Сомерсет Моэм – Ой ва сариқ чақа (страница 9)
– Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади!
Бу сўзлар қай даражада лоқайдлик билан айтилганини тасвир этолмайман. Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, лекин буни унга сездирмасликка ҳаракат қилдим, руҳоний Генри амаки одамларни муҳтожларга ёрдам беришга даъват этаётган вақтдагидек мулойимлик билан гапирдим.
– Агар очиқчасига гапирсам, хафа бўлмайсизми?
У кулиб розилик ишоратини қилиб, бошини қимирлатди.
– Хотинингиз бундай муносабатда бўлишингизга арзийдиган бирор иш қилдими? Унга бирор даъвойингиз борми?
– Ҳеч қандай.
– У ҳолда ўн етти йил бирга яшаганингиздан кейин ташлаб кетишингиз шафқатсизлик эмасми?
– Шафқатсизлик.
Мен ҳайрон бўлиб унга қарадим. Ҳақлигимни чин юракдан эътироф этиши мени ғалати аҳволга солиб қўйди. Менинг аҳволим танглигидан ташқари, кулгили ҳам эди. Мен унга панд-насиҳат, дўқ-пўписа қилмоқчи, кўндирмоқчи, аччиқ гаплар билан узиб олмоқчи эдим. Агар гуноҳкор тавбасига таянган бўлса, насиҳатгўй нима дея олади? Бундай ҳолатдан чиқиш тажрибаси менда йўқ эди. Борди-ю, мени айбламоқчи бўлсалар ҳам эса бутунлай бўйнимга олмай, тамомила рад этардим.
– Хўш, яна нима дейсиз? – сўради Стрикленд.
Мен нафратланиб лабларимни қийшайтириб турардим.
– Сиз ҳаммасини эътироф этаётган бўлсангиз бошқа гапга ҳожат йўқ, – дедим қўлимдан ҳеч нарса келмаслигини сезиб.
– Ҳожат йўқ? – ажабланди Стрикленд.
Ўз вазифамни яхши бажара олмаганим учун жаҳлим чиқди.
– Ахир аёл кишини сариқ чақасиз қолдириш мумкинми?
– Нега мумкин бўлмасин?
– Қандай яшайди у?
– Мен уни ўн етти йил боқдим. Нега энди ўзини ўзи боқа олмайди.
– У ўзини ўзи боқа олмайди.
– Ҳаракат қилиб кўрсин.
Албатта, мен бунга жавоб беришим, аёлларнинг иқтисодий аҳволи, оила қураётган эркакнинг мажбуриятлари тўғрисида гапиришим мумкин эди. Лекин тўсатдан пировард-натижада ҳамма муаммони фақат бир нарса ҳал қилишини англаб етдим.
– Сиз уни севмай қўйдингизми?
– Заррача.
Буларнинг барчаси инсон ҳаётига доир жиддий саволлар эди. Лекин у саволларимга шу қадар жўшқинлик билан сурбетларча жавоб қайтараётган эдики, кулиб юбормаслик учун лабларимни тишлаб ўтирардим. Унинг ўзини тутиши менга ниҳоятда жирканч кўринаётганди.
– Жин урсин сизни, ахир болалар тўғрисида ўйлашга мажбурсиз-ку. Улар сизга ҳеч қандай ёмонлик қилишмаган. Дунёга келтиришингизни ҳам илтимос қилишмаган. Агар сиз уларни ўз меҳр ва ғамхўрлигингиз остига олмасангиз, кўчада қолишади.
– Улар узоқ йиллар мобайнида ҳузур-ҳаловатда яшашди. Барча болалар ҳам бунақа яшайвермайди. Ишонаманки, бундан бу ёғига болаларнинг ўқиши учун маблағни Мак-Эндрю тўлаб туради.
– Ахир уларни яхши кўрмайсизми? Улар шунақанги ёқимтой бўлишганки, қўяверасиз. Наҳотки улардан бутунлай воз кечсангиз?
– Мен уларни кичкиналикларида яхши кўрардим. Эндиликда, улар катта бўлиб қолишгандан кейин, тўғрисини айтсам, уларга қизиқишим, меҳрим заррача қолмади.
– Бу ғайриинсонийлик!
– Эҳтимол.
– Уялмайсизми?
– Йўқ.
Мен гап оқимини ўзгартирмоқчи бўлдим.
– Сизни шунчаки бир тўнғиз, деб ҳисоблашлари мумкин.
– Майли!
– Наҳотки ҳар қадамда қарғасалар ҳам сизга барибир?
– Барибир.
Унинг жавоблари шу қадар нафрат оҳангида айтилаётган эдики, ҳатто ўз саволларим ўзимга ҳам тентакликка ўхшаб туйилди. Мен бироз ўйланиб қолдим.
– Атрофдаги барча одамлар қоралаб турганлигини кўриб туриб ҳам одам бемалол яшашини ҳеч тушунмайман! Эртами-кечми бу нарса барибир сизга азоб беради. Ҳаммамизда ҳам виждон бор, қачонлардир муқаррар равишда уйғонади. Масалан, хотинингиз тўсатдан ўлиб қолди, дейлик. Шу ҳолда виждонингиз азоб чекмайдими?
У жим қолди. Мен унинг гапиришини сабр-тоқат билан кутдим. Лекин охири жимликни ўзим бузишга мажбур бўлдим.
– Бунга нима дейсиз?
– Сизни «телба» дейман.
– Ахир сизни хотинингиз ва болаларингизни боқишга мажбур қилишлари мумкин, – дедим ранжиб.
– Қонун уларни ўз ҳимоясига олишига шубҳа қилмайман. Осмондаги ойни олиб берадиган қонун ҳам бордир? Менда ҳеч вақо йўқ. Бу ерга бир неча юз фунт билан келганман.
Бироз олдин таажжубдан донг қотган бўлсам, энди тамомила боши берк кўчага кириб қолдим. Боз устига, дарҳақиқат, «Отель де белж»даги камтарона ҳаёт унинг иқтисодий танг аҳволидан дарак бериб турарди.
– Бу пулларингиз тамом бўлса, қандай тирикчилик қиласиз?
– Амаллаб ишлаб топарман.
У бутунлай хотиржам эди, кўзларида ҳамон истеҳзоли табассум жилоланиб турарди. Бу ҳолат сўзларим унга аҳмоқона туйилаётганини кўрсатарди. Яна нима дейишимни ўйлаб, жим қолдим. Лекин бу сафар биринчи бўлиб унинг ўзи гапирди.
– Нега Эмми янгидан эрга чиқа қолмайди. Ҳали ёши ўтиб қолгани йўқ, кўриниши ҳам ёмонмас. Мен уни ажойиб аёл сифатида тавсия этишим мумкин. Агар мен билан ажралишни истаса, марҳамат, айбни ўз бўйнимга оламан.
Энди кулиш навбати менга келганди. У қанчалик айёрлик қилмасин, мақсади менга аён эди. У бу ерга аёл билан келганини ҳар хил йўллар билан яшираётганди, изни йўқотишга ҳаракат қилаётганди. Мен қатъий қилиб жавоб бердим:
– Хотинингиз ажралишга ҳеч қачон рози бўлмайди. Бу унинг қарори. Бунга умид қилмасангиз ҳам бўлади.
У менга астойдил ҳайратланиб қаради. Лабларида табассум зуҳур этди ва қатъий равишда шундай деди:
– Азизим, менга барибир.
Мен кулиб юбордим.
– Бизларни жуда тентак деб ҳисобламанг-да. Сиз қандайдир нозанин билан жўнаб кетганингизни ҳам биламиз.
Бу гапимга ўтирган жойида тебраниб кетди ва қаттиқ кулиб юборди. Унинг кулгиси бировларнинг завқини келтирадиган даражада эдики, яқинроқда ўтирганлар ўгирилиб қарашди, кейин ўзлари ҳам кулиб юборишди.
– Мен бу ерда кулгига сабаб бўладиган бирор нарса кўрмаяпман.
– Бечора Эмми, – ишшайиб қўйди у.
Кейин унинг юзида нафрат ифодаси пайдо бўлди.
– Аёл тоифасининг эси пастда ўзи. Севги! Ҳамма ёқда «севги» деяверишади. Уларни ташлаб кетишганда фақат бошқаси билан илакишиб кетди, деб ўйлашади. Мен фақат аёллар туфайлигина шунча ишларни қиладиган аҳмоқлардан эмасман.
– Сиз хотинингизни бошқа аёл туфайли ташлаб кетмаганингизни айтмоқчисиз, шекилли?
– Албатта.
– Бу чин сўзингизми?
Билмадим, нима сабабдан чин сўзлаётганини тасдиқлашини талаб этганимни ўзим ҳам тушуна олмайман. Бу шунчаки соддалигим туфайли бўлди, шекилли.
– Чин сўзим.