Абэ Кобо – Қумдаги хотин (страница 2)
Хўш, хуллас, кўзлаган қум тепасига етиб келди, иши жойида. У сувдонидан қултумлаб сув ичиб, чуқур нафас олди, жуда соф туюлган ҳаво томоғини худди жилвир қоғоздек қириб ўтди.
Йўловчи ўз коллекциясини қумда яшайдиган ҳашаротлар билан бойитмоқчи эди.
Қумликдаги ҳашаротлар майда, ранги хира бўлади, аммо коллекция тузиш дардига дучор бўлган одамни қанотлари ранго-ранг капалаклар ёки ниначилар қизиқтирмайди. Бундай одамлар ўз коллекцияларини аллақандай экзотик намуналар билан безашга интилмайдилар, улар тартиблаштиришга ҳам унча қунт қилмайдилар. Хитой медицинасида қўлланиладиган дориворларни тайёрлаш учун керак бўладиган хомашёларни қидириш билан ҳам шуғулланмайдилар. Энтомологларнинг янги турларни топишдек ўзларига хос соддагина ва оддий эрмаклари бор. Бунга муваффақ бўлсанг, энтомология1 атласида янги топилган ҳашаротнинг узундан-узоқ лотинча илмий номи билан бир қаторда сенинг номинг ҳам пайдо бўлади, номинг унда абадул-абад қолса ҳам ажаб эмас. Модомики, сенинг номииг, ҳаттоки ҳашаротнинг номи билан боғлиқ бўлган ҳолда ҳам одамларнинг хотирасида узоқ вақтлар сақланиб қоларкан, демак, ҳаракатларинг беҳуда кетмабди.
Одатда кўз билан илғаб бўлмайдиган жуда кўп, турли-туман ҳашаротлар янгидан-янги кашфиётлар очиш имконини беради. Мана у ҳам қўш қанотлиларга, ҳатто одамлар жуда ёмон кўрадиган оддий хонаки пашшаларга кўп вақтини берди. Пашшаларнинг турлари ҳайрон қоларли даражада сон-саноқсиз. Барча энтемологларнинг фикрлари асосан бир йўналишда бўлганлиги учун улар, жумладан, Японияда топилган камдан-кам учрайдиган саккизинчи мутант деб аталувчи пашша билан биргаликда бу турларнинг кўпчилигини ўрганишни деярли тугаллаганлар. Чамаси, одамларнинг ҳаёти пашшаларнинг ҳаёти билан ғоятда чамбарчас боғланиб кетганлиги учун шундай бўлса керак.
Энг яхшиси, аввал диққатни мана шу муҳитга қаратиш. Балки турларининг кўплиги пашшаларнинг ўзларини шароитга мослаштира билишдек зўр салоҳиятлари туфайлидир. Бу кашфиётдан севиниб кетиб бир сакраб қўйди. Фикри унча чакки эмас. Пашшаларнинг бу қадар зўр кўника олиш салоҳияти бошқа ҳашаротлар яшай олмайдиган энг ноқулай шароитларда ҳам осонликча кўникиб кетавериш сабабларини очиб беради. Мана, чунончи, улар ҳатто умуман тирик жон чидолмайдиган саҳродаги ҳаётга ҳам мослашиб олишган…
Бу кашфиётдан сўнг, у қумликларга айниқса қизиқа бошлади. Тез орада ишнинг самараси ҳам кўрина қолди. Бир куни у уйи яқинидаги суви қурнган ариқ ўзанида қаттиқ қанотлилар тоифасига (Gicindela Japonica, Motschulsky) мансуб бўлган, испан пашшасини эслатувчи жажжигина сарғиш ҳашаротни кўриб қолди. Маълумки, испан, пашшаларининг ранги ҳар хил ва турли катта-кичикликда бўлади. Аммо олдинги оёқлари бир-бирлариникидан ғоят- да кам фарқ қилади. Уларни гуруҳларга бўлишда шу нарса муҳим аҳамиятга эга, чунки олдинги оёқларнинг шаклларидаги тафовут турлар орасидаги тафовутни билдиради. У кўриб қолган ҳашарот олдинги оёқларининг иккинчи бўғими дарҳақиқат диққатга сазовор хусусиятларга эга эди.
Испан пашшаси тоифасидан бўлган ҳашаротларнинг олдинги оёқлари одатда ингичка, қора ва ғоятда ҳаракатчан бўлади. Бу пашшанинг олдинги оёқлари эса ю-малоқ, йўғон, туси эса тўқ сариқ эди. Эҳтимолки, уларга кукун ёпишгандир. Балки ҳашаротнинг ҳаттоки кукун йиғиш учун махсус мосламаси ҳам бордир. Борди-ю, кўздан кечираётганида янглишмаган бўлса, муҳим кашфиёт очса ҳам ажаб емас.
Аммо, афсуски ўша ҳашаротни тутиб ололмади. У ғоятда ҳаяжонланган, пашша ҳам ғоятда ғалати бир тарзда учар эди. Пашша учиб кетди. Кейин: «Қани, ушлаб ол-чи» демасдангина қайтиб келди-да, унинг яқинлашишини кутди, аммо у яқинлашиши билан пашша яна учиб кетиб, кейин қайтиб келди-да, тағин кута бошлади. Пашша уни калана қилаётгандек, ўт-ўланлар орасига кириб ғойиб бўлди.
Шу тариқа у ўша олдинги оёқлари сарғиш испан пашшасининг асири бўлиб қолди.
Қумлоққа назари тушаркан, тусмоли тўғри эканлигига яна ҳам чуқурроқ қаноат ҳосил қилди. Ахир испан пашшаси – саҳрогагина хос бўлган ҳашарот-ку. Бир назарияга кўра, у пашшаларнинг одатдан ташқари бир тарзда учиши – майда махлуқларни инларидан авраб чиқариш учун қўллайдиган ҳийласи эмиш. Шу тариқа пашша эргаштириб кетган сичқонлар, калтакесаклар инларидан йироқлашиб саҳрога бориб қолиб, очлик ва толиқишдан ҳалок бўлар эмиш. Пашшаларнинг муддаоси шу бўлиб, ҳалок бўлган махлуқларни ер эмиш. Бу пашшаларнинг японча «хат ташувчи» деган латиф номи бўлиб, зотан, биринчи қарашда улар, нозик кўринсалар-да, аслида тишлари ўткир, ўзлари шу қадар қонхўр бўладиларки, ҳатто бир-бирларини еб қўядилар. Бу назариянинг тўғри ёки тўғри эмаслигидан қатъи назар, у шубҳасиз, испан пашшасининг сирли учишига маҳлиё бўлиб қолган эди.
Табиий, испан пашшасининг яшаши учун шароит яратиб берадиган қумга ҳам қизиқиши ортиб қолди. У қум ҳақидаги китобларни ўқишга киришди, ўқиган сайин бу нарсанинг қизиқ бир ҳодиса эканлигига тобора кўпроқ қаноат ҳосил қила бошлади. Чунончи, агар энциклопедиядаги қумга бағишланган мақолага мурожаат қилинса, қуйидагиларни ўқиш мумкин:
«Қум емирилган тоғ жинсларининг йиғиндисидир. Баъзан таркибида магнитли темир, каситерит, баъзан олтин ҳам учрайди. Диаметри 2 дан 1/16 мм гача бўлади».
Қандай аниқ таъбир. Қисқасини айтганда, қум емирилган тоғ жинсидан ҳосил бўлиб, майда тош билан тупроқ ўртасидаги бир нарсадир. Аммо қумни, ўртадаги бир нарса дейиш тўла-тўкис таъбирлаб берилди, деган гап эмас. Нима учун, бирлашишлари натижасида ер таркиб топадиган уч элемент – тош, қум ва тупроқдан, уч элементдан фақат қумгина алоҳида айрилган ҳолатда бўлиб, саҳролар ва қумликлар ҳосил қила олади? Агар у шунчаки бир ликдаги нарсанинг ўзи бўлса, яйдоқ қоялар билан тупроқли ерлар ўртасида бўладиган емирилишлар туфайли, уларнинг бир-бирларига қўшилишлари натижасида пайдо бўладиган сон-саноқсиз ўртача маҳсулотларни учратиш мумкин бўлар эди. Ҳолбуки, аслида аниқ уч турга эга бўлган жинсларгина мавжуддир: тош, қум, тупроқ. Шуниси ҳам таажжубланарлики, қум зарраларининг кўлами доимо қарийб бир хил – хоҳ бу Эносимо оролининг соҳилидаги қум бўлсин, хоҳ Гоби саҳросидаги қум бўлсин – у ўрта ҳисоб билан
Бир тадқиқотда тупроқнинг емирилиши жўн тарзда таъбирлаб берилган эди: енгил элементлар узоқ масофаларга қараб кетар экан. Аммо унда 1/8 мм га тенг қум зарралари ҳажмининг хусусиятлари мутлақо таъбирлаб берилмаган эди. Геология ҳақидаги бошқа бир асарда мутлақо аксинча таъбирланган эди:
«Сув оқимлари ҳам, ҳаво оқимлари ҳам гирдибод ҳосил қиладилар. Гирдибод тўлқинининг энг қисқа узунлиги саҳродаги қумнинг диаметрига тенг келади. Шу хусусият туфайли ердан қумгина оқим йўналишида ажралиб чиқади. Агар ердаги айрим таркибий қисмлар бир-бирлари билан заиф жипслашган бўлса, тош билан тупроқни олиб кетишга қодир бўлмаган заиф ел ҳам қумни ҳавога кўтариши мумкин. Сўнгра қум елнинг йўналишига қараб ерга қўнади. Қумнинг хусусиятларини, чамаси, аэродинамика фани нуқтаи назаридан қараш керак».
Юқорида келтирилган таъбирни давом эттирамиз: «…яъни, емирилган тоғ жинсларининг зарралари шундай бир кўламдаки, бу уларни ғоят ҳарактчан қилиб қўяди».
Модомики, ер юзида шамол билан сув оқимлари ҳамиша мавжуд экан, қумнинг ҳосил бўлиши муқаррардир. Токи шамоллар эсишда, дарёлар оқишда, денгизлар тўлқинланишда давом втар экан, ердан янгидан-янги қум уюмлари ажралиб чиқиб, худди жонли махлуқлардек турли томонга ёйилишда давом этади. Қум тиним билмайди. Сездирмасдан, аммо қатъият билан ерни забт этади ва емиради.
Бу абадий ҳаракатдаги қум манзараси уни мислсиз ҳаяжонлантирар ва тинчлик бермас эди. Одатий тасаввурдаги қумнинг унумсизлиги унинг қуруқлигидан эмас, ҳеч қандай жон эгаси бардош беролмайдиган тинимсиз харакатда эканлиги туфайлидир. Бу, кун сайин бир-бирига ёлишиб оладиган одамларнинг ҳазин ҳаётига жуда ўхшайди.
Ҳа, қум ҳаёт учун унча қулай эмас. Аммо турғунлик яшаш учун мутлақо бир зарур нарсами? Ахир бу расво рақобатларнинг ҳаммаси турғунликни қарор топтиришга интилиш туфайли юзага келмайдими? Агар турғунликдан воз кечиб, ўзингни қум ҳаракатининг ҳукмига топширсанг, рақобат ҳам барҳам ейди. Ахир аслида, саҳрода ҳам гулдар ўсиб, ҳашаротлар билан махлуқлар яшайди-ку. Булар ҳаммаси ўзларининг мослаша билиш салоҳиятлари туфайли рақобат доирасидан чиқиб кета олган тирик жон эгаларидир. Бамисоди, бунинг испан пашшаларига ўхшаб…
У қум ҳаракатини тасаввур қилар экан, кўзига алланима бало нарсалар кўриниб, ўзини шу чексиз-худудсиз оқимда кўрди.
3
Йўловчи бошини куйи солганча, қишлоқни худди истеҳком деворига ўхшаб ўраб турган ярим ойдек қум тепа сиртидан олдинга қараб кета бошлади. У йироқда нималар бўлаётганига деярли эътибор бермасди. Энтомолог учун ўз оёғи тагидаги уч метрча масофа доирасигагина диққат-эътиборини қаратиш муҳим. Энг асосий қоидалардан бири эса – қуёшга орқа ўгирмаслик. Агар қуёшга орқа ўгирсанг, соянг билан ҳашаротни чўчитиб қўйишинг мумкин. Шунинг учун ҳам ҳашарот овловчиларнинг пешаналари билан бурунлари офтобдан қоп-қора бўлиб кетади.
Йўловчи ҳеч ошиқмасдан аста-секин олға қараб бормоқда. Ҳар бир қадам ташлаганида ботинкаларига қум сачрарди. Теварак-атрофда, яккам-дуккам, бир озгина нам бўлса гуллашга тайёр гиёҳлардан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Борди-ю, бу ерда бирон учадиган ҳашарот пайдо бўлса, у ҳам одамнинг тер ҳидига келган, туси худди тошбақа косасининг рангига ўхшаш пашшалар бўларди. Аммо кўпинча худди шундай жойларда орзу амалга ошади. Лекин шуниси ҳам борки, испан пашшалари тўп-тўп бўлиб яшамайди, шундай ҳоллар ҳам бўладики, битта пашшанинг ўзи бир неча километр жойни эгаллайди. На чора, қидиришни қатъият билан давом эттириш керак.