Джеймс А. Робинсон – МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари (страница 4)
1519 йилнинг 8 ноябрида Кортес ва унинг одамлари Aцтеклар давлатининг муҳташам пойтахти Теночтитланга етиб боради. Мулозимларининг маслаҳатига қулоқ солган Aцтеклар императори Моктесума испанларни меҳмондўстлик билан қарши олади. Сўнгра нима бўлгани 1545 йилдан кейин францисклик руҳоний Бернардино де Саагун ёзиб қолдирган, “Флорентин кодекслари” номи билан машҳур эсдаликларида жуда яхши тасвирланган:
Шунда улар (испанлар) Моктезумани қўлга олишди… кейин барча қуроллардан ўқ узилди… Қўрқув устун келди. Даҳшатдан гўё ҳамманинг юраги ёрилгандай эди. Қош қорайгунга қадар террор, ваҳима, одамларни асир олиш ва карахтлик ҳукм сурди. Тонг отиши билан (испанлар) талаб қилган барча нарсалар – оқ тошбақалар, курка гўштли кабоблар, тухум, тоза сув, ёғочлар, ўтин ва кўмир… келтириш буюрилди. Бунга Моктесуманинг ўзи буйруқ берди.
Испанлар қулай жойлашиб олгач, Моктесумадан олтин топиш иштиёқида шаҳарнинг барча бойликлари тўғрисида сўрашди. Моктесума испанларни ўзига эргаштириб йўл бошлади. Уларнинг ҳар бири императорни маҳкам тутганча, ҳар томондан ўраб, ўртага олиб йўлга чиқишди.
Улар Теокалко деб номланган жойга – хазинага етганларида барча ҳайратомуз нарсалар: квезаль патларидан ясалган елпиғичсимон тож, ускуналар, қалқонлар, тилла дисклар, тилла зираклар, тилла билакузуклар, тиллақошлар, олтин боғичлар кўз олдиларида намоён бўлди.
Олтин тезда бошқа бойликлардан ажратиб олинди… ва барча қимматбаҳо буюмларга дарҳол ўт қўйишди… Уларнинг барчаси ёндирилди. Испанлар ҳамма олтинни қуймаларга ажратишди… Ва улар ҳаммаёқни айланиб чиқишди. Кўзларига яхшироқ кўринган ҳамма нарсани, ҳамма-ҳаммасини олишди.
Кейин улар Моктесуманинг шахсий хазинасига бордилар… Тотокалко деган жойда эди… улар Моктесуманинг барча қимматбаҳо шахсий бойликларини – шокилали маржон шодалари, боғламлари квезаль патлардан тайёрланган билакузуклар, тилла боғичлар ва ҳукмдорлик белгиси бўлган феруза тошли тожни қўлга киритишди. Ҳаммасини олиб кетишди.
Aцтеклар давлатини ҳарбий истило қилиш 1521 йилда ниҳоясига етди. Янги Испания вилоятининг губернаторига айланган Кортес ҳудуднинг энг қимматли бойлиги – маҳаллий аҳолини “энкомиенда”4 тизими ёрдамида бўлиб олишни бошлади. Энкомиенда тартиби илк марта ХV асрда, VIII асрдан бери мусулмон маврараблар қўлида бўлган жанубий Испаниянинг испанлар томонидан қайта эгалланиши билан пайдо бўлган. “Янги дунё”да бу тизим янада оғир кўриниш олди: маҳаллий халқ “энкомендеро” (encomendero) – хўжайин испанлар ихтиёрига топширилди. Ерли аҳоли энкомендеролар учун меҳнат қилиш ва ўлпон тўлашга мажбур бўлиб, эвазига энкомендеролар уларни насронийликка киритиши лозим эди.
Энкомиенда тизими қандай ишлаганига оид дастлабки аниқ маълумотларни испан мустамлакачилик тизимининг илк ва энг кескин танқидчиларидан бири бўлган доминиканлик роҳиб Бартоломе де лас Касас ёзиб қолдирган. Де лас Касас 1502 йилда янги губернатор Николас де Овандо бошчилигидаги кемалар флоти билан Испанияга қарашли Эспаньола оролига келади. У ҳар куни маҳаллий аҳолига қарши шафқатсиз муносабат ва уларнинг эксплуатация қилинишига гувоҳ бўлар экан, тизимга қарши норозилиги ва нафрати тобора кучайиб борди. 1513 йилда у Кубанинг Испания томонидан босиб олинишида иштирок этиб, хизматлари учун ҳатто энкомиенда билан тақдирланади. Aммо роҳиб бу имтиёздан воз кечади ва испан истилочилик тизимини ислоҳ қилиш ҳаракатини бошлайди. Унинг ҳаракати 1542 йилда ёзилган, испанларнинг зулмкор бошқарувига қарши фикрлари баён этилган “Индийнинг вайрон қилиниши қисқача баёни” асарида, айниқса, чўққига чиқади. Энкомиенда ҳақида фикр билдирар экан, у Никарагуа мисолида шуларни ёзади:
Кўчиб келганларнинг ҳар бири шаҳарда ўзларига ажратилган (қонунчилик тилида айтганда, энкомиенда сифатида тортиқ қилинган) ерга жойлашди, аҳолини улар учун ишлашга мажбур қилишди, шундоқ ҳам оз қолган егулик захираларига чанг солишди, маҳаллий аҳоли эгалик қилган, меҳнат қилган ва ўзларининг анъанавий маҳсулотларини етиштирган ерларини тортиб олишди. Босқинчилар ерли аҳолининг барча қатламига: улуғлари, қариялар, аёллар ва болаларга ўзларининг қўл остидаги хизматчилардек муносабат қилар, яъни дам олдирмай, тун-кун фақат ўз манфаатлари учун ишлашга мажбурларди.
Янги Гранада (ҳозирги Колумбия) истилоси ҳақида ёзар экан, де лас Касас испанлар стратегияси қандай амалга оширилишини шундай тасвирлайди:
Босқинчиликнинг Мексикада такомиллаштирилган испанча стратегияси ва тартиблари Испания империясининг барча ҳудудларида зўр иштиёқ билан жорий қилинди. Бу тартиб Писарронинг Перуга босқинида, айниқса, самарали чиққан бўлиб, бошқа бирор жойда Перудагичалик натижа бермади. Де лас Касас бу ҳақидаги ҳикоясини шундай бошлайди:
1531 йилда бошқа учига чиққан нобакор бир қанча одам билан Перу қироллигига юриш қилди. У “янги дунё”нинг бошқа ҳудудларида ишлатилган усул ва тактикаларни қўллаш борасида ўзининг ўтмишда ўтган салафлари ишини давом эттиришни қасд қилган ҳолда йўлга чиқди.
Писарро сафарини Перунинг Тумбес шаҳри яқинидаги соҳилда бошлаб, жануб томон юради. 1532 йилнинг 15 ноябрида испанлар инклар императори Aтауальпа қўшинлари қўним топган Кахамарка номли шаҳарга етиб борди. Эртасига марҳум отаси император Ҳуайна Капак тахти учун курашда акаси Ҳуаскарни эндигина мағлуб этган инклар императори Aтауальпа мулозимлари билан испанлар жойлашган манзилга ташриф буюради. У испанлар содир этган ёвузликлар ҳақида, жумладан, қуёш худоси Инти ибодатхонаси вайрон қилинишига оид хабарларни эшитган ва бундан дарғазаб бўлган эди. Кейин нима бўлгани барчага маълум. Испанлар унга тузоқ қўйди ва қопқонга туширди. Улар Aтауальпанинг қўриқчилари ва мулозимларини – ҳаммаси бўлиб икки мингдан ортиқ одамни ўлдирди ва қиролни асир олди. Озод бўлиш учун у битта хонани олтин билан, яна худди шундай ўлчамдаги иккита хонани эса кумуш билан тўлдириб беришни ваъда қилишга мажбур бўлди. Қирол сўзининг уддасидан чиқди, аммо испанлар келишувга хиёнат қилдилар: Aтауальпа 1533 йил июлда дорга осилди.
Ўша йили ноябрда испанлар Инклар империяси пойтахти Кускони ишғол қилди. Қўлга тушган инк асилзодалари ҳам император билан бир хил келишувга кўнишга мажбурланди: талаб қилинган олтин ва кумуш келтирилгунча ҳибсда сақланди. Босқинчилар шартига қарши чиққанлар эса тириклайин ўтда ёқилди. Қуёш худоси ибодатхонаси ва Кусконинг бошқа бебаҳо санъат дурдоналаридаги олтинлар кўчириб олинди ва эритиб қуймаларга айлантирилди.
Шундан кейин испанлар Инклар империяси аҳолисига эътибор қаратдилар. Мексикада бўлганидек, одамлар энкомиендаларга тақсимланди. Писаррога ҳамроҳлик қилган конкистадорларнинг ҳар бирига энкомиендалар берилди. Мустамлакачиликнинг илк босқичида энкомиенда ишчи кучларидан фойдаланиш ва уларни назорат қилишда энг асосий институт эди. Aммо кўп ўтмай, бу тизим кучли рақибга рўбарў бўлди. 1545 йилда маҳаллий ҳиндулардан бўлган Диего Гуалпа бугунги Боливия ҳудудидаги Aнд тоғлари чўққисида жойлашган ҳинду ибодатхонасини излаб йўлга чиқади. Кутилмаганда эсган кучли шамол уни ерга йиқитади ва унинг қаршисидан кумуш рудаси тўла хазина чиқиб қолади. Бу улкан кумуш тоғининг бир қисми бўлиб, испанлар уни Эл-CерроРико (Бадавлат тепалик) дея қайта номлади. Ўша ерда – тоғ жойлашган баландликда – 1650 йилда 160 минг аҳолига эга, ўша пайтдаги Лиссабон ёки Венециядан каттароқ бўлган Потоси шаҳри қад кўтарди.
Кумушдан фойдаланиш учун испанларга жуда кўп кончилар керак эди. Испаниядан янги вице-қирол (ноиб) – испан мустамлакачилик маъмурияти раҳбари бўлган Франциско де Толедони юборишди. Унинг асосий вазифаси ишчи кучи муаммосини ҳал қилиш эди. 1569 йилда Перуга етиб келган де Толедо дастлабки беш йилни ўзига топширилган ҳудуд бўйлаб айланиш ва уни ўрганишга сарфлади. Шунингдек, у ҳудуднинг катта ёшли аҳолисини ҳисобга олиш бўйича кенг миқёсли текширув ўтказди. Зарур бўлган ишчи кучини топиш мақсадида ерли аҳолининг қарийб барчасини ҳиндулар учун янги тураржой манзилгоҳлари – резервацияларга кўчирди. Резервациялар (испанчада