реклама
Бургер менюБургер меню

Абэ Кобо – Қумдаги хотин (страница 4)

18

Тахминлари тўғри чиқди. Хотиннинг таклифи билан ер ўчоқнинг олдига энди ўтирган ҳам эдики, атрофида худди ёмғир томчилаётгандек сас эшитилди. Бу ғужғон ўйнаётган бургалар эди. Бунақа нарсалардан у қўрқмайди. Энтомолог бундай кутилмаган ҳодисаларга нисбатан ҳамиша шай туради. Фақат кийимнинг ичига ДДТ сепиш, ётишдан олдин баданга ҳам ҳашаротларга қарши мой суртиш керак.

– Мен овқат пишириб келаман, шунинг учун ҳозирча…– хотин энгашиб чироқни олди,– бир оз қоронғида сабр қилиб ўтира турасиз-да.

– Хўш, чироғинг биттами?

– Ҳа, афсуски…

Хотин гуноҳкорона жилмайди, чап юзида кулгич пайдо бўлди. Агар кўзига эътибор берилмаса, юзи жуда кўхлик экан, деб ўйлади эркак. Балки бундай боқиши кўзларининг оғриғидандир. Яллиғлаган мижжаларини ҳатто упа ҳам яширолмабди. Ётар олдида кўзига дори томизиб қўйишни унутмасин…

– Аммо мен, овқатдан олдин чўмилиб олсам, деган эдим.

– Чўмилиб олсам дейсизми?..

– Нима, бунинг иложи йўқми?

– Афсус, индингача кутишга тўғри келади.

– Индингача? Ахир индингача бу ерда турмайманку, – беихтиёр шарақлаб кулиб юборди эркак.

– Наҳотки?..

Хотин ўгирилиб олди, унинг елкалари уча бошлади. Хафа бўлди шекилли. Бу қишлоқилар орият учун ҳам сирларини яширмайдилар. Эркак ўнғайсизланиб, лабларини қимтиди.

– Хўш, чўмиладиган жой бўлмаса, устимдан бир сув қуйиб олсам ҳам бўлади. Бўлмаса, ҳамма ёғим қум…

– Сув, кечирасиз-да энди, бир челаккина қолган. Бу ердан қудуқ жуда узоқ…

Хотиннинг важоҳати қандай ҳазин. Майли, энди индамайди. Тез кунда бу ерда чўмилишдан ҳеч қандай маъно йўқлигига қаноат ҳосил қилса керак ўзи ҳам.

Хотин унга қайнатилган балиқ билан моллюскалардан пиширилган шўрва олиб келди. Умуман, денгиз соҳилининг овқати, унча чакки эмас. Овқат ейишга киришиши билан хотин каттакон қоғоз соявон очиб, боши устида ушлаб турди.

– Бунинг нима кераги бор? Маҳаллий одатлардан бўлса керак?

– Шундай қилмаса овқатга қум тушади.

– Нима учун? – Эркак таажжуб билан шифтга қаради, аммо у ерда ҳеч қандай туйнук, тирқиш йўқдек эди.

– Қум, биласизми…– хотин ҳам шифтга қаради, – у ҳамма ёқдан учиб келади.... Бир кун супурмасанг уч энли бўлиб қолади.

– Балки том тешилгандир.

– Йўқ, том янгилигида ҳам бу ёққа қум кириб келаверарди. Шу қумдан даҳшатли нарса йўқ. У ёғочхўрдан ҳам ёмон.

– Ёғочхўр?

– Дарахтларни илма-тешик қиладиган бир қўнғиз бор.

– Қир чумоли бўлса керак-да?

– Йўқ, булари жуда қаттиқ бўлишади.

– Ҳа-а-а, ёғоч тешар қўнғиз экан.

– Ёғоч тешар қўнғиз?

– Қизғиш, мўйловдор бўлади. Ўшаларни айтяпсанми?

– Йўқ, йўқ, булар худди шоли донасидек келади, туслари ҳам қўнғир.

– Э, шунақа дегин. Бўлмаса у камалак қўнғиз экан.

– Агар бепарволик қилиб, қараб турилмаса, ҳов анавига ўхшаган тўсинни сал кунда чиритиб туширади.

– Нима, камалак қўнғизми?

– Йўқ, қум.

– Нима учун?

– У ҳамма нарсадан ўтиб киради. Шамол терс томондан эсганда томнинг таги қумга тўлади, агар тозалаб турилмаса, сал вақт ичида шунақа кўпайиб кетадики, шифтнинг ёғочлари кўтаролмай қолади.

– Ҳа, томнинг тагига қум тўлиб қолиши ярамайди… Қум тўсинни чиритади деяпсан, шу гапинг ғалатироқ эмасми?

– Нега энди, чиритади-да.

– Ахир қумнинг хусусияти унинг жуда қуруқ бўлишида-ку.

– Барибир чиритиб юборади… Мана, чунончи, янгигина гэтани1 қўйиб қўйинг-да, қумини қоқманг – ярим ойдан кейин ундан асар ҳам қолмайди.

– Сабабини тушунолмадим.

– Ёғоч чирийди. У билан бирга қум ҳам чирийди… Қум босган уйнинг шифтидаги тахталарини қазиб олиб кўрингчи. У ер шундай сергўнг бўладики, бемалол бодринг экаверишингиз мумкин.

– Беҳуда гап! – нафрат билан юзларини буриштирди эркак. Назарида қум ҳақидаги тасаввурини хотин ўэ нодонлиги билан оёқ ости қилаётгандек бўлди. – Менинг ҳам қум важига унча-мунча ақлим етади… Биласизми, худди шу қум йил-ўн икки ой ҳаракатда бўлади… Унинг ҳаёти ҳаракатдан иборат… Бирон жойда тўхтаб туролмайди. Хоҳ сувда бўлсин, хоҳ ҳавода бўлсин – ўз-ўзича ҳаракатда бўлади. Шунинг учун ҳам оддий жонли махлуқлар қумда ҳаёт кечира олмайдилар… Бу чиришга сабабчи бўладиган бактерияларга ҳам алоқадор. Қумни озодагарчиликнинг тимсоли деб аташ мумкин, лекин у чиришнинг олдини олиш учун хизмат қилса ҳам ажаб эмас, уни чиритади, деб айтиш тутуриқсиз бир гап.. Сен бўлсанг, у ўзи ҳам чирийди, дейсан; қум мутлақо ажабтовур бир минерал.

Хотин гарангсиганча индамай турарди. У ҳамон кўтариб турган соявон остида ўгирган эркак овқатни апир-шапир еб тугатмоқда, ортиқ чурқ этмас эди. Соявонни шу қадар қум босган эдики, унда ҳатто бармоқ билан ёзиш мумкин эди.

Расво бир намхушлик. Йўқ, қум намхуш эмас, баданни нам босган. Том тепасида шамол увилларди. Сигарета олиш учун чўнтагига қўл солганди, қум тўлиб қолибди. Ҳали чекмасдан туриб оғзи тахир бўлиб кетди.

Цианли калий солинган банкадаги ҳашаротларни олса тузук экан. Қуриб қолмасдан уларни ақалли тўғнағич қадаб оёқларини ростлаб қўяди. Хотиннинг уй олдидаги бостирмада идиш юваётгани эшитилмоқда. Бу ерда ундан бошқа ҳеч ким яшамайди шекилли.

Хотин қайтиб кириб, индамай хона бурчагига жой сола бошлади. Агар эркак бу ерда ётса, кечаси хотин қаерда ётар экан? Албатта буйранинг нарёғидаги юқори хонада-да. Бошқа хона йўқ шекилли. Ғалати иш бўляпти-ку. Меҳмонни ташқарига чиқадиган йўл устидаги хонага ётқизса-да, ўзи тўрдаги хонада ётса. Аммо уерда ўрнидан туролмайдиган, оғир касалга чалинган бемор ётгандир балки?.. Ҳа, шундай бўлса керак. Ҳар қалай, шундай деб ўйлаш табиийроқ бўларди. Аввал бошлаб, ёлғиз хотин биринчи дуч келган ўткинчига шу қадар хушмулозамат бўлиши амри маҳол.

– Бу ерда яна бошқа бирон одам борми?..

– Бирон бошқа одам дейсизми?..

– Оилангдан…

– Ҳеч ким йўқ, ёлғизман. – Хотин унинг фикрларини уқиб олгандек, ийманганча кулиб қўйди. – Қумнинг касофатидан ҳамма нарса жиққа ҳўл, ҳатто кўрпа ҳам…

– Эринг-чи? Ўтган йили тўфонда… – Хотин солиб қўйилган ўринни яккаш текислаб тузатар – хуллас, мутлақо кераксиз иш билан шуғулланар эди. – Биз томонда тўфон жуда даҳшатли бўлади. Қум устимизга худди шалоладек гулдурос билан отилиб тушади. Кўз очиб-юмгунингча қарабсанки, бир кечада бир-икки дзё ёғиб қолади.

– Ахир икки дзё – олти метр деган гап-ку…

– Бундай пайтда қумни қанча қазиб тозалаганинг билан унга барибир бас келиб бўлмайди. Шундай қилиб эрим бирдан: «Товуқхонамизни босиб қолади», деди-ю қизимиз билан, – ўрта мактабга қатнайдиган бўлиб қолган эди. Уйдан отилиб чиқиб кетди. Мен чиқолмадим – нуқул эрим омон қолса, дердим… Ниҳоят, тонг оқара бошлаши билан, шамол тиниб, ташқарига чиқдим. Товуқхонамиздан асар ҳам қолмабди. Уларни ҳам тополмадим…

– Қум босиб қолибдими?

– Ҳа, мутлақо.

– Жуда ёмон… хунук иш бўлган экан. Қум шундай қилибди-я. Қандай хунук..

Чироқ бирдан липиллай бошлади.

– Яна қум.

Хотин эмаклаганча қўлини чўзди-да, кула-кула пиликни ушлади. Чироқ бирдан пориллаб ёна бошлади. Ўша холатда турганча у чироққа тикилиб қарар, чеҳрасида намойишкорона табассум акс этар эди. Афтидан, юзидаги кулгичини кўрсатиш учун жўрттага шундай қилаётган бўлса керак. Эркак беихтиёр сергакланди. Хотин унга ғоят беҳаёдек бўлиб кўринди – ахир ҳозиргина яқин кишиларининг ҳалок бўлганини гапириб ўтирган эди-я.

– Ҳой, бу ёққа қара, биз яна бир киши учун белкурак билан бидонлар олиб келдик.

Узоқдан, эҳтимолки карнай орқали келаётган аниқ овоз, икки ўртадаги ноқулайликка барҳам берди. Кейин пастга қараб отилган темир-терсак буюмларнинг тарақтуруғи эшитилди. Хотин жавоб бериш учун ўрнидан турди.

Эркакнинг ғаши келиб ғижинди: бундан яшириқча бир балолар бўлаётган эди.

– Нима гап ўзи? Демак, бу ерда яна бошқа одам бор экан-да!

– Қўйинг, илтимос қиламан… – Хотин худди биров қитиқлаётгандек ғужанак бўлиб олди.