Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 16)
Мабодо Исмоил нимагадир кечикиб қолгудай бўлса – баъзида унга тун қоронғисида тасодифан бирон кишига дуч келиб қолмаслик учун овулдаги ҳамма хонадон деразаларида чироқ ўчирилишини узоқ вақт кутиб туришга тўғри келарди – Саида ўшандай кезларда ҳам омборхона орқасида туриб ўз жуфти ҳалолининг йўлига сабр-тоқат ва содиқлик билан кўз тикиб тураверар ва ўй-хаёлларга берилган ҳолда самовий юлдузларга қалбдан илтижо изҳор этар эди. Унинг шундай ўй-хаёл ва мушоҳадалари фақат қоп-қоронғи кечада узоқдан Исмоилнинг қораси кўзга илинган лаҳзалардагина бўлинар эди. Саида ҳамма нарсани, ҳаттоки ҳозиргина кўнглида кечиб турган барча ўйфикрларини ҳам унутиб, қаҳратон аёздан титраб-қалтираган ҳолда эрининг ёнига борар ва уни уйга бошлаб кетар эди… Ҳар қалай, қисқа муддатга бўлсада, бирга бўлишар… Тонг отиши билан эса яна ғойиб бўларди.
Саида учун эрининг кийим-кечакларини ювишнинг ҳеч ҳам қийин жойи йўқ, лекин уни ҳовлида ёйиб қуритишга юраги дов бермасди. Тасодифан бирон кимса ҳовлига кўз ташлаб, эркак киши кийимларини пайқаб, сўрабсуриштириб қолса нима дейди? Шунинг учун кекса Бексаат ювилган кийимларни тунда ўчоқ бошида узоқ вақт сабр-тоқат билан қўлда тутган ҳолда оловда қуритиб чиқарди.
Шундай кунларнинг бирида қуритилган кийимларни нимжон қўлларида тута туриб, келинига йиғламсираб мурожаат қила бошлади:
– Саида, энди бор гапни сенга очиқчасига айтмасам бўлмайди: ичимда қандайдир бир ёмон дард пайдо бўлганга ўхшайди, биқиним мудом тош тиқилгандек оғрийди. Ётсам ҳам, турсам ҳам қаттиқ санчади. Кун сайин тинкамадорим қуриб бораяпти.
– Унда Сиз нега шу пайтгача индамай юрибсиз? Оғриқ қачондан бери безовта қилади сизни? – Саида эндигина қайнонасининг мадори қуриб кўзлари қанчалик хиралашиб қолганига ишонч ҳосил қилди. Айни чоқда кампирнинг ичдан азоб бериб келаётган дардни ҳеч кимга билдирмай, индамай юргани шундай оқибатга олиб келганини ҳам англаб етди. Саиданинг авзойи бузила бошлади. – Мен бўлсам буни ҳечам пайқамай юрган эканман, – деди Саида гуноҳкорона. – Ҳамонки шундай дардга йўлиққан экансиз, бунинг бирор чорасини топишимиз даркор!
– Биз нима ҳам қила олардик? Сен фақат Исмоилга ҳеч нарса дема. Негалигини ўзинг яхши тушунасан. Менсиз ҳам унинг ғам-ташвиши етарли. Менинг дардимга дармон излашнинг эса ҳожати йўқ. Шунинг учун ҳам шу чоққача жим юрган эдим-да. Ҳа, қизим, мен бошқа нарса ҳақида ўйлаяпман. Ўзим билан бирга олиб кета олмайдиган бошқа дард бор. Танамдаги оғриқ ўзим билан бирга кетади. Аммо сизларнинг ҳолингиз не кечиши, у ҳам, сен ҳам эл орасида бош кўтариб юролмасликка қачонгача чидай олишингизни ўйласам… – деб ўғлининг ҳали қуриб улгурмаган кўйлагини янада қаттиқроқ ғижимлади ва ҳиқиллаганча туртиб чиққан ориқ елкаларини титратиб, йиғламсираган овозда давом этди: – Ахир инсон одамларсиз яшай олмайди-ку. Одам одам билан тирик! Яккаю ягона жигарбандимга раҳмим келади, унинг аянчли аҳволига ачинаман; агар аёл илон туғса, ўша илонни ҳам вужудининг бир қисмидек авайлайди, жигарни юлиб бўлмаганидек, уни ҳам танадан ажратиб бўлмайди. Мен бу дунёда фақат фарзандим учун яшадим. Нимасини айтай, ўзинг ҳам онасанку ахир. Сен бир гапни билишинг керак, фақат эрингга бу ҳақда оғиз оча кўрма. Ҳа, ундан олдин яна бир гапни эслатиб қўяй. Сен мен учун, Саида, бу дунёда ҳаммадан ҳам яқин кишимсан, ўлаётганимда ҳам Оллоҳдан фақатгина сенинг бахтингни сўрайман ва Оллоҳга ҳаммасидан рози эканимни айтаман. Ва нариги дунёда ҳам фақат бир нарсани – сенинг бахтингни сўрашимни айтаман. Гоҳида ўйлаб қоламан, бу жазо бизга қайси ёзиқларимиз учун? Ўзинг биласан, асли бу ерлик эмасмиз, гарчи бу ердагилар учун анчадан бери туғишгандек бўлиб қолсак ҳам. Бу ерларга кўчиб келганимизнинг сабаби болаларим турмади. Хўжайиним бироз хаста эди, бу ёққа келганимиздан сўнг соғлиғи бутунлай ёмонлашди. Хуллас, бу манзилга келиб, бирон рўшнолик кўрганимизни билмайман. Унгача эса учта гўдагимни дафн этдик. Кейин Исмоил бўйимда бўлди, у тўртинчи фарзандим. Эрим дедики, бу ерда ишимиз юришмаяпти, болаларимиз турмаяпти, кел, қўшни овулга кўчиб ўтайлик, у ерда ҳам узоқ қариндошлар бор, шекилли. Мен эса буниси ҳам ўлиб қолса-чи, деб қўрқардим… Дунёнинг нариги чеккасига боришга ҳам тайёр эдим. Бу ерларга шу тариқа келиб қолганмиз. Ўғлим туғилиб, ҳаётимиз гўё изига тушиб кетгандек туюлса-да, эримнинг соғлиғи кундан-кунга ёмонлашиб борарди. У қаттиқ йўталар, ўпка хасталигидан озор чекарди. Орадан беш йил ўтиб у дунёдан кўз юмди. Мен эса беш яшар ўғилчам билан ёлғиз қолдим. Ўшанда маъракадан сўнг сен ҳеч қачон кўрмаган, танимаган акаларим келишган эди.
– Эшитганман, биламан. Бир пайтлар ўзингиз айтгандингиз. Чотқолга кетишган, деган эдингиз, – деб эслатиб қўйди Саида.
– Тўғри, тўғри, бу ҳақда ҳеч кимга айтма, деб ўзим огоҳлантириб қўйган эдим-ку. Акаларим бақувват, меҳнаткаш одамлар эди. Келишгач, юр, сени ўзимизга яқинроқ жойга кўчириб олиб кетамиз, бу ерда ўғлинг билан беваликда кун кечириб нима қиласан? Ҳали ёшсан, балки бошқа эр ҳам топилиб қолар. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсан. Бу ерда эса ёлғизсан, акаларинг қанотида бўлсанг, совчиларнинг йўқлаши ҳам осонлашади. Биз билан юр, сенга ёрдам берамиз, қолгани тақдирдан… Мен эса уларга: “Раҳмат, акажонларим. Сизлар каттасизлар, мен эса ёшман. Гапларингизга кираман, фақат муҳлат беринглар. Марҳумнинг йилини лозим бўлганидек, шу ерда, у дафн этилган жойда ўтказай, у ёғи бир гап бўлар. “Кел” дейишларингиз ҳамоноқ ўғлим билан сизларга яқинроқ жойга борамиз”, – дедим. Ҳа, Саида, келинжоним, Ҳусанқул ва Ўринқул акаларим билан шундай суҳбат бўлган эди. Бир йил ўтиб, маъракадан сўнг мен ўйлаб, ўйимга етгунча, халқни қулоқ қилишга тушишди. Энди ҳар икки акам, Ҳусанқул ҳам, Ўринқул ҳам отларини вақтида эгарлаб, довон ошганча Чотқолга бош олиб кетишди. Оилалари ҳам уларга қўшилиб кетди. Ўша ерда қўноқ топишди. Чотқол тоғларида фақат ёзда бир ойгина довон очилади, ўшанда отда ёки пиёда ўтиш мумкин бўлади, бошқа пайтлари эса у ердан фақат қушларгина учиб ўта олади, башарти тоғ-тизмалар оша учаётган вақтда қанотлари музлаб қолмаса. Ана ўша жойларга кетган акаларим. Ўзим-ку у ерларда ҳеч қачон бўлмаганман, лекин одамлар шундай дейишади…
Бексаат кампир бир зум ўйга чўмиб, жим бўлиб қолди, ўчоқдаги тезак чўғини куйиб кетган косов билан тўғрилаб, чўғ устида яна ўғлининг кўйлагини қуритишга тутинди. Унинг кўзёшлари тинган, демак, кўнглини бўшатиб олган. “Эй Тангрим, ўлиб қолмаса бўлди, – қўрқув ичида ўйлади Саида, кампирнинг қути ўчган, беҳол юзига қараркан. Қайнонасининг соғлиғи анча оғирлашган эди, худди кузги сўқмоқ йўлда музлаб қолган чигирткадай. – Яшаб турса бўлди. Усиз ҳолим не кечади?”
Шу пайт кутилмаганда хаёлига аллақандай бир фикр келди, бироқ у шу қадар ноаниқ эдики, охиригача ўйлаб ҳам ўтирмай, кампирдан шунчаки сўраб қўя қолди:
– Нима деётган эдингиз, эна, Чотқол ҳақида гапираётган эдингиз-а?
– Гап шундаки, – жавоб берди у, – акаларим оилалари билан худди ўша Чотқолга кетишган. Бир нимани сезишган-да. У олис ўлкаларда биров бировнинг устидан ҳукмрон эмас. У ерда фақат тоғлар ҳукмрон: қўлингдан келса, чорва боқсанг, тирик қоласан, қўлингдан келмадими, ўзингдан кўр, тоғ ошиб, ўзбекларнинг ҳузурига борасан. Акаларим таваккал қилиб кетди, ё ҳаёт, ё мамот, деганлари шу бўлса керак. Уйларига эса қўшнилари ўт қўйиб, кулини кўкка совуришди. Лекин бундан фойда чиқмаслигини билишар эди. Кейин эса очарчилик бошланди. Унгача озми-кўпми мулки бор одамларни қулоққа чиқаришди. Ҳамма овулларни ғалвирдан ўтказишди. Қанчадан-қанча одамлар Сибирга бадарға қилинди. Акаларим эса тирик қолишди. Ўшандан кейин биз улар билан бошқа кўришмадик. Айтишларича, ўша ерда палак ёзиб, яхши яшаб кетишибди. Урушдан олдин, ёзда, эсингдами, қизим, бозорга темирйўл бекатига борганимизда, олдимга бир одам келганди, қора юзли, аслида шу ерлик бўлиб, у ҳам қулоққа чиқарилганди. Эринг билан сен ўзингга рўмол танлаётган пайтда биз у киши билан қисқа суҳбатлашгандик. У акаларим Ҳусанқул, Ўринқул тирик ва соғ-саломат эканини, бизга салом йўллашганини айтган эди. Тўғри, анча кексайиб қолишганмиш. Энди улар у ерда – Чотқол оқсоқоллари, турмушлари ҳам ёмон эмас экан. Мен уларга саломимни етказишни сўрадим. Яна ўғлимни уйлантирганимни, келин, яъни сен бизникида эканингни ҳам айтдим.
– Кейин-чи? Нима демоқчисиз, эна?
– Нима демоқчиман? Ўз тақдирим ва сизларнинг ҳаётингиз ҳақида ўйлаяпман. Акаларим Чотқолга кетганда, мен ёлғиз қолган эдим. Қанчалик оғир бўлмасин, бошимга тушган барча кўргиликларни енгиб ўтдим. Жамоа хўжалигида ишладим. Ўғил ўстирдим. У тракторчи бўлди. Яхшигина пул топар эди. Кунларнинг бирида сен, нури дийдам, гул бўлиб хонадонимизга кирдинг. Ҳаётимиз изига тушгандек эди-ю, бирданига уруш бошланиб кетди! Кейин нима бўлганидан хабаринг бор. Энди ўйласам, қанчадан-қанча азоб-уқубатлар чекмадик, бир умр тақдир бизга соя солди. Болаларим ўлди, эрим ўлди, акаларимни қулоқ қилишди, жамоа хўжалигида тонгдан тонггача ишлаб, кексайиб касалманд бўлиб қолдим. Аммо ҳаммасидан ҳам даҳшатлиси уруш бўлди, бахти қора ўғлим эса қочқинда, уни лаънатлай олмайман: ахир урушни у чиқаргани йўқ-ку, тўғри-да, унинг ҳам қурбон бўлгиси келмайди, бунинг азобини энди сен тортяпсан, худди қуш боласидай ухлаб ётган фарзандинг – неварагинамнинг ҳоли не кечади? Буни ҳеч ким билмаслиги керак, сир тутмоқ лозим…