Джеймс А. Робинсон – МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари (страница 18)
ЭКСТРАКТИВ ВА ИНКЛЮЗИВ ИҚТИСОДИЙ ИНСТИТУТЛАР
Мамлакатларда ўрнатилган институтлар, иқтисодиёт ишлашига таъсир қилувчи қоидалар ва одамларни ишлашга ундайдиган рағбатлар фарқлилиги туфайли иқтисодий тараққиётда ҳам фарқланади. Шимолий ва Жанубий Кореядаги ўсмирларни солиштириб кўринг: улар ҳаётдан нима кутиши мумкин? Шимолдагилар қашшоқликда, тадбиркорларга хос ташаббускорлик, креативлик мавжуд бўлмаган шароитда ёки малакали касбга тайёрлайдиган талаб даражасидаги таълим кўрмасдан ўсади. Уларга мактабда бериладиган билимларнинг аксарияти мавжуд тузумнинг легитимлигини мустаҳкамлашга қаратилган очиқ тарғиботдан иборат. Компьютерларни қўя туринг, уларда китоблар ҳам унча кўп эмас. Мактабни тамомлагандан кейин ҳамма 10 йил давомида армияда хизмат қилиши керак. Шимолий кореялик ўсмирлар уларда хусусий мулк бўлмаслигини, бизнес билан шуғулланолмаслигини ва фаровонроқ ҳаётга эришолмаслигини билади, ҳолбуки, кўплар ҳаёт кечириш учун ноқонуний иқтисодий фаолиятга қўл уради. Шимолий кореялик ёшлар ўз билимларидан фойдаланиш, эҳтиёжлари бўлган ёки ўзлари истаган нарсаларни харид қилиш учун жамғармаларини ишлатиш имкони бўлган бозорларга қонуний рухсат бўлмаслигини ҳам билади. Улар ҳаттоки келажакда қандай ҳуқуққа эга бўлишига ҳам ишончлари комил эмас.
Жанубдагилар эса яхши таълим олади, уларни меҳнат қилишга ва ўзлари танлаган касб бўйича етук мутахассис бўлишга ундовчи рағбатларга рўбарў бўлади. Жанубий Корея иқтисоди хусусий мулкчиликка асосланган бозор муносабатларига қурилган. Жанубий кореялик ўсмирлар тадбиркор ё ишчи сифатида муваффақиятга эришган тақдирда ўз меҳнатлари ва уринишлари мевасидан қачондир баҳраманд бўлиши мумкинлигини – турмуш шароитларини яхшилаш, машина, уй олиши, тиббий хизматлардан фойдаланишини билади.
Жанубда давлат иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ишбилармонлар банклар ва молиявий тузилмалардан қарзга пул олиши, чет эл компаниялари маҳаллий фирмалар билан ҳамкорликка киришиши, фуқаролар уй олиш учун ипотека олиши мумкин. Умуман олганда, Жанубий Кореяда ўзингиз хоҳлаган бизнес тури билан шуғулланиш мумкин. Шимолда эса ундай эмас. Жанубда ходимларни ишга ёллаш, маҳсулот ёки хизматларни сотиш ва ўз пулингизни бозорда ўзингиз истаган тарзда сарфлашга имконият бор. Шимолда эса фақат қора бозорлар мавжуд. Мана шундай турли хил қоидалар Шимолий Корея ва Жанубий Корея аҳолиси ҳаётини тартибга соладиган институтлардир.
Жанубий Корея ёки AҚШда мавжуд иқтисодий институтлар инклюзив иқтисодий институтлар бўлиб, улар кўп сонли кишиларни ўз истеъдод ва билимларидан имкон қадар фойдаланишга ундайдиган иқтисодий фаолият билан шуғулланиши учун имкон ҳамда рағбат беради, одамларга ўз истаклари бўйича танлов қилишга шароит яратади. Инклюзив бўлиш учун иқтисодий институтларда хусусий мулк дахлсизлиги, адолатли суд тизими ҳамда барча иштирокчилар учун бир хил шароитлар яратилиши каби хусусиятлар бўлиши лозим. У, шунингдек, янги иштирокчиларнинг бизнес оламига кириб келишига йўл бериши ва инсонларда ўз карьераларини ўзлари танлаш имконияти бўлиши лозим.
Жанубий ва Шимолий Корея, AҚШ ҳамда Лотин Aмерикаси ўртасидаги тафовутдан асосий қоида келиб чиқади. Инклюзив иқтисодий институтлар иқтисодий фаолиятга, меҳнат унумдорлиги ошишига ва иқтисодий юксалишга имкон беради. Хусусий мулк дахлсизлиги одамларда ҳаракат қилишга ва меҳнат унумдорлигини оширишга рағбат уйғотгани учун ҳам бу энг муҳим унсур ҳисобланади. Даромади талончиликка учраши, тортиб олиниши ёки солиқ учун олиб қўйилишини билган тадбиркорда инвестиция ва инновацияларга қўл уриш у ёқда турсин, ишлашга ҳам рағбат суст бўлади. Бундай ҳуқуқлар жамиятнинг кўпчилик аъзоси учун таъминланиши лозим.
1680 йилда Aнглия ҳукумати Вест-Индиядаги Барбадос колониясида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказади. Маълум бўлишича, мустамлака оролда 60 мингга яқин аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 39 минг киши аҳолининг учдан бир қисмини ташкил қилган табақанинг мулки ҳисобланган африкалик қуллар бўлган. Чиндан ҳам, уларнинг кўпчилиги ер ресурсларининг катта қисмига эгалик қилган 175 нафар шакар плантацияси эгаларига қарашли эди. Мазкур катта ер эгалари ўзларига тегишли бўлган ерлар ва ҳатто ўз қуллари устидан жуда яхши ҳимояланган мулк ҳуқуқларига эга бўлган. Aгар бирор мулкдор ўз қулларини бошқасига сотишни истаса, шу ва шунга ўхшаш ўзи хоҳлаган ҳар қандай савдо келишувини амалга оширишга кўзи етарди. Негаки, оролдаги жами 40 нафар судянинг йигирма тўққиз нафари йирик ер эгалари бўлган. Бундан ташқари, саккиз нафар юқори мартабали ҳарбий зобитнинг барчаси йирик ер-мулкларга эгалик қиларди. Барбадосдаги элитанинг мулк ҳуқуқлари ва шартномалари ҳимояси аниқ белгилаб қўйилган ҳамда жуда яхши муҳофаза қилинган бўлса-да, аҳолисининг учдан икки қисми таълим олиш ва иқтисодий ҳуқуқлардан, ўзининг истеъдод ва малакаларидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қуллардан иборат бўлган оролда инклюзив иқтисодий механизмлар жорий этилмаган эди. Инклюзив иқтисодий институтлар хусусий мулк дахлсизлиги ва иқтисодий имкониятлардан фақат элита эмас, балки жамиятнинг кўпчилик аъзолари ҳам фойдалана олишларини тақозо этади.
Ҳимояланган мулк ҳуқуқчилиги, қонун устуворлиги, ижтимоий хизматлар ва савдо-сотиқ эркинлиги давлатга – тартиб ўрнатиш, ўғрилик ва талончиликнинг олдини олиш, томонлар ўртасида тузилган келишувларни амалга ошириш учун мажбурлаш қудратига эга бўлган ташкилотга боғлиқ. Самарали ишлаши учун жамиятда бошқа ижтимоий хизматлар: маҳсулотни ташишга йўллар ва транспорт тармоғи, иқтисодий фаолият яхши ривожланиши учун инфратузилма ҳамда товламачилик ва жиноятчиликнинг олдини олишга эса ҳуқуқий чоралар керак бўлади. Гарчи бу ижтимоий шароитларнинг кўпини хусусий сектор ва фуқаролар ҳам таъминлаши мумкин бўлса-да, буни кенг миқёсда амалга ошириш кўпинча имконсиз бўлиб, бунинг учун марказлашган ҳокимият бўлиши талаб этилади. Шунинг учун ҳам давлат қонун устуворлиги, тартиб, хусусий мулк ва шартномалар ҳимоячиси, ижтимоий хизматларнинг асосий таъминотчиси сифатида иқтисодий институтлар билан чамбарчас боғланган. Инклюзив иқтисодий институтлар учун давлат керак ва улар давлатдан фойдаланади.
Шимолий Корея ёки мустамлакачилик даври Лотин Aмерикасида мавжуд бўлган иқтисодий институтларда (мита, энкомиенда, репартимиенто) бу хусусиятлар йўқ. Шимолий Кореяда хусусий мулкчилик мавжуд эмас. Мустамлакачилик даври Лотин Aмерикасида эса хусусий мулкчилик испанлар учун мавжуд бўлиб, ма ҳаллий аҳолининг мулк ҳуқуқи ҳимояланмаганди. Улардан ҳеч бирида аҳолининг мутлақ кўпчилиги ўзлари истаганча иқтисодий қарорлар қабул қилиш имконига эга бўлмаган, улар оммавий зўрлик объекти эди. Улардан ҳеч бирида давлат ҳокимияти фаровонлик яратувчи асосий ижтимоий хизматлар кўрсатмаган. Шимолий Кореяда давлат ўз мафкурасини тарғиб қиладиган таълим тизимини жорий қилгани ҳолда, аҳолини очарчиликдан сақлашга қодир бўлмади. Мустамлака Лотин Aмерикасида эса давлат эътиборини маҳаллий ҳиндуларга зўрлик ишлатишга қаратди. Мисол кетирилган давлатлардан бирортасида ҳамма учун бир хил шароит ёки адолатли суд тизими йўлга қўйилмаган. Шимолий Кореяда суд тизими ҳокимиятдаги Коммунистик партиянинг қуроли бўлса, Лотин Aмерикасида аҳолининг катта қисмига қарши дискриминация воситаси эди. Инклюзив иқтисодий институтларга тескари хусусиятларни ўзида жамлаган тизимни экстрактив иқтисодий институтлар деб атаймиз. Экстрактив (инглизча
ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛЛАРИ
Инклюзив иқтисодий институтлар нафақат одамларга ўз қобилиятларига энг тўғри келадиган ҳунар билан шуғулланишга имкон берувчи, балки барчага ўз иши билан машғул бўлиш учун бир хил шароит яратувчи инклюзив бозорларни юзага келтиради. Яхши ғоя эгалари ўз бизнесларини бошлаши мумкин бўлса, ишчилар самарадорроқ ишлар билан шуғулланиши, фойдаси камроқ фирмалар рақобатбардошлари билан алмаштирилиши мумкин бўлади. Инклюзив бозор механизмлари шароитида ўз касбларини танлайдиган инсонлар билан мита тартиби ҳукм сурган мустамлака даври Перу ва Боли вияда, лаёқатлари ва истакларидан қатъи назар, кумуш ва симоб конларида ишлашга маҳкум қилинганларни солиштириб кўринг. Инклюзив бозорлар фақат эркин бозорлар дегани эмас. ХVII асрда Барбадосда ҳам бозор мавжуд эди. Aммо айни пайтда оролда мулк ҳуқуқи барча учун эмас, бир ҳовуч заминдорлар учун мавжуд бўлиб, колониянинг бозорлари инклюзивликдан анча узоқ эди. Қуллар савдоси тизимли равишда аксарият аҳолини мажбурлаш ҳамда улардан ўзлари истаган касбни танлаш ва ўз қобилиятларидан фойдаланиш имкониятини тортиб олишдан иборат иқтисодий институтларнинг бир қисми эди.
Қолаверса, инклюзив иқтисодий институтлар тараққиётнинг қолган икки омили – технология ва таълим учун ҳам йўл очади. Барқарор иқтисодий ўсиш деярли ҳар доим инсон меҳнати, ер ва мавжуд капиталдан (бино, ускуналар ва ҳоказо) фойдаланиш самарадорлигини оширадиган технологик ўзгаришлар билан ёнма-ён келади. Aтиги бир аср муқаддам яшаган ота-боболаримизни эсга олайлик: ахборот технологиялари, роботлар ва компьютерлашган ускуналарни қўя туринг, улар ихтиёрида водопровод, кондиционерлар, савдо мажмуалари, радио ёки кино тугул, бугун биз учун оддий ҳол бўлган самолёт ва автомобиллар, дори-дармонлар ва тиббий хизмат ҳам бўлмаган. Яна бир неча авлод ортга қайтиб, технологик билимлар ва яшаш шароитлари янада қолоқроқ бўлганини кўриш мумкин, шунчалар қолоқки, кўпчилик одамлар яшаб қолиш учун қанчалик курашганларини тасаввур қилиш қийин. Бундай қулайликлар илм-фан ҳамда ундаги ютуқларни фойдали бизнес учун амалда қўллай олган Томас Эдисон каби тадбиркорлар хизмати ҳисобланади. Ушбу инновациялар хусусий мулкчиликни рағбатлантирувчи, шартномаларни қўллаб-қувватловчи, ҳамма учун бир хил шароит яратувчи, ҳаётга янги технологияларни олиб кириши мумкин бўлган янги бизнес субъектлари пайдо бўлишига имкон берувчи иқтисодий институтлар туфайли амалга ошди. Шу боис Томас Эдисонни Мексика ёки Перу эмас, айнан AҚШ етиштирди, “Samsung” ва “Hyundai” каби технологик инновацион компаниялар Шимолий Кореяда эмас, айнан Жанубий Кореяда пайдо бўлди.