реклама
Бургер менюБургер меню

Элиф Шафак – Ишққа оид 40 қоида (страница 4)

18

Қадрли сэр /мадам!

Сизга Амстердамдан салом йўллайман. Мен Сизга юбораётган тарихий воқеа Кичик Осиёдаги Конья шаҳрида содир бўлган. Лекин шахсан мен унинг ҳозир

учун ҳам, барча мамлакатлар, маданиятлар ва асрлар учун ҳам долзарб эканига ишонаман.

Умид қиламанки, ўз даврининг жуда буюк шоири ва ислом руҳиятининг йўлбошчиси сифатида ҳурматга сазовор бўлган Румийни бутун ҳаёти турли жанжаллар ва можаролар билан тўла табризлик дарвиш Шамс билан боғлаган ҳайратланарли ришталар ҳақидаги бу тарихий ва мистик роман, «Ширин шаккоклик» ни ўқиб чиқишга вақтингиз топилади.

Ҳамиша муҳаббат Сизга ёр бўлсин ва Сизни ҳамиша муҳаббат қуршаб турсин.

А.3. Захара

Элла айнан мана шу сатрлар адабиёт агентлигини қизиқтириб қўйганини англади. Лекин ҳаваскор-ёзувчининг қўлёзмасини ўқишга Стивнинг вақти йўқ эди, шунинг учун уни ўз ўринбосари Мишелга берган, Мишел эса ўз навбатида уни янги ассистент (Элла)га берган эди. «Ширин шаккоклик» шу зайлда Элланинг қўлига келиб тушган эди.

Элла у вақтда бу китоб унинг нафақат биринчи иши бўлишини, балки ўзининг бутун ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб юборишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. Захаранинг қўлёзмаси унинг тақдирини ўзгартириб юборишини тасаввур этмаган эди.

Элла биринчи бетни очди. Муаллиф ҳақидаги маълумотномани ўқиди:

«А.3. Захара олам бўйлаб саёҳатга чиқмаган вақтларида Амстердамда ўз китоблари, мушуклари ва тошбақалари қуршовида яшайди». «Ширин шаккоклик»

– Захаранинг биринчи романи ва бу охиргиси бўлиши ҳам мумкин. Зотан унинг ёзувчи касбини эгаллаш нияти йўқ ва бу китоб унинг буюк файласуф, мутасаввиф ва шоир Румий ва унинг қуёши (Бунда «Шамс» исмининг луғавий маъноси «қуёш» эканига ҳам, Шамс Табризийнинг Румий ҳаётида ўйнаган ролига ҳам ишора жо бўлган) Шамс Табризийга бўлган фавқулоддаги мафтунлиги ва муҳаббати ҳосиласидир.

Элланинг кўзи қуйироқда турган, унга ҳайратомуз даражада жуда таниш туюлган қуйидаги сатрларга тушди: «Баъзиларнинг фикрлари акси ўлароқ, севги (ишқ) фақат кутилмаганда келадиган ва тез кетадиган ширин туйғугина эмас».

Ўқиган нарсаси шу бугун эрталаб нонушта вақтида ўзининг катта қизига айтган гапига шунчалар зид эдики, Элланинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. У бир

зум қотиб қолди, кейин ғалати мистик туйғудан сесканиб кетди: қандайдир бир куч ёки ўзи боғланиб қолган бу муаллиф, у ким бўлса ҳамки, назарида уни кузатаётгандай эди. Балки китобни у биринчи бўлиб ким ўқишини олдиндан билиб ёзгандай эди. Романни ёзганида уни кўзда тутгандай эди. Аллақандай тушунарсиз сабабга кўра Эллани безовталик ва ҳаяжон қамраб олди.

«Жуда кўп кўрсаткичларга кўра, йигирма биринчи аср ўн учинчи асрдан унча катта фарқ қилмайди. Ҳар иккисининг ҳам тарихига динлараро мисли кўрилмаган нифоқлар, маданиятлараро тушунмовчиликлар, ҳимояланмаганлик ва нариги дунёдан қўрқув ҳислари бирдай хосдир. Бундай вақтларда ишқ туйғуси одамларга ҳар қачонгидан кўпроқ керак».

Бирдан салқин ва кучли шамол туриб, эшик олдига дарахтларнинг тўкилган япроқларини сочди. Қуёш горизонт ортига ўтган ва теварак-атроф зерикарли ва ғамнок бўлиб қолди.

«Ишқ ҳаётнинг моҳияти ва мақсадидир. Румий бизга эслатганидай, у ҳаммани, ҳатто ундан ўзини сақловчиларни ҳам, «романтик» сўзига салбий маъно берувчиларни ҳам забт этади».

Элла бу сатрларни ўқир экан: «Эртами ёки кечми ишқ ҳаммани, ҳатто Нортгемптондаги Элла Рубинштейн номли ўрта яшар уй бекасини ҳам забт этади» дея ўқигандай бўлди.

Унинг ички туйғуси қўлёзмани ўқишдан тўхташга, Мишелга қўнғироқ қилиб, бу роман ҳақида ёзмаслигини айтишга ундар эди. Бунинг ўрнига Элла оғир хўрсиниб қўйди, кейинги саҳифани очди ва ўқий бошлади.

А.З. Захара

«ШИРИН ШАККОКЛИК»

Сўфийлар Қуръоннинг биринчи – «Ал Фотиҳа» сурасига ва унинг биринчи «Бисми Аллаҳи Ар-Раҳмони

Ар-Раҳим» (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) оятига жо бўлган сир ҳақида гапирадилар.

Ва Бисмиллоҳнинг моҳияти «ба» ҳарфидир.

Ва «ба» ҳарфи остида нуқта бордир.

Бутун коинот мана шу «ба» ҳарфи остидаги нуқтададир.

«Маснавийлар «Б» ҳарфидан бошланади.

Романнинг ҳар бир боби ҳам шундай бошланган…

СЎЗБОШИ

Диний зиддиятлар, сиёсий баҳслар ва ҳокимият учун олиб борилган тинимсиз курашлар туфайли ўн учинчи асрда Анатолияда аҳвол жуда суронли эди.

Ғарбда салибчилар Иерусалимга кетаётиб, Константинополни (Римнинг шарқий империяси – Византиянинг пойтахти бўлган ҳозирги Истанбулни) босиб олган ва талон-торож қилган эдилар, бу эса Византия империясининг инқирозга юз тутишига олиб келган эди. Шарқдан эса ҳарбий даҳо Чингизхон бошчилигидаги қўшин жадал олға силжиб келаётган эди. Марказда эса, Византия ўзининг йўқотган куч-қудратини қайта тиклашга уринаётган чоғида, турк қабилалари ўзаро жанг қилишарди. Бу христианлар христианлар билан, христианлар мусулмонлар билан, мусулмонлар мусулмонлар билан жанг олиб бораётган бемисл хаос (бошбошдоқлик, тартибсизлик) даври эди. Қаёққа қараманг, ҳаммаёқдан нафрат ва азобу уқубат, боз устига келажак ваҳимаси ҳам уфуриб турарди.

Мана шу хаоснинг марказида таниқли ислом уламоси Жалолиддин Румий яшар эди. Уни Мавлоно – «Устоз» деб атар эдилар, чунки Коньянинг ўзида ва ундан ташқарида унинг минглаб шогирдлари бор эди ва барча мусулмонлар уни ўзларининг йўлчи юлдузлари деб ҳисоблар эдилар.

1244 йил Румий ўзининг ғайриоддий хулқу атвори ва ношаръий нутқлари билан ажралиб турадиган, дарбадар дарвиш – Шамс билан учрашади. Бу учрашув ҳар иккисининг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборади.

Айни пайтда бу учрашув, сўфийлар икки уммоннинг бирлашувига қиёс этган, мустаҳкам ва ҳайратланарли дўстликнинг бошланишига ҳам олиб келади. Бу ғалати инсон билан танишгач, Румий ўз таълимотининг бош йўналишидан четлашиб, эҳтиросли суфий шоирга, ишқ тарғиботчисига ва дарвишлар экстатик ҳолга олиб келувчи рақс услубининг яратувчисига айланади. Омма онгига фанатизм (мутаассиблик) ўта сингдирилган ва шу билан боғлиқ зиддиятлар ва тўқнашувлар даврида Румий барча инсонларни бир-биридан (эътиқоди бўйича) ажратмайдиган ялпи умумий маънавиятни ёқлаб чиқди. Ўша вақтда ҳам ҳозирги кунлардагидай, эътиқоди бошқа одамларга қарши ташқи жангни жиҳод деб ҳисоблайдиган кўпчиликнинг қарашларига қарши ўлароқ, Румий инсонни ўз сохта «мен» ига, ўз нафсига қарши ички жанг олиб бориши ва ғалабасига олиб келадиган жиҳодни ҳимоя қилди.

Бу ғояларни ёқловчилар унча кўп эмас эди, шунингдек ҳамма ҳам ўз қалбини ишқ учун оча олмас эди.

Шамс билан Румий ораларидаги маънавий боғланиш турли ғийбатлар, эгри қарашлар ва ҳужумлар манбаига айланди. Уларни тушунишмас, уларга ҳасад қилишар, балчиққа булар эдилар ва охир-оқибат энг яқин кишилари уларга хиёнат қилишди. Биринчи учрашувларидан кейин уч йил ўтгач, улар фожиали тарзда бир-бирлари билан ажрашдилар.

Лекин бу тугалланган воқеа эмас.

Аслида бу тарихнинг ниҳояси йўқ. Ва ҳозир, саккиз асрдан кейин ҳам, Шамс ва Румий руҳлари ҳамон тирик ва ораларимизда уфуриб турибди.

Қотил

1252 йил, ноябрь. Александрия.

Бечора мурда ётипти. Устида қалин сув қатлами.

Лекин кўрар кўзлари чарақлаб турипти, бамисоли, қаёққа бормайин, осмонлардан туриб мени даҳшат билан кузатиб юрган икки қора юлдуз каби. Мен энди Александриядаман ва яна саёҳат қилсам мени арралаётган бу хотиралардан, қулоқларимга эшитилиб турган бу инграшдан, сўйилган одамнинг сўнгги нафаси чиқишидан олдин айтган, унинг охирги калимаси «кечир» деган видолашув ҳайқириғидан қутуламан, деб умид қиламан.

Бировни ўлдирсанг, у одамдан нимадир ўзингга ўтади – унинг охирги нафаси, охирги қилган ҳаракати.

Мен буни қурбон бўлган одамнинг «тавқи лаънати» дейман. Ўша «нарса» сенга ёпишиб олади, терингнинг остига, юрагингга киради ва ичингда яшайди. Мени кўчада кўраётган одамлар бу ҳақида билишмайди ва лекин мен ўзим ўлдирган барча одамлардан нималарнидир ўз ичимда сақлаб юраман. Уларни мен худди кўринмас маржон каби бўйнимга осиб юраман, уларнинг менинг вужудимга оғир тегинишларини ҳис этиб тураман. Гарчи ёқимсиз эса-да, мен бу юк билан яшашга ўрганиб қолганман ва буни ўз ишимнинг бир қисми деб ҳисоблайман. Кобил Ҳобилни ўлдирганидан буён ҳар битта қотилда унинг ўлдирган одами нафас олади. Мен учун бу янгилик эмас. Мен бундан ҳатто хафа бўлмайман. Хафа бўлмай қолганман. Лекин нега мен бу охирги қатлдан кейин сира ўзимга кела олмаяпман?

Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди, аввалбошдан ҳаммаси нотўғри кетди. Масалан, мен бу ишни қандай олган эдим? Ёки, тўғрироғи, бу иш мени қандай топган эди? 1248 йил эрта баҳорида мен Коньядаги ишратхонанинг эгаси бўлган, жаҳлдор эркакшода аёлнинг хизматида эдим. Фоҳишаларни итоатда сақлаш ва ўзини тўғри тутишни истамайдиган ташриф буюрувчиларни тийиб қўйиш менинг хизмат вазифамга кирар эди.

Ўша кунни худди кечагина бўлгандай эслайман.

Менга Худони излаш истагида ишратхонадан қочиб кетган фоҳишани топиб келиш буюрилган эди. Бу каби жононалар менинг юрагимни кўп марта вайрон қилишган, шунинг учун жаҳлим чиқиб, уни тутиб олиб, юзини биронта эркак ҳатто қарагиси келмайдиган қилиб, дабдаласини чиқармоқчи бўлиб турган эдим. Бу аҳмоқ хотинни энди қўлга киритай деб турганимда бирдан уйим остонасида сирли хат пайдо бўлди. Саводсиз бўлганим учун уни мадрасада ўқийдиган талабага олиб бориб, унга пул бериб ўқитдим.

Хат муаллифи яширин (аноним) эди, «Бир нечта чин эътиқод эгалари» деган имзо қўйилган эди.

«Бизга сенинг қаердан келганинг ва аввал нима билан шуғулланганинг ишончли манбадан маълум. Сен Қотиллар жамоасининг аъзоси бўлгансан! (Қотиллар ёки Ассасианлар жамоаси (1096–1252) – салибчиларни ўлдириш учун диний ва сиёсий арбоб Ҳасан Ибн Саббоҳ томонидан тузилган фанатик-мусулмонлар жамоаси).