Теодор Драйзер – Сармоядор (страница 11)
Эр-хотин бефарзанд бўлиб, бунда миссис Сэмплнинг айби йўқ эди – у болали бўлишни жуда ҳам хоҳларди. Болалигида уйларига кириб турадиган қўни-қўшниларни ҳисобга олмаганда, одамлар билан кам мулоқот қилганди. Лилианнинг икки акаси ва битта опаси бўлиб, улар Филадельфияда яшар, ҳаммаси оилали эдилар.
Синглисидан уларнинг кўнгли тўқ, Лилианни жуда яхши одамга турмушга чиққан деб ҳисоблашарди.
Аёл жаноб Сэмплни бир пайтлар телбаларча севган деб бўлмайди. У ўз хоҳиши билан турмушга чиққан бўлсада, эри жаноб Сэмпл ҳар қандай аёлни ўзига жалб қила оладиган эркаклар тоифасига кирмасди. У тажрибали, ўз услубига эга ва ўта батартиб одам эди. У эгалик қиладиган пойабзал магазини ёруғ ва жуда тоза бўлиб, урф бўлган молларнинг катта ассортименти мавжудлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Жаноб Сэмпл гапиришни яхши кўрар, фақат пойабзал ишлаб чиқариш, янги пошналар ва бичимлар ҳақида узоқ гапириши мумкин эди. Ўша пайтларда тайёр, қисман машинада тикилган оёқ кийимлари аста-секин бозорга кириб келаётганди. Жаноб Сэмплда доим бундай оёқ кийимларнинг захираси сақланар, бироқ у ўлчам бўйича буюртмага маҳсулот тикадиган косибларнинг ишларидан ҳам воз кечмаганди.
Миссис Сэмпл баъзида бироз ўқишни ёқтирар, кўп вақтини хаёл суриб ўтириш билан ўтказса-да, бироқ бу унинг чуқур мулоҳазали эканидан дарак бермасди. Шунга қарамай, у ажойиб, ўзига хос тарзда гўзал бўлиб, шу туришида антиқа ҳайкал ёки юнон хорининг иштирокчисига ўхшаб кетарди. Шубҳасизки, у ёш Каупервудга худди шундай кўринарди, чунки йигит бошиданоқ ундан кўзини узолмай қолганди. Миссис Сэмпл унинг ҳайратли назарини ҳис қилиб турар, бироқ бунга жуда ҳам эътибор бермаётганди. Урф-одатларни ҳурмат қилишга ўрганган ва тақдири бир умрга эри билан боғланганига амин бўлган аёл тинчгина, ташвишсиз ҳаётдан завқ олиб яшарди. Фрэнк уларникига кела бошлаганида у аввалига йигит билан нима ҳақида гаплашишни ҳам билмасди. Меҳмонни хушмуомалалик билан кутиб олар, бироқ суҳбатлашиш вазифаси эрининг гарданида эди. Каупервуд миссис Сэмплнинг юз ифодасини кузатиб, дам ўтмай унга қарар, аёл сал зийракроқ бўлганида, бу қарашнинг маъноси нималигини дарров тушунган бўларди. Бахтига, у зийрак эмасди. Жаноб Сэмпл меҳмон билан хушмуомала оҳангда гаплашар, чунки биринчидан, ёш Каупервуд молиявий томондан аҳамиятли шахс бўлиб, мулойим ва илтифотли эди, иккинчидан, жаноб Сэмпл бойлигини кўпайтиришни хоҳлар ва Фрэнк эса бу соҳадаги муваффақият тимсоли эди.
Куз кунларидан бирида кечқурун улар учовлари айвончада ўтириб, ҳар хил майда-чуйдалар – қора танлилар масаласи, кўнка ҳақида, яқиндагина тарқалган молиявий ваҳима (бу 1857 йилда бўлган эди) ва Ғарбнинг тезлик билан ривожланиши ҳақида суҳбатлашиб ўтирарди. Жаноб Сэмпл фонд биржаси ҳақида аниқроқ билгиси келаётган, Фрэнк эса, аслида бу уни умуман қизиқтирмаса-да, ундан пойабзалчилик ишлари ҳақида сўрарди. Бутун шу вақт давомида йигит миссис Сэмплни зимдан кузатиб ўтирди. Унинг ўзини тутиши қандай майин, қандай назокатли деб ўйларди йигит. Аёл дастурхонга печенье ва чой келтирди. Бироз вақт ўтиб эса ҳаммалари чивиндан қочиб, ичкарига киришди. Сэмпл хоним секин бориб рояль олдига ўтирди. Соат ўнда эса Фрэнк улар билан хайрлашди.
Шу воқеадан сўнг ёш Каупервуд ярим, бир йилгача ўзига янги оёқ кийимни жаноб Сэмплдан сотиб олиб юрди, баъзида эса шунчаки бир-икки оғиз гаплашиш учун унинг Честнат стритдаги магазинига борарди. Жаноб Сэмпл бир куни ундан Бешинчи ва Олтинчи кўчалардаги шаҳардан рухсат олган – биржада катта шов-шув кўтарган воқеа – кўнка линиясининг акцияларини сотиб олса, қандай бўлишини сўради. Каупервуд унга барча хулосасини айтиб берди. Бу иш, албатта, фойда келтиради. Унинг ўзи беш доллардан юзта акция сотиб олди ва шунинг учун жаноб Сэмплга ҳам шуни маслаҳат берди. Аслида Фрэнк учун бу одамнинг аҳамияти йўқ эди, бироқ жуда кам кўраётган бўлса-да, у ҳали ҳам миссис Сэмплни ёқтирарди.
Тахминан бир йилдан сўнг жаноб Сэмпл тўсатдан вафот этиб қолди. Бу бошқа ҳодисалар орасида арзимаган, бевақт, тасодифий ўлим, бироқ яқинлар учун ғамгин воқеа, катта йўқотиш эди. Кеч кузда у арзимаган нарса – оёғидан зах ўтиб ёки пальтосиз совуқ ҳавога чиқиб кетганида урадиган совуқдан шамоллаб қолди. Шунга қарамай, миссис Сэмплнинг гапига қулоқ ҳам солмай, дўконига борган. Вазмин одам бўлишига қарамай, у ўз ҳолича ўжар ҳам эди, ишини жон-дилидан яхши кўрарди. У ўзини яқин келажакда эллик минг доллари бор одамдек тасаввур қилаётган эди. Ва кутилмаганда шамоллаш ўпкасига ўтиб кетиб, тўққиз кун ётди ва пневмониядан вафот этди. Унинг пойабзал дўконини бир неча кунга ёпиб қўйишди, уйи таъзия изҳор қилгани келганлар ва черков хизмати ходимлари билан тўлди. Сўнгра эр-хотин Сэмпллар мурид бўлган Кэллоухилл черковида дуо ўқилиб, марҳумни кўмиб келишди.
Миссис Сэмпл эрининг ўлимига аччиқ-аччиқ кўзёш тўкди. Яқингинадан кўргани – ўлим уни даҳшатга солганди, у анча вақтгача ўзига кела олмай юрди. Унинг катта акаси Дэвид Уиггин вақтинча синглисининг ишларини ўз қўлига олди. Марҳум ҳеч қандай васиятнома қолдирмаганди. Бироқ мерос тўғрисидаги масала ҳал бўлгач, миссис Сэмпл ўн саккиз минг доллардан кўпроқ пул олди, чунки унинг бор мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига ҳеч ким қарши чиқмади. Миссис Сэмпл ўша Фронт стритдаги уйида яшашда давом этиб, гўзал бева деган ном олди.
Эндигина йигирма ёшга тўлган ёш Каупервуд бу воқеалар давомида ўзини жуда ишчан тутиб юрди. У жаноб Сэмпл касал пайтида бир неча марта кўргани келди. Дафн маросимларида ҳам қатнашди, миссис Сэмплнинг акасига марҳумнинг фаолиятини тугатиш ишларида ёрдам берди. Мотам маросимларидан сўнг у икки марта бева аёлнинг ҳолидан хабар олди ва кейин анча пайтгача кўринмай кетди.
Беш ойлардан сўнг у яна пайдо бўлди ва шундан сўнг ҳар ҳафта, ўн кунда Лилианни кўргани келишга одатланди. Яна таъкидлаш жоиз, у Лилиан Сэмплдан нима топган, айтиш қийин эди. Балки, аёлнинг чиройли, оппоқ юзи уни мафтун қилгандир, балки, аёлнинг бепарволиги унинг мағрурона нафсониятига теккандир. Бу аёлга шунчалар кучли ва эҳтиросли истаги сабабини унинг ўзи ҳам тушунтириб бера олмасди. У Лилиан ҳақида тинчгина ўйлай олмас, бироқ у ҳақда деярли гапирмасди ҳам.
Яқинлари йигит беваникига бориб туришини билишар, бироқ улар бу пайтга келиб Фрэнкнинг ақлий салоҳиятини ҳурмат қилишга ўрганганди. Фрэнк мулойим, ҳаётни севар, сергап бўлмаган даражада қувноқ ва бунинг устига сўзсиз юқорига қараб кетаётган келажак эди. Унинг пул топа бошлаганини ҳамма биларди. У ҳафтасига эллик доллар маош олар ва тез орада бу миқдор ортишини кутиш учун ҳамма асоси бор эди. Бир неча йил бурун у Филадельфиянинг ғарбий қисмида сотиб олиб қўйгани – ер участкасининг нархи ҳам кўтарилганди. Унинг кўнка линиясига тиккан пули ҳам янги пайдо бўлган компанияларнинг эллик, юз ва бир юз эллик акциялик пакетларини сотиб олгани туфайли кўпайганди; қийин пайтлар бўлганига қарамай, бу қоғозлар аста-секин, бироқ ишонч билан ўса бошлаган ва аввалига беш доллар бўлган бўлса, энди ўн, ўн беш ва йигирма бешга баҳоланар, вақти келиб эса паритетгача6 етиб бориши кутиларди.
Молиявий доираларда Фрэнкни яхши кўришар, келажак унга ёрқин бўёқларда кўринарди. Йигит яхшилаб ўйлаб кўриб, профессионал биржа ўйинчиси бўлмасликка қарор қилди. У энди ўзининг кузатишлари бўйича фойдали ҳисобланган ва маблағ бўлса, ҳеч қандай таваккалчилик элементлари йўқ бўлган ҳисоб-вексель иши билан шуғулланиш ҳақида ўйлаётганди.
Ўзининг иши ва отасининг таниш-билишлари орқасидан Фрэнк кўплаб тижоратчилар, банк ходимлари ва улгуржи савдогарлар билан учрашарди. Бу одамлар ўз ишларини, жуда бўлмаганда, уларнинг бир қисмини унга бажонидил топширишларини Фрэнк яхши биларди. “Дрексель энд Компани” ва “Кларк энд Компани” конторасида унга жуда ҳурмат билан қарашар, банк ишининг пири бўлган Жей Кук эса унинг қадрдон дўсти эди.
Бу орада Фрэнк ҳали ҳам миссис Лилианникига боришда давом этар ва қанча кўп боргани сари аёл унга кўпроқ ёқиб бораётганди. Уларнинг суҳбати жуда қизиқ ва маъноли кечади, деб бўлмасди, бироқ Фрэнк ўзи истаган пайтда ёқимли ва қизиқарли инсон қиёфасига кира оларди. У Лилианга шундай ақлли маслаҳатлар берардики, ҳатто унинг қариндошлари ҳам йигитнинг гапларига қулоқ солишарди. Бора-бора у Лилианга ёқа бошлади; эътиборли, оғир-босиқ йигит аёлга тушунарсиз бўлган бирор масалани ҳозиржавоблик билан тушунтириб берарди. Аёл ишларини Фрэнк худди ўзиники каби эътибор билан кузатиб бораётгани ва унинг бойлигини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётганини кўриб турарди.
– Фрэнк, қанчалик меҳрибонсиз-а, – бир куни деди у йигитга. – Сиздан чексиз миннатдорман. Тўғриси, сизсиз нима қилган бўлардим, билмадим… – аёл ўзига ёш боладек қараб турган йигитнинг ўктам юзига тикилди.
– Қўйсангиз-чи, бу айтишгаям арзимайди… Мен учун бу иш жуда ёқимли! Агар сизга фойдам тегмаса, жуда хафа бўлган бўлардим.
Бу гапларни айтаркан, йигитнинг кўзлари чақнамади, бироқ қандайдир майин нур сочди. Сэмпл хоним ундаги илиқликни қалбан ҳис этди: суянадиган шундай одаминг бўлгани қандай яхши!
– Нима бўлганда ҳам, сиздан чин дилдан миннатдорман. Менга жуда меҳрибонсиз. Якшанба куними ёки бошқа бирор истаган кунингизми, яна келинг. Мен уйда бўламан.
Айни Фрэнк Сэмпл хонимникига тез-тез қатнаб турган ана шу вақтда Кубадаги Сенека тоғаси йигитчага ўн беш минг доллар мерос қолдириб вафот этди. Шуни қўшганда энди Фрэнкнинг ихтиёрида йигирма беш минг доллар бўлиб, бу пулларни нима қилишни у аниқ биларди. Жаноб Сэмплнинг вафотидан сўнг молия оламида юзага келган ваҳима Фрэнкка маклерлик қанчалар ишониб бўлмайдиган иш эканини кўрсатганди. Саноат дунёсида бутунлай тушкунлик бошланганди. Нақд пул жуда камайиб кетган, ҳатто бутунлай йўқолди, деса ҳам бўларди. Қимирлаб қолган савдо-сотиқ ва мамлакатдаги умумий пул шароитидан қўрқиб кетган бойликлар ўзларининг махфий жойлари – банкалар, ертўлалар, пайпоқлар ичига ва тортмаларга кириб кетганди. Мамлакат жарликка қулаётганди. Келажак жуда мавҳум – Жануб билан уруш ёки унинг қолдирилиши аниқ эмасди. Бутун миллатни асабий безовталик эгаллаб олганди. Одамлар нима қилиб бўлса ҳам нақд пул топиш учун бор қимматбаҳо буюмларини бозорга чиқаришганди.