хатдан уларга бир иш юзасидан менинг хизматим шошилинч керак бўлиб қолганини билдим. Шунингдек, менга бу иш учун катта ҳақ тўланиши ваъда қилинган ва агар мен рози бўлсам, қоронғу тушганда шаҳардаги маълум қовоқхонага боришим кераклиги айтилган эди. У ерга киргач, мен деразага энг яқин стол ёнига, эшикка орқа ўгириб, фақат полни кўриш мумкин бўлган ҳолда бошимни эгиб ўтиришим керак эди. Шундан кейин бир ёки бир неча одам менинг ёнимга келиб ўтиради ва мен билан узил-кесил битимга келади. Мен улардан ҳамма керакли маълумотни оламан. Улар ёнимга келаётганларида ҳам, суҳбат вақтида ҳам, кетаётганларида ҳам мен бошимни кўтармаслигим ва уларнинг бетларига қарамаслигим керак эди.
Ғалати мактуб эди у. Аммо мен шу пайтгача буюртмачиларнинг инжиқликларига ўрганиб кетган эдим.
Кўп йиллар мобайнида турли одамлар мени ишга ёллаган ва кўпчилиги ўз исмларининг сир сақланишини истар эдилар. Ўз тажрибамдан билар эдимки, буюртмачи ўз исмини қанчалик қаттиқ яширса, у қурбон этилувчига шунча яқин бўлиб чиқарди. Лекин менинг бу билан ишим бўлмаган. Менинг ишим ўлдириш. Аламут (Аламут – жойнинг номи, маъноси: бургут уяси. Қотиллар жамоасининг қалъаси)дан кетгач, мен ўзим учун шундай ҳаётни танлаган эдим.
БИРИНЧИ ҚИСМ ЕР
Шамс
1242 йилнинг март ойи, Самарқандга яқин шаҳарчадаги карвонсарой.
Олдимдаги усти ёриқ ёғоч хонтахта устида катта мум шамлар нотекис ёниб турипти. Бугун кечқурун менга намоён бўлган манзара одатдагидан равшанроқ
эди.
Мен катта уйни ва сариқ атиргуллар очилиб турган ҳовлини кўрдим, ҳовли ўртасида дунёда энг салқин сувли қудуқ бор эди. Сокин август кечаси эди, осмонда тўлин ой нур сочарди. Яқин атрофда тунги йиртқичлар қичқиришар ва увилларди.
Бироздан сўнг уйдан ўрта ёшлардаги хушсурат, елкалари кенг ва чуқурроқ жойлашган оч қўнғирранг кўзли киши чиқди. У менга қаради. Унинг чеҳрасида ваҳима, кўзларида қайғу бор эди.
– Шамс, Шамс, сен қаердасан?! – қичқирди у гоҳ ўнгга, гоҳ чапга ўгириларкан.
Шу пайт кучли шамол турди, ой ҳам, худди кейин нима бўлганини кўргиси келмагандай, булутлар ортига беркинди. Бойқушлар жим бўлиб қолишди, кўрсичқонлар яширинишди, ҳатто уй ичида ўчоқларда ёнаётган ўтинлар ҳам чирсилламай қолди. Ер юзига қилт этмас оғир жимлик чўкди.
У киши секин-аста қудуққа яқинлашди, энгашди ва ичига қаради.
– Шамс, азизим, Сен шу ердамисан? – шивирлади у.
Мен жавоб бермоқчи бўлиб оғзимни очдим, лекин лабларимдан бирон овоз ҳам чиқмади.
Киши қудуқ ёнида тик турди ва яна унга қаради.
Аввалига у қоп-қора сувдан бошқа ҳеч нимани кўрмади. Кейин сувнинг жимирлаши остида, энг чуқурда менинг қўлларим қимирлаётганини кўрди. Кейин мисоли икки қора тош каби ялтираган, залворли қора булутлар ортидан чиққан ойга қараб турган кўзларимни пайқади. Менинг кўзларим фалаклардан тушунтириш кутаётгандай ойга тикиларди.
Киши тиз чўкди, у кўкракларига урар ва йиғлар эди.
– Уни ўлдирибдилар! Менинг Шамсимни ўлдирибдилар! – бўридай увиллаб юборди у.
Шу пайт буталарнинг ортидан тезлик билан ўтиб кетган соя кўринди ва у худди ёввойи мушук каби чаққонлик билан боғ деворидан сакраб чиқиб кетди.
Лекин у киши қотилга эътибор бермади. Ногаҳон ёпирилган бу мусибат остида у бор овозида, то синиб чилчил бўлган стакан овозидай зириллаб қолмагунича қичқирар ва наъра тортарди.
– Ҳой, сен, жиннига ўхшаб бақиришни бас қил.
– …
– Жим бўл, бўлмаса мен сени ташқарига судраб чиқиб улоқтираман!
– …
– Овозингни ўчир, дедим! Эшитдингми? Ўчир!
Овоз таҳдидли эди. Шунга қарамай, мен ўзимга намоён бўлган манзара ичида яна бироз муддат қолишни истаб, ўзимни эшитмаганга солдим. Ўз ўлимим тафсилотини кўпроқ билишни истардим.
Шунингдек, ўша ғамгин нигоҳли эркакни тузук роқ кўриб олишни ҳам истардим. Ким ўзи у? Мен билан қандай алоқаси бор? Ва нима учун у август тунида мени бунчалар ўртаниб изламоқда?
Аммо мени яна кўргунимча бошқа ўлчамдаги кимдир қўлимни тортқилаётган ва катта куч билан шундай силкита бошлаган эдики, ҳатто тишларим қаттиқ тақиллаб кетди. У мени бу дунёга тортиб олди.
Мен истамасдан, секин кўзларимни очдим ва ёнимда турган кишини кўрдим. Бу оқарган соқолли ва учлари тепага буралган мўйлабли, гавдали, баландбўй киши эди. Бу карвонсаройнинг эгаси эди. Ва ўша заҳоти икки нарсага эътибор бердим. Бу киши одатда ўзаро сўкишиб кетадиган ва жанжалга мойил одамларни тафтидан тушириб юрарди. Ҳозир у жуда дарғазаб эди.
– Мендан нима истайсиз? – сўрадим ундан.
– Нима учун қўлимни тортқилаяпсиз?
– Нимани истайманми? – жаҳл билан бақирди у.
– Сен бақиришдан тўхташингни истайман, тўхташингни. Сен барча ижарачиларимни эсидан оғдирасан-ку бу туришда.
– Мен бақирдимми? – сўрадим, унинг кучли чангалидан чиқишга уринар эканман.
– Бўлмаса-чи! Сен панжалари орасига тикон кириб кетган айиқ каби бўкирдинг. Нима бўлди сенга? Овқат устида ухлаб қолганмидинг? Босинқирадингми?
Бу изоҳ қабул қилса бўладиган ягона изоҳ эканини ва агар тасдиқласам, карвонсарой эгаси қониқиш ҳосил қилиши ва мени ўз ҳолимга қўйишини тушуниб турардим. Лекин мени ёлғон гапиргим келмас эди.
– Йўқ, биродар, мен ноқулай ухлаб қолиб, босинқираганим йўқ. Мен сира ухламайман.
– Бўлмаса, нима учун бақирдинг? – сўроқ қилишда давом этди карвонсарой эгаси.
– Менга воқеалар манзараси кўринди. Бу сира туш эмас.
У менга ҳайрон бўлиб қаради-да, кейин мўйловининг учларини шима бошлади.
Шундан кейин деди:
– Сиз, дарвишлар, худди ҳужрадаги каламушларга ўхшаган, телба одамларсиз. Кун бўйи оч юрасиз ва дуолар ўқийсиз, боз устига қизиб турган қуёш тафти остида юрасиз. Нималардир кўринган бўлса бордир, офтобда миянгнинг жизғанаги чиққан бўлса керак.
Мен кулимсирадим. Балки у ҳақли ҳамдир. Айтадилар-ку, ақлдан озиш билан ўзингдаги Худони топиш орасидаги масофа жуда қисқа деб.
Шу пайт қовурилган эчки гўшти, қуритилган тузланган балиқ, турли дориворлар қўшиб пиширилган қўй гўшти, кулча нонлар, турк нўхати ва қўй гўштининг
думбасида пиширилган нўхатли ва ясмиқли шўрвалар солинган катта патнисларни кўтарган икки хизматчи олдимиздан ўтиб қолишди. Улар пиёз, саримсоқпиёз ва дориворларнинг ҳиди бутун меҳмонхонани тутиб кетган овқатларни одамларга тарқатиб юришарди.
Улар ёнимда тўхтаганларида мен буғи чиқиб турган бир коса ёвғон шўрва ва озроқ қора нон олдим.
– Овқатга тўлаш учун пулинг борми? – сўради карвонсарой эгаси ҳомийларча овоз билан.
– Йўқ, – дедим мен. – Лекин агар рози бўлсанг, эвазига бир нарса беришим мумкин. Сен менга емиш ва бошпана берасан, мен эса сен кўрган тушлар таъбирини айтиб бераман.
У икки қўлини белига қўйиб тўнғиллади:
– Ўзинг мен ҳеч қачон туш кўрмайман, дединг-ку.
– Тўғри, ўзим туш кўрмайман, лекин бошқалар кўрган тушлар таъбирини айта оламан.
– Ўзи сени ҳайдаб чиқаришим керак эди. Ҳамма дарвишлар жинни бўлади, деган эдим-ку, – деди карвонсарой хўжайини ҳар сўзини жаҳл билан чертиб гапирар экан. – Менинг сенга маслаҳатим: ёшинг не чадалигини билмайману, лекин сен бутун умрингга етарли дуою фотиҳалар қилдинг. Энди ўзингга яхши бир хотин топиб уйлан ва дунёда дарбадар кезишни бас қил. У сенга болалар туғиб беради. Шунда сен бир ерда қўним топасан. Ҳаммаёқ ғам-ғуссага тўлиб ётган бу дунёни кезишда нима маъно бор? Менга ишонавер.
Ҳеч қаердан бирон янгилик топа олмайсан. Меникига турли томонлардан турли одамлар келиб кетишади.
Озроқ шароб ичиб олсалар, бас, ўша бир хил нарсалар ҳақида гапира бошлайдилар. Одамлар ҳамма ёқда бир хил. Ўша овқат, ўша сув, ўша ахлат.
– Мен булардан ҳеч бирини изламаяпман. Мен Худо изловчиман. Ҳақни излаяпман.
– У ҳолда сен Уни нотўғри жойдан излаяпсан, – деди кутилмаганда ғамгин бўлиб қолган хўжайин. – Бизнинг ерларга Худо назар солмайди! Бизга Унинг қачон бўлмасин бу ерларга қайтиши ҳам даргумон.
– Буни эшитар эканман, менинг юрагим увишиб кетди.
– Худо ҳақида ёмон гапириш, одамнинг ўзи ҳақида ёмон гапириши билан баробар, – дедим мен.
Карвонсарой эгаси масхараомуз ғалати илжайди.
Мен унинг юзида алам исён ва болаларга хос аразга ўхшаш нимадир борлигини кўрдим.
– Ахир Худо мен сизларга бўйнингиздаги қон томирингиздан ҳам яқинроқман демаганми? – сўрадим мен.
– Худо узоқ осмонларда эмас. У ҳар биримизнинг ўз ичимизда. Шунинг учун У бизларни ҳеч қачон тарк этмайди.
– Лекин У бизни ташлаб қўяди ҳам, – деди хўжайин совуқ ва кишининг жиғига тегадиган нигоҳ билан қараркан.