18+
реклама
18+
Бургер менюБургер меню

Дэниел Киз – Элжернонга аталган гуллар (страница 10)

18

Жимпи қўлларини столга тираб:

– Кел, яхшиси, уни тинч қўямиз, – дейди.

– Жимпи, мен жиддий айтяпман. Гаров ўйнаймизми, унга пишириқ пишириш каби осон ишни ўргатсак бўлади.

Афтидан, Жимпига бу ғоя маъқул келган кўринади ва орқасига ўгирилиб:

– Тўғри айтасан. Эй, Чарли, бир дақиқага бу ёққа келгин.

Чарли доимгидек оёқ кийимининг боғичига қараб турарди. Агар бошқалар у ҳақида гапирса, доим шундай қилади. У оёқ кийим боғичини боғлаб‐ечишни ҳам билади. Пишириқлар пишириш унинг қўлидан келади. Унга хамирни қандай қилиб ёйиш ва ундан зувала ясаб, пишириқ пиширишни ўргатиш мумкин.

Фрэнк шубҳа билан унга қарарди:

– Жимпи, гапларими унут! Бу жиннига вақтимизни сарфлаб нима қиламиз.

– Уёғини ўзимга қўйиб бер, – дейди Фрэнкнинг ғоясидан илҳомланган Жимпи. – Менимча, ҳаммаси яхши бўлади. Чарли, мен билан Фрэнкка ўхшаб пишириқ пиширишни ўрганмоқчимисан?

Чарли унга қарар экан, юзидаги табассуми сўнди. Жимпи ундан нима хоҳлаётганини тушунди ва ўзини қопқонга тушиб қолган сичқон каби ҳис қила бошлади. Жимпини ҳеч хафа қилгиси келмаяпти, лекин «ўқиш», «ўрганиш» каби сўзларни эшитар экан, кўз олдида топшириқни тушуна олмагани учун уни «Ўқи! Ўқи!» деб савалаётган оқ кўйлак жонланди.

Чарли қўрққанидан ортига чекина бошлайди, лекин Жимпи уни тўхтатади: “Қўрқма, биз сенга асло ёмонлик қилмаймиз. Худди ҳозир минглаб бўлакка бўлиниб кетадигандай титрашингни‐чи. Қара, менда нима бор”?

Унинг кафтида “СТАР-БРАЙТ БУЮМЛАРИНГИЗНИ ЮЛДУЗДАЙ САЙҚАЛЛАЙДИ” ёзувли медальон осилган мис туморча турарди. Тилла рангли медальонда люминисцент чироқ нури акс эта бошлади. Бундай ялтирашни Чарли олдин ҳам кўрган эди, аммо қачон ва қаерда кўрганини эслай олмади.

Бировнинг нарсасини олсанг, албатта, жазоланасан. Бу қоидани Чарли жуда ҳам яхши билади. Лекин кимдир ўзи қўлингга тутқазса, бу ёмон иш эмас. Ҳа, шундай. Жимпи унга медальонни ўзи бермоқчи-ку. Чарлининг оғзи қулоғида эди.

– Ҳа, у билади, – деди Фрэнк ва тажрибанинг давомини ўтказишни Жимпига топширди. – Унга ялтироқ нарсалар ёқади.

Жимпи эс ҳаяжон билан олдинга қадам ташлаб:

– Агар унга тумор керак бўлса, балки пишириқ пиширишни ҳам ўрганиб олар, – деди.

Икки новвой Чарлига пишириқ пиширишни ўргатишга жиддий киришадилар. Уларни бошқалар ўраб олади. Фрэнк столнинг бир қисмини бўшатади, Жимпи стол устига ўртача катталикдаги бир бўлак хамирни ташлайди. Томошабинлар гаров ўйнашга киришадилар.

– Диққат билан кузат, – дейди Жимпи ва туморчани стол чеккасига қўяди. – Кузатиб, бизнинг орқамиздан қайтар. Пишириқ пиширишни ўрганиб олсанг, тумор сеники бўлади.

Стулда букчайиб ўтирган Чарли синчиклаб қараб, Жимпининг пичоқ билан хамирдан бир бўлак ажратиб олишини кузатади. Ҳар бир ҳаракатни кўздан қочирмасликка ҳаракат қилади: мана Жимпи хамирни колбаса ҳолатига келтирди, ундан бир бўлак узиб, бўлакни «узук»ка айлантирди. Вақти‐вақти билан Жимпи хамирга ун сепиб турарди.

– Энди менга қара, – дейди Фрэнк ва Жимпининг қилганларини такрорлайди.

Чарли адашиб кетяпти – уларнинг ҳаракатларида фарқ бор эди. Хамирни ёяётиб Жимпи тирсакларини, худди қушлар қанотини қоққандай, керарди; Фрэнк эса белига қапиштириб оларди. Жимпининг ҳамма бармоқлари бир-бирига ёпишган ҳолатда эди, Фрэнкнинг бош бармоқлари тепага кўтарилганди.

– Бўлақол, Чарли, сен ҳам ҳаракат қилиб кўр, – дейди Жимпи.

Чарли рози бўлмай бошини чайқайди. Майда ҳаракатлардаги фарқлар уни жойига михлаб қўйгандай эди.

– Менга қара, Чарли, ҳозир мен ҳаммасини бошидан секин қайтараман. Кўриб ол, кейин менинг орқамдан қайтаришга ҳаракат қиласан. Келишдикми? Ҳаммасини ёдлаб қолишга урин.

У Жимпининг хамирдан зўлдир ясашини диққат билан кузатар эди.

Чарли пичоқ ёрдамида секин‐аста хамирдан бир бўлак кесиб олади ва уни стол ўртасига қўяди. Шошилмай, тирсакларини Жимпидай тутиб, хамирни думалоқ шаклга келтиришни бошлайди. Гоҳ ўзининг қўлларига, гоҳ Жимпининг қўлларига нигоҳ ташлаб, бармоқларини худди унинг каби бирга тутишга ҳаракат қилади. Ҳаммасини тўғри бажариш керак, чунки Жимпи шуни хоҳлаяпти. Чарли ўзини Фрэнк билан Жимпининг яхши кўриб қолишини жуда ҳам истаяпти.

Жимпи қаддини ростлади ва Чарли унинг ҳаракатларини такрорлади.

– Зўр-ку! Қара, Фрэнк, Чарли зувала ясади.

Фрэнк унга қараб жилмайиб қўйди. Чарли ҳаяжондан қалтирарди. Муваффақият унга ёт эди.

– Баракалла! – мақтади Жимпи. – Энди хамирни колбаса шаклига келтиришни ўрганамиз.

Беўхшов, аммо диққат билан Чарли унинг ҳар бир ҳаракатини қайтарарди. Бир неча бор қўлларининг қалтирашидан ҳеч нарса ўхшамай қолди, лекин ахийри у хамирни узук ҳолатига келтиришни уддалайди. Олти дона «узук» ясаб, уларни ун сепилган тунука това устига, Жимпининг «узук»лари ёнига қўяди.

– Балли, Чарли! – олқишлайди Жимпи жиддийлик билан. – Энди ҳаммасини бир ўзинг менсиз қилиб кўр. Бўлақол.

Чарли йирик хамир бўлаги ва қўлига тутқазиб қўйишган пичоққа қараб қолди. Ва дарҳол умидсизликка тушди. Дастлаб нима қилиш керак эди? Қўллари қандай ҳолатда эди? Бармоқлари‐чи? Хамирдан қандай қилиб зувала ясаш мумкин? Минг бир савол бошида айланар экан, у жилмайиб тураверарди. У ич-ичидан ўзини Фрэнк билан Жимпининг ёқтириб қолишини ва унга туморчани беришларини хоҳларди. У қайта-қайта хамирни айлантираверар, аммо қандай қилиб бир бўлак узиб олишнинг уддасидан чиқолмасди. Чунки хато қилиб қўйишини биларди. У шундан қўрқарди.

– У аллақачон эсидан чиқариб қўйди, – дейди Фрэнк. – Ҳеч нима ёдида қолмайди.

Чарли қовоғини осиб, эслашга ҳаракат қилди: аввал бир бўлак ажратиш керак. Сўнгра уни юмалоқ шаклга келтириш керак. Аммо у юмалоқни қандай қилиб тунука товадаги хамир каби узук ҳолатига келтиради? Бироз вақт берсаларингиз, у эслайди. Туман тарқаб, у албатта эслайди. Унга ўргатганларининг бирозини бўлса ҳам эсида қолдириш учун ўзи билан ўзи қаттиқ курашарди. У зўриқиб эслашга уринарди…

– Ҳа, майли, Чарли, – деб Жимпи унинг қўлидан пичоқни олиб қўйди. – Ўзингни бекорга қийнама. Барибир сенинг вазифанг бу эмас.

Яна бир дақиқа керак ва у эслаган бўларди. Агар улар шошилтирмаганларида у албатта эсларди. Нега ҳамма шошилади?

– Бор, Чарли. Ўтириб комиксларингни ўқи. Биз ишлашимиз керак.

Чарли жилмайиб орқа чўнтагидан кулгили расмлар бор китобчасини чиқаради. Уни очиб, бошига шляпа қилиб қўйиб олади. Фрэнк кулади, Жимпининг юзига ҳам ниҳоят кулги югуради.

– Бор, жаноб Доннер чақирмагунга қадар ўша ерда ўтир, – дейди Жимпи тўнғиллаб.

Чарли унга кулиб қўйиб, ун қоплари йиғилган бурчакка қараб кетади. Бу ерда оёқларини чалиштириб ўтириб, комикс ўқиш Чарлига жуда ҳам ёқади. Саҳифаларни бирма-бир очар экан, тўсатдан унинг йиғлагиси келади. Нега эканлигини ўзи ҳам тушунмасди. Нимадан хафа бўлиш керак? Туман қалинлашиб борар, сўнгра яна тарқаб кетарди. Ўттиз, қирқ марта кўриб чиққан кулгили расмларни яна кўришни ўйлаб хурсанд бўлади. Чарли у ердаги ҳамма қаҳрамонларни танийди ва бошларининг устида оқ пуфаклар турса, қаҳрамонлар гапираётганини билдиришини ҳам тушунади. Қачонлардир у ҳарфларни ўқий олармикан? Унга бироз вақт беринг, шошилтирманг, туртманг – ва у ҳаммасини уддалайди. Лекин ҳамма қаергадир шошилади…

– Мана, ол, – дейди у жаҳл билан ва туморчани Чарлининг оёқлари остига отади.

Ўша кун у учун анча ажойиб кун бўлганини энди англаб етдим. Нега у ундай қилган эди? Ўша пайтдан бери доктор Штраус, профессор Немур ва коллежда ишлайдиган бошқа ишчилар ёрдамида узоқ йўлни босиб ўтдим. Аммо ҳозир Фрэнк ва Жимпи мен ҳақимда қандай фикрдалар? Ахир мен бутунлай ўзгардим-ку…

22 апрель

Новвойхонадаги ишчилар анча ўзгарибди. Улар ўзларини мени кўрмаганликка солишяпти, мен ҳақиқий душманликни сезяпман. Жаноб Доннер менинг касаба уюшмасига қўшилишимни хоҳлаяпти ва маошимни яна оширди. Энг ёмони, мен бундан ҳеч ҳам хурсанд эмасман, чунки бошқалар негадир мендан хафа. Нима ҳам дердим, уларни айблашга ҳаққим йўқ ва ўзим ҳақимда уларга айтиб ҳам беролмайман. Авваллари улар мен билан фахрланадилар деб ўйлардим. Ундай эмас экан.

Аммо дардимни кимга айтишни биламан. Эртага кечки пайт Кинниан хонимни маошим кўпайганини қутлаш учун кинога таклиф қиламан. Албатта, жасоратим етса.

24 апрель

Ваниҳоят профессор Немур бизнинг – доктор Штраус билан менинг таклифимга рози бўлди. Биз унга ички ҳиссиётларимни, бошқалар уларни ўқишларини била туриб, қоғозга туширишим имконсиз эканлигини айтган эдик. Қайдларимда доимо дуруст бўлишга уринаман, аммо баъзи ҳолатлар ҳақида бутун жаҳон билишини ҳеч ҳам хоҳламайман. Ақалли, ҳозир.

Эндиликда энг сирли кечинмаларим ҳақидаги қайдларни ўзимда қолдирсам бўлаверади. Аммо бир шарт билан, Уэлберг жамғармаси учун тайёрланадиган яку-ний ҳисоботдан олдин профессор Немур барча қайдларни кўриб чиқиб, қай бирлари чоп этилишини ўзи ҳал қилади.

Бугун жуда ҳам ёқимсиз ҳодиса рўй берди. Лабораторияга доктор Штраус ёки профессор Немурдан Кинниан хонимни кинога таклиф қилсам майлими, деб сўрагани бордим. Эшикни тақиллатмоқчи бўлиб тургандим, бирдан улар ўзаро баҳслашаётгани қулоғимга чалинди. Гап пойлаш одатидан қутулиш жуда ҳам қийин бўлмоқда, чунки олдин мени ҳеч ким одам ўрнида кўрмасди ва улар ҳақида қандай фикрга боришим ҳеч кимга қизиқ эмасди.

Иккисидан бири столга жаҳл билан муштлади ва:

– Мен аллақачон ташкилий қўмитани ҳисоботни Чикагода қиламиз деб огоҳлантириб қўйганман! – деб бақирди профессор Немур.

– Бу ишинг тўғри эмас, Ҳаролд. Олти ой жуда қисқа муддат. У ҳали ҳам ўзгаришда давом этмоқда, – деб эътироз билдирди доктор Штраус.