Брайан Трейси – Самарадорликнинг 21 йўли (страница 2)
Бошқача қилиб айтганда, агар олдингизда икки муҳим вазифа турган бўлса, энг оғир, қийин ва энг муҳимини биринчи бўлиб бажаринг. Ишни дарҳол бошлашга ва бошқа ишга кўчишдан аввал уни охирига етказиб қўйишга ўзингизни одатлантиринг.
Буни бир синов тариқасида қабул қилинг. Аввал осон ишни қилишга бўлган иштиёқингизни жиловланг. Агар барча юмушларингизни якунига етказмоқчи бўлсангиз, қайси ишни зудлик билан бажариш ва қай бирини кейинга қолдириш ҳақидаги танловингиз кунлик қабул қиладиган энг муҳим қарорларингиздан бири эканини ёдда тутинг.
Қурбақани тановул қилишнинг иккинчи қоидаси: “Агар тирик қурбақани паққос туширишга бел боғлаган бўлсангиз, ўтириб, унга узоқ термилиб туришдан наф йўқ.”
Самарадорликнинг юқори даражасига эришишда асосий калит – ҳар тонгда энг асосий ишларингизни аниқлаб олишни одат тусига айлантиришдир. Бошқа ишга ўтишдан аввал кўп ўйламасдан “қурбақангизни паққос туширадиган” кун тартибини тузиб олишингиз керак.
Дарҳол ишга киришинг
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўп маош оладиган ва тез ўсадиган эркак ва аёллар ҳар бир ишида “ҳаракатчанлик” хусусияти билан ажралиб туради. Муваффақиятли ва самарадор кишилар дарҳол асосий ишга киришиб, уни тугатмагунча чалғимайди, бир текисда ишлайди.
Бизнинг дунёмизда, айниқса, бизнес оламида, тайинли натижа кўрсатсангиз, ҳақ тўлашади ва юқорига кўтариласиз. Қўшган қимматли ҳиссангиз учун, айниқса, сиздан кутилган энг муҳим вазифани бажарганингиз учун ҳақ оласиз.
“Ижродаги муваффақиятсизлик” кўплаб ташкилотлардаги энг долзарб бошоғриқлардан бири саналади. Кўпчилик ишлаш билан ижро этишни чалкаштиради. Улар доимий учрашувлар ўтказишади, мулоқот қилишади, пухта режалар тузишади, аммо иш сўнгида ҳеч ким уни ижро этишни зиммасига олмайди. Оқибатда керакли натижага эришилмайди.
Муваффақиятга етакловчи кўникмаларни шакллантиринг
Ҳаётдаги муваффақиятингиз вақт ўтгани сари шакллантирадиган кўникмаларингизга боғлиқ. Муҳим мақсадларни қўя олиш, уларни кечиктирмаслик ва энг муҳим вазифангизни бажаришга одатланиш ҳам ақлий, ҳам жисмоний маҳоратдир. Шундай экан, ушбу кўникмани ҳосил қилиш мумкин. Бунинг учун у онгостингизга жойлашиб, хулқ-атворингизнинг ажралмас бўлагига айлангунча қайта ва қайта машқ қилиш даркор. Агар у одатга айланса, беихтиёр амалга ошаверади.
Ишни муҳимидан бошлаш ва уни чала қолдирмаслик тез, доимий натижа берувчи омилдир. Сиз ақлий ва ҳиссий жиҳатдан шундай тузилгансизки, ишни якунлаш сизга ёқимли ҳиссиёт беради. У сизни хурсанд қилади. Ўзингизни ғолиблардай ҳис қилишингизни таъминлайди.
Аҳамияти ва катта-кичиклигидан қатъи назар, бирор бир вазифани бажарган пайт сизда куч-ғайрат, иштиёқ ва ўзингизга нисбатан ҳурмат ҳисси пайдо бўлади. Тугалланган вазифа қанчалик муҳим бўлса, ўзингизни шунчалик бахтли ва бардам ҳис этасиз. Ўзингизга нисбатан ишончингиз ортади.
Муҳим ишларни якунига етказиш миянгизда эндорфинлар ишлаб чиқариш жараёнини қўзғатади. Ушбу эндорфинлар кайфиятингизда табиий “сармастлик”ни пайдо қилади. Ҳар қадай вазифани муваффақиятли бажарганингиздан сўнг содир бўлувчи эндорфин ажралиш жараёни, сизни янада ижобий, ишчан ва ўзига ишонган одамга айлантиради.
Ижобий майлларни шакллантиринг
Мана муваффақиятнинг яна бир энг муҳим сирларидан бири. Сиз эндорфинларга ва улар қўзғатадиган ўзингизга ишонч ва маҳоратга бўлган “ижобий майл”ни шакллантира оласиз. Ушбу “майл”ни шакллантирганингизда, беихтиёр ҳаётингизни шундай тартибга солишни бошлайсизки, муҳимроқ вазифалар ва лойиҳаларни йўлга қўйиб, уларни охирига етказишга ўрганасиз. Сиз аслида муваффақиятга ижобий маънода мубтало бўласиз.
Муҳим ишларга бел боғлаб, уларни якунига етказишга одатланиш, мазмунли ҳаёт кечириш, юксак мартабага эришиш ва ўзингизни яхши ҳис қилиш калитидир. Ўша паллада бу одат хулқингизнинг узвий бўлагига айланади, сиз учун муҳим вазифаларни бажармасликдан кўра бажариш осонроқ бўлиб қолади.
Енгилга ўрин йўқ
Нью-Йорк кўчаларидан бирида мусиқачини тўхтатиб, Карнеги Холл қаердалигини сўраган киши ҳақидаги ҳикояни эсланг. Мусиқачи шундай жавоб қайтарган эди: “Машқ қил, оғайни, машқ.”
Машқ қилиш ҳар қандай маҳоратни маромига етказиш калитидир. Зеро, онгингиз ҳам мисоли мушак. Фойдаланган сари мустаҳкамланиб, такомиллашиб бораверади. Машқ қилиш орқали керакли ҳар қандай кўникмани ривожлантиришингиз ёки исталган хулқ-атворни касб этишингиз мумкин.
Янги кўникмани шакллантиришда керакли уч хусусият
Диққат ва фикрни жамлаш кўникмасини такомиллаштириш учун уч асосий хусусиятга эга бўлишингиз керак. Уларнинг барчасини ўрганиш мумкин. Улар: қарор, интизом ва қатъиятдир.
Аввало, ишни ниҳоясига етказишга қарор қилинг ва буни одатга айлантиринг. Иккинчидан, ўрганмоқчи бўлган тамойилларингиз одат тусига кирмагунча уларни машқ қилиш интизомини шакллантиринг.
Учинчидан, бу одат шахсиятингизнинг ажралмас қисмига айлангунча қатъиятли бўлинг.
Қандай бўлишни хоҳласангиз ўзингизни шундай тасаввур қилинг
Ўзингиз хоҳлагандай самарали ва муваффақиятли инсонга айланишни тезлаштирадиган махсус услуб мавжуд. Бу ишчан, тезкор ва диққатли инсон бўлишнинг фойда ҳамда устунликлари ҳақида тинимсиз ўйлашдан иборат. Ўзингизни муҳим вазифаларни доимий, тез ва самарали бажарадиган одам деб ҳисобланг.
Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз хулқ-атворингизга катта таъсир кўрсатади. Келажакда ким бўлишни хоҳласангиз, ўзингизни шундай тасаввур қилинг. Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз кўп жиҳатдан ташқи оламдаги ҳаракатларингизни белгилаб беради. Ташқи ҳаётингиздаги барча ўзгаришлар руҳий оламингиздаги ички тасвирнинг яхшиланишидан бошланади.
Янги кўникма, одат ҳамда қобилиятни эгаллаш ва ривожлантириш учун сизда деярли чексиз имконият мавжуд. Такрорлаш ва машқ орқали ўзингизни тарбияласангиз, юмушларингизни ортга суришни бартараф этсангиз, ҳаётингиз ва карьерангизда тезкор қадамлар билан илдамлай бошлайсиз.
Ушбу қурбақани паққос туширинг!
1-БОБ
Наполеон Ҳилл
Ўз “қурбақангизни” билиш ва уни паққос туширишдан аввал сиз ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасида нимага эришишни хоҳлаётганингизни аниқлаб олмоғингиз лозим. Аниқлик шахсий самарадорликдаги энг муҳим тушунчадир, эҳтимол. Баъзи одамларнинг кўп нарсага улгуришининг биринчи сабаби уларнинг қатъий мақсад ва режаси борлиги ва ўша мақсаддан чалғимаслигидир.
Хоҳлаётган нарсангизни қўлга киритиш учун қанчалик дадил қадам ташласангиз, ишингизни ортга сурмасангиз, ўз “қурбақангизни” паққос тушириш ва режаланган ишни амалга ошириш шунчалик осон бўлади.
Ишни ортга суриш ва иштиёқнинг сустлигига асосий сабаб мужмаллик, чалкашлик ва нима қилмоқчилигингиз, уни қай тартибда ва нима учун қилмоқчилигингиз ҳақида аниқ фикрга эга бўлмасликдир. Бор кучингиз билан бу каби ҳолатлар олдини олишингиз лозим. Муҳим мақсад ва вазифаларингиз йўлида имкон қадар ишонч билан ҳаракат қилишингиз керак.
Муваффақият учун зарур қоида шундай: “Фикрларингизни қоғозга туширинг”
Атиги 3 фоиз кишиларгина аниқ режа тузиб, уни қоғозга туширади. Бошқалар улар қатори ёки улардан билимлироқ ва қобилиятлироқ бўлиши мумкин, бироқ нимани исташларини қайд этиш учун вақт ажратмайдилар. Натижада улар беш, ҳатто ўн баробар камроқ ишга улгурадилар.
Қўйган мақсадингизга эришиш учун ҳаётингизнинг қолган қисмида қўллашингиз мумкин бўлган кучли формула мавжуд. У етти босқичдан иборат. Агар сиз айни пайтда уларга амал қилмаётган бўлсангиз, бу босқичларнинг исталган бири иш самарадорлигингизни икки ёки уч баробар ўстириши мумкин. Тингловчиларимнинг кўпчилиги бир неча йил ва ҳатто бир неча ой ичида ушбу етти босқичдан иборат усул ёрдамида даромадларини сезиларли даражада оширишди.
Биринчи қадам: Нимани хоҳлашингизни аниқлаб олинг.
Бунга ўзингиз ойдинлик киритинг ёки сиздан нима кутилаётгани ва бу йўлдаги устувор мақсадлар тартиби аниқ-равшан белгиланмагунча, раҳбарингиз билан муҳокама қилинг. Қанчадан-қанча инсонлар ҳар куни тер тўкиб, аҳамиятсиз вазифалар учун вақт сарфлаётгани ачинарлидир. Чунки улар раҳбарлари билан бу муҳим масалани муҳокама қилмаганлар.
Қоида: “Кераксиз ишни қойилмақом даражада бажариш вақтни исроф қилишдир”
Стивен Кови шундай дейди: “Муваффақият нарвонига чиқишдан олдин, у тўғри бинога тиралганига ишонч ҳосил қилинг”
Иккинчи қадам: Ёзиб боринг.
Фикрларингизни қоғозга туширинг. Мақсадингизни қайд этганингизда сиз уни мустаҳкамлайсиз ва унга аниқ шакл берасиз. Шу билан ҳис қилиш ва кўриш мумкин бўлган маълум бир нарса яратасиз. Таъбир жоиз бўлса, ёзиб қўйилмаган режа ёки мақсад, орзу ёки ҳавас, холос. У ҳеч қандай кучга эга эмас. Қайд этилмаган мақсадлар чалкашлик, ноаниқлик, адашиш ва яна талай хатоларга сабаб бўлади.
Учинчи қадам: Мақсадингизга муддат белгиланг. Лозим бўлса, уни қисмларга ажратиб ҳар бирига алоҳида муддат қўйиб чиқинг.
Муддат қўйилмаган мақсад ёки қарор ижроси ортга сурилади. Унинг асл ибтидоси ва интиҳоси мавжуд эмас. Тайинланган вазифа, уни ниҳоясига етказиш масъулияти ва аниқ муддат бўлмаса, табиийки, сиз ишни орқага сураверасиз ва амалда жуда оз самарага эришасиз.
Тўртинчи қадам: Мақсадингизга етиш учун бажаришингиз лозим бўлган ишлар рўйхатини тузинг.
Янги машғулотлар ҳақида ўйласангиз, уларни рўйхатингизга қўшинг. Рўйхат тўлиқ бўлмагунча, уни такомиллаштиришда давом этинг. Бу рўйхат сизга каттароқ вазифа ёки режанинг тиниқ тасвирини кўрсатади. У қадам ташлашда давом этиш учун йўлак вазифасини бажаради. Сиз ниятингизни аниқлаштирганингиз ва режадагидек кетаётганингиз боис бу йўл мақсадга эришиш эҳтимолини оширади