Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 21)
Сўнгра у овулнинг чеккаси бўйлаб қиятепадаги катта қабристон томон оҳиста одимлаб кетди. У тун қоронғисида тусмоллаб қадам ташлар, аламли қайғудан эзилиб, тинмай йиғлайверганидан кўзлари хиралашиб қолгани учун гоҳ йўлдаги ўнқир-чўнқирларга йиқилиб тушар, гоҳ аллақандай тўсиқларга тўқнашиб кетар эди. Шунда у ҳаттоки: – Мен кимман ўзи, қаёққа кетаяпман, жин урганми мени, бу оламда нима учун яшаяпман-а? – деб ўйлаб ҳам қолар эди.
Қиятепадаги кўҳна қабристонга анча йиллардан бери қадам босмагани боис у бу ерга охирги марта қачон келганини ҳам аниқ эслолмасди. Ниҳоят аста-секин урушдан бирмунча илгари, тракторчилар курсини битиришгандан сўнг, дастлаб уни шу қабристон ёнидаги пичанзорда отга қўшиладиган пичан ўриш машинасига ўтқизишганини, ўшанда у қоқ пешинда – жазирама пайтида отларни аравадан чиқариб қўйиб, бир гала ўспирин йигитчалар билан бирга бедана овлашга киришиб кетишганларини хотирлади. Беданалар бўлса қабристондаги овлоқ ва қалин чакалакзорларда донланишни ёқтиришар эди: сабаби қабрлар орасидаги пичанларни ўриб олишни ҳеч ким ҳам ўзига эп кўрмасди. У ҳозир шуларни эслар экан, ўша сокин ёз кунларини, ўт-ўланларнинг хушбўй ҳидини, осмонда ҳам, ерда ҳам маст бўлиб тинимсиз хониш қилаётган қушларни, чирилдоқ чигирткаларни, беадад чарақлаб турган сахий қуёшни, оромбахш сўлим ҳавони қўмсади. Ўша пайтларда у орадан йиллар ўтиб, ўзининг қаҳратон қишнинг зим-зулматли кечасида қиятепа қабристонида уни шу кўйларга солган жамики нарсага нафрати тўлиб-тошган, ё қайғу-алам ўтида қовурилган ҳолда таъқибга учраган йиртқичдек тентираб юришини ҳеч хаёлига келтирганмиди? Исмоил бу ўша жой эканлигига сира ишонгиси келмасди. Ойнинг хира нурида қабрларнинг қори эриган жойлари қорайиб кўринарди. Ҳаммаёқ жим-жит, бўм-бўш, совуқ. Гўрковлар онасига қабр қазиб қўйишган экан, у очиқ турибди. Буни яқиндагина ўйилган чуқурча ёнидаги лой уюмларидан ҳам пайқаб олиш қийин эмасди.
Демак, яхши одамлар жон куйдиришган, демак, дафн эрта чошгоҳда.
Исмоил онасига қазилган қабр бошида тўхтади, бошини эгиб қоронғи чуқур ўрага жонсиз нигоҳини қадаб тик қотди. Агар у бир илож қилиб ўзини ўлдирганида эди, шу қабр тубида ётарди, у ҳозир, шу ердаёқ ўлишга рози, қанийди уни одамлар эртага онаси билан бирга қўшиб дафн этишса… Лекин ўз жонига қасд қилиш одамлар қошига бўйин эгиб боришдай мушкул эди…
Янаги тонг Исмоил яна овул томон судралди. Макон тутган ғорида совуқ қотган оёқларини судраб босар, жунжикиб ва йўталган ҳолда оғзини кафти билан тўсарди. Бу сафар у қабристон томон йўл олди, волидасини дафн этишга қатнаша олмаса-да, ҳеч бўлмаса бошқалар онасини қандай дафн этишини узоқдан бўлса-да, кузатмоқчи эди. Юрар экан, ўзи учун қулай пастқам жарликни мўлжаллаб ўтди, жар туби бўйлаб юриб, бировга сездирмай маросимни кузатмоқчи, ҳам кўзга ташланмай қабристонга хиёл яқин бормоқчи эди.
Сўнг у шу яқин ўртадаги улкан харсангтошлар орасига беркиниб, кузата бошлади.
Вақт имиллаб ўтарди. Энди у анча тинчланиб ва бўлиб ўтган ишларга кўникиб онаси, хотини ва ўғилчаси билан охирги марта кўришган сўнгги кунни хотирлади. Ўшандан бери икки куну икки кеча ўтган, аммо жуда узоқ вақт кечганга ўхшарди. Чотқолга кетиш фикри туйқус зарбага учраганидан Исмоил қаттиқ афсус чекар, энди у ҳамма ўйлаганларини қайта кўриб чиқиши ва борди-ю, аёли ва ўғилчаси билан Чотқолга омон-эсон етиб олганида ҳам тоғаларига онаси ўлгани, уни қандай дафн қилганини не сўз билан айтади, улар жиянни тушунармиканлар…
Исмоил кўмиш маросимини анча олисдан илғади. Кўпчилик одамлар тўпланишиб турибди. Уларнинг аксарияти от ва эшак миниб олишган. Исмоил кутганидек, улар ёндош йўлдан келишар эди. Қияликка кўтарилишда тўда қадами секинлашди; иккита от эгари устига ўрнатилган тобутда наматга тиғиз ўралган маййит жасади жойланганди. Бори шу. Онахон Бексаатни сўнгги йўлга овулдошлари кузатишарди. Улар ҳозир нималар ҳақида гапиришаётгани Исмоилга қоронғу. Маросим у бекинган жойга қадам-бақадам яқинлашиб келарди. Кузатувчилар орасида хотин-халаж йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки бу ерларда аёллар дафн пайти қабристонга боришмас, уйда қолиб, маййитни кўмиб қайтган эркакларни мотамсаро йиғи билан кутиб олишади. Таомил бўйича Исмоил қабристондан қайтаётган отлиқ қариндошларга бош бўлиши, дафндан кейинги маййитнинг уйида бўладиган илк йиғинни бошлаб бериши, баланд овоз билан ув тортиши ва ўкириб эгар қошига бош қўйиши, Саида эса унга жавобан йўқлов жирларни уввос тортиб куйлаши лозим эди… Лекин улар қонун ва қочоқлик ўртасидаги тегирмон тоши орасида қолганлар, бундан бенасиб эдилар…
Бу орада тўпланганлар қабристонда кеча қазилган гўр ёнида тўхташди. Исмоил ўзи беркинган қўшни тепалик ортидан маросим қандай кечаётганини кўрди. Барча йўл-йўриқларига кўра дафнга Мирзақул бошчилик қиларди. У четроқда қўшоқ қилиб боғланган отлар олдидан дафн жойига яқинлашди, ҳамма жой бўшатиб, унга йўл беришди.
Наматга ўралган маййитни тобутдан олишиб, четга қўйишди ва ҳамма катта айлана ҳосил қилиб, мулланинг узоқ давом этган қироатини тинглашди, муллага жўр бўлишиб айрим оятларни такрорлашар, вазият худди асалари уясини эслатарди. Сўнг тўда яна ҳаракатга келиб қолди – энди маййитни қабр ичига туширдилар-да, шоша-пиша гўрга тупроқ тортдилар.
Буларнинг барини у четдан кузатар ва индамай лабларини қон чиққудай тишларди.
Одамлар қабристонни тарк этиб, бирор тирик жон қолмади, лекин ҳали олисдан товушлар эшитилиб турарди, Исмоил онаси қабрига жилди. Қалтироқ қўлларига таяниб, эс-ҳушини йўқотган ҳолда эмаклаб борди-да, янги пайдо бўлган уюм тупроқни қучоқлаганча, бўғиқ-ҳирқироқ товуш билан ўкириб юборди ва қайғу-аламу қаҳру-ғазабдан нафаси бўғзига тиқилди, худди ақлдан озиб, етим қолган бўри сингари нима деб қичқиргани, кимни ва нимани лаънатлаётганини фаҳмлаш қийин эди. Сўнг эса у худди маст одамдай бор овози билан қичқира бошлади: “Онажон, онажон, кечир! Мени кечир! Мени лаънатла! Нариги дунёда лаънатла! Урушни лаънатла! Лаънатла! Урушни лаънатла!”
Сўнг у бир зум жимиб қолди, худди ниманидир ўйлаб қолгандай яна ғазаб билан даҳшатли бўкира бошлади. “Нафратланаман! Қасос оламан, қасос, ҳаммангдан қасос оламан! Ҳеч кимни аяб ўтирмайман!..”
“Ёзнинг келишига ҳам оз қолди! Кўпига чидаган, озига ҳам чидаш беради! – деб ўйлади Саида, тўпондан ажратиб олган бир сиқим буғдойни у кафтидан бу кафтига олиб ўйланиб. – Худо Исмоилни ўз паноҳида сақлаб, тилагига етказса, ғунажинни сотамиз-да, уни йўл озиғига харжлаб, кечасилаб жўнаб кетамиз. Ҳа, кетамиз, бу ердан албатта кетамиз!”
Кечқурун Саида талқон туйиб ўтирар экан, уйга ўт олгани Ҳасантой кириб қолди. Кейинги вақтларда унинг бўйи чўзилиб катта бўлиб қолгандек, устидан отасининг эски фуфайкаси сира тушмасди. Тўтиойнинг болалари ичида Саида ана шу ўртанчасини ҳаммасидан яхши кўрарди. Ўзи жуда ёқимтой, очиқ кўнгил эди.
– Саида янга, ойим ўтга юборди! – деди у, супрадаги уйилиб турган талқонга бир қараб олиб. Бола-да! Боланинг мўлтиллаган кўз қарашларига ким чидасин. Саида унинг қорни очиб турганини сезиб, иккала кафти тўлгунча талқон солиб берди. Бола талқонни оғзига солиб, ямлаб-ямлаб ютди-да, севинганидан миннатдорчилик билдирай дегандек, талқонга беланган лабларини чўччайтириб, илжайиб қўйди:
– Сигиримиз туққанда ойим бизларга оғиз сут пишириб беради. Сут ичамиз. Чақалоқжонга ҳам ундан олиб келиб бераман! У сут ичадими?
– Тилингдан янганг ўргилсин сенинг, – деб меҳри товланиб кетган Саида унинг кўзларидан, манглайидан ўпиб олди. – Сигирларинг туғсин, айланиб кетай, сўнгра оғиз сути ичамиз. Чақалоқжонга ҳам берамиз, унинг ҳам тиши чиқиб қолибди!
Ойиси ҳам, болалари ҳам отасининг ўлганидан хабарсиз хат кутиб юрганларини эслаб, Саида болага раҳми келиб, уни алаҳситгандек бўлди:
– Ойинг туриб юрадими, энди яхши бўлиб қолгандир! – деб иш орасида сўраб қўярди.
– Бугун яна бошим деб ётибди. Мен мактабга бормай қўя қолай десам, ойим, иккинчи синфга кўчолмай қоласан, отанг келганда уришади, деб рухсат бермади.
– Уришмасмиди, ёмон ўқисанг, албатта уришади-да…
Ҳасантой жим қолди-да, кўзига ёш олиб, катта кишилардек чуқур хўрсиниб қўйди.
– Қўй, кўп хўрсинма! – деб хитоб қилди чўчиб кетган Саида… – Насиб қилса, отанг келиб қолар… Лекин сен ҳадеб хўрсинаверма....
Бола ўт олиб кетганидан кейин, Саида мадори қуригандек дарҳол ўтириб қолди. Муштдек боланинг бундай уҳ тортиб хўрсиниши негадир унга жуда оғир туюлди.
“Бола бўлса ҳам, етим қолганини юраги сезиб турибди, – деб ўйларди у. – Тўтиой ҳам буни ўзича дилидан ўтказаётгандир, бироқ у сир билдирмасди. Бечора нима ҳам қилсин? Қўлида бирданига уч етим бола ёлғиз қолган. Уйда овқатлари йўқ. Колхоз берган озроқ дон-дун билангина бир амаллаб кун кечирадилар. Яқинда омбордан ярим қоп сули олиб келдилар. Йўқдан кўра шу ҳам бир мадад. Қараб ўтирган билан биров осмондан ташламаса. Ўлдим-бўлдим деб ётиб олса, болалари оч қолади. Биргина ишонганлари – ёлғиз сигир. “Ер юткур, аксига олиб, бу йил ҳам кеч туғадиганга ўхшайди! Унинг туғишини кутавериб болаларининг кўзлари тўрт бўлди!” деб гапириб юрарди. Ўзи ҳам анчадан бери мазаси йўқ, касал. Қандай қилишар экан бечоралар? Яна бунинг устига, шўрлик Бойдалининг ўзини ўзи мина устига ташлаганини айтмайсанми? Бунга ҳам ўзининг ўта кўнгилчанлиги сабаб бўлган! Раҳматли яхши киши эди! Тўтиой бир оз сержаҳл бўлгани билан у ҳам яхши аёл… Ахир, юракка қил сиғмайдиган шундай кунларда осойишта яшаб бўлармиди… Эй, пешонага ёзилганини кўради-да… Ҳар кимнинг тақдири ўз пешонасига ёзилган. Биз бўлсак эртаю кеч Исмоилни қутқариш билан оворамиз… Агар бир иложини қилиб уни қишдан омон сақлаб чиқсам, Чотқолга борганимиздан кейин бахтимиз очилиб кетармиди… У куни Тўтиой: “Исмоилнинг қочиб юргани ростми?” деб қўққисдан сўраб қолди. Мен унга нима дея олардим. Билмадим, қочса бирон ёқда қочиб юргандир, балки қуруқ гапдир, ким билсин, деб қўя қолдим. Бошқа бировлар бўлса, Исмоилнинг қозоқда қариндош-уруғлари бор эмиш, у ўша томонларда қочиб юрган бўлиши мумкин, деб гапиришар эмиш. Майли, нима дейишса деяверишсин… Мирзақулнинг кўзига кўринмасак бўлгани, у душман, аяшни билмайди… Илгари уни яхши кўрар эдим, ҳали ҳам тасаввуримда ўша ушалмаган қора ният… Э, тангри, бандам десанг Мирзақулдан ўзинг асра…”