реклама
Бургер менюБургер меню

Абэ Кобо – Қумдаги хотин (страница 6)

18

– Унақада эрталабгача ҳам юраверамиз-ку.

Хотин гўё зарда қилгандек шарт бурилиб кетди. Учуримнинг тагига қайтиб бориб ишини давом эттирмоқчи шекилли. Худди испан пашшасига ўхшайди, деб ўйлади эркак. Ҳаммаси тушунарли, энди уни ҳеч ким бу йўл билан лақиллатолмайди.

– Тавба! Ҳар кун кечаси шу аҳволми?

– Қум тинмайди ҳам, тиним ҳам бермайди… Саватлар ҳам, пикап ҳам кечаси билан ғизиллагани-ғизиллаган.

– Ҳа, шунақага ўхшайди.

Ҳа, дарҳақиқат шундай. Қум ҳеч қачон тинмайди, ҳеч қачон тиним ҳам бермайди. Эркак саросимада қолди. Назарида, енгилтаклик қилиб, кичкина, беозоргина деб думини босиб олган илони ғоятда баҳайбат, заҳарли калласи билан орқасидан таҳдид солиб тургандек туюлди.

– Бу нима деган гап? Сен фақат қум ташиш учунгина яшар экансан-да!

– Ахир кечаси туриб қочиб кетишнинг иложи йўқ-да

Эркак ҳайратда қолди. Бунақа ҳаёт кечиришга унинг сира ҳам тоқати йўқ эди.

– Йўқ, мумкин! Бу қийин ишмиди? Агар истасанг, хоҳлаган мақсадингга эришишинг мумкин!

– Йўқ, бундай қилиб бўлмайди… – Хотин куракка ҳамоҳанг бир маромда нафас олиб, лоқайдлик билан сўзини давом эттирди: – Қишлоқ, биз тиним билмасдан қумни қазиб ташиб турганимиз, шу билан жонига оро кираётганимиз учунгина бир амаллаб тирикчилик ўтказяпти. Агар биз қазимай қўйсак, ўн кундаёқ қум босиб қолиб, кўмилиб кетади… Қолаверса… Вой, навбат қўшниларимизга келибди шекилли…

– Қизиқ ҳангомангиз учун ғоятда миннатдорман… Сават ташувчилар ҳам шунинг учун ғайрат билан ишлашяптими?

– Ҳа, лекин улар ростини айтсам, қишлоқ маҳкамасидан кунбай ҳисобида бир нима олиб туришса керак…

– Агар қишлоқда шунча пул бўлса, қумдан сақланиш учун қунт қ,илиб дарахт ўтқазишса бўлмайдими?

– Ҳисоблаб чиқилганда, бизнинг усулимиз анчагина арзон тушади шекилли…

– Усулимиз?.. Шу ҳам усул бўлдими? – Эркакнинг ғазаби қўзиб кетди. Хотинни шу аҳволга солганлардан ҳам, бунга йўл қўйган хотиндан ҳам ғазабланди. – Агар шундай экан, бу қишлоққа ёпишиб олишнинг нима кераги бор? Хўш, сабабини тушунолмадим… Қум деган нарса ҳазилакам гап эмас! Шу қилаётган ишимиз билан қумга бас келамиз, деб ўйласангизлар катта хато қиласизлар. Тутуриқсиз гап… Бу бемаъни ишга барҳам бериш керак… Узил-кесил барҳам бериш керак. Мен сизга ҳатто хайрихоҳлик ҳам билдиролмайман!

У белкуракни нарироқда ётган бидонлар томон улоқтириб юбориб, хотиннинг юз ифодасига ҳам эътибор бермай, уйга қайтиб кирди.

Уйқуси келмай, хотиннинг ҳаракатларига қулоқ солиб ётди. У бир оз хижолатда эди: борди-ю, унинг бу хатти-ҳаракати, аслида, ишини ташлаб бўлса-да, унинг ёнига келиб ётмаётган хотинга зарда бўлса-чи? Аслида, у кечираётган ўткир ҳис хотиннинг аҳмоқлигидан ғазабланиш эмас, ундан кўра ҳам чуқурроц бир нарса эди. Кўрпа тобора намиқиб, баданига қум кўпроқ ёпиша бошлади. Қанақанги адолатсиз, нафратингни оширадиган нарса! Куракни улоқтириб ташлаб уйга қайтиб киргани учун ўзини айбситиб ўтиришига ҳожат ҳам йўқ. У бундай масъулиятни зиммасига ололмайди. Бусиз ҳам зиммасидаги мажбуриятлар ошиб-тошиб ётибди. Қолаверса, қум билан ҳашаротларга қизиқиб келханининг асл сабаби ҳам зерикарли тирикчиликнинг серташвиш мажбуриятларидан вақтинча бўлса-да бош олиб қочиш эди…

Қани энди уйқуси келса.

Хотин тинимсиз бориб-келиб турибди. Бир неча марта саватлар тушиб-чиқиб, ўз вазифасини бажармоқда. Агар ахвол шу тариқа давом этадиган бўлса, у эртага ишга ярамай қолади. Ахир тонг отиши билан туриб, кунни унумли ўтказиши керак. Ухлайман деб қанчалик тиришмасин, тобора уйқуси қочиб кетмоқда. Кўзи ёшланиб, пириллаб, сурункасига қуйилиб турган қумга бас келолмай ачиша бошлади. У сочиқнинг тахини ёзиб, юзига ёпди. Нафаси бўғилса-да, ҳар қалай шуниси дуруст.

Яхшиси бошқа нарсалар тўғрисида ўйлаб кўра қолсин. Кўзини юмиши билан иланг-биланглаганча аллақандай узун иплар суза бошлади. Булар тепа бўйлаб кетган қум юзидаги нақшлар. Ахир улардан ярим кун кўзини узмади-да, кўзига шуларнинг акси тушиб қолганга ўхшайди. Худди шундай қум оқимлари шаҳар ва катта-катта империяларни босиб, ютиб кетган. Буни, ҳа шундай, Рим империясинин1 сабуляцияси деб атайдилар… Умар Ҳайём куйлаган шаҳарлар-чи… Уларда тикувчилик устахоналари. қассоблик дўконлари, бозорлар бўлган. Уларни чирмашиб кетган кўпдан-кўп йўллар ўраб олган, йўлларни эса ҳеч нарса жойидан қўзғатолмайдигандек эди. Шулардан ақалли биронтасининг йўналишини ўзгартиш учун давлатлараро бир қанча йил урушиш керак бўларди… Собит эканлигига биронта одам ҳам шубҳаланмаган қадимий шаҳарлар… Аммо оқибатда улар ҳам 1/8 мм диаметрли ҳаракатчан қум оқими қонунига бардош беролмадилар.

Қум…

Агар қум призмаси орқали қаралса, ўз шаклига ага ҳамма нарсалар ҳам нореал бўлиб кўринади. Ҳар қандай шаклни инкор этадиган қумнинг ҳаракатигина реалдир. Хотин яланг қават тахта деворнинг нарёғида қум қазишда давом этмоқда. Хўш, шу ингичка, ирвоқ қўллари билан у нима ҳам қила оларди? Бу – денгизнинг ўрнига уй солиш учун сувини челак билан олиб қуритишга интилиш демакдир. Кемани сувга тушираётганингда сувнинг қандай эканлигини билишинг керак.

Бу фикр бирдан кўнглидаги диққатликни ёзиб юборди. Бу хотин қазиётган қумнинг шитирлаши туфайли туғилган эди. Агар кема сувда сузишга яраса, қумда сузишга ҳам яраши керак. Агар, уй ҳаракатсиз бўлади, деган қолоқ фикрдан халос бўлинса, унда қум билан курашишнинг ҳожати ҳам қолмайди… Қум бўйлаб сузиладиган эркин кема… Сузувчи уйлар… Шаклсиз қишлоқлар ва шаҳарлар…

Қум, табиийки, суюқлик эмас. Шунинг учун ҳам, бирон нарсани ўз сатҳида ушлаб туради, деб ўйлаб бўлмайди. Агар, чунончи, қумга ҳатто унинг ўзидан енгилроқ чоғиштирма оғирликка эга бўлган пўкакни ташлаб қўйсангиз ҳам маълум вақтдан сўнг чўкиб кетади. Қум бўйлаб суэиш учун кема одатдагидан кўра мутлақо бошқа сифатларга эга бўлиши керак. Масалан, уй бочка шаклида бўлиши керакки, думалаб-думалаб юрсин… Агар у ақалли бир оз айланиб турса-да, босиб қолган қумни тушириб юбориб яна юзага чиқа олади… Албатта, бутун уй тинимсиз айланган тақдирда, унда яшайдиган одамлар оёқ устида туролмай қоладилар… Шунинг учун, ҳунар ишлатиш керак бўлади – чунончи, бочканинг ичига бочка жойлаш керак бўлади шекилли… Шундай қилинадики, ичидаги бочканинг маркази бир жойда, таги пастда бўлади… Ички бочка доимо ҳаракатсиз бўлади-ю, устки бочкагина айланиб туради… Бу худди баҳайбат соатнинг капгирига ўхшаб тебраниб турадиган уй… Бешик уй… Қум кемаси…

Тўп-тўп шундай кемалардан иборат, тинимсиз ҳаракатдаги қишлоқлар ва шаҳарлар…

Эркак беихтиёр мудраб кетди.

7

Эркак занг бвоган арғимчоқнинг ғижирлашидек хўроз қичқириғидан жон ҳолатда, таъби тирриқ бўлиб уйғонди. Ҳозир тонг отгандек туюлса-да, соат миллари 11 у 16 минутни кўрсатарди. Дарҳақиқат, қуёш тушдагидек нур сочиб турибди. Лекин бу ер шунинг учун нимқоронғики, қуёш нурлари ҳали чуқур қаърига етиб келган эмас.

У ўрнидан сапчиб турди, юзи, боши ва кўкрагидан шувиллаб қум тўкилди. Лабининг четлари ва бурнининг ёнларида тер билан қоришиб қотган қум ёпишиб ётарди. Уни кафтининг орқаси билан артиб, кўзларини пириллатганча гарангсиб қолди. Гўё биров мижжаларини ғўдир нарса билан ишқалагандек яллиғлаган кўзларидан тирқираб ёш оқарди. Аммо нам кўзларининг бурчакларига тиқилиб қолган қумни ювиб ташлаш учун ёшларининг ўзи кифоя қилмасди.

Озроқ бўлса ҳам сув олиш учун ерда турган бакнннг олдига борган эди ҳамки, бирдан ўчоқ олдида пишиллаб ухлаб ётган хотинни кўриб қолди. Кўзларининг ачишаётганини унутиб, нафасини ичига ютди.

Хотин шир яланғоч эди.

Кўзини ёш хира қилиб турганидан хотин унга ғирашира, ноаниқ шарпа бўлиб кўринди. У тақир бўйрада чалқанчасига ётар, бошидан ташқари бутун вужудини намойиш қилаётгандек, чап қўли қорнининг қуйисини яшириброқ турар эди. Баданидаги, одатда одамлар яширадиган жойлари кўриниб турар, ҳеч ким очиб юришдан уялмайдиган юзигина сочиқ билан ўралган эди. Албатта, оғзи, бурни, кўзларини қумдан сақлаш учун шундай қилган, аммо, ҳар қалай бундан яланғочлиги яна ҳам яққолроқ кўзга ташланарди.

Бутун баданини юпқагина қум қатлами чулғаган. Қум баъзи жойларни кўздан яшириб, хотинларга хос домашни аниқ кўрсатиб турибди. У худди қум билан ҳал берилган ҳайкалга ўхшарди. Бирдан эркакнинг оғзи сув очди. Аммо у сўлагини ютолмади. Тишлари билан лаблари орасига тиқилиб қолган қум сўлакни ўзига шимиб олиб, бутун оғзи бўйлаб ёйилди. У ерга энгашиб қум аралаш сўлагини тупура бошлади. Аммо қанча тупурмасин, оғзининг ғўдири ҳам, қум ҳам кетмади. Назарида, тишлари орасида узлуксиз равишда янгидан-янги қум зарралари пайдо бўлаётгандек эди.

Бахтига бакка яна лиммо-лим сув тўлиб қолибди. Эркак оғзини чайқаб юзини ювгач, дунёга янги келгандек бўлди. У сувнинг мўъжизавор кучини бу қадар сезмаганди. Қумга ўхшаб сув ҳам минерал, аммо буниси шу қадар тоза, шаффоф, ғайри узвий жисмки, ҳар қандай узвий нарсага қараганда вужуд билан анча осонроқ бирлашиб кетади… Сув томоғидан аста-секин ўтаркан, ўзини тош еб кун кўрадиган ҳайвондек ҳис қилди....

Эркак яна қайтиб келиб, хотинга каради. Аммо унинг яқинига боргиси келмади. Қум гардлари қўнган хотинни томоша қилиш хуш ёқяпти-ю, аммо унга тақалиш унча ёқимли бўлмаса керак.

Кечаси кечирган ҳаяжон ва ғазаби ҳозир, кундуз куни унга ақл бовар қилмайдиган даражада бўлиб туюлди. Ҳангама қилиб берса бўладиган бир талай нарсаларни кўрди. Гўё ҳамма кўрганларини хотирасида пухтароқ сақлаб қолмоқчи бўлгандек атрофга яна бир назар ташлаб, наридан-бери отлана бошлади. Кўйлаги билан шими зил-замбил – уларга бир дунё қум тиқилиб қолибди. Шу арзимаган нарсага диққат бўлишнинг нима кераги бор. Аммо кийимга тиқилиб қолган қумни қоқиш бошдаги қазғоқни аритишдан ҳам қийин бўлди.