18+
реклама
18+
Бургер менюБургер меню

Стивен Кови – Муваффақиятли инсонларнинг 7 кўникмаси (страница 7)

18

Одамлар ҳамиша қатъий тамойилларга амал қилувчи бошқа шахслар, оила ва ташкилотлар ҳаётида содир бўлаётган ижобий ҳодисаларни, ютуқларни кўриб, ҳаяжонга тушади. Шахсий фаоллик ва етуклик, оилавий бирлик, жамоа бўлиб ишлаш, ўзаро ташкилотчилик маданияти кўпчиликни қойил қолдиради. Муваффақиятли шахсларни кўрганда пайдо бўлган илк савол инсоннинг асосий парадигмасини ошкор қилади. Масалан, «Бунча ютуқларга қандай эришяпсиз? Менга ҳам муваффақиятли бўлиш сирларини ўргата оласизми?» деган сўроқ ортида «Ҳаётимдаги муаммоларни ҳал қилишим учун тезкор маслаҳат ёки ечим беринг» деган маъно мужассам.

Бундай саволга жавоб топиш учун, аксарият одамлар ўзи лозим топган шахсга мурожаат қилиб, унинг маслаҳатига амал қилишни бошлайди. Бир муддат ўрганган усул ва техникалари иш бераётгандек туюлади. Аспирин бош оғриғини тезда енгиллатгани каби, тезкор ечим ҳам қийин муаммоларни бир қарашда бартараф этиши мумкин.

Аммо… Аспирин сурункали бош оғриғини даволашга ожизлик қилиши сир эмас. Худди шу сингари, тезкор ечим қўллаш муаммонинг асл илдизига зарба бермайди. Натижада орадан маълум вақт ўтиб, муаммо кучлироқ тарзда яна бўй кўрсатади. Одам тезкор ечимлар орқали даво топишга қанча кўп ўрганиб қолса, сурункали ҳолатнинг ривожланишига шунча кўп ҳисса қўшади.

Муаммони кўриш усулимизнинг ўзи муаммо.

Ушбу боб муқаддимасида саналган муаммолар ва шахс этикасининг инсон тафаккурига ўтказадиган таъсирига яна бир назар солинг.

– Самарали бошқарувни ўргатувчи бир нечта курсларга қатнашдим. Мен ходимларимга нисбатан талабчанман, аммо уларга ҳамиша тўғри ва дўстона муносабатда бўлишга чин кўнгилдан ҳаракат қиламан. Бахтга қарши, улардаги садоқат туйғусини ҳис қилмайман. Агар тобим қочиб, бир кун ишга бормасам, барча ходимлар асосий вақтини иш қолиб, беҳуда гап сотишга сарфлайдигандек гўё. Нима учун уларни мустақил ва масъулиятли бўлишга ўргата олмайман? Наҳот ўзим истаган хислатларга эга ишчиларни топа олмасам?

Бу вазиятдан чиқиш учун шахс этикаси менга бир нечта жиддий чоралар – пўписа қилиш ёки жазолаш орқали ходимларимни бир қолипга солиб, шукр қилишга мажбурлашга ўргатади. Ёки уларни рағбатлантирувчи ўқув машғулотларини ташкиллаштиришга ундайди. Булардан наф чиқмаса, яхшироқ ишлайдиган янги ходимлар ёллашни маслаҳат беради.

Бироқ ходимларимнинг намойишкорона садоқатсизлиги ортида бошқа сабаб яширинган бўлиши мумкинми? Балки чиндан ҳам уларнинг манфаатини кўзлашимга ишонишмас? Ёки муносабатим туфайли ўзларини жонсиз буюмдек ҳис этарлар? Бу қанчалик ҳақиқат?

Аслида ҳам ҳаммаси мен кўргандекми? Мен учун ишлаётган инсонлар ҳақиқатан ҳам муаммонинг бир қисмими?

– Бажаришим керак бўлган ишлар жудаям кўп, вақтим эса умуман етарли эмас. Ҳафтада етти кун, йигирма тўрт соат кучли босим остида ва муаммолар гирдобида юргандек бўламан. Буларга барҳам бериш учун вақтни тўғри тақсимлаш бўйича семинарларда иштирок этдим, турли хил усулларни синаб кўрдим. Қайсидир маънода улар менга ёрдам берди. Шундай бўлса ҳам, ҳануз ҳаётим ўзим истагандек бахтли, самарали ва осуда эмас.

Бу ҳолатда шахс этикаси менга ишларимни режаловчи қандайдир янги дастурдан фойдаланишни ёки босимни самаралироқ усулда енгишга ўргатувчи семинарга қатнашишни таклиф этади.

Лекин муаммонинг ечими эҳтимол самарадорлик эмасдир? Кўп вазифаларни қисқа вақт ичида бажариш ниманидир ижобий томонга ўзгартирадими ёки инсонлар билан муносабатимни ва ҳаётимга таъсир этадиган ҳолатни жадаллаштиради холосми?

Ниманидир кўздан қочиргандирман? Балки вақтим, ҳаётим ҳамда табиатим ҳақидаги тасаввуримни шакллантирувчи ички парадигмамга чуқурроқ назар ташлашим керакдир?

– Оилавий ҳаётим издан чиқди. Турмуш ўртоғим билан уришмаймиз, жанжаллашмаймиз; биз шунчаки ортиқ бир-биримизни севмаймиз, холос. Вазиятни тўғрилашга уриндик, мутахассислардан маслаҳат олдик. Бари – бефойда. Қачонлардир бизда бўлган ҳис-туйғуларни қайта тиклай олмайдиганга ўхшаймиз.

Бу масалани ҳал этиш учун, шахс этикаси менга оилавий масалалар ёритилган бирор янги китоб мутолаа қилишни ёки инсонлар жам бўлиб, ички кечинмаларини ўртоқлашувчи машғулотларда иштирок этишни тавсия қилади. Мабодо шунда ҳам рафиқам мени кўнгилдагидек тушуна олмаса, ўзим муҳтож бўлган севгига эришиш учун янгитдан муносабат бошлашим кераклигини уқтиради.

Бироқ муаммо менинг рафиқамда бўлмаса-чи? Балки ўзим умр йўлдошимнинг ожизлигини кучайтириб, ҳаётимни менга қилинган муносабатга мувофиқлаштираётгандирман?

Ҳаётимдаги муаммони алангалатаётган турмуш ўртоғим, никоҳ ва чин севги қандай бўлиши ҳақида бош парадигма мавжудми менда?

Мисоллардан кўриб турганингиздек, шахс этикаси шакллантирадиган парадигмалар муаммоларни кўриш ва ечиш йўлимизга катта таъсир кўрсатади.

Бугунги кунда аксарият одамлар шахс этикасининг қуруқ ваъдаларига билиб-билмай алданиб қолмоқда. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилиб, турли ташкилотларда руҳлантириш психологияси ҳамда «мотивацион» ҳикояларни сўзловчи маърузачилардан узоқни кўзловчи раҳбарлар безор бўлганига гувоҳ бўламан.

Бу раҳбарлар ҳақиқат истайди; уларга тараққиёт керак. Уларга тезкор ечим шарт эмас. Улар сурункали муаммоларни ҳал қилишни кўзлайди. Шунинг учун узоқ муддатли ижобий натижа келтирувчи тамойилларга эътибор қаратади.

Алберт Эйнштейн таъкидлашича, «Биз муаммоларимизни уларни яратган вақтимиздаги фикрлаш даражамиз билан ҳал қила олмаймиз».

Атрофимизга ва ички оламимизга назар солиб, шахс этикаси туфайли пайдо бўлган муаммоларни англар эканмиз, улар чуқур, фундаментал эканлигини тушунамиз. Уларни ечиш учун янги, янада чуқурроқ фикрлаш босқичига – самарали инсон бўлиш ва мулоқот қилиш ўлчовини аниқ белгилаб берувчи тамойилларга асосланган парадигмага муҳтожмиз.

«Муваффақиятли инсонларнинг етти кўникмаси» китоби айнан ана шу янги фикрлаш босқичини ёритиб беради. Шахсий ва шахслараро самарадорликни таъминловчи ушбу босқич мағзини тамойилларга асосланган, феълатворга йўналган ҳамда «Ичкаридан ташқарига» ёндашуви ташкил қилади.

«Ичкаридан ташқарига» ёндашувининг маъноси шуки, самарадор бўлишга илк қадам одамнинг ўзидан, аниқроқ айтганда, унинг ички дунёси, парадигмалари, феъл-атвори ва мотивларидан бошланади.

Мисол учун, турмушингиз бахтли бўлишини истасангиз, салбий қувватни енгиб, ижобий қувват улашувчи инсон бўлинг.

Ўсмир фарзандингиз сизни яхши кўришини, дилкаш бўлишини хоҳлайсизми? У ҳолда тушунувчан, раҳмдил ва меҳрибон ота-онага айланинг.

Агар ишингизда кўпроқ эркинликни орзу қилсангиз, масъулиятли, ёрдамга шай, фойдали ходим бўлинг.

Сизга ишонишларини истайсизми? У ҳолда, ишончга лойиқ эканингизни исботланг.

Агар иккиламчи қудрат намунаси бўлган бирор иқтидорингизни юзага чиқаришни хоҳласангиз, дастлаб бирламчи қудрат, яъни феъл-атворингизни юксалтиришга эътибор қаратинг.

«Ичкаридан ташқарига» ёндашувига кўра, «Шахсий ғалабалар» ҳамиша «Оммавий ғалабалар»дан аввал келади. Яъни ўзимизга ваъда бериб, уддасидан чиқишимиз бошқаларга берилган ваъдани бажаришимиздан кўра муҳимдир. Шу боис, феъл-атворга нисбатан шахсиятни бирламчи билишимиз, ўзимизни такомиллаштирмасдан туриб бошқалар билан алоқаларимизни яхшилашга уринишимиз бефойда.

«Ичкаридан ташқарига» – инсон ўсиши ҳамда ривожланишини белгиловчи табиий қонунларга асосланган давомли янгиланиш жараёнидир. У ўсишнинг юқори қисми бўлиб, янада самарали муносабатлар ва масъулиятли мустақилликка олиб боради.

Жуда кўплаб ажойиб, иқтидорли шахслар, чин қалбдан бахт ва муваффақиятга эришишни истовчи инсонлар, тинимсиз изланишда бўлган ёки чексиз азоб чекаётган одамлар билан бирга ишладим. Камина йирик тадбиркорлару коллеж талабалари, диний ва ижтимоий гуруҳлар, турли оилалар вакилларию келин-куёвлар билан мулоқотда бўлдим. Аммо бирор марта бўлсин, муаммоларга давомий ечим тақдим этувчи, умрбод бахт-омад калити бўлган «ташқаридан-ичкарига» ёндашувини кўрмадим.

«Ташқаридан-ичкарига» парадигмасига таянганлар ўзини жабрдийда ва кераксиз ҳисобловчи бахтсиз одамлар бўлди. Улар бошқаларнинг ожизлигига диққат қаратади ва ўзининг абгор аҳволи учун муҳитни айбдор деб билади.

Мен бир-бирини ўзгартиришга, «гуноҳлар»ини очиб ташлашга тайёр, жуфтини ўзи истаган қолипга солишга интилувчи эр-хотинларга дуч келдим. Бундан ташқари, кўп вақт ва қувват сарфлаб, қонун яратиш ва шу қонун ёрдамида одамларни гўё ўзаро ишонч мавжуддек тутишга мажбурловчи меҳнат низоларига гувоҳ бўлдим.

Оиламиз аъзолари ер юзидаги учта энг «қайноқ» нуқта – Жанубий Африка, Исроил ва Ирландияда истиқомат қилган. Ишончим комил, «ташқаридан-ичкарига» ижтимоий парадигмасининг ҳукмронлиги ушбу ҳудудлардаги муаммоларнинг асл манбасидир. Ҳар бир гуруҳ муаммо «ташқарида» эканига, агар «улар» (яъни бошқалар) ўзини «тўғриласа», муаммо ҳал бўлишига ишонади.

«Ичкаридан ташқарига» – кўп сонли одамлар учун кескин парадигма алмашинуви саналади. Чунки у мавжуд вазият ва шахс этикасининг ижтимоий парадигмасига кучли таъсир ўтказади.

Лекин менинг шахсий ҳамда бошқа инсонлар билан ишлаш жараёнида орттирган тажрибам, шунингдек, ўтмишдаги муваффақиятли жамиятлар ҳамда шахсларни диққат билан ўрганишимдан келиб чиқиб айта оламанки, «Етти кўникма»да келтирилган тамойилларнинг аксарияти аллақачон онгимиз ва виждонимизда мавжуд.

Уларни таниш ва ривожлантириш, энг оғриқли муаммоларимизни ҳал этишда фойдаланиш учун биз аввало бошқача фикрлашга, парадигмаларимизни фикрлашнинг янги даражаси – «Ичкаридан ташқарига» алмаштиришимиз зарур. Ушбу кўникмаларни англаб, ҳаётимизга татбиқ этишга чоғланар эканмиз, ишонаманки, Т.С.Элиотнинг қуйидаги фикри замиридаги ҳақиқатни қайта кашф этамиз: