Оқилжон Ғофуров – Маънавий олам мусаввири (страница 6)
Ёпирилиб келаётган ғамгин хотиралар қуюни ичра шоир кўз олдида хилват қарағайзор гўшасидаги кўҳна, ғариб уй гавдаланади.
Табиат манзаралари шоир кайфияти, руҳий ҳолати билан уйғунликда тасвирланади: осмонни зулмат тутган, ҳамма ёқда қор, бўрон увиллайди. Шу рутубатли зулмат қўйнида энагаси ойнак олдида жимжит, маъюс термулиб турибди. Фикрдаги риторик сўроқ ёрдамида ўқувчи эътибори муайян ҳодисалар моҳияти сари йўналтирилади:
Пушкин шеърияти маъно чуқурлиги, фалсафий теранлиги, қалбида туғилган ҳис-туйғуларнинг жонли образини яратиш билан китобхон қалби, онгини бойитиб, таҳайюл кенгликларида янги оламлар яратади. Асарларининг халқчиллик касб этган муҳим хусусияти шундаки, шоирнинг эзгу мақсадлари, юксак ғоялари бадиий мукаммал шакл воситасида юзага чиқади; ҳаётни даврнинг илғор идеаллари нуқтаи назаридан ҳаққоний акс эттиради. Асарларида халқ руҳи ва ҳаёти акс этади; тасвирланаётган ҳодисаларга рус халқи кўзи билан қарайди; халқ оммаси учун муҳим ва эътиборли воқеа-ҳодисалар ва характерларни маҳорат билан тасвирлаб беради. Шу боис, Пушкин асарлари умуминсоний аҳамият касб этади.
Пушкин лирикасида 1817—1819 йиллар орасида ёзилган «Эркинлик» одаси ҳам катта қийматга эга.
Маълумки, лирик турнинг мазкур жанрида битилган шеър ва қўшиқларда улуғвор давр воқеалари, кишиларнинг қаҳрамонликлари, кўтаринки кайфиятлари мадҳ этилади.
Рус қалбини ларзага солган «Эркинлик» одасида Пушкин мағрур эрк куйчиси сифатида одамзод қалбидаги некбин туйғуларни, тенглик, адолат ва ҳақиқат ғояларини жўшқин кайфият билан тараннум этади. «», – дея мардона ҳайқирган шоир золим подшоҳларни ҳар вақт адолатли бўлишга, ҳаётнинг мангу қонунларига амал қилишга даъват этади:
Баралла ҳайқирган шоир тимсолида ҳақиқат ва адолат ғоялари олам узра бонг урди, тожу тахт золимлари вужудини зир-зир титратди.
Дарҳақиқат, «Эркинлик» давр садоси, адолат ҳайқириғи эди. Шеърнинг қудратли таъсир кучи бутун Русияни ларзага солди; 1820 йилда эса шоир жанубга сургун қилинди. Эрк ва ҳақиқат ғояларини мардона куйлаган Пушкиннинг нотинч қалб садолари қасида хотимасида янада баланд жаранглайди:
Бўлажак шоир ўзи таҳсил олган Царское село императорлик лицейида Иван Пушчин, Антон Делвиг, Вилгельм Кюхельбекер каби илғор фикрли, чин дўстлар орттирган эди. У айрим шеърларида ижод муҳити ва ҳур фикрлар билан танишган талабалик даври, лицейдош қадрдон дўстларини хотирлаб, қалбида пайдо бўлган нозик ҳис-туйғулар, мураккаб кечинмаларни қаламга олади. Булар орасида «Царское село хотиралари» шеъри ифодаланган кечинмаларнинг теранлиги, ижтимоий-фалсафий моҳияти, маънавий-эстетик юки билан алоҳида ажралиб туради. Бунда тасвирланган латиф табиат манзаралари, ижтимоий-сиёсий ҳаёт воқеликларига фаол муносабат, орзу-умидлари, интилишлари, эрк ҳамда ватанпарварлик туйғулари ажиб оҳангда уйғунлашиб, китобхон онгини, қалбини битмас-туганмас фикр-туйғулар билан бойитади. Табиат манзаралари шоир ҳис-туйғулари, кечинмалари, ўй-фикрлари билан боғлиқ равишда чизилади:
Пушкин, аввало, буюк лирик шоир эди. Таъкидлаб ўтганимиздек, мафтункор рус табиатидан қалбида туғилган порлоқ ҳис-туйғуларнинг жонли образини яратади. Чунончи, табиат ҳодисалари асосий тасвир манбаи бўлиб хизмат қилган «Кавказ», «Қиш эртаси», «Куз», «Булут», «Учишган булутлардан» каби лирик шеърларида шоир руҳий дунёсида кўтаринки ҳис-туйғулар, ўткир фалсафий мушоҳадалар юзага келади ва ўқувчи қалбига, онг-шуурига кучли таъсир кўрсатади; таъсир доирасида ўқувчи шоирнинг ҳароратли ҳис-туйғуларини ва ўй-мушоҳадаларини шуурида қайтадан идрок этади; маънавий дунёсида аввал англашилмаган янги ҳис-туйғулар, ўй-фикрлар, кечинмалар жилва қилади:
Табиийки, Пушкиннинг пейзаж лирикасида табиат манзаралари, ҳаёт ҳодисалари инсон манфаатлари, орзу-умидлари, интилишлари билан боғланиб, муайян ғоявий-композицион вазифани бажаради; қаҳрамонлар кайфиятини очишга ёрдам беради. Жумладан, «Куз» шеърида бироз ўзгача ҳолатга дуч келамиз.
Одатда, йилнинг бу фасли инсон руҳиятида, сезги-сезимларида дилгирлик, маъюслик кайфиятларини уйғотувчи ҳазин палла сифатида англашилади. «Ҳар фаслнинг ўз хислати бор» деганларидек, олтин куз ҳам кўп яхши жиҳатлари билан қалбимизда ҳаётга муҳаббат туйғуларини юксалтиради. Ҳолбуки, дилгир эсаётган куз еллари, шовуллаб оқаётган сой, шукуҳли табиатнинг хазони зарга ўраган ўрмон таровати, бундаги соф ҳаво, ел шовқинлари, тўлқин-тўлқин булутларга тўлган кўк юзи шоирни ошуфта этади, «»…
Қалбида ҳамиша ёниқ истаклар порлаб турган, кўнгли ғоят таъсирчан шоирнинг севган фурсати шудир!
Равшан англашиладики, кайфият ва ҳиссиётнинг яхлит образлари ёрқин чизилган ушбу мисраларда лирик персонаж, яъни шоирнинг ўйлари, некбин кайфияти намоён бўлади; хаёлни ширин тасаввурларга бошлаган тотли сукунат қўйнида илҳом жўшиб, завқли таассуротлардан қалбда шеър туғилади, кўнгилда порлоқ умидлар жилваланади…
Пушкин – табиати исёнкор, маънавий-руҳий олами бой ва мураккаб шоирдир.
Ҳис-туйғулар ва фикрларнинг ҳиссий ифодаси лирик бўёқларда ёрқин акс эттирилган «Кавказ» шеъри пейзаж лирикасининг гўзал намуналаридан биридир. Юксакда, қорли қояларнинг ёқасида турган шоир нигоҳи Кавказ табиатининг бутун манзараларини қамраб олади. Пушкин тенгсиз ҳиссий қудрат кучи билан гўзал табиат манзараларини ранг-баранг туйғулар воситасида ёрқин тасвир этади; шеърдаги мусиқийлик ўқувчи руҳиятига, ҳиссиётига кучли таъсир кўрсатади, қалбида гўзаллик ва шодлик туйғуларини уйғотади: