реклама
Бургер менюБургер меню

Элиф Шафак – Ишққа оид 40 қоида (страница 2)

18

«Наҳотки эри юрагининг туб ерида унинг карьера қила олмаганида ўзини айбдор ҳисоблар экан?» деб ўйлади Элла. Ёки виждони уни ўз хотинига қилган хиёнатлари учун тинчлик бермаяптимикин? Унинг бу ишда нега бунчалик ташаббус кўрсатаётганининг сабабини у бошқача тушуна олмас эди.

– Мен буни дадиллик деб атайман. Биз онамиз билан фахрланамиз, – кулимсираб, ўз гапини якунлади Дэвид.

– У мақсадига етади. У ҳар доим шунақа бўлган, – деди Эстер хола ҳаяжон билан, наздида жияни ҳозироқ столдан турадигандай ва ўз қариндошларини бутунлай ташлаб чиқиб кетадигандай эди.

Ҳаммалари Эллага меҳрли нигоҳ билан қараб турардилар. Ҳатто Ави ҳам истеҳзоли гап қилишдан ўзини тийиб турарди, ўзининг ташқи қиёфасидан бошқаси хаёлига келтиролмайдиган Орли ҳам ўйлаб қолган эди. Элла бу онларни юқори баҳолади, лекин ажабланарлиси, бирдан авваллари ўзига нотаниш бўлган чексиз бўшлиқ борлигини ҳис этди. У стол атрофида бошланган бу суҳбат мавзусини кимдир ўзгартиришини истаб қолганди.

Элланинг катта қизи Жанет худди уни эшитгандай, тўсатдан гапга аралашди:

– Менда ҳам яхши янгилик бор.

Ҳамма ўгирилиб унга қаради…

– Биз Скотт билан турмуш қуришга аҳд қилдик, – эълон қилди Жанет. – О, нима демоқчи бўлаётганингизни тушуниб турибман! Биз ҳали ёшмиз, ҳали коллежни ҳам битирмаганмиз ва ҳоказолар. Лекин биз иккимиз ҳам ўзимизнинг бундай ўзгаришга тайёр ҳис этаётганимизни тушунишингиз керак.

Ошхонадаги стол атрофига оғир жимлик чўкди.

Ҳозиргина ҳаммаларини бирлаштирган илиқлик ва меҳрибонлик туйғуси бир зумда ўчди. Орли билан Арли бир-бирларига ҳайрон нигоҳ ташлашди, Эстер хола эса олма шарбати солинган стаканни қўлида сиққанича тошдай қотди. Дэвид иштаҳаси хиппа бўғилган каби санчқисини қўйди ва оч рангли қўй кўзларини қисиб Жанетга шундай тикилиб қарадики, бурчакларида кулимсирагандаги каби чуқур ажинлар пайдо бўлди. Лекин у кулмаётган эди. Юзи худди бир ҳўплам сиркани ичиб юборган каби бужмайиб кетган эди.

– Қойил-э! Мен бўлсам хурсанд бўласизлар, деб умид қилгандим, бунинг ўрнига муздеккина душ қабул қилгандек бўлдим, – деди чўзилибгина Жанет.

– Сен ҳозиргина турмушга чиқмоқчиман дединг, – деди Дэвид қизи айтган хабарни унга эслатгандай.

– Дада, биз бироз шошаётганимизни биламан, лекин кеча Скотт менга никоҳдан ўтишни таклиф қилди

ва мен рози бўлдим.

– Лекин нима учун? – сўради Элла.

Элла Жанетнинг нигоҳидан ўзининг бутунлай бошқача савол берган бўлиши кераклигини англади.

– Чунки мен уни севсам керак, деб ўйлайман, – ёш болага тушунтиргандай ҳомийларча оҳангда жавоб берди Жанет.

– Азизам, мен нима учун бунчалик шошилинч, деб сўрамоқчи эдим? – тушунтирди Элла.

– Сен ҳомиладормисан?

Эстер хола стулда тинмай қимирларди, ҳамма унинг хижолат чекаётганини ҳис этди. Бироздан кейин у чўнтагидан кислоталанишга қарши тавсия этилган таблеткасини олди ва чайнай бошлади.

– Мен тоға бўлар эканман, – ҳиринглади Ави.

Элла Жанетнинг қўлини ушлади ва уни майингина силади.

– Сен бизга тўғрисини айтишинг мумкин. Сен ахир буни биласан, тўғрими? Нимаики содир бўлмасин, биз сенинг тарафингдамиз.

– Ойи, илтимос, бас қилинг, – деди уни кесиб Жанет, қўлини тортиб оларкан. – Ҳеч қандай ҳомиладорлик йўқ. Сиз мени гангитиб ташладингиз-ку!

– Мен сенга ёрдам бермоқчиман, холос, – босиқлик билан деди Элла, гарчи бу унча осон кечмаётган эса-да.

– Мени шу зайл хафа қилиб, ёрдам бермоқчимисиз? Биз Скотт билан фақатгина шу сабабдан турмуш қурмоқчи бўлишяпти, деб ўйлаётганингиз очиқ-ойдин

кўриниб турипти! Каллангизга мен уни қаттиқ севганим учун бу йигитга турмушга чиқишни истаётганим ҳақидаги хаёл келмадими? Биз саккиз ойдан буён учрашиб юрибмиз.

Элла ўзини кинояли кулгудан тўхтата олмади:

– Ҳа, албатта, саккиз ой-а! Ва сен уни энди ўзингни беш бармоғингдай яхши билиб олдинг. Мана биз даданг билан йигирма йил бирга яшадик ва ҳалигача

бир-биримизни унчалик тушунмадик. Саккиз ой – жиддий муносабатлар ўрнатиш учун жуда қисқа муддат!

– Худо дунёни олти кунда яратган, – орага суқилди Ави, лекин қариндошларининг совуқ қарашларини кўриб жим бўлди.

Дэвид орадаги таранг вазият тобора ўсиб бораётганини ҳис этаркан, катта қизидан кўзларини узмай ўтирарди.

– Жонгинам, – қовоғини уйганча деди у, – ойинг фақат учрашиб туриш бошқа, турмуш қуриб яшаш бутунлай бошқа нарсалар эканини айтмоқчи эди.

– Лекин, дада, биз бир умр учрашиб туришимиз керак, деб ўйламассиз ахир?

– Очиғини айтсам, – деди оғир хўрсиниб Элла, – биз сени бошқа биров билан топишишингни истардик.

Жиддий муносабатлар қуриш учун иккингиз ҳам жуда ёшлик қиласиз.

– Мен ҳозир нимани ўйлаб қолганимни сизга айтайми, ойи? – деди Жанет одатдаги қувноқ овозига сира ўхшамайдиган ғамгин овозда.

– Сиз ўз қўрқувларингиз ҳақида гапиряпсиз, деб ўйлаб қолдим. Бироқ агар сиз жуда ёш турмушга чиққан ва ҳозирги менинг ёшимда мени туққан бўлсангиз, бу менинг ҳам сиз каби хато иш қилаётганимни билдирмайди.

Элланинг юзи қизи гўё юзига тарсаки туширгандай қизариб кетди. У ўзининг муддатдан олдин туғруқ билан тугаган оғир кўтарган ҳомиладорликни ҳамон

унутмаган эди. Кейин эса бу боланинг парвариши шундай катта куч-қувват талаб қилган эдики, фақат олти йил ўтганидан кейингина у кейинги ҳомиладорликка журъат эта олган эди.

– Азизам, биз сени Скотт билан учрашаётганингни билганимизда сен учун хурсанд бўлгандик, – эҳтиёткорлик билан суҳбат тактикасини ўзгартирмоқчи бўлди Дэвид.

– У яхши бола. Лекин университетни битирганингдан кейин сен қандай ўзгаришинг мумкин, буни олдиндан билиб бўладими? Ҳамма нарса ўзгариб кетиши мумкин.

Жанет гўё унинг бу гапини инобатга олгандай, оҳиста бош силкиб қўйди.

– Скотт яҳудий бўлмагани учун шундай деяпсизларми?

Қизининг сўзларига ишонмай, Дэвиднинг кўзлари чақчайиб кетди. У ҳамиша ўзининг эркин қарашлари билан ғурурланарди ва ирқчилик, динлар, жинслар орасидаги тенглик ва шу каби масалалар ҳақида гап кетганда ўзини доимо олиб қочар эди.

Лекин Жанет қатъиятли эди. Онасига ўгирилиб деди:

– Менинг кўзимга тик қараб айтинг-чи, агар Скотт Хорун исмли яҳудий бўлганида ҳам, сизда худди шундай эътироз бўлармиди?

Жанетнинг овозида шунчалар катта алам ва киноя бор эдики, Элла ҳатто унинг юрагида нималар кечаётгани ҳақида ўйлашга ҳам қўрқарди.

– Жонгинам, гарчи бу сенга ёқмаса ҳам, сенга чин дилдан гапирай. Мен ёш бўлиш, севиш қанчалар ёқимли эканини биламан. Ишон, мен ҳам буни биламан. Лекин ўз доирангдан бўлмаган одамга турмушга чиқиш жуда хатарли. Биз сенинг ота-онанг сифатида сен тўғри иш қилаётганингга ишонч ҳосил қилишни истаймиз, холос.

– Сизлар тўғри деб ҳисоблайдиган ишлар мен учун ҳам тўғри бўлади, деб ҳисоблайсизларми?

Бу саволдан Элла бир қадар хижолат тортди. У хўрсиниб қўйди ва худди боши қаттиқ оғриётгандай ўз пешонасини силади.

– Ойи, мен уни севаман. Сиз буни бироз бўлса ҳам тушунасизми? Сиз «севги» сўзи нимани билдиришини эсингиздан чиқариб қўймаганмисиз? Скоттни кўрган заҳотим, юрагим тез уриб кетади. Мен усиз яшай олмайман.

Элла қизининг туйғулари устидан кулишни истамаса-да, беихтиёр кинояли товуш билан «ҳмм» деб юборди. Ўзига тушунарли бўлмаган аллақандай сабабларга кўра у қаттиқ асабийлашарди. У Жанет билан авваллари ҳам кўп марта жанжаллашиб туришарди, лекин бугун Элла одатдагидан анча жиддий, шу пайтгача ўзи учун нотаниш алланима билан тўқнаш келиб қолганини туйди.

– Ойи, сиз қачон бўлмасин севгини бошдан кечирганмисиз? – сўради Жанет, унинг гапириш оҳангида

камситувчи ишора аниқ жаранглаб турарди.

– Бас қил! Осмонларда учиб юрганинг етарлидир, ерга туш энди. Сен ҳаддан зиёд…

– Элла керакли сўз ахтарган каби деразага қаради.

– Сен ҳаддан зиёд романтиксан, – деди ниҳоят тўғри сўзни топиб.

– Бунинг нимаси ёмон экан? – хафа бўлиб сўради Жанет.

«Чиндан ҳам, романтик бўлишнинг нимаси ёмон? – хаёлан қизининг гапини маъқуллади Элла. – Бу нима учун бирдан менинг ғашимни келтириб қолди?» Ўз хаёлларида пайдо бўлган саволларга жавоб беришга ожиз қолган Элла ҳамон бўш келмасдан ўз гапида турарди.

– Азизам, қулоқ сол, сен қайси асрда яшаётганингни биласанми? Сен ҳозирги аёллар ўзлари севган эркакка турмушга чиқмаслигини бу ёшгина бошчангга қуйиб олгин. Турмуш қуриш вақти-соати келганида улар яхши ота бўладиган ва ҳаётда ишончли жуфт бўла оладиган эркакларни танлайдилар. Севги ёқимли туйғу, лекин у келади ва кетади ҳам.

Шу гапни айтиб бўлгач, Элла эрига ўгирилди. Эри худди сув ичида ҳаракатланаётгандай секинлик билан бармоқларини ўзаро чирмаштирди ва худди биринчи марта кўраётган каби хотинига қараб қолди.

– Сиз нима учун бундай деяётганингизни мен тушунаман, – деди Жанет.

– Сизни менинг бахтимга ва ёшлигимга рашкингиз келяпти. Сиз мени бир бебахт уй бекасига айлантиришни хоҳлайсиз. Ойи, сиз мени ўзингизга ўхшашимни истайсиз.

Элла қорни остида ғалати оғриқ турганини ҳис этди. Наҳотки у бахтсиз уй бекаси бўлса? Никоҳ қопқонига тушиб қолган ўрта ёшли бир онахонманми?