реклама
Бургер менюБургер меню

Уолтер Айзексон – Стив Жобс (страница 23)

18

Жобснинг ҳамкасблари билан доим жанжаллашиши Вознякни жуда хафа қиларди. “Стив жуда қўрс эди, – эслайди у. – Мен компаниямиз бир жамоа бўлишини, у ерда ҳамма ўзини бемалол ҳис қилишини ва бир-бирини қўллаб-қувватлашини хоҳлардим”. Жобс эса Возняк шунчаки улғайишни хоҳламаяпти деб ҳисобларди. “У ёш болага ўхшарди, – дейди Жобс. – Бейсикнинг ажойиб версиясини ёзиб берди, лекин бошқача сонлар билан ишлай оладиган бизга керак бўлган бейсик версиясини яратишга қўли бормади. Оқибатда Microsoft билан контракт тузишга тўғри келди. Воз фикри тарқоқ бўлиб қолганди”.

Лекин Жобснинг девоналигига кўз юмиш мумкин эди, чунки компания гуллаб-яшнаётганди. Ўзининг мақолалари компьютерлар жамияти фикрини белгилаб берадиган Бен Розен Apple II’ни реклама қилишга иштиёқ билан киришди. Мустақил яратувчи шахсий компьютерлар учун VisiCalc’ни – жадвалларни ҳисоб-китоб қилувчи ва воситаларни ҳисобга олувчи илк дастурни кашф қилди; қанчадир вақт у фақат Apple II’га мослаштирилганди, бу эса уни ҳам компаниялар, ҳам оддий оилалар сотиб олишини оқларди. Apple янги нуфузли инвесторларни жалб қила бошлади. Илк венчур молиячиларидан бири Артур Рокда Жобс билан танишув дастлаб ҳеч қандай таассурот уйғотмади. Марккула томонидан юборилган Стив “ҳозиргина Ҳиндистондан қайтган одамга ўхшарди, – деб эслайди Рок, – ҳиди ҳам шундай эди”. Лекин Рок Apple II’ни ишлатиб кўриши билан компанияга пул тикди ва директорлар кенгаши аъзосига айланди.

Apple II (турли модификацияларда) ўн олти йил давомида сотилди; жами қарийб олти миллион компьютер сотилди. Айнан у шахсий компьютерлар тарқалишига энг кўп таъсир кўрсатган компьютер бўлиб чиқди. Возняк томонидан ишлаб чиқилган монтаж платалари ва тизим дастурий таъминоти унинг номини тарихга абадий ёздириб қўйди. Лекин уни қандай қиёфада етказиш – таъминот блокидан тортиб то корпуси ва қутисигача – айнан Жобснинг ихтироси. Бундан даромад олишни ҳам Жобс ўйлаб топди. Режиса Маккенна бу ҳақда шундай дейди: “Воз энг зўр компьютер яратди, лекин Стив Жобс бўлмаганида унинг ихтироси техника ҳаваскорлари дўконларининг токчаларида ҳалигача чанг босиб ётган бўларди”. Лекин кўпчилик Apple II тўлалигича Возняк шарофати билан пайдо бўлди, деб ҳисобларди ва бу Жобсни янги марраларни забт этишга ундарди. У ўзининг ролини бошқалар тан олишини истарди.

7-боб. Крисэнн ва Лиза

Ўша ташлаб кетилган Лиза…

Мактабни битириб, иккови тоғдаги кулбага кўчиб ўтган ўша ёздан буён Крисэнн Бреннан гоҳ Жобс билан алоқасини узар, гоҳ яна у билан учрашиб юрарди. 1974 йили Жобс Ҳинсдистондан қайтганида, улар Роберт Фридланд фермасида тўпланишди. “Стив мени бирга боришга таклиф қилди. Биз ёш эдик, осон ва тортинмай гаплашдик. У мени ўзига тортарди”, – деб эслайди Крисэнн.

Стив ва Крисэнн Лос-Альтосга қайтганидан кейин уларнинг муносабати аста-секин дўстона муносабатларга айланди. Стив ота-онасиникида яшар ва Atari’да ишларди; Крисэнн ижарада турар ва деярли бутун вақтини Кобун Чино дзен-марказида ўтказарди. 1975 йилнинг бошида у Стивнинг ва ўзининг дўсти Грег Кэлхун билан ишқий муносабатларда бўлди. “У Грег билан эди, лекин вақти-вақти билан Стивнинг олдига қайтиб келарди, – деб айтади Элизабет Холмс. – Умуман олганда, биз ҳаммамиз ўшанда шундай яшардик: гоҳ учрашиб юрардик, гоҳ муносабатларимизга нуқта қўярдик. Етмишинчи йиллар шундай эди”.

Кэлхун Ридда Жобс, Фридланд, Коттке ва Элизабет билан бирга ўқирди. Бошқалар каби у ҳам шарқча руҳий амалиётларга қизиқарди. У университетни ташлаб, охир-оқибат Фридланднинг фермасида, майдони 3 га 6 метрлик собиқ товуқхонада қўним топади; Грег у ерда шлакобетондан уйча ясаб, ичига ётоқ қуриб олди. 1975 йилнинг баҳорида товуқхонага Бреннан кўчиб ўтди, кейинги йили улар Кэлхун билан Ҳиндистонга сафар қилишга қарор қилишди. Ўшанда Жобс Грегни Крисэнни олиб кетишдан қайтаришга ҳаракат қилганди, у унга руҳий изланишда халақит беришини айтганди, лекин Грег ва Крисэнн барибир бирга кетишди. “Стив Ҳиндистонга саёҳатга бориб келгач, у билан юз берган ўзгариш менда шу қадар катта таассурот қолдирганки, менинг ҳам у ерга боргим келганди”, – деб тан олади Бреннан.

Саёҳат узоқ давом этди: 1976 йилнинг мартида бошланиб деярли бир йилга чўзилди. Бир куни уларнинг пуллари қолмади ва Кэлхун инглиз тилидан дарс бериш учун автостоп билан Теҳронга кетди. Бреннан Ҳиндистонда қолди, Кэлхуннинг иш муддати якунлангач, улар Эрон ва Ҳиндистон ўртасида Афғонистонда учрашишди. У ерга улар албатта автостоп билан боришганди. У вақтда дунё бошқача эди.

Тез орада уларнинг муносабати якунига етди ва ёшлар Ҳиндистондан айри ҳолда қайтиб келишди. 1977 йилнинг ёзида Крисэнн Лос-Альтосга кўчиб ўтди ва қанчадир вақт Кобун Чино дзен-маркази ҳудудидаги палаткада яшади. Жобс ота-онасининг уйидан кўчиб кетди ва ойига 600 долларга Дэниел Коттке билан бирга Купертино четидаги уйни ижарага олди. Ажиб ҳолат эди: икки хиппи намунавий уйда яшарди, уни улар шаҳар четидаги ранчо деб атарди. “Уйда тўртта ётоқхона бор эди; биттасини биз баъзан турли хил қизиқ одамларга ижарага берардик. Бизникида ҳатто маълум вақт стриптизчи аёл ҳам яшаганди”, – деб айтиб берди Жобс. Коттке нима учун Стив шунчаки уй сотиб олмаслигини тушунмасди, у вақтга келиб унинг бунга қурби етарди. “Эҳтимол, унга шерик керак бўлгандир”, – деб тахмин қилди Коттке.

Бреннан ҳам уларникига кўчиб келди, лекин у вақт улар Жобс билан аҳён-аҳён учрашиб турарди. Хоналарга жойлашиш майнабозчиликка айланиб кетди. Уйда иккита катта ва иккита кичкина ётоқхона бор эди. Табиийки, Жобс энг катта ётоқхонани эгаллади, Бреннан эса (улар Стив билан расман ошиқ-маъшуқ бўлмаганлиги боис) иккинчи катта ётоқхонага жойлашди. “Иккита кичкина ётоқхона болалар хонасига ўхшарди, у ер менга ёқмади; мен меҳмонхонага жойлашдим ва саёҳат учун мўлжалланган гиламда ухлардим”, – деб эслайди Коттке. Қолган битта хонадан эса Риддаги чердак каби медитация ўтказиш ва гиёҳвандлик қилиш учун фойдаланиларди. Хона Apple компьютерлари қутиларидан чиққан пенопластга тўла эди. “Қўшниларнинг болалари бизникига киришарди, биз улар билан шу пенопластларни ўйнардик ва вақтичоғлик қилардик, – дейди Коттке. – Лекин кейин Крисэнн уйга мушукларни олиб келди, улар ҳамма пенопластни ифлос қилиб ташлади, шундан кейин уларни ташлаб юборишга тўғри келди”.

Бир уйда яшаётган Жобс ва Бреннан тунни баъзан бир хонада ўтказарди. Бир неча ойдан сўнг Крисэнн ҳомиладор экани маълум бўлди. “Бунга қадар биз Стив билан беш йил давомида гоҳ бирга, гоҳ бўлак яшадик, – дейди Бреннан. – Бирга бўлсак, диққат бўлардик, айри яшасак, зерикардик”. 1977 йили Шукроналик куни Колорадодан Жобсникига Грег Кэлхун меҳмонга келди. Бреннан унга янгиликни хабар қилди. “Биз Стив билан биргамиз, мен ҳомиладорман, лекин муносабатларимиз мураккаб ва мен нима қилишни билмаяпман”, – деб айтди Крисэнн.

Жобс ўзини бунга алоқаси йўқдек тутаётганини Кэлхун ҳам сезди. У ҳатто Грегни шу ерда қолиб, Apple’да ишлашга ҳам кўндирди. “Стивнинг Крисэнн билан, унинг ҳомиладорлиги билан умуман иши йўқ эди, – деб эслайди Кэлхун. – У бир одамга қаттиқ ишқи тушиб қолиши, кейин эса яна ўзи билан ўзи бўлиб қолиши мумкин эди. Бундай бефарқлик кишини қўрқитарди”.

Жобс муаммони тушунишни истамаса, у муаммо йўқдек уни эътиборсиз қолдирарди. Баъзида у воқеаликни нафақат бошқалар, балки ўзи учун ҳам ўзгартира оларди. У ўзига Крисэнннинг ҳомиладорлиги ҳақида ўйлашни тақиқлади. Ундан буни дангал сўрашса, боланинг отаси эканига шубҳаси борлигини айтарди, лекин Бреннан билан бирга бўлганини инкор этмасди. “Бола меникилигини аниқ билмасдим: Крисэнн ахир фақат мен билан бирга бўлмаганди-ку, – деганди у менга кейинчалик. – Крисэнн бўйида бўлиб қолганида у ҳатто менинг расман севгилим ҳам эмасди. Шунчаки биз билан бир уйда яшарди”. Бреннанда эса боланинг отаси айнан Жобс эканига шубҳаси йўқ эди. У вақтда у Грег билан ҳам, бошқа эркаклар билан ҳам ишқий муносабатларда эмасди.

Чиндан ҳам Жобс боланинг отаси эканини билмаганми ёки ўзини алдаганми? “Менимча, у шунчаки бу ҳақда ўйлагиси ва жавобгарликни зиммасига олгиси келмаган”, – деб тахмин қилади Коттке. Элизабет Холмс бу фикрга қўшилади: “Стив оталикни қабул қилса ва уни рад этса нима бўлишини чамалаб кўрди ва иккинчи йўлни танлади. Унинг бошқа режалари бор эди”.

Никоҳ ҳақида гап ҳам бўлмаган. “Мен унга уйланишни истамаслигимни тушунгандим, чунки биз бахтли бўла олмасдик ва тезда бир-биримиздан қочиб кетардик. Аборт энг яхши йўл эди, лекин Крисэнн нима қилиш ҳақида ҳеч ҳам бир қарорга кела олмасди. У узоқ вақт иккиланди ва охири болани қолдирди. Умуман олганда, бу онгли қарор бўлганини билмайман. Шунчаки болани олдириб ташлаш муддати ўтиб кетган бўлиши ҳам мумкин”, – дейди Жобс. Бреннан эса менга болани онгли равишда қолдирганини айтганди. “Стив абортга қарши эмаслигини маълум қилган, лекин ҳеч қачон бундай қарорга келишга мени ундамаган”. Жобс биргина боланинг бировга асраб олишга берилишига эътироз билдирганди (бунинг ажабланарли жойи йўқ: ўзининг тарихини эслаш кифоя). “Стив болани бегона инсонларга беришдан мени қайтарди”, – деб эслайди Крисэнн.

Қизиқ ўхшашлик: Жобс ва Бреннан 23 ёшда эди. Стив туғилганида Жоан Шибла ва Абдулфаттоҳ Жандалийнинг ҳам ёши 23 да эди. У вақтда Жобс ҳали ҳақиқий ота-онаси кимлигини аниқламаганди, лекин Пол ва Клара бу воқеани унга қисман айтиб беришди. “Мени ҳам шундай ёшда ташлаб кетишганини билмасдим. Бу Крисэнн билан орамиздаги воқеада ҳеч қандай роль ўйнамади”, – деб таъкидлайди Жобс. У биологик отасининг ортидан кетиб, 23 ёшида зиммасига жавобгарликни ола билмаганини инкор этди, лекин ўхшашликдан хабар топгач, нафаси буғилиб қолганини тан олди. “Жоан мени 23 ёшда дунёга келтирганини билганимда ёқамни ушлаб қолдим”.