Чингиз Айтматов – Танланган асарлар: Қиссалар (страница 18)
– Ўғлим, энди мен қариб қолдим, ўзларинг бораверасизлар, мен эса бу ерда қолиб, сизларни дуо қилиб ўтираман.
Исмоил бунга астойдил ва очиқ кўнгиллик билан эътироз билдирди:
– Йўғ-э, сиз нима деяпсиз, шу сўзни айтишга қандай тилингиз борди? Биз сизни нега қолдириб кетар эканмиз? Бу бўлмаган гап. Сизсиз бир қадам ҳам силжимасмиз. Йўқ-йўқ, мен сизни зинҳор ташлаб кета олмайман. Бунақаси кетмайди. Ўзим сизни опичлаб бораман, эна.
– Оҳ, ўргилай сендан, болажоним, сўзларингни Оллоҳим эшитсин. Қувватим етганда ўзим ҳам эмаклаб бўлса-да борган бўлардим, хасталигу қарилик қурсин, – дея қўшиб қўйди журъатсизлик билан ўғлини ранжитмаслик учун. – Сизлар билан бирга бўлиш мен учун, албатта, яхши бўлар эди-ку, аммо бу ёғи ҳали нима бўларкин?
– Эҳ, менинг жонсарак энажоним! Мен сени яхши тушунаман, эна, аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. – Саида қайнонасини қувватлаб, жилмайди. – Худо хоҳласа, унгача яхши бўлиб кетасан. Ана айтди деярсан. Ўшанда бир қарорга келамиз-да жўнаб кетамиз. Ва сени Чотқолдаги акаларингга: “Мана, биз келдик, қабул қилинглар! Синглингизни ҳам олиб келдик, у билан бирга ўзимиз ҳам қўноқ бўламиз…” – деймиз.
Унинг сўзларидан беихтиёр ҳаммалари қўшилишиб кулиб юборишди. Қайнона эса келини гапни унинг касали ҳақида бораётганидан чалғитишга интилаётганини тушунди. Ҳа, у тўғри қилган эди.
Ўзаро умидбахш ва кўнгил очувчи бу суҳбат билан кеча ўтиб борарди. Айниқса Исмоил кўтаринки руҳда эди. Икки марта ухлаб ётган Омонтўрани қучоқлаб ўпиб, унга пичирлади: “Мана, сен билан Чотқолга, тоғаларимизникига жўнаймиз. У ерда ҳамма одамлардек яшаймиз. Сенга кичкина тойчоқни ўргатиб бераман, сен уни миниб, тоғларда чоптириб юрасан. Ана ўшанда буни кўрган момонг билан онанг қувончдан чўчиб кетишса керак-а?”
У энди Чотқолга жўнаш учун нима қилиш кераклигини батафсил тавсифлаб беришга киришди.
“Авваламбор ёзни, йўлнинг очилишини кутмоқ керак. Ҳозирча эса бирон кимса шубҳаланиб қолмасин учун сир сақлаб яшириниб туришга, сўнгра эса вақтни бой бермай, дарҳол йўлга тушишга тўғри келади. Бунинг учун эса ҳаммасини олдиндан мўлжаллаб, тайёрлаб қўймоқ керак. Довонда қиш ариганича йўқ. Ҳали бўронлар кўтарилиши мумкин дейишади. Демак, иссиқ кийимлар, айниқса пойафзал ҳозирлаб қўймоқ даркор. Тоғ-тошлардан, сўқмоқлардан, қор уюмларидан чидамли пойафзалсиз пиёда ўтиб бўлмайди. Сўнг бир ҳафтага етарли овқат ғамлаб олишимиз керак. Кўпроқ талқон, ҳамда қайнатиб пиширилган ва хом гўшт, қозонча, тузи, ўтини билан. Довонда қор ва шамолдан бошқа ҳеч нарсани тополмайсан. Мен бу хусусда кўплаб ҳикоялар эшитганман. Гўшт ёғли бўлиши керак, деб тўғри айтарди энам. Чўпонлар фақат шу билан тирикчилик қилишади-ку. Улар довонларга қандай боришни яхши билишади. Ҳамма кўч-кўронларни, кийим-кечакларни ҳамда болаларга мўлжалланган баъзи бир кўрпа-тўшакларни хуржунларга жойлаштириб олишарди. Хуржунларни эса эшакларига юклар эдилар. Эшакларни эса қаёқдан оламиз? Иккита эшак керак. Бирига юкларни ортамиз, иккинчисида эса қўлида набираси Омонтўра билан энам кетишади. Ўзимиз эса пиёда борамиз. Шошмай тур, Саида, ҳозир эшаклар хусусида айтаман. Хўш, Оллоҳнинг ўзи бизларни ёрлақади. Бир пайтлар Қўйтош сойлигида олтин қазувчилар ташлаб кетган еттитача яғир эшак кезиб юрганини сенга айтган эдим, эҳтимол, ёдингдан кўтарилган бўлса керак. Ким билсин, бу келгиндилар қазишгани олтинмиди ёки бошқа бир нарсами, ҳар қалай ўз ишларини тугаллаганларидан сўнг эшакларни ташлаб кетишган, ўзлари эса, эҳтимол, поездда жўнаб кетишгандир. Бу эгасиз эшаклар куздан бери ўша ерда, яйловда ўтлаб, истаганча ғарам чеккаларини ғажиб, бултурги похол уюмларини титиб кун кечирарди. Балки уларни кимдир кўргандир, аммо улар кимга, нимага ҳам керак дейсиз, овулнинг ўз эшаклари етарли. Бу билан нима демоқчиман? Бир жуфтини кўз остимга олиб, аста-секин боқиб парвариш қиламан. Вақти-соати келиб, тунда ҳайдаб келаман. Юкларни ортиб, ярим тунда Чотқол сари равона бўламиз, чунки эрта тонгда овулдан қанчалик узоқлашсак, шунча яхши бўлади…”
Орадан кўп ўтмай аввал олисдаги, сўнг қўни-қўшниларнинг хўрозлари қичқириша бошлади. Исмоилнинг жўнаш пайти ҳам келди. У тараддудланар экан, кетиш олдидан кичкинтойи тепасига келиб эгилди, сўнг хайрлашиш олдидан онасига айрим сўзларни тайинлади. Ўшанда тонг ёриша бошлаб, ҳали бутун овул уйқуда эди. Қор ёғадиганга ўхшарди – осмонни бутунлай булутлар оқими қоплаб олган эди. Саида уни ҳовлига кузатиб чиқар экан:
– Исмоил, қулоқ сол, агар эртага сени шу жойда кутиб турган бўлмасам, сен уйга кирмагин, шу заҳотиёқ ортингга қайтиб кетавер, – деди.
– А нега, нима бўлди? – Исмоил хавотирлана бошлади.
– Энамнинг касали оғирга ўхшайди. У сени хафа бўлмасин деб билдирмасликка ҳаракат қилди. Аммо уни даволаш зарур. Уни табибга кўрсатиш керак. Ахир бошқа йўли йўқ-ку.
– Ҳа, ҳали гап бу ёқда экан-да, – деди Исмоил гапни чўзиб. – Оғир касал дегин-а. Майли, гапингни инобатга оламан. Даволагин. Балки бирор гиёҳ ёрдам берар.
Шу билан улар хайрлашдилар. Саида яна анчагача ундан нигоҳини узмай кузатиб турди. У томорқалар бўйлаб ўзига таниш сўқмоқлардан кетиб борарди, мана чеккадаги қўшнилар – Сотимқул ва Тўтиой холанинг ҳовлисидан ўтиб, катта ариққа бурилди ва кўздан ғойиб бўлди. У бирон зот кўринмайдиган жойлар орқали, чийзорлар орасида яшириниб, ўзининг тоғ этагидаги ғорига қандай қилиб етиб олишини ва зилдай пўстинга бурканиб, ухлагани ётишини Саида ўзича тасаввур қиларди. Лекин бу сафар унинг дили хиёл равшан эди, чунки Чотқолга кетиб яшаш нияти амалга ошаётгандек эди.
Саида уйга қайтиб, остона ҳатлаб кириши биланоқ, худди уни кутиб тургандай, фалокат ёпирилган эди – қайнонаси ҳушидан кетиб, секин инграб ётарди. Саида у томон отилиб, тиз чўкканча кампирни қучоқлаб олди. Кампирнинг аҳволи оғир эди. Бағрига босаркан, унинг қанчалик нимжонлашиб, чўпдек озиб-тўзиб кетганлигини сезди. Агар рўмоли остидан чиқиб турган оппоқ соч толаларини айтмаганда, уни ўспирин йигит деб ўйлаш мумкин эди: аранг нафас оларди. Саида қайнонасининг сўниб бораётган кўзларига қарашга чўчиди.
– Эна, энажон, тинчлан. Ҳозир енгил тортасан, ўзингни қўлга ол. Ҳозир сенга ёрдам бераман! – саросимага тушиб гапирарди Саида. – Қаеринг оғриётганини менга кўрсат. Мана шу ерми? Нима қилиш керак энди? Ҳозирча иссиқ кигизни, сўнгра эса қиздирилган донни босаман. Қайноқ чойни ҳам… Сен фақат чидаб турсанг бўлгани.
Уйнинг у ёғидан бу ёғига елиб-югуриб, товада маккажўхори донларини қиздириб, кейин уларни тугунчаларга солиб касал қайнонасига босиш учун олов ёқаётиб, Саида саросимага тушган ҳолда энди нима қилишини ўйларди. Бундай пайтларда одатда кечиктирмай касални биладиган одамларга кўрсатиб, маслаҳатлашиб олиш, кейин эса – бу энг муҳими – шу атрофдаги биронта таниқли табибни таклиф қилиш зарур бўлади. Аммо яшириниб юрган Исмоил учун бунинг ҳаммаси ногаҳоний қўрқинч туғдирар эди. Эрини яшириш эса Саида учун, ҳар қандай ҳолатда ҳам, муҳимлигича қолаверарди.
Боёқиш Саиданинг эри ва қайнонаси орасидаги ўй-фикрлари қоришиб кетган эди. Кейин эса кампирни тўшакка ётқизгач, у бироз исиб олиб, инграшу оҳвоҳлари андак тинчигандан сўнг, Саида бир қарорга келди.
Тонг отиб қолган эди. Саида боласини тезгина эмизгандан сўнг уни қўшниси Тўтиойникига, ўз болалари билан бирга, бир-икки соатга қараб туриш учун элтиб берди. Ўзи эса бир йил аввалги доя момоси олдига, нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳатлашгани жўнади. Доя момо ўзи билан таниш бўлган кинначи аёлни ҳам бирга олиб боришга ваъда берди. Ниҳоят, улар пешинга яқин, Саиданинг сабр косаси тўлиб-тошган кезда етиб келишди. Аммо уларнинг ташрифи ҳамдардлик кўринишидагина бўлди. Ўтиришди, сўраб-суриштиришди, чой ичишиб, кекса Бексаатга яхши ниятлар билдириб, уни тинчлантиришди ва дарё ортидаги Арча овулчасида истиқомат қилувчи машҳур кекса табиб – Муса эмчини чақириш лозимлигини тавсия қилишди. Яна Саиданинг қўшниси Тўтиойдан қайнонаси олдида ўтириб туришни илтимос қилишига тўғри келди ва яхшиям қўшни касалга ва бира тўла болага қарашга рози бўлиб, ўзининг болаларини ҳам олиб келди.
Саиданинг ўзи эса баъзан йўл билан, баъзан сўқмоқ орқали дарё ортидаги Арча овулига, табиб Муса эмчининг олдига югуриб кетди. Уни уйида учратганидан беҳад қувонди. Табиб кечга яқин етиб боришини айтди. Саида яна уйига шошилди, яна қишда саёзланган дарёни кечиб ўтганида тиззадан ошган муздек сув заҳри суяк-суягидан ўтиб кетди. Тезда пойафзалини кийиб, тоғ ёнбағирлари бўйлаб жадал юриб ўзига келди, сўнг эса ҳатто қизиб ҳам кетди.
Боришда ҳам, келишда ҳам, бутун йўл бўйи, унинг миясида фақат биргина фикр – бу оламда нимаики содир бўлар экан, Яратганнинг иродасисиз бўлмас, илоҳим, унинг Ўзи қайнонасини паноҳида асрасин, чунки унинг аҳволи соат сайин оғирлашиб бормоқда… Бироқ унинг қалбини тирнаётган нарса фақат шугина эмас эди. Бу ёғи энди нима бўларкин, қайнонаси касал бўлса, ўйлашича, бу узоқ давом этса, боласи нима бўлади, унга ким қараб туради, эрининг аҳволи не кечади, энди у уйга бош тиқа олмаслиги, ўзи ҳам унинг тоғдаги яширинган жойига югуриб боролмаслиги ҳақида ўйлайвериб гарангсиб қолган эди.
У қайнонасига шифо бериб, аввалгидек ғимирлаб, уйда бирон юмуш билан машғул бўлишини, энг муҳими – ҳадиксиз, эмин-эркин яшаш орзу қилинган ўша ажойиб кунлар келиши билан бутун бир оила бўлиб Чотқолга йўл олганларида онаизорнинг эгарланган эшакда кета олишига мадад сўраб илтижо қиларди. Ахир қанчалаб одамлар касалланадию яна соғайиб кетишади, наҳотки унинг тақдирида бу ёзилмаган бўлса? Ўйларди у. Агар қайнонаси касаллигича қолса, унда Чотқолга бориши нима бўлади – ёлғиз ўзини ташлаб кетиб бўлмайди-ку? Агар касалнинг ёнида қолса, унда Исмоилга нима бўлади? Унда бу кун бўлмаса эртанга кун уни кўриб қолишлари турган гап-ку: кўрибсизки эрта-индин далаларда турли-туман баҳорги ишлар бошланиб, молларни яйловга ҳайдашади, борадиган жойи қолмайди, униси бўлмаса буниси уни кўриб қолиши мумкин, шу билан ҳаммаси тамом вассалом…