Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 22)
Боланинг ҳалиги уҳ тортиши, унинг мўлтиллаб аянчли қараши Саиданинг кўз олдидан сира кетмасди. Турли хил мудҳиш хаёллар унинг кўнглини чўктириб, аллақандай хунук хабар келишини кутаётгандек боши ғовлар, руҳи тушиб, безовта бўла бошларди. Саида шу пайтда нима қилишини билмай эшикка чиқди, ҳавонинг авзойи бузуқ, шамол туриб, уфқда қора тунда булутлар қалқишиб осмонни қоплаб келаётган эди. Теварак-атроф жимжит, тоғу тошлар ҳам кўринмайди. Осмонда сузиб бораётган тўлин ой булутлар орасида заъфарон юзларини кўрсатиб, яна дарҳол яшириниб оларди.
“Қор ёғяптими? Исмоилнинг аҳволи нима бўлди экан?” – деган хаёл билан Саида яна уйга қайтиб кирди.
Эрта азонда Саида одатдагича сувга чиқди. Яна ҳавонинг қовоғи солиқ бўлса ҳам, бир оз юмшаб, парча-парча сарғиш қор ёғиб турарди.
“Ий-й!..” – деб қўйди Саида бўйнига сирқиб тушган қор томчиларидан ижирғаниб.
У пақирларини кўтариб эндигина одимлаётган эди, Тўтиойлар томонидан қий-чув йиғи овози эшитилиб, ундан-бундан от чопиб келаётган кишиларга кўзи тушди. “Яна қандай фалокат юз берди экан?..” деганича пақирини қолдириб, у ҳам ўша томонга югуриб кетди. “Бойдалининг азасини кузда ўтказамиз дейишган эди, биров айтиб қўйди шекилли, мунча қий-чув” деб ўйлади у. Саида дарҳол девордан бурила қолиб, ҳовлига яқинлашганда, тўпланишиб дод солиб йиғлаётган халқни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолди. Шу чоқ ғала-ғовур ичидан сочлари тўзиб, кўзлари аланглаб Тўтиой отилиб чиқди-да, йиғлаганича сарой томонга югуриб борди.
– Мана, айланайин халойиқ! Мана, кўринглар! Ўғри қулфни суғуриб, сигирни олиб кетибди. Шўрим қурсин, Худо мени қўш қўллаб урди!..
– Оқшом уни ўзинг боғлаб, ўзинг қулфламаган эдингми? – деди биров ғалағовур ичидан.
– Ҳа, садағанг кетайлар, ўзим! Ўзим боғламай ким боғларди! Ҳатто елинини ҳам ушлаб кўрган эдим! Болаларим сут деб томоқлари тақилларди. Тўшакда ётганимга қарамай, ундан ўзим кўз-қулоқ бўлиб турардим!..
Саида бу сўзларнинг маъносини уқиб, воқеадан хабардор бўлгандан кейин, эси оғиб, зинграйганича жойида туриб қолди. Куни кеча Ҳасантойнинг ажабтовур катта кишилардек отасининг эски фуфайкасини кийиб олиб, жунжикиб ўтирганини ва алланимани Худодан тилаётгандек оғиз сутини эслаб, уни орзиқиб кутиб юргани Саиданинг кўз олдидан нари кетмади. “Бу ким бўлди, уволдан қўрқмаган, қора ниятли ялмоғиз? Шунчаликка қўли қандай борди экан?” – деган биргина ўй уни эсанкиратиб қўйган эди. Саида қайноқ юзларига урилиб, бўйни аралаш эриб тушаётган қор томчиларини ҳам сезмай, турган жойида тураверди. Ана, Тўтиойнинг болалари ойиларининг этагига чирқирашиб ёпишиб олишган: кичкинаси тўшакдан эндигина турган шекилли, яланг оёқ лой кечиб: “Ойи! Ойи!” деб қичқирарди. Тўтиой бўлса у билан иши йўқ, ўзи билан ўзи овора эди.
– Бойдали уйда бўлганда, ўғри кела олармиди. Уйда эркак бўлмагандан кейин шу-да…
“Боладан совуқ ўтиб, кўкариб кетди!” деган хаёл билан Саида чопиб бориб, уни дарҳол кўтариб олмоқчи бўлиб шайланиб турган эди, бироқ тўда ичидан почтальон Қурмон югуриб келиб болага бир қараб олди-да, уни қўйнига ўраб, уйига кўтариб кетди. У Саиданинг ёнидан ўтиб бораркан, қўйнидаги болани илиқ нафаси билан иситиб, соқолидан сизиб тушаётган мунчоқ-мунчоқ сув қатрачалари товланиб, ўзича нимадандир норози бўлгандек тўнғиллаб қўйди:
– Сизларни ҳеч қачон ташлаб қўймаймиз, навбат билан кўтариб катта қиламиз…
Деярли бутун овул Тўтиойнинг ҳовлисига тўпланишган эди. Илгари ҳам овулда бундай воқеалар бўлиб турарди, лекин бунчалик одам йиғилишмасди. Ким мол йўқотиб, мол ўғирлатмаган дейсиз, бироқ бу сафар уларни молнинг йўқолишигина эмас, балки ғазабга тўлган энг нозик ҳис-туйғулар, инсонга бўлган меҳр ва муҳаббат туйғулари бу ерга ҳайдаб келаётган эди. Ана улар четчетга чиқиб, қовоқ солиб ўтиришибди: “Бойдалининг етимларига қўл тегизган ким?..”
Боядан бери у ёқдан-бу ёққа югуриб-елиб, атрофни кўздан кечириб юрган Мирзақул, мана, йилқичи Парпи билан от чоптириб келиб қолишди. У отини гижинглатиб, қўлсиз енгини шалвиратганича ҳовлига қуюндек учиб кирди.
– Қани, халойиқ, қўзғалинг! Отлиқлар отда, отсизлар пиёда сойма-сой изланглар! Йўқолган мол садқайи сар, аммо бу ишни қилган муттаҳам итни топиш керак!
– Тўғри айтасан, тўғри! – дейишди кўпчилик. – Ўғри олислаб кетгани йўқ… Агар сигирни сўйиб олган бўлса, гўшти топилар… Йўқса, уни эски қўрғонларга беркитиб қўйган чиқар!..
– Тўғри, тўғри! Ҳали сўйиб улгурмаган бўлиши керак. Кўрган одамлардан суриштиринглар! – деган қийқириқ эшитилди.
– Қани, жўнанглар, кечикмасдан жўнай қолинглар!
Мирзақул ҳовли саҳнидан чиқиб бораётган одамлар орасидан фронтга бориб келган беш-олтита ярадор йигитларни чақириб олиб:
– Сизлар, йигитлар – солдатлар эмасми… Отга миниб, Жамбулга борадиган катта йўлни кузатиб чиқинглар.
– Э-ҳе, у ёққа боришга улов қани?
– Саройдаги отларни олинглар! – деди Мирзақул.
– Отлар ер ҳайдаш учун бойлоққа ташланган, раис ўзини осса осади-ю, уларни бермайди.
– Об-бо, гапни кўп чуватдинг-да! – деб бақириб берди Мирзақул. Унинг заҳри юзига чиқиб, чўлтоқ қўли боягидек яна силкиниб тушди. – Қани, ҳозир жўнанглар! Ғинг демай, отларни эгарлаб, йўлга тушинглар.
Халқ тўлқинига қўшилиб, Саида ҳам овулнинг сиртига қараб югурди ва дарҳол ҳар томонга тарқалиб, ўнг-сўлидан бўлиниб кетаётган кишиларни, энкайганича отда чопиб бораётган Мирзақулни ва қулала сингари тулки телпагини бостириб кийиб олган йилқичи Парпини кўриб, ўтакаси ёрилгудек қўрқиб кетди ва бирдан: “Исмоилни топиб олишса, нима бўлади?” – деган хаёлга борди. Сўнг у нима қилишини билмай саросимага тушиб, ўсиб ётган ўша чийзорга югуриб кетди.
Ҳаво юмшаб, эриб кетаётган ҳўл қор кийимларни салмоқлатиб, юришни оғирлаштирар эди. Бағрини ерга бериб ястаниб ётган оқиш туман ўрнидан қўзғала олмай, мажоли қуриган каби кўнгилсиз кўринарди.
Саида Исмоилнинг қароргоҳидан хавотир олиб, уядаги болаларини қўриқлаган қуш каби зор қақшар ва бирон киши изимдан тушмаганмикин, деб атрофга аланглаб назар ташлар: “Худойим, ўз паноҳингда сақла! Энди нима қилсам, қандай қилсам экан? Болаларнинг бахтига сигир топилиб қолса, улар овулга қайтишармиди? Ў, айланай Парвардигор, ўша етимларнинг оҳини эшит, молини қайтариб бер! Менинг ҳам болам бор, менинг ҳам оҳимни тингла, у ҳам етим қолмасин!..” деб қўлини кўксига қўйиб, Худога сиғинар эди.
Саида минг хаёлга бориб, ўзини қўярга жой топа олмасди. Сигир топилиб қолса, улар овулга қайтишармиди, деган ҳалиги фикр уни банд этиб, бутун умиди ҳам, ишончи ҳам ўша бўлиб қолди. Демак, бирдан-бир йўл – сигирни излаб топиш, иложи борича тезроқ топиш керак.
Саида ўрнидан тура солиб, кўйлак ва чопонлари юлиниб, шоша-пишганича ўнқир-чўнқирларни ва қамиш буталари орасини қидира бошлади. Бироқ молдан дарак йўқ: ундан нишона ҳам кўринмайди. Ҳув анови ерда туман аралаш эски қўрғоннинг бузилиб ётган вайроналари қорайиб кўринмоқда. Сигир ўша ерга яшириб қўйилган бўлмасин? Югур, Саида, жонинг борича югур! Оёғингдан сув ўтиб, лойга беланганингга, устингдаги кийимларинг шалвираганига қарама! Бўла қол, тезроқ етиб бор! Ана, ана, кўряпсанми, деворнинг панасидан сигирга ўхшаган бир нима кўриняптими? Ҳа, сигирга ўхшайди! Танаси йирик, қора оладан келган эмасмиди, худда ўзи? Қутилмаган қувончдан Саида ҳаяжонланиб гангиб қолди: “Ҳозир тепаликка чопиб чиқиб, суюнчи, суюнчи деб қичқириб, халқни овулга бошлаб бораман. Сигирни эса Тўтиойнинг уйига етаклаб бориб, қозиғига ўзим боғлаб бераман! Бироқ ўша кўзимга кўринаётган ҳақиқатан ҳам сигирмикин, ёки кўзимга шундай кўриняптими? Худо-ей!”
Қўрғонга бир зумда етиб борган Саида тарвузи қўлтиғидан тушгандек шалпайиб, туриб қолди. Ҳалиги кўринган нарса сигир эмас, ағанаб ётган девор харобалари экан.
Бағрини ердан узаётган ҳалиги туман, эринчоқлик билан суза бошлади… Сарғиш қор бултурги тиканакларнинг уч-учларига ўрнашиб, эндигина ўсиб келаётган нозик майсаларни савалаб, уларни ўз оғирлиги билан эгиб, кўмиб ётган эди…
Саида кечқурун чарчаб-ҳориб, аранг овулга етиб келганда, Тўтиойларнинг сарой эшиги ҳали ҳам эрталабгидек ҳувиллаб, карракдек очилган бўйича турарди.
Уйда бўлса куни бўйи ўпкаси тўлиб йиғлаган боласи кўзи оқига айланиб, ҳиқиллаб ётган эди. Худди аксига олгандек, Саиданинг тошдек қотиб кетган сийнаси гарчи тўлиб тургани билан, боланинг оғзига солиб эмизса ҳам, бармоқлари билан сиқса ҳам анча вақтгача ийимай қўйди. Саида ўзини ҳам худди тери сергимай эгари олиниб, туни билан эшикка боғлаб қантариб қўйилган от каби совуқ еб, жағлари қаришиб қолгандек ҳис қиларди. Ҳувиллаб ётган уйнинг бир бурчагида қўлида боласи билан Саида мунғайибгина ўтирарди. Кейинчалик Саида уйқу босган болани бешикка белади-да, ечинишга ҳам ҳафсаласи келмай, ўтирган ерига мукка тушганича ётиб қолди.
Ярим кечада дераза чертилди. Саида сесканиб кетиб, бошини юқори кўтарди ва: “Сен кимсан?” – деб қичқириб юборишига сал қолди. Лекин унинг Исмоил эканлигини фаҳмлаб, баттарроқ чўчиб кетди: “Азбаройи Худо, овул тўс-тўполон бўлиб ётганда, уни яна қандай шамол ҳайдаб келди!” Саида тура солиб, шошилинч равишда эшикни очди-да, тез-тез шивирлай бошлади.
– Тезроқ бўла қол, овулда аҳвол ёмон!
Саида илгакни осиб қўйиб, қоронғида Исмоилни ичкари уйга етаклаб кирди. Сўнгра дераза пардаларини тўсиб, пиликни ҳали ёқмаган ҳам эдики, алланарса гурс этиб Исмоилнинг қўлидан ерга тушди ва у билан бирга Саиданинг юраги ҳам “жиз” этиб тушгандек бўлди. Саида дарҳол энкайиб, ерда ётган тўрвани сийпалай бошлаган эди, қўлига қандайдир юмшоқ нарса илинди. Бундай қараса, тўрвадаги гўшт экан.