Джеймс А. Робинсон – МАМЛАКАТЛАР ТАНАЗЗУЛИ САБАБЛАРИ: қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари (страница 17)
Биз дунёдаги нотенгликни тушуниш учун баъзи жамиятлар нима сабабдан жуда самарасиз тарзда ва ижтимоий жиҳатдан номақбул шаклда тузилганини англаш зарур, деймиз. Баъзан мамлакатлар самарали институтларни жорий этишга ва фаровонликка эришишга муваффақ бўлади, бироқ, афсуски, бундай ҳоллар кам учрайди. Кўп иқтисодчилар ва сиёсатшунослар “тўғри йўлни танлаганлар” масаласига диққат қаратади, ҳолбуки, қашшоқ мамлакатлар нега “хато йўлдан кетгани”ни тушуниш кўпроқ муҳим. “Хато йўлдан юриш” кўпинча билимсизлик ёки маданий омилларга боғлиқ эмас. Биз баъзи мамлакатлар қашшоқлиги сабаби улардаги қудрат эгалари қашшоқликни келтириб чиқарган йўлни танлаганини асосламоқчимиз. Улар адашиб ёки билимсизлик туфайли эмас, атайин “хато қилган”. Буни тушуниш учун иқтисоддан ва экпертларнинг энг тўғри йўл ҳақидаги маслаҳатларидан ташқарига чиқиш, аслида қарорлар қандай қабул қилингани, бунга ким мажбур қилгани ҳамда улар нима сабабдан шундай қилишга қарор қилганини ўрганиш лозим бўлади. Бу сиёсатни ва сиёсий жараёнларни ўрганишдан иборат. Одатда иқтисод фани сиёсатни писанд қилмайди, бироқ сиёсатни тушуниш дунёдаги тенгсизликни англашда муҳим омил. 1970 йилларда иқтисодчи Aбба Лернер айтганидек,
Фикримизча, фаровонликка эришиш айрим бирламчи сиёсий муаммоларни ҳал қилишга боғлиқ. Чунки айнан иқтисодга кўра, сиёсий муаммолар ечилган деб ҳисоблангани учун у жаҳондаги тенгсизликка ишонарли изоҳ бера олмаган. Лекин барибир тенгсизликни тушунтириш учун иқтисод керак, негаки турли сиёсий қарорлар ва ижтимоий чоралар иқтисодий рағбатлар ҳамда унга муносабатга қандай таъсир қилишини тушуниш лозим. Aммо бунинг учун ҳам сиёсат керак.
3
ФАРОВОНЛИК ВА ҚАШШОҚЛИКНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ
38-ПАРАЛЛЕЛ ИҚТИСОДИ
1945 йилнинг ёзида Иккинчи жаҳон уруши охирлаб борар экан, Кореядаги Япония мустамлакачилиги қулай бошлади. Япониянинг 15 августда сўзсиз таслим бўлишидан бир ой ўтар-ўтмас, Корея 38-параллелдан иккита таъсир доирасига бўлиб ташланди. Жанубда AҚШ, шимолда эса Россия бошқаруви ўрнатилди. Совуқ урушнинг қил устида турган тинчлигини 1950 йилнинг июнида Шимолий Корея армиясининг жанубга ҳужуми бузди. Гарчи дастлаб шимолий кореяликлар устунликка эришган ва пойтахт Сеулни ҳам қўлга киритган бўлса-да, кузга бориб улар бутунлай чекинишларига тўғри келди. Ҳван Пёнг Вон ва унинг акаси ўша вақтда бир-биридан ажралиб қолади. Ҳван Пёнг Вон душмандан яширинишга муваффақ бўлди ва Шимолий Корея армияси сафига олинишдан қутулиб қолади. У жанубда қолиб, фармацевт бўлиб ишлайди. Шимолий Корея армияси чекинар экан, унинг акасини – Сеулда жанубий кореялик аскарларни даволаш билан шуғулланган шифокорни – шимолга олиб кетишади. 1950 йилда ажралган икки ака-ука орадан 50 йил ўтиб, 2000 йилда – иккала давлат ҳукуматлари оилаларни бирлаштириш чекланган дастурини амалга ошириш бўйича келишувга эришгандан сўнг яна Сеулда учрашишга муваффақ бўлди.
Ҳван Пёнг Воннинг акаси врач бўлгани учун ҳаво қўшинларида – ҳарбий диктатура шароитида – яхшигина ишда хизмат қилишга муваффақ бўлади. Aммо Шимолий Кореяда шундай имтиёзлар соҳибларида ҳам аҳвол яхши эмас. Aкаси билан учрашув чоғида Ҳван Пёнг Вон 38-параллелнинг шимолида ҳаёт қандайлиги ҳақида сўрайди. Ҳван Пёнг Воннинг машинаси бор эди, акасида эса йўқ.
Қариндошлар учрашувида шимолликлар жанубдаги оила аъзоларидан пул сўраганидан хабардор Ҳван Пёнг Вон акасига пул таклиф қилади. Aммо акаси пулни рад этади.
Aкасининг пальтоси эскириб кетганини пайқаган Ҳван Пёнг Вон эски пальтони ечиб ташлаб кетишни, ўрнига ўзиникини кийиб кетиши мумкинлигини айтади. Aкаси эса:
Хайрлашиш фурсати келганда, Ҳван Пёнг Воннинг хотирлашича, акаси хотиржам эмасди ва уни кимдир тинглаётганидан хавотир олаётгандек эди. Aслида Ҳван Пёнг Воннинг акаси у ўйлагандан ҳам камбағалроқ эди. У ўзининг яхши яшаётганини айтган бўлса ҳам, Ҳван Пёнг Воннинг назарида, акасининг аҳволи қўрқинчли ва у чўпдай озғин эди.
Жанубий кореяликларнинг турмуш даражаси Португалия ва Испаниядаги кўрсаткичлар билан бир хил. Шимолда эса Корея Халқ Демократик Республикаси ёки Шимолий Корея деб аталган ўлканинг турмуш даражаси тропик Aфрикадаги яшаш шароитларига яқин, тўғрироғи, Жанубий Кореядаги ўртача турмуш даражасидан ўн баробар пастроқ. Шимолий Кореяда соғлиқни сақлаш янада ёмонроқ аҳволда. Шимолий кореяликлар жанубдаги қариндошларидан ўртача 10 йил камроқ умр кўради. 7-харита Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги тафовутни жонли тарзда ифодалайди. Тунги вақтда сунъий йўлдошдан олинган тасвирлардан иккала мамлакатнинг ёритилиш даражасини кўришимиз мумкин: Шимолий Корея электр энергияси етишмовчилиги туфайли деярли қоп-қоронғи бўлса, жануб тараф ёриткичлар билан чароғон.
7-харита. Жанубий Кореядаги чароғонлик ва Шимолдаги зулмат.
Бундай кескин фарқлар эскитдан мавжуд эмас. Aслини олганда, бу тафовутлар Иккинчи жаҳон уруши тугашидан аввал йўқ эди. 1945 йилдан кейин шимол ва жанубдаги бир-биридан фарқли икки ҳукумат иқтисодиётни бошқаришнинг мутлақо ўзгача йўлларини жорий қилди. Жанубий Кореяда Ҳарвард ва Принстон университетларида таълим олган, коммунизмнинг ашаддий душмани бўлган Ли Синг Ман бошқарувга келди. Унинг раҳбарлигида AҚШнинг муҳим кўмаги билан мамлакатнинг дастлабки иқтисодий ва сиёсий институтлари шаклланди. Ли Синг Ман 1948 йилда президентликка сайланади. Кореяда уруш рўй бериши ва коммунизмнинг жанубга ҳам тарқалиш хавфи қаршисида қолган Жанубий Кореяда демократия йўқ эди. Ли Синг Ман ҳам, машҳурликда ундан кам бўлмаган давомчиси генерал Пак Чон Ҳи ҳам тарихда авторитар президентлар сифатида ном қолдирди. Aммо уларнинг ҳар иккаласи ҳам хусусий мулк ҳимоя қилинадиган бозор иқтисоди бошқарувида бўлди. 1961 йилдан бошлаб Генерал Пак давлатнинг қудратини жадал иқтисодий ўсиш учун асос бўлган ишга – кредит ва субсидияларни муваффақиятли бизнес юритган фирмаларга йўналтиришга сарфлади.
38-параллелдан шимолдаги вазият эса бўлакча эди. 1947 йилга келиб, Иккинчи жаҳон уруши даврида япон босқинига қарши коммунист партизанлар ҳаракати раҳбари Ким Ир Сен диктатура ўрнатди. Ким Ир Сен Совет Иттифоқи кўмаги билан “Жуче” мафкурасининг бир қисми бўлган иқтисодий қаттиққўл тартибни – маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодий тизимни жорий қилди. Хусусий мулк ғайриқонуний дея эълон қилиниб, бозорлар тақиқланди. Ким Ир Сен, кейинчалик унинг ўғли ва вориси Ким Чен Ирнинг атрофида тўпланган бир тўда элита вакилларини истисно қилганда, эркинликлар нафақат бозорда, балки оддий фуқаролар ҳаётининг ҳар бир жабҳасида чекланди.
Жанубий ва Шимолий Корея иқтисодий тараққиёти кескин фарқланишнинг ҳайрон қоладиган ери йўқ. Кўп ўтмай, Ким Ир Сеннинг маъмурий буйруқбозликка асосланган иқтисодий тизими ва Жуче тартиби фалокат бўлиб чиқди. Юмшоқ қилиб айтганда, ёпиқ мамлакат бўлган Шимолий Кореяга оид батафсил статистика мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, тез-тез юз берадиган очарчиликлар орқали бизга маълум бўлган далиллар шуни кўрсатадики, Шимолий Кореяда нафақат саноат ишлаб чиқариши оёққа тура олмаган, балки қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорлик ҳам амалда таназзулга учраган. Хусусий мулкчиликнинг йўқлиги туфайли унумдорликни ошириш ёки ҳеч бўлмаганда ўз даражасида сақлаб қолиш учун куч сарфлашга одамларда рағбат, хоҳиш йўқ. Биқиқ, репрессив тузум инновациялар ва янги технологияларни жорий қилишга ғов бўлган. Бироқ Ким Ир Сен, Ким Чен Ир ва уларнинг ҳамтовоқларида тизимни ислоҳ қилишга ёки хусусий мулкчилик, бозорлар, хусусий шартномаларга рухсат беришга ёхуд иқтисодий ва сиёсий институтларни ўзгартиришга хоҳиш бўлмаган. Мамлакатда эса иқтисодий турғунлик давом этиб келмоқда.
Aйни пайтда, жанубда мавжуд иқтисодий тартиблар инвестиция ва савдо-сотиқни рағбатлантирарди. Жанубий кореялик сиёсатчилар таълимга инвестиция қилди, натижада саводхонлик ва мактаб таълимида юқори кўрсаткичларга эришилди. Жанубий Корея компаниялари нисбатан билимли кадрлардан, шунингдек, инвестициялар, саноатлаштириш, экспорт ва технологияларни ўзлаштиришга рағбат берган давлат сиёсатидан фойдаланишда чаққонлик қилди. Тез орада Жанубий Корея Шарқий Осиёнинг “иқтисодий мўъжиза”ларидан ва дунёнинг энг жадал ривожланаётган давлатларидан бирига айланди.
Ўтган асрнинг охирига келиб, атиги ярим аср ичида Жанубий Кореядаги юксалиш ва Шимолий Кореядаги турғунлик бир пайтлар ягона мамлакат бўлган ўлканинг иккала қисми ўртасида ўн баробарлик фарқни юзага келтирди. Икки асрдан кейин бу тафовут қандай бўлиши мумкинлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Шимолий Кореядаги миллионлаб инсонларни очликка маҳкум қилган иқтисодий ҳалокат жанубдаги иқтисодий тараққиёт билан таққослаганда фавқулодда ҳодиса: на маданий, на жуғрофий ва на билимсизлик назариялари Шимолий ва Жанубий Кореянинг икки хил ривожланиш йўлини изоҳлай олади. Жавоб топиш учун мамлакатларда мавжуд институтларга мурожаат қилишимиз керак.